Бир куни...
Ҳаёт – оламнинг мавжудлиги ва намоён бўлишининг энг мураккаб шаклларидан бири. Ҳаётнинг хилма-хил турлари, шакллари борки, улар борлиқнинг моддий шаклини ҳаракатга келтиришда, бошқаришда асосий ўрин тутади. Ҳаётнинг энг мураккаб шакли инсон ҳаётидир. У инсон руҳияти, онги, тафаккури билан чамбарчас боғланган. Ҳар бир одамга бир мартагина ҳаёт кечириш имконияти берилган. Инсоннинг қадр-қиммати шу ҳаётни қандай ўтказгани билан ўлчанади. Инсон табиати ва ҳаёти у яшаётган жамтдаги ижтимоий муҳитга ҳам боғлиқ. Барқарор жамиятда инсонлар сермазмун ҳаёт кечиради, беқарорлик ҳукм сураётган даврларда эса умр кўпинча самарасиз ўтади. Демак, жамият қанчалик барқарор ва фаровон бўлса, унда яшайдиган инсонларнинг, келгуси авлодларнинг ҳаёти шунчалик бахтли ва фаровон бўлади. Ҳаётнинг вужудга келиши ва моҳияти ҳақида ҳанузгача олимлар бир тўхтамга келишмаган. Ҳар бир инсоннинг ҳаёти такрорланмас ва ўзига хосдир. Инсонни, унинг ҳаётини қадрлаш – муҳим ижтимоий вазифа. Инсоннинг яхши ҳаёт кечириши, бир томондан, у яшаётган жамиятга боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, табиий муҳитга боғлиқ. Бутун тарихий тараққиёт давомида инсон билан табиат ўртасидаги муносабат такомиллашиб борган. Инсон табиий муҳитсиз, сув, ҳаво, қуёш ва тупроқсиз яшай олмайди. Бу унсурлар унинг тирикчилигини таъминлайди. Яшаш учун бундай қулай шароит фақат Ер шарида мавжуддир. Ернинг ҳаёт тарқалган қисми биосфера деб аталади.
Биосфера тирик мавжудотларнинг ҳаёт кечириш муҳитидир. Агар Ер шари Қуёшга яқинроқ жойлашганида, унинг юзасидаги ҳарорат кўтарилиб, намлик, сув йўқолиб кетган бўлар эди. Агар Қуёшдан узоқда жойлашганида, ундаги ҳарорат пасайиб, ҳамма жой мангу музлик билан қопланар эди. Хуллас, ҳар иккала ҳолатда ҳам Ер юзасида ҳаётнинг пайдо бўлишига имконият туғилмас эди ва ҳоказо. Демак, инсон ўзи учун энг қулай бўлган жойда яшайди. Инсоннинг табиий муҳитга таъсири қадимги даврларда кучсиз бўлган. Даврлар ўтиши билан инсон қўлида қудратли куч-қувват манбалари тўпланган, унинг табиатга таъсири сезиларли даражада ошган. Инсон атроф-муҳитни ифлослантириб, биосферадаги табиий мувозанатни издан чиқара бошлади. Бу масаланинг ечилиши инсоннинг ақл-идрок кучига боғлиқ. Инсон ақл-идрокининг оламга таъсир кўрсатиш чегараси ноосфера деб аталади. Инсон ўзини англамас экан, унинг сайёрамизга ҳалокатли таъсири борган сари кучайиб, охир-оқибатда унинг ўзини ҳам ҳалокат ёқасига олиб бориши мумкин. Ҳозирги замондаги экологик муаммолардан бири ҳам инсон фаолияти томонидан атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва бу ҳалокатни тўхтатиб қолишдан иборат. Инсон жамиятда ва табиатда ўзининг тутган ўрнини тўғри англаса, атроф-муҳитни асрабавайлайди ва Ер юзини гуллатиб яшнатади, ҳаёнинг бардавомлигини таъминлайди.
