Ғоявий бўшлиқ. Ғоявий зиддият


Сақлаш
14:12 / 29.12.2023 0 560

Ғоявий бўшлиқ – муайян шароитда жамият, ундаги тоифа ва қатламларнинг онгида содир бўладиган ғоясизлик, мафкуравий вакуум ҳолатини англатувчи тушунча. Ушбу тушунчанинг мазмун-моҳияти ва намоён бўлиш хусусиятлари Ислом Каримов асарлари, айниқса, «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида далил ва мисоллар асосида чуқур ёритиб берилган, унинг оқибатларини бартараф қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Муайян ақида, фикр ва ғоялар замон танқидига учраганда ёки янги пайдо бўлган ижтимоий-сиёсий кучлар томонидан инкор этилганда, давр талабига жавоб берадиган ғоя ва мафкура тўла шаклланиб улгурмаган ҳолларда жамиятда ғоявий бўшлиқ вужудга келади. Ғоявий бўшлиқнинг юзага келиши чуқур ижтимоий-сиёсий, маънавий-психологик муаммо ва жараёнлар билaн боғлиқ. Ғоявий бўшлиқ у вужудга келган вақтгача маълум миллат, халқ, жамият ёки уларнинг таркибий табақаларидан бири онгида устувор аҳамиятга эга бўлган интилишлар, мақсадлар, орзу-умидлар, амалий ҳаракат асослари барҳам топган, инқироз маълум бир соҳада одамларнинг оммавий тушунчаси ёки ҳаракатига чек қўйган ва улар шу соҳада барча учун маъқул келадиган бирор-бир ғояга эга бўлмаган шароитда вужудга келади. Бундай шарт-шароит кўпинча давлат тузумининг алмашинуви, ички низолар авж олган ёки жамиятда ғайриинсоний бошқарув тизими амал қилган вақтларда ҳосил бўлади. Шароитга боғлиқ равишда ғоявий бўшлиқ давомли ёки қисқа муддатли бўлиши мумкин. Ғоявий бўшлиқни бир неча турларга бўлиш мумкин. Масалан, маънавий ