Бир шоир ва икки вазир ҳақида ҳикоят


Сақлаш
22:01 / 08.01.2024 0 527

Бир шоир тўн, олқиш ва шон-шуҳрат илинжида шоҳга шеърларини олиб келди. Шоҳ шоирларни қадрловчи бўлгани боис унга минг танга қизил олтин берди, меҳр кўрсатиб, совға-салом билан сийлади. Шунда вазир унга деди: “Бу камлик қилади. Ўн минг танга берилса, у мамнун бўлиб кетарди. Сенинг саховатли қўлингдан шундай заковатли шоирга мен айтган ўн минг тиллани бериш ҳам кам аслида!” Токи хирмондан ўндан бирини ундирмагунча вазир шоҳга шариат йўл-йўриқларидан, фалсафадан мисолларни қалаштириб ташлади. Шундай қилиб, вазир шоирнинг иқтидорига яраша ўн минг танга ва сарпо берди, унинг боши шукру сано уйига айланди. Шундан сўнг шоир суриштира бошлади: “Бу кимнинг саъй-ҳаракатлари эди? Шоҳга менинг фазилатларимни ким кўрсатиб берди?” Унга дедилар: “Бу ишлар ҳулқу одоби ва қалби беназир вазирнинг шарофти билан юз берди, унинг исми Ҳасан”.

Шоир вазир шънига мадҳу санодан иборат узун шеър ёзиб уйига равона бўларкан, шоҳ ва шоҳнинг ҳадяларини тил-у лабсиз мадҳ этарди.  

 

Орадан йиллар ўтиб шоир қашшоқлигу муҳтожликка тушди. Егани на нони, на дони бор эди. У деди: “Муҳтожлик ва маҳрумликда синалган чора-тадбирни қўллаган маъқул. Мен бу даргоҳдан меҳр кўрганман, эҳтиёжимни ўша ерга элтаман”. Сибавайҳ[1] Оллоҳнинг маъносини “Муҳтожликда Унга талпинадилар”, дея шарҳлаган. У деганди: “Биз нимагадир муҳтож бўлсак, сенга мурожаат қилдик. Нимаики излаган бўлсак, Сенда топдик”.

Неча юз минглаб донишмандлар изтиробда қолса, ўша ягона Ҳакам қошида нола қилади. Энг аҳмоқ кимса ҳам зиқна ва ожиздан ёрдам сўраб мурожаат этармиди? Агар донишмандлар Оллоҳнинг лутфу карамидан минглаб марта баҳраманд бўлмаганларида, унга шунчалар илтижо қилармиди? Ҳатто денгиз мавжидаги барча балиқлар, ҳатто осмон тоқидаги барча қушлар, филу бўри, овчи шер, ҳам улкан аждаҳо, чумоли, илон, ҳатто ер, ҳаво, сув ва ўтнинг ҳар бир учқуни – бари-бари, ҳар қандай вақтда, баҳорда ҳам, қишда ҳам Унда ўз аслини топади.

 

Осмон ҳар лаҳзада Унга илтижо қилади: “Эй Оллоҳ, бир лаҳза ҳам мени тубанликка улоқтирма! [2] Сенинг поклигинг ва ҳимоянг менинг таянчимдир, барча осмонлар Қўлларинг қудрати ила ўралади”. [3] Ер эса дейди: “Эй сен, мени сув узра ўрнатган, мени барқарор сақла!” [4]

 

Барча унинг лутфу карамидан астойдил умид қилди. Барча хожатбарорликни ундан ўрганди. Ҳар Пайғамбар ундан: Сабр ва намоз билан ёрдам сўранглар” деган ёрлиқ олди. Шундай экан, ўзгалардан эмас, ундан сўра. [5] Сувни қуруқликдан эмас, денгиздан ахтар. Сен ўзгадан сўраган тақдирингда ҳам барибир У беради. Эҳсон қилгувчи майлининг кафтига саховатни У жойлаштиради. Ундан юз ўгирганга зар ато айлаб, уни Қорун[6]га айлантирувчи Зотга сен итоат билан юз бурсанг, У нималар қилишини тасаввур этасанми?!

 

Шундай қилиб, шоир совға-салом умидида яна хайрихоҳ подшоҳ ҳузурига йўл олди. Шоирдан қандай эҳсон кутиш мумкин? Албатта, янги шеърлар. Уларни эҳсон қилгувчига олиб келиб, гаровга беради. Юзлаб инъом, неъмат ва эҳсони бор саховатлилар шоирларни зар сочиб кутиб олишга тайёр турадилар. Улар учун шеър, айниқса, чуқурликдан гавҳар овловчи шоирнинг шеъри юз той ипакдан афзал.

 

Инсон аввало нон тусайди, чунки ошу нон ҳаёт таянчидир. У манфаат, эгаллаш, юзлаб турланишлар, ҳирсу умидга тўла жон-жаҳди билан шунга интилади. Нонга эҳтиёжи қолмаган камдан кам ҳолатларда шон-шуҳратни ва шоирларнинг мадҳу саносини кўнгли тусаб қолади. Кундалик нон ташвишидан халос бўлган инсон шоирлар унинг ишларини улуғлашини, унинг хизматлари ҳақида ҳамма жойда гапиришини истайди. Токи унинг қудрати, шон-шуҳрати ва ҳиммати шоирларнинг нутқида анбардай хуш бўй таратсин.  

