Ҳаё


Сақлаш
16:01 / 03.01.2024 0 367

Ҳаё (арабча уят, шарм, ибо; ор-номус; камтарлик, адаб) ножўя, номаъқул хатти-ҳаракатдан тийилиш ҳисси, уят, шармни англатувчи тушунча. Ҳадис ҳисси аслида «ор», «андиша» ва «ибо» каби маънавий фазилатлар билан яқиндир. Бу тушунчанинг ахлоқий моҳияти нафосат билан уйғунлашиб кетади. Ҳаёдан одатда инсон қизаради, бу ҳол айниқса хотин-қизларда ботиний гўзалликни яққол намоён этади ва улардаги ўзига хос нафислик, майинликни ифодалайди. Инсон нинг ўзи содир этган ёки бошқалар воситасида амалга оширган ахлоқийликка зид хатти-ҳаракатларидан ноқулай вазиятга тушиши, ўнғайсизланиши, мулзам бўлиши уят ҳиссида ҳам намоён бўлади. Лекин бу ҳолатлар уятда ижтимоийлик касб этгани сабабли, улар хатти-ҳаракат содир қилингандан сўнг ҳам давом этади ва кўп ҳолларда виждон азобига айланади. Ҳаёда эса мазкур ҳолатлар соф маънавий табиатга эга ва вақт доирасида чекланган бўлиб, улар хатти-ҳаракат содир этилаётган пайтдагина юзага чиқади. Ҳаё – Шарқ халқларига хос бўлган ахлоқий гўзалликнинг ғоят кўркам ва ноёб кўриниши. Айни пайтда ҳаё миллий руҳият билан йўғрилган тушунчадир. Ҳаё эркакларга нисбатан аёллар табиатига кўпроқ мос бўлиб, қизлик ҳаёси, келинлик ҳаёси, аёллик ҳаёси, оналик ҳаёси каби туйғуларда ўз ифодасини топади. Ҳаё кишининг хулқ-атвори, юриш-туриши, атрофдагиларга муносабати, кийинишда сиполиги, бировнинг юзига тик қарамаслиги, андишали, ор-номусли бўлиши, гапирганда ўйлаб гапириши, баланд овоз билан гапирмаслиги, қаттиқ кулмаслигида яққол намоён бўлади. Шарқ донишмандлари, хусусан, Абу Лайс ас-Самарқандий, Ғаззолий, Навоий ҳамда Авлоний, Фитрат сингари маърифатпарварлар ҳаёни юксак ахлоқий қадрият сифатида баҳолаб, уни одамлар олдидаги ҳаё ва Аллоҳ олдидаги ҳаёга ажратганлар ҳамда ҳаёни комиллик белгиси, номус тимсоли, вафо билан муштарак туйғу деб таърифлаганлар. Чунончи, ҳазрат Навоий наздида «Карам ва мурувват ота ва онадурлар, вафо ва ҳаё икки ҳамзод фарзанд. Ҳар кўнгилниким вафо маскан қилур, ҳаё ҳам қилур... Вафосизда ҳаё йўқ, ҳаёсизда вафо йўқ. Ҳар кимда бу икки йўқ – имон йўқ... Комиллар – аҳли ҳаё ва ноқислар беҳаё». А.Авлонийнинг фикрича «Ҳаё – дилни равшан қиладурган бир нурдирки, инсон ҳар вақт шул маънавий нурнинг зиёсига муҳтождир… Иффатнинг пардаси, виждоннинг ниқоби ҳаёдир». Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Ҳаё имондадир, имон эса жаннатга элтади», «Ҳаё билан имон бир-бирига боғлиқ, бири кетса, иккинчиси ҳам кетади», дея марҳамат қилганлар. Ҳаё инсон қалби, туйғулари, ташқи қиёфасида намоён бўладиган, иффат ва назокатини оширадиган ақл-фаросат гулшанининг тоза гулидир. Азалдан аёл ҳаё рамзи сифатида қадрланиб келинади. Ҳаёли аёл оиланинг номуси, эрининг ҳузур-ҳаловати, фарзандларининг меҳрибони, хонадон равнақи, одамларнинг дуру гавҳаридир. Бундай аёлларни халқимиз ҳаёли ва вафоли деб билади. Ҳаё одамларга озор бермаслик, айбу нуқсонларни қидириб, юзига солмаслик ва ўзидаги ёқимсиз феъл ва гапларни изҳор қилмасликдир. Ҳаётдаги ҳар бир нарсани кўриш, билиш, унинг қадр-қимматини идрок этиш, ўйлаб иш юритиш ҳаё туйғусининг юксаклигидан далолат беради.

