Ҳаёт фалсафаси. Ҳаётнинг давомийлиги


Сақлаш
17:01 / 03.01.2024 0 510

Ҳаёт фалсафаси – кенг маънода ҳаётнинг мазмуни, мақсади ва қадр-қимматига оид муаммоларни тадқиқ ва талқин этувчи фалсафий оқим. Ҳаёт фалсафаси XIX асрнинг 60–70-йилларида пайдо бўлиб, XX аср биринчи чорагида кенг тарқалган. Кейинчалик таъсири анча пасайган бўлсада, унинг айрим ғоя ва тамойиллари экзистенциализм, персонализм, неогегелянчилик, прагматизм, феноменология каби фалсафий оқимлар ривожида муҳим аҳамият касб этган. Ҳаёт фалсафаси ҳаётнинг моҳиятини унинг ўзидан англаб олишга интилади. Ҳаёт фалсафаси оқими вакилларининг назарида, воқелик руҳ ҳам, материя ҳам эмас, у интуитив тарздагина англаниши мумкин. Ҳаёт фалсафаси ҳис-туйғу ва инстинктларни улуғлайди, ақлни танқид ва инкор қилади. Ҳаёт фалсафасининг асосий тушунчаси «ҳаёт» ҳисобланади ва у турли вариантларда турлича талқин этилади. Фридрих Ницше томонидан асос солинган, кейинчалик Клагес ва Т.Лессинг томонидан ривожлантирилган табиий-биологик талқинда ҳаёт табиийлик билан қиёсланади ва ҳар қандай сунъийликка қарши қўйилади. Ушбу йўналиш тарафдорлари куч-қудратни улуғлаб, ҳар қандай ғоянинг рўёбга чиқишини кишилар ёки ижтимоий гуруҳларнинг манфаатлари билан боғлайди. Тарихий талқин тарафдорлари бўлмиш Дильтей, Шпенглер, Зиммель, Ортега-и-Гассет ҳаётнинг моҳиятини ички руҳий кечинмалардан излайди. Ҳаёт ва ҳаётийликни борлиқнинг ўзгармас тамойили сифатида талқин этган файласуфлардан фарқли ўлароқ, бу мутафаккирлар асосий эътиборни ҳаётнинг индивидуал шаклларига қаратади. Бергсон эса, Гётенинг романтизмидан руҳланиб, ҳаётнинг пантеистик талқинини таклиф этади. Унинг фикрига кўра, ҳаётнинг моҳияти ўз-ўзини қайта ишлаб чиқариш ва янги шаклларни яратишдан иборат. Бергсон ҳаётнинг биологик шаклини унинг турли кўринишларидан бири сифатида эътироф этади.

 

Ҳаёт фалсафасининг турли талқинлари ўртасида жиддий фарқни кўриш мумкин бўлса-да, уларнинг бари XIX аср бошлари – XX аср кантианчилик ва позитивизм таъсири туфайли кенг тарқалган методологизм ва гносеологизмнинг ҳукмронлигига қарши курашда яхлит ғоявий оқим сифатида намоён бўлади. Кантианчилик ва позитивизмдан фарқли ўлароқ, ҳаёт фалсафаси ҳаётий асосга таянган янги онтологик ва гносеологик концепцияни илгари суришга ҳаракат қилади. Унга кўра, ҳаётий асос воқеликни руҳ билан изоҳлаган идеалистик фалсафа воситасида ҳам, воқеликни ўлик материя билан тушунтиришга ҳаракат қилган табиатшунослик орқали ҳам англаниши мумкин эмас. Зеро, буларнинг ҳар бири ҳаётий яхлитликнинг биргина жиҳатини эътиборга олади, холос. Масалан, Бергсоннинг фикрича, ҳаётий воқелик бевосита, унинг ботинига кириш имконини яратадиган интуиция орқалигина англаниши, идрок этилиши мумкин. Интуитив билим эса субъектни объектга қарши қўймайди, аксинча, аввалбошданоқ уларнинг ҳаётий асосга таянган ҳолда бир-бирига уйғун тарзда намоён бўлишини тақозо этади. Шу билан бирга, ақл орқали билишдан фарқли ўлароқ, интуитив билишнинг умумий қонуниятларини аниқлаш, ўрганиш мумкин эмас, уни юксак бадиий тафаккурга қиёслаш мумкин, холос. Ҳаёт фалсафаси ёндашуви нуқтаи назаридан «ижод» ибораси «ҳаёт» тушунчасининг синоними ҳисобланади. Ижодий фаолиятнинг қай бир жиҳати муҳим аҳамият касб этишига қараб, ҳаёт фалсафасининг асосий интуицияси ва қарашларининг характери намоён бўлади. Масалан, Бергсон ижодни янги нарсанинг вужудга келиши, шаклланаётган табиат бойлигининг ифодаси сифатида талқин этади. Зиммель учун эса, аксинча, ижоднинг асосий жиҳати унинг икки томонлама характери билан ифодаланади: унинг назарида, ижод маҳсули ҳамиша қотиб қолган ва охир-оқибатда, ижодкорнинг ўзига зид келадиган нарсага айланади. Шу маънода, Зиммель фалсафасига хос тушкунлик ҳолати Шпенглернинг фаталистик ва кескин қарашлари билан туташиб кетади. Билишнинг илмий шаклига танқидий мунтда бўлган ҳаёт фалсафаси ўзгарувчан табиатни англашга хизмат қилмайдиган, соф прагматик мақсадларга дунёни ўзгартириш ва кишилар манфаатларига бўйсундиришга йўналтирилган илмий билиш табиатининг янги концепциясини илгари суради.