Ҳаёт мазмуни – инсоннинг ўз ҳаётий мақсад-муддаолари маъно-моҳиятини англаб етиши, борлиқнинг объективлашган мазмунини ўзлаштиришини англатувчи фалсафий тушунча. Бу жараён муайян қадриятлар – аждодлар тажрибасини маънавий ва моддий-предметли субстратларида ўзлаштириш шароитида юз беради. Инсон ўзлаштирган борлиқ объективлашган мазмунининг натижалари унинг фаолиятида маънавий-маданий, моддий қадриятлар, шахслараро муносабатлар, хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатларда – мулоқот ва хулқ-атвор қадрияти сифатида намоён бўлади. «Мазмун» атамасининг маъноси илмий адабиётларда тушуниш, англаб етиш, ақл-идрок, тўғри фикрлаш, хулосалар чиқариш қобилияти, деб таърифланади. Мазкур маънода у нафақат онг феномени сифатида кўзга ташланади, балки моҳиятнинг ўзгарувчан оламидаги тафаккур жараёнини акс эттиради. Шунингдек, «мазмун» атамаси муайян предметнинг инсон учун муҳимлиги, уни англаб етиш жараёнини ҳам назарда тутади. Бунда англанаётган предметга (объектга) инсон муайян «маъно» юклайди. «Мазмун» атамасининг 10 дан ортиқ маънолари қайд этилган. Масалан, «Инсон ўз ҳаётини англаб етиши жараёни ва унинг маҳсули сифатидаги мазмун» таърифи «инсон ҳаётининг мазмуни» тушунчасининг маъносини тўлиқ акс эттиради. Бунда мазкур тушунча муайян инсоннинг маънавий тажрибасини мужассамлаштиради. Ўз-ўзидан равшанки, ҳар бир тарихий даврда ҳаёт мазмуни тўғрисидаги масала ўз мезонларига мувофиқ, дастлабки тушунишнинг муайян тузилмасига кўра долзарблашади.
Ҳаёт мазмуни муаммосини гносеологик жиҳатдан қуйидаги таркибий элементларга ажратиш мумкин:
1) ҳаёт мазмунига доир мўлжал субъекти, яъни ўз ҳаётини англаётган инсон;
2) мазмун объекти ёки предмети;
3) инсоннинг рефлексив билиш – баҳо бериш фаолиятидаги англаш жараёни;
4) инсоннинг англаш жараёни сифатидаги мазмун натижалари;
5) мазкур натижаларнинг инсоният моддий ва маънавий маданияти жараёнида объективлашуви.
Инсоний қадриятлар ва ҳаёт мазмунига доир муаммо иррационалистик (Э.Гартман), феноменологик (Э.Гуссерль, М.Шеллер), релятивистик (В.Дильтей), неокантчилик (В.Виндельбанд, Г.Риккерт), социологик (Э.Дюркгейм, М.Вебер) ёндашувлар доирасида жиддий тадқиқ этилган. Тадқиқотчилар мазкур масала жамият доирасидан ташқарида, яъни ўз ҳолича мавжуд эмаслиги; ижтимоий субъектлар эҳтиёж ва манфаатлари билан узвий боғлиқлиги; табиатан объектив, лекин субъектив ифода шаклига эга экани; тарихий жиҳатдан белгилангани; муайян иерархияга эга тизим ташкил этишини қайд этади. Ҳаёт мазмуни инсоннинг ички дунёси ва ўзини қуршаб турган борлиқни билиш, унга баҳо беришдан иборат субъектив-объектив диалектик жараёндир. Объектнинг мазмуни субъект «ички дунёси»нинг «ташқи дунё»даги оддий инъикоси ҳисобланмайди, балки фаолият жараёнида юзага келади. Чунки предмет фақат фаолиятда маъно-мазмун касб этади. Англаш жараёни объектнинг англаш предметига айланишига сабаб бўлган субъект фаолияти шаклининг хусусияти билан сифат жиҳатидан ўзаро боғланади. Субъект фаолиятининг мазмуни унинг мотивацияси объектига муносабати, субъект учун муҳим хусусиятларини аниқлаш негизи ҳисобланади: ҳодисани англаш – инсоннинг ижтимоий-маданий фаолияти таркибига қандай кириши, улардан нима мақсадда фойдаланилишини аниқлаш демакдир. Хусусан, илмий билиш жараёнида дунёни англаш борлиқнинг онгда аниқ акс этиши тамойилига таянади. Ҳаёт мазмуни – инсон ўз маънавий ва моддий-амалий фаолиятини амалга оширишнинг муҳим усулидир. Мазкур амалиёт жараёнида инсон камол топади. Инсоннинг моҳияти унинг ҳаётни англаб етиш ва натижаларини маънавий ҳамда моддий-амалий фаолиятда объективлаштириш қобилиятида ифодаланади. Хуллас, ҳаёт мазмуни инсоннинг ўз ички дунёси ва ўзини қуршаган борлиқни англаб етиши сифатида рефлексив-мушоҳада юритишга асосланган билиш – баҳо бериш фаолиятининг маҳсулидир. Бунинг хусусияти шундаки, у бир вақтнинг ўзида ҳам ўз ички дунёсини, ҳам ўзини қуршаган борлиқни билиш ва унга баҳо беришдир. Бунда ўз ҳаёт борлиғини теран англовчи инсон: биринчидан, ўзини-ўзи англаб етиши ва ўзига баҳо бериши; иккинчидан, ўзини қуршаган дунёни англаб етиши ва унга баҳо бериши; учинчидан, мазкур ҳаракат натижаларининг диалектик нисбатини аниқлаш имконига эга бўлади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