 

Ҳаё бу поклик, сабр-бардош, қаноат, одоб, ихлосдир. Аёл кишидан ҳаё кетса, оилада файз бўлмайди. Ҳаёсиз кишилар ор-номусини, дўстлик ва садоқатни ҳам оёқ ости қилишдан тап тортмайди. Ҳаё виждон билан бевосита боғлиқдир. Виждонсиз одамларда ҳаё бўлмайди. Шу билан бирга, ҳаёнинг виждондан фарқ қилувчи жиҳатлари ҳам мавжуд. Виждон кўпроқ ташқи муҳит билан боғлиқ бўлса, ҳаё туйғуси инсоннинг ўз хатти-ҳаракатларини бошқалар нуқтаи назаридан баҳолаши билан боғлиқ. Ҳаё туйғуси болалик чоғлариданоқ шаклланади ва ривожлана бошлайди. У инсонларни нотўғри ва ахлоққа зид хатти-ҳаракатлардан, кишиларнинг манфаатлари, дунёқараши, жамоа урф-одатлари ва расм-русумларига мос келмайдиган ишлардан тийиб туради. Шу маънода, ҳаё ножўя хатти-ҳаракатлардан ўзини тия олиш, уялиш ҳиссидир. Ҳадисларнинг бирида айтилишича, одам, энг аввало, ўзидан уялиши керак. Ножўя қилмиши учун ўзидан уялган одам ўзгага ҳам ножўя хатти-ҳаракатни раво кўрмайди. Халқимиз орасида «Ҳаёсиз» ёки «беҳаё» атамалари қўлланганда, уятсиз иш қилиб хижолат чекмайдиган, беадаб кимсалар тушунилади. Ўзида ҳаё туйғуси бўлмаган одам ўзгадан ҳаёли бўлишни талаб қила олмайди. Ҳаёлилик кишининг маънавиятли, маърифатли, номусли, очиқ кўнгилли эканини англатади, унинг зидди ҳаёсизлик эса, аксинча, маънавиятсизлик, нопокликка мойиллик, бағритошлик каби иллатлар билан характерланади. Ҳаёли одамларда ростгўйлик, ширинсўзлик, яхшиликка яхшилик қайтариш, ўз ёрига вафодорлик, дўстликни қадрлаш каби юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар мужассамлашган бўлади. Бугунги кунда ҳам ҳаёлилик ғоят муҳим аҳамият касб этади. Глобаллашув, турли тамаддунларнинг ўзаро алоқалари, яқинлашуви, урбанизация, модапарастлик, истеъмолчилик кайфиятларининг кучайиши қадриятларга салбий таъсир этиши, шу жумладан, ҳаё ҳиссининг сусайишига олиб келиши мумкин. Ҳусайн Воиз Кошифий ҳаё таъкидлаганидек, «Ҳаё ва андиша дунёда тартиб сақлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ҳаё йўқолса, ҳеч кимда виждон ҳам қолмайди. У ҳолда дунёда тартиб бузилади. Кишилар бир-бирига бефарқ қарайдиган бўлади». Шу боис, оила ва мактабдаги таълим-тарбия жараёнида ҳаёлилик хулқий гўзаллик, назокат; Ҳаёсизлик эса ахлоқсизлик ва қўполлик эканини уқтириш, шахс эркинлиги ўзгаларга нисбатан муносабатда масъулият билан боғлиқлигини изчил равишда тушунтириб бориш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//