 

Ҳаёт фалсафаси фанининг жамиятнинг бевосита ишлаб чиқариш кучига айлангани ва унинг техника ҳамда индустриал иқтисодиёт билан туташиб кетаётганини эътироф этиб, «нима?» «нима сабабдан?» деган саволларни «қандай?» деган масала билан алмаштиради. Ҳаёт фалсафаси назариётчилари илмий тушунчалар амалий фаолиятнинг воситаси сифатида, «ҳақиқат нима?» деган масалага бевосита алоқадор эмаслиги, бошқача айтганда, ҳақиқатга даъво қилаётган фан аслида янглиш йўлдан бораётганини асослашга уринади. Шу маънода, XIX аср охири – XX аср бошларидаги жадал техник тараққиёт даврида олимлар, инженерлар ва бюрократ-амалдорлар аристократик индивидуал ижодга адиб, шоир ва файласуфларга қарши қўйилади. Ҳаёт фалсафаси онтология ва гносеологик концепцияни яратиш билан чекланмай, айниқса, Ницше асарларида яққол намоён бўлган янгича дунёқараш шаклларини ёқлаб чиқишга интилади. Янги мажусийлик деб аташ мумкин бўлган бу дунёқараш негизида куч-қудратга асосланган ҳамда ғайритабиий унсурларга таянган дунё ҳақида тасаввур ётади. Табиат кучларини инсон манфаатларига бўйсундиришга интилаётган позитивизм фалсафасидан фарқли ўлароқ, ҳаёт фалсафаси инсонни ана шу кучларга бўйсунишга, улар билан уйғунлашиб кетишга, тақдирга қарши бормасдан, унга тан беришга ундайди. Маълум маънода, бундай тушкун ғоялар ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг беқарорлиги, эътиқодсизлик ва ахлоқсизликнинг авж олиши билан изоҳланиши мумкин. Ницше фалсафасида, кейинчалик Шпенглер, Ортега-и-Гассет, Зиммель, Селин, А.Камю, Ж.П.Сартр томонидан ривожлантирилган фожиавий талқин санъат, адабиёт ва кино соҳасида ҳам яққол намоён бўлди. Ҳозирги даврда ҳаёт фалсафасининг айрим ғоя ва тамойиллари экзистенциализм, персонализм, айниқса фалсафий антропология томонидан ўзлаш тирилиб, янгича талқин этилмоқда.

 

Ҳаётнинг давомийлиги – кишининг ўсиб-улғайиши, камолот сари бориши, ўзга инсонлар, ташқи муҳит, олам, вақт, давр таъсирида, ҳаёт қадрини англаш, фоний дунёнинг ўткинчилиги, ҳаётнинг мазмуни, яшаш мақсади, олам абадийлигининг қадрини англаб етиш жараёнини ифодаловчи тушунча. Инсон ҳаётини туғилиш ва болалик; ўсмирлик ва балоғат; мустақил ҳаёт; кексалик даврларига бўлиш мумкин. Туғилиш ва болалик даврида инсон дунё юзини кўради, оилага чексиз қувонч, орзу-умидлар олиб келади. Аввало, ота-онаси ва ўзгалар парвариши билан улғаяди, оила муҳитида гапира бошлайди, юришни ўрганади, сўнгра боғча ва мактабга боради. Бу даврда отаонанинг мавжуд саъй-ҳаракатлари фарзандларнинг яхши яшаши ва улғайишига сафарбар этилади. Ўзбек оиласида Шарқ маданиятига хос ижтимоий ва этномаданий хусусиятлар ўз ифодасини топган. Бунда ота-она, фарзанд, эр-хотин ва қариндошлар ўртасидаги муносабатларда ахлоқий бурч ҳамда ахлоқ меъёрларига алоҳида эътибор берилади. Ўсмирлик ва балоғат даврида фарзанд улғайиб борган сайин ота-она катта орзулар билан яшай бошлайди. Фарзанди келажакда етук мутахассис бўлиши ёки ҳунар эгаллаши, бир сўз билан айтганда, комил инсон бўлиши учун отаона астойдил ҳаракат қилади. Бу даврда болалар ўзларини эртаклар оламида яшаётгандек ҳис қилиб, нимани истаса, уни амалда ҳам бўлишини хоҳлайди.

