Бир куни...
Антик дунё шоири Гомернинг “Илиада” ва “Одиссея”сидан тутиб то Дантенинг “Илоҳий комедия”си, Рабленинг “Гаргантуа ва Пантагруэл”игача бўлган кўплаб бадиий асарларда фантастика унсурларини учратиш мумкин. Аммо “хаёл саҳросининг сайёҳлари” деб аталган бир қатор адиблар фантастика жанрини ривожлантириш билан бирга башариятнинг асосий таянчи саналган илм-фан учун ҳам арзирли ишларни амалга оширишган. Томас Эдиссон, Майкл Фарадей, Алберт Эйнштейн каби дунёнинг кўплаб таниқли олим ва ихтирочилари илмий-фантастик адабиётнинг моҳияти, уларни янги кашфиётларга ундаган асосий туртки эканини таъкидлашгани сўзимизнинг исботидир.
Уларнинг аксарияти Жюл Верн, Хенсберг ва Герберт Уэллсдан таъсирланишган. Аммо кейинчалик Айзек Азимов, Роберт Хайнлайн, Рей Бредбери, Артур Кларк, Алексей Толстой, Александр Беляев ва бошқа кўплаб ёзувчилар илмий фантастикани ХХ аср илм-фанининг асосий мотивация манбаига айлантира олди. Хусусан, 1926 йилда Хенсберг томонидан адабиётга киритилган “илмий фантастика” атамаси бадиий тасаввур ва прагматик фикр ўртасидан муқим жой эгаллади.
Даҳо ёзувчи Жюл Верн ўзининг “Ҳаво шари билан беш ҳафта”, “ХХ асрда Париж”, “Ер марказига саёҳат”, “Ердан ойгача”, “20 минг метр сув остида”, “Дунё бўйлаб 80 кун саёҳат” асарлари орқали ўнлаб ихтироларга ғоя вазифасини ўтаган. Масалан, электростул, сувости кемаси, вертолёт, самолёт, бурғилаш ускунаси, ракета каби ихтиролар ҳам ёзувчи ғоялари, асарларида келтирилган нарсалар эди. Шу боис, илк бор Шимолий қутбга учган адмирал Ричард Бурд “Жюл Верн менга йўл кўрсатди” дегани, сувости дунёсининг билимдони саналган Саймон Лейк эса “Жюл Верн менинг илҳом манбаим”, дея эътироф этгани бежиз эмас.
Адиб ногирон бўлиб қолгунича дунёнинг кўпгина қуруқлик ва сув ҳавзаларини кесиб ўтади ҳамда зилзилалар, сувостидаги тектоник жараёнлар, ҳарорат ва босимнинг ўзгариши каби илмий масалаларни илк бор ўз асарларида назарий асослаб тақдим этади. У асарларида ўша даврда мавжуд бўлмаган ва инсониятни ҳайратга солиши мумкин бўлган кўплаб техникаларни тасвирлаган. Хусусан, романларидан биридаги “Наутилус” сувости кемаси ўша пайтда кўпчилик томонидан тан олинмаган, одамлар ижодкорнинг устидан кулишларига сабаб бўлган. Бугун эса, биласизки, ёзувчининг сувости кемаси, уни ёритувчи электр токи, резина ўқлар ҳақида ёзганлари ҳақиқатга, оддий, кундалик нарсаларга айланди. Хусусан, даҳо адибнинг башорати 1917 йилда амалга ошди ва унинг шарафига кема “Наутилус” деб номланди. Қисқа қилиб айтганда, Жюл Верннинг 108 та фантастикага йўғрилган ғоясидан атиги 10 таси нотўғри ёки принципиал жиҳатдан амалга оширишнинг имкони бўлмаган, аммо қолган ғоялари олимлар томонидан яратилган ва яратилмоқда.
Энди эса Жюл Верндан илҳомланиб илмий фантастика йўналишидан борган инглиз ёзувчиси Герберт Уэллс ва америкалик адиб Роберт Хайнлайннинг башоратлари ҳақида ҳам қисқача тўхталсак. “Кўринмас одам” ва “Оламлар жанги” китоблари муаллифи Герберт Уэллс асарларида башорат қилган 86 та ғоядан 75 таси ё рўёбга чиққан ёки замонавий илм-фан хулосаларига кўра албатта амалга ошириш мумкин. Ёзувчи ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида ёзган бир асарида атом бомбаси ҳақида маълумотлар беради. Унинг бошқа асарларида ҳатто радиоактив заҳарланиш ва бактериологик қуроллар ва замонавий микробиологияга оид илк тасаввурларни ҳам учратиш мумкин. Хусусан, “Оламлар жанги” асарида у NASA томонидан бугун Марсда кашф этилган баъзи илмий фактлар борасида тўхталган. Масалан, UNO кемаси ва у таратган яшил чироқ ҳақидаги илк маълумотларни ҳам шу асарда ўқишимиз мумкин.
Роберт Хайнлайн эса ўз асарларида илмий фаразлар билан бирга унинг келажакда инсоният бошига олиб келиши мумкин бўлган офатларини ҳам башорат қилган. Масалан, америкалик ёзувчи Хиросима фожиасидан тўрт йил аввал – 1941 йилда ёзган “Омадсиз интиҳо” қиссасида америкаликлар “Уран-235” номли снаряд тайёрлаётгани ва уни уруш охирларида душманнинг йирик шаҳарларидан бирига ташлашини ёзган. Унинг башорати шунчалик аниқ ва равшан эдики, ёзувчи кейинчалик ҳарбий сирларни тарқатганликда айбланади ҳамда жиноий жавобгарликка ҳам тортилади. Бинобарин, ўша пайтлари АҚШда атом қуроли бўйича тадқиқотлар бошланганига қарамай, у ниҳоятда яширин тарзда амалга оширилаётган эди...
Раҳмат БОБОЖОН тайёрлади
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