Атторлар растасида йиқилиб тушган тери ошловчи


Сақлаш
16:01 / 03.01.2024 0 437

Тери ошловчининг атторлар растасида атру мушк ҳидидан кўнгли айниб, беҳуш бўлиб йиқилгани

 

Бир тери ошловчи хуш ифорли атторлар бозоридан ўтаркан, кутилмаганда ўзини ёмон ҳис эта бошлади. Саховатли атторлар таратган ифордан боши айланиб, жойида қулаб тушди. Кун ярмигача йўл ўртасида ўликдай беҳуш бўлиб ётди. Бу орада одамлар унинг атрофида тўпланишди, ҳамма «Эй Оллоҳ, Ўзинг мадад бер!» деб унга ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Бири унинг кўксини кафти билан ишқалар, яна бири гулоб сепарди. «Гиёҳзор» аро бу иш унинг бошига ана шу гулоб туфайли тушганидан у бехабар эди. Кимдир қўллари ва бошини уқалар, яна кимдир сомонли лой[1] топиб келтирарди. Кимдир уд[2]га шакар қўшиб тутатар, бошқаси эгнидан либосларини ечарди. Кимдир томир уришини текширар, яна кимдир ичмаганми ёки наша-паша чекмаганмикан, деган ўйда унинг оғзини ҳидлаб кўрарди. Кўнчининг беҳуш бўлиб йиқилгани сабабини билолмай, ҳамма ҳайрон эди. Сўнг унинг қариндошларига шоша-пиша: «Фалончи негадир фалон жойда ҳушсиз ётибди», деб хабар беришди. Дарди хуруж қилиб, ҳамманинг олдида йиқилиб ётганининг сабабини ҳеч ким билолмасди. Давангирдай кўнчининг бир зийрак ва огоҳ акаси бор эди, у тезда воқеа содир бўлган жойга етиб келди. Бир бўлак ит гўнгини енгининг ичига яшириб, одамларни четга суриб, оҳ-воҳ қилганча укасига яқинлашди ва: «Мен унга бу дард қаердан келганини биламан», деди. Дарҳақиқат, дарднинг сабаби маълум бўлса, унга даво топиш осон кечади. Агар сабаби номаълум бўлса, дардни даволаш қийин ва юзлаб баҳоналар қатор туради. Сабабни билиш ишни осонлаштиради ва ғофилликни бартараф этади.

Кўнчининг акаси ўзига ўзи дерди: «Унинг мияси ва томирига ит гўнгининг ҳиди сингиб кетган. У нон топиш илинжида эртаю кеч белигача ахлатга ботиб тери ошлаш билан банд. Буюк Жолинус[3] ҳам: «Хаста нимага кўниккан бўлса, унга ўшани беринг», деб айтган. Ахир, унинг касаллиги одатига зидликдан келиб чиқади, шундай экан, касалига малҳамни одатидан изла. У гўнг ташийвериб гўнг қўнғизига айланган, гулоб гўнг қўнғизини ҳушидан кеткизади. Шундай экан, ит гўнги унга малҳамдир, чунки у шунга кўниккан ва мослашган».

 

«Нопок аёллар нопок эркаклар учун» [4] оятини ўқи ва бунинг маъносини яхшилаб уқиб ол. Нажот эшигини очиш учун уни гулоб ва мушк билан даволамоқчи бўладилар. Бу тўғри иш эмас, эй содиқ дўстлар, нопок одамлар учун пок малҳамлар мос келмайди! Ваҳийнинг ҳидидан юз ўгирганлари ва адашганлари учун “...биз сизлар туфайли бебахтликка учрадик» [5] уларнинг нолаю фарёдига айланди. Улар дедилар: «Бу сўзлар биз учун машаққат ва хасталикдир. Сизнинг насиҳатингиз бизга эзгулик рамзи эмас![6] Агар очиқдан-очиқ насиҳат қиладиган бўлсангиз, сизларни тошбўрон қиламиз! Биз ўзимизни панду насиҳатлар билан эмас, бемаъни пуч сўзлар ва сафсаталар билан озиқлантирганмиз. Биз ёлғон, лоф ва фирибгарликдан куч оламиз, бу насиҳатлар қорнимизни оғритади. Сизлар дардимизни юз карра ошириб ва кучайтириб, ақлимизни афюн билан даволамоқчи бўласизлар!» [7]