Оллоҳ биз одамларни Ўз суратида яратди, бизнинг хусусиятларимиз унинг хусусиятидан ўрганилди. [7] Чунки Халлок шукру ҳамд излайди, одамзод табиатида ҳам мадҳ излаш бор. Айниқса, фазилатда чаққон ҳақ эрлари худди мешдай ўша ел билан тўла бўлади. Аммо агар у бу мақтовга лойиқ бўлмаса, ўша ёлғон елдан меш ёрилса, у нурни қаердан олади?!

 

Бу масални мен айтмадим, эй биродар. Агар муносиб ва ҳушёр бўлсанг, эътибор билан тингла. Буни Пайғамбар (с.а.в.): “Нега Аҳмадга мақтов ёқади?” деган таъналарини эшитиб, айтган. [8] Шундай қилиб, шоир шоҳнинг саховати ўлмаган деб, шукур тариқасида шеърлар келтирди. Саховатпешалар ўладилар, аммо саховат қолади. Ким бу отда ўтирган бўлса, бахтиёрдир! Золимлар ўлади, зулм эса қолади. Макру хийла тўқийдиганлар ҳолига вой. Пайғамбар (с.а.в.) деди: “Ўзидан эзгу амаллар қолдириб бу дунёни тарк этган одам бахтлидир”. Эзгу амал қилгувчи ўлади, аммо унинг эзгуликлари ўлмайди. Ахир Оллоҳ ҳузурида дин ва эзгулик майда нарса эмас. [9] Кимки ўзи ўлиб, гуноҳлари ўлмаса, у одамнинг ҳолига вой. У ўлиб жонини жазодан қутқарди, деб ўйлама!..

 

Буни қўя тур, чунки шоир йўлга чиқди. У бўйнигача қарзга ботган бўлиб, зарга муҳтож эди. Шоир ўтган йилдагидек лутфу ёрлиқдан умидвор бўлиб, шоҳга шеърлар олиб келди. Дур ёғилиб турган гўзал шеърлар аввалги лутфу карамлар атридан умидвор эди.  Шоҳ одати бўйича яна унга минг танга атади. Чунки ҳукмдорнинг одати шундай эди. Аммо бу вақтга келиб ўша саховатли вазир фоний дунёни улуғворлик Буроқ[10]ида тарк этганди.[11] Унинг ўрнига ҳокимиятни янги вазир эгаллаганди, у жуда шафқатсиз ва хасис эди.

 

У деди: “Эй шоҳ, катта сарф-харатлар бор, шоирларни бундай мукофотлар билан сийлаш тўғри келмайди. Эй, ҳамма яхшилик кутган зот, мен бунинг ўндан бирининг тўртдан бир қисми билан бу шоирни шод ва рози қиламан”.

Атрофдагилар унга дедилар: “У илгари шавкатли подшоҳдан ўн минг танга ундирганди. У шакардан кейин қандай қилиб қамиш чайнасин? У султонликни кўргандан кейин қандай қилиб гадоликка кўнсин?” Вазир деди: “Мен уни шундай сиқувга оламанки, у интизорликдан хору зор бўлади. Шунда унга йўлнинг гардини берсам ҳам гулзордаги гул ўрнида қабул қилади. Буни менга қўйиб бер, чунки мен бунга устаман. Сўргувчи ҳар қанча оташин бўлмасин, Сурайё[12]дан ергача – бутун оламни кезиб чиққан бўлмасин, мени кўрса, мулойим тортиб қолади”.

 

Султон унга деди: “Бор, нимани буюрсанг буюр, лекин уни хурсанд қил, у бизнинг маддоҳимиз ахир”. Вазир деди: “Уни ва унга ўхшаган икки юзта хайру эҳсон кутгувчини менга топшир ва ўзимга қўйиб бер”. Вазир уни кутиш азобига мубтло қилди, қиш ўтиб, баҳор келди. Шоир бу интизорликдан қариб, ғам ва ташвишдан қадди букилиб қолди. Сўнг вазирга деди: “Агар зар бермасанг, дашном бер менга. Токи, жоним озод бўлиб, сенга қуллуқ этай. Интизорлик мени адойи тамом қилди. Менга “Даф бўл!” деб айтгин, токи бу бечора жоним тутқунликдан халос бўлсин”. Шундан сўнг вазир унга чоракнинг ўндан бир қисмини берди. Шоир аччиқ ўйга чўмди: Ўшанда тангалар салмоқли ва жуда кўп эди. Энди кеч гуллаган эса-да, бир даста тикан бўлди, холос.