 

Мустақил ҳаёт даври инсон ҳаётининг энг қийин, шу билан бирга, буюк синовлар даври ҳисобланади. Бу давр ҳар бир инсоннинг ҳаётида турлича кечади. Инсон ҳаёти давомида шундай даврлар бўладики, ёшликда ўйламасдан, ҳаётни тушунмасдан қилинган хатти-ҳаракат умр армонига айланиб қолади. Шу боис бу давр инсон келажагини ҳал қилувчи давр, деб аталиши бежиз эмас. Ҳатто, ҳаётни оқар сувга қиёслашда ҳам теран маъно бор. Вақт ҳеч қачон кутиб турмаганидек, ҳаёт ҳам тўхтовсиз ўтиб кетаверади. Шу маънода, бу давр мобайнида ҳаётни беҳуда ўтказмаслик, ундан самарали фойдаланиш керак. Ҳар бир инсон ҳаёти ютуқ ва камчиликлар, омад ва муваффақиятсизликлардан иборат. Шундай жараёнлар мазкур давр асосини ташкил этади. Маълумки, «ҳаёт» маъносини ҳар ким ўз ҳаёт йўли, ютуқ ва камчиликлари, эришган муваффақият ва омадсизликлари билан белгилайди. Ҳар кимнинг ҳаёт йўли ўзгача, инсон ёшлигиданоқ ҳаёт йўлини танлайди, ҳар ким ўз орзусига эришиш учун интилади. Кексалик даврига етгач, ҳар бир инсон босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташлайди, яхши-ёмон кунларини эслайди, сарҳисоб қилади. Агар бахтли ҳаёт кечирган, жамиятга, оиласига наф келтирган бўлса, шукроналар айтади. Баъзиларда эса бунинг акси кузатилади. Ҳаёти давомида бирор марта ҳам ўзгаларга фойдаси тегмаган, кексаларга ширин сўз айтиб, ғамхўрлик қилмаган, ёшларга ибрат бўлмаган кишиларни дунёга келиб, изсиз кетган инсонлар дейиш мумкин… Қарияларни қадрлаш, уларнинг ҳаётий тажрибаларидан кенг фойдаланиш масаласи Қадимги Юнонистон, Миср, Хитойда ҳам эътироф этилган. Юнон донишманди Пифагор «... одамлар қирқ ёшида ўз қобилияти ривожининг чўққисига эришади», деб ҳисобласа, Афлотун «...олий даражадаги давлатни бошқаришни ҳаёт тажрибасига эга, ақлли, қобилиятли қариялар олиб бориши керак», деган ғояни илгари суради. Бу фикрлардан кўриниб турибдики, қарияларнинг ибратли ҳаёти, тарбиявий ишлари, панд-насиҳатлари катта аҳамиятга эга. Вақт, умр ўтиши жараёнини ёшлар ва кексалар турлича талқин қилади.

 

Келажакдаги эзгу орзулари тезроқ рўёбга чиқишини истагани боис, ёшларга вақт секин ўтаётгандек туюлади, тезроқ улғайиб, ҳамма орзулари ушалишини истайди. Лекин, донишманд айтганидек, «Кексаликнинг ҳовлисига кўчиб ўтган», умр поёнига етиб бораётган кишилар учун эса вақт тез илгарилаб кетаётганга ўхшайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам яшаш завқи, орзу-умидлар чексизлиги ўз даражасида сақ ланиб қолади. Чунки ҳаёт ва умид инсоният ҳеч қачон тўймайдиган бойликлардир. Халқимизда «Умр ғанимат, дийдор ғанимат» деган ибора бор. Дийдорлашув ҳаёт мазмунини бойитади. Ота-онанинг фарзандлар билан дийдорлашувини, унинг ҳис-ҳаяжонини таърифлаш қийин. Қариндош-уруғ, дўст-биродарларнинг дийдорлашувида ҳам алоҳида завқ-шавқ мужассам. Айниқса, илмга чанқоқ ёшлар устозлар дийдорига доимо интиқ бўлади. Буюк файласуф Умар Ҳайёмнинг қуйидаги мисралари умрнинг бебаҳо эканига ишорадир: «Кекса, ёш – ҳар кимки ҳаётга етар, Ҳаммаси бирма-бир, изма-из ўтар. Бу дунё ҳеч кимга қолмас абадий, кетилар, кетамиз, келишар, кетар». Ҳар бир инсон ҳаётининг мазмуни эзгу ишлар кўлами билан ўлчанади, унинг энг қимматли бойликларидан бири – вақтдир. Вақтни бой бериш ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишдир. Вақт қадрига етадиган кишилар ўтаётган оний дақиқани ҳам ғоят қадрлайди, фақат вақт масаласидагина хасислик қилади. Мумтоз шоир Данте «Вақтни бой бераётганида хуноб бўладиган одам энг доно одамдир», деган эди. Умрнинг ибтидоси ва интиҳоси мавжуд. Инсон умри поёнига етаётганини билгач, ўз меҳнати ва фаолияти, катта ижтимоий кучнинг кичик аъзоси сифатида ўзидан яхши ном қолдирганидан мамнун бўлади, ҳаётидан қониқиш ҳосил қилади. Машҳур «Авесто» китобида «Бу дунёдан кетар экансан, ортингда эзгу сўз, эзгу ният, эзгу амаллар қолсин» деб бежиз таъкидланмаган. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//