Акаси даволаш учун қилган чора-тадбирини одамлар кўрмаслиги учун уларни ўзидан узоқлаштирди. Нимадир демоқчидай укасининг қулоғига эгилиб, ҳеч кимга сездирмай, қўлини унинг бурнига тутди. Қўлига ит гўнги суркалган эди, айнан шу малҳам унинг нопок миясига шифо бўлишини англарди.

 

Бироз вақт ўтиб кўнчи қимирлай бошлади. Одамлар ҳайқириб юборди, «Бу ҳайратомуз афсун! Йигит қулоғига афсун ўқиди, куф-суф қилди, у ўлган эди, афсун уни қутқариб қолди!» дейишди. Қаердаки кўз сузиб қош қоқиш, зино бўлса, нопоклар ўша томонга қараб интиладилар. Ким насиҳат мушкидан фойда кўрмаса, беихтиёр сассиқ ҳиднинг асирига айланади. Ахлатда туғилган қурт ҳеч қачон ўз табиатини хушбўйликка мослаштира олмайди! Чунки Ҳақ мушрикларга қатра Нур ато этмаган[8], улар буткул терига ўхшаш юраксиз танадир. Агар Худо уларга Нур ато этганида эди, худди Мисрдагидек гўнг жўжа очган бўларди[9]! Очганда ҳам оддий уй жўжасини эмас, илму ҳикмат жўжасини очган бўларди.

 

 

Бир баққол тарозисининг тоши гилватадан бўлиб, у оқ қанд ўлчаётганда бир кесакхўр харидор ўша гилватани яширинча ўғирлагани

 

Бир кесакхўр кимса баққолнинг олдига каллақанд сотиб олгани келди. Маккор баққол эса бир парча кесакни тарози тоши ўрнида ишлатарди. У деди: «Айтиб қўяй, каллақанд олмоқчи бўлсанг, мен тарози тоши ўрнида кесак ишлатаман».

Кесакхўр деди: «Менга, каллақанд керак, тарози тоши эса хоҳлаганингча бўлаверсин». Ўзича ўйлади: «Кесак ейдиган одамга тош нима керак? Кесак олтиндан афзалроқку! Бу худди совчининг: «Эй йигит, мен жуда чиройли келин топдим! У жуда чиройли, аммо бир аммоси бор, у маъсума ҳолва сотувчининг қизи», деганидай, йигит эса: «Шундай бўлса, унданам яхши, унинг қизи дўмбоқ ва ширин бўлади», деб жавоб берганидай гап. Агар сендаги тарозининг тоши кесакдан бўлса, айни муддао, кесак жонимнинг ҳузурику!»

Баққол каллақандни ўлчаш учун тарозининг бир палласига кесакни қўйди. Тарозининг бошқа палласига қўйиш учун ўша кесакнинг оғирлигига мослаб каллақандни синдиришга тутинди. Тешачаси йўқлиги сабабли узоқ вақт каллақанд синдириш билан банд бўлиб, харидорни куттириб қўйди. У бошқа томонга қараркан, кесакхўр тоқат қилолмай, тарози палласидаги кесакдан яширинча ўғирлай бошлади. У ногоҳ баққолнинг кўзи тушиб қолишидан қўрқиб, қалтирарди. Баққол буни пайқаган бўлсада, ўзини банд қилиб кўрсатди ва ўйлади: «Ўғирла, кўпроқ ўғирлайқол, эй заҳил башара! Сен менинг кесагимни ўғирлар экансан, ўз биқинингдан узиб оляпсан, давом этавер! Сен аҳмоқлигинг туфайли менинг кўриб қолишимдан хавотирдасан, мен эса сенинг камроқ ейишингдан хавотирдаман. Гарчи банд бўлсамда, сен чув туширадиган даражада аҳмоқ эмасман. Ким аҳмоқ ва нодонлигини каллақандни тарозида тортиб кўргандан кейин биласан.