 

Сўнгра унга дедилар: “Ул саховатли зот дунёни тарк этди, энди сени Худо сийласин.  Чунки ул зот шоҳнинг эҳсонларини ўн карралаб оширарди, эҳсон белгилашда хато қилмасди. Энди эса у кетди, хайру эҳсонни ўзи билан олиб кетди. Ҳа, дарҳақиқат, у ўлмади, балки хайру эҳсон ўлди. Олижаноб ва сахий зот бизни тарк этди, унинг ўрнига камбағалларнинг терисини шилиб олгувчи юлғич келди. Бор, буни олгинда, вазир сени қийноққа солмасидан тунда бу ердан қочиб қол. Эй, бизнинг саъй-ҳаракатларимиздан бехабар шоир, биз ундан бу ҳадяни сен учун минг хийла-найранг билан ундирдик!”

 

Шоир уларга қараб деди: “Эй меҳрибонлар! Айтинг-чи, бу вазир қаердан пайдо бўлди? Қашшоқдан тўнини шилиб олгувчи бу вазирнинг исми нима?

Сарой аъёнлари дедилар: “Бунинг исми ҳам Ҳасан”. Шоир деди: “Ё Раб! Унинг номи билан бунинг номи қандай қилиб бир хил бўлиши мумкин? Водариғ! Аввалги Ҳасан қаламининг бир қимирлаши билан юзлаб вазиру амалдорлар саховатли бўлди. Бу Ҳасаннинг эса иркит соқоли донишмандлик белгиси эмас, юзта арқон тўқишга ярайди, холос! Агар шоҳ шундай вазирнинг гапи билан иш қиладиган бўлса, ўзини ҳам, салтанатини ҳам абадий шармандаликка дучор қилади”.       

Жалолиддин Румий

«Маънавий маснавий»дан ҳикоятлар

Насрий баён муаллифлари:

Одил ИКРОМ, ОЙДИННИСО

 



[1] Сибавайҳ – машҳур тилшунос Амр ибн Усмоннинг лақаби.

[2] Ахир, кўрмадингизми, Аллоҳ ердаги бор нарсаларни ва Унинг амри (қонуни) билан денгизда сузиб юрган кемаларни сизларга бўйсундириб (хизмат ва истифодангизга бериб) қўйгандир. Осмонни ҳам, Ўз изнисиз ерга тушиб кетмаслиги учун, У зот тутиб турур. Албатта, Аллоҳ инсонларга беҳад шафқатлидир, бениҳоят раҳмлидир (“Ҳаж” сураси, 65-оят).

[3] Аллоҳ осмонларни, сизлар кўра олгудек, устунсиз кўтариб қўйган, кейин Аршни Ўз ҳукми остига олган, ҳар бири белгили бир муддатга қадар суз(иб ҳаракатлан)иб юрадиган қуёш ва ойни (амрига мос) бўйсундириб қўйган, ишларни (бир низом асосида) бошқариб турган Зотдир (“Раъд” сураси, 2-оят).

[4] Биз ерни бир бешик, тоғларни эса (ерни мувозанатда тутиб турувчи) бир қозиқ қилиб қўймадикми? (“Набаъ” сураси, 6-7-оятлар).

[5] (Эй мусулмонлар!) Сабр ва намоз билан (Аллоҳдан) ёрдам сўранглар (“Бақара” сураси, 45-оят).

[6] Қаранг: 785-байт изоҳи.

[7] Абу Ҳурайра (р.а.)дан: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таоло Одамни ўз суратида яратди”, дедилар (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).

[8] Даҳрий шоирлар Муҳаммад (с.а.в.)нинг унга атаб ёзилган маддоҳларча шеърлардан хурсанд бўлгани борасида таъна қилишганда, у: “Дарҳақиқат, сенинг Аллоҳинг мақтовни ёқтиради” деди; баъзи бир форсий шарҳловчилар, шунингдек, Николсон ҳам, бу ерда шоир Ҳассон ибн Собитнинг (661 йилгача вафот этган) мадҳлари Муҳаммад пайғамбарга ёққанига, шу боис унинг учун Мадина масжидида минбар ташкил қилганига ишорани кўрмоқдалар. Бир ҳадисга кўра Пайғамбар шундай деган: “У Аллоҳнинг пайғамбарини ҳимоясига олганда Аллоҳим Ҳассон ибн Собитга Муборак Руҳи (Жаброилнинг) билан кўмак бермоқда”. Аллоҳнинг ердаги вожибини мақташ, аслида, Аллоҳнинг Ўзини – исталган мақтовнинг асл эгасини мақташ эканлигини тушунмаган ҳолда, ғанимлари ушбу инсоний заифликни Муҳаммад (с.а.в.)га нисбатан  қўллайдилар.

[9]Ким (Аллоҳга) бир яхшилик билан келса, унга ўн баробар (савоб) бордир (“Анъом” сураси, 160-оят).

[10] Қаранг: 552-байт изоҳи.

[11] Яъни, ўлимидан кейин олийжаноб вазир улуғворлик билан осмонга кўтарилди.

[12] Сурайё – кичик юлдузлар туркумининг номи.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 63
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 63
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 238
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6114
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4921
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4562
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3989
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//