Ғоявий мутаассиблик


Сақлаш
16:12 / 29.12.2023 0 385

Ғоявий мутаассиблик – тўғри деб ҳисобланган муайян фикр, ғоя, ақидадан бошқа ҳамма нарсани нотўғри, ёлғон деб билиш, уларни кўр-кўрона инкор этишга асосланган қараш ва амалиётни англатувчи тушунча. Ғоявий мутаассиблик турли йўналиш ва эътиқоддаги кишиларга хос бўлса-да, улардаги умумийлик ўзга ғоя ва эътиқодни ёлғон ҳисоблаш, ўз қарашларини мутлақлаштириш, унга қўшилмаганларга қарши фаолият олиб бориш, уларни йўқ қилишга қаратилган ҳаракатларда яққол кўринади. Ўрта асрлардаги инквизиция, баъзи Ғарб мамлакатларидаги неофашизм ғоялари тарафдорлари ҳаракатлари ғоявий мутаассибликга мисол бўла олади. Собиқ иттифоқдаги ҳукмрон мафкура ҳам ана шундай жиҳатларга эга эди. Унинг ғояларидан ўзгача фикрлаган кишилар, масалан, диндорлар, маърифатпарвар зиёлилар, маданият, адабиёт, илм-фан намояндалари, давлат арбоблари қатағон қилинган, фаннинг эса ҳатто бутун бир соҳалари ривожлана олмаган эди. Генетика, кибернетика, социология, политология, идеология каби соҳаларга бу фанлар билан боғлиқ мавзуларни тадқиқ этишга изн берилмагани фикримизга далил бўла олади. Ғоявий мутаассиблик мусулмонлар орасида ҳам бор. Баъзи мутаассиблар динни худди Пайғамбар алайҳиссалом даврларидаги каби ҳолатга келтириш керак деса, бошқалари ўрта асрлардаги халифаликни барпо қилиш керак, деган ғайриилмий қарашни илгари суради. Натижада, ўз ғояларини амалга оширишга қарши чиққанлар диндан қайтганлар, динни бузаётганлар сифатида эълон қилиниб, уларга қарши курашиб, жисмонан йўқ қилишга ҳаракат қилинади.

 

Ғоялар, аслида ўз моҳиятига кўра, ривожланувчан бўлади. Яъни, илгари сурилган бир ғоя йўлида амалий натижаларга эришган инсонлар мантиқан шу ғояларнинг давоми бўлган, эришилган ютуқларни мустаҳкамловчи янги ғояларни ишлаб чиқади ва бу ҳолат узлуксиз давом этаверади. Бунинг акси ўлароқ, ғоявий мутаассиблик тарихий ёки замонавий асосларга таянган маълум бир ғояга мустаҳкам ёпишиб олиш, унинг ривожини таъминламасдан, фақат шу ғоя бўйича эришиладиган натижалар билан чекланишни англатади. Шунга кўра, ғоявий мутаассибликнинг бир неча турлари фарқланади. Масалан, алоҳида шахс ғоялари устуворлигида шаклланадиган ғоявий мутаассиблик асосан давлат ва сиёсат арбоблари, дин, илм-фан намояндалари ғоялари негизида вужудга келади ва тарғибот учун шарт-шароит етарли бўлганда кенг тарқалиб, давлат, жамият ёки халқларнинг катта-катта гуруҳлари учун фалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шахс ғоялари асосида вужудга келувчи ғоявий мутаассиблик, аввало, жамиятнинг қуйи табақаларини қамраб олади. Унга, асосан, давлат ва унинг сиёсатидан норози, шунингдек, давлат қонунларига биноан жиноятчи сифатида қайд этилган ва жазоланган фуқаролар эргашади. Маданий ёки маънавий нуқтаи назардан эса ғоявий мутаассиблик маълум бир халқ ичидаги маданий, маънавий анъаналар, қадриятларни тушунмай, унинг ўрни ва аҳамиятини тасаввур қила олмайдиган инсонларни ўз атрофида бирлаштиради. Ғоявий мутаассибликни юзага келтирувчи бундай ғоялар маълум жамиятда пайдо бўлиб, унинг ўзида ёйилиши, бир ҳудудда пайдо бўлиб, ўзга ҳудудларда кенг тарқалиши ёки мустаҳкамланиши мумкин.

 

Ғоявий мутаассибликнинг гуруҳ ғояларига асосланган бошқа бир тури эса бундан ҳам хатарлироқ бўлиб, у бутун инсоният тараққиётига ҳалокатли таъсир кўрсатишга қодирдир. Маданий, маънавий, иқтисодий, сиёсий таъсир, айниқса, унинг четдан бўлиши ғоявий мутаассиблик юзага келишида асосий омиллардан саналади. Ғоявий мутаассибликга қарши курашнинг энг самарали йўли, аввало, унинг асосларини тўлиқ аниқлаб, улар қандай оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини шу ғояларга эргашишга мойил инсонларнинг турли табақа ва тоифалар вакиллари яққол тарзда тасаввур эта оладиган, амалий, ҳаётий далиллар асосида кенг миқёсда тушунтириш ишларини олиб боришдир. Жаҳон халқларининг тарихий тараққиётида ғоявий мутаассибликга кўп бор дуч келинган ҳамда бугунги кунда у глобал тус олмаган бўлса-да, ҳозирги даврда турли тамаддун ва жамиятлар ўртасидаги муносабатларда кўзга ташланаётган муаммолар келажакда ғоявий мутаассибликнинг авж олишига шарт-шароит яратиб бериши эҳтимолдан холи эмас. Ғоявий мутаассибликнинг акси ғоявий тараққиёт, маърифат, ҳурфикрлилик бўлиб, унинг асосида кишиларнинг қалби ва онгига эзгулик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, тотувлик тушунчаларини сингдириш ётади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//