 

Қуш донга суқланиб қараркан, дон ҳам узоқдан талончилик билан шуғулланади. Кўз зиносидан лаззатланганинг бу ўз биқининг гўштидан кабоб еганинг эмасми? Олисдан ташланган бу назар заҳарли ўқ кабидир. Иштиёқинг ортгани сайин сабринг камайиб боради. Бу дунёнинг моли ожиз қушлар учун, охират мулки эса шариф қушлар учун тузоқдир. Ноёб ва асил қушларгина охират мулкининг тузоғига илинадилар!

 

Жалолиддин Румий

«Маънавий маснавий»дан ҳикоятлар

Насрий баён муаллифлари:

Одил ИКРОМ, ОЙДИННИСО


[1] Сомонли лой – асосан, деворларни суваш учун ишлатилади. Халқ табобатида бу қоришма мизожи совуқларнинг баданига суртилганда иситма ва безгакни бартараф этишда самарали восита ҳисобланган.

[2] Уд – тутатилганда хуш бўй таратадиган ёғоч.

[3] Жолинус – Гален Клавдий (тахм. 129, Пергам – 201, Рим) – қадимги рим шифокори ва табиатшуноси. Шарқда Жолинус ҳаким номи билан машҳур. Тиббиёт ва фалсафага оид кўплаб асарлар муаллифи.

[4] Нопок аёллар нопок эркаклар учун, нопок эркаклар нопок аёллар учун (лойиқ)дир. Покиза аёллар покиза эркаклар учун, покиза эркаклар покиза аёллар учун (муносиб)дир... («Нур» сураси, 26-оят).

[5] (Шаҳар халқи:) «Дарҳақиқат, биз сизлар туфайли бебахтликка (шумликка) учрадик (қаҳатчилик келди). Агар (бу даъватни) бас қилмасангизлар, албатта, сизларни тошбўрон қилиб ўлдирурмиз. Ва (шу йўсин) биздан сизларга аламли бир азоб етар» – дедилар (“Ёсин» сураси, 18-оят).

[5] Токи (Аллоҳ бундай қилиш билан) шайтон ташлайдиган нарсани қалбларида бир хасталик борларга ва қалблари қаттиқларга имтиҳон (боиси) этсин. Дарҳақиқат, золимлар узоқ тафриқа домидадирлар («Ҳаж» сураси, 53-оят).

[6] Токи (Аллоҳ бундай қилиш билан) шайтон ташлайдиган нарсани қалбларида бир хасталик борларга ва қалблари қаттиқларга имтиҳон (боиси) этсин. Дарҳақиқат, золимлар узоқ тафриқа домидадирлар («Ҳаж» сураси, 53-оят).

[7] Аллоҳнинг пайғамбарларини инкор қилувчи одамлар уларга: сўзларингиз ақл учун афюндир, улар ақлий қобилиятни заифлаштиради холос, дейишади.

[8] Ҳазрати Ибни Умар (р.а.)дан: «Аллоҳ таоло замин аҳлини зулматда яратди. Кейин уларга нуридан сочди. Бу нур кимларга теккан бўлса, иймон келтирди. Кимгаки тегмаган бўлса, у залолатда қолди. Ўзгариш бўлиши энди имконсиз. Тақдир қилинганлар содир бўлгуси» (Имом Аҳмад, Термизий, Ибни Жарир, Табароний, Ҳоким, Байҳақий ривояти).

[9] Мисрлик деҳқонларнинг жўжа очиришда тухумни илиқ гўнг ичига қўйиш одатига ишора.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 8
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 34
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 121
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 156
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6082
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4915
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4554
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3981
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3411
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2978
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2894
Туғилган кун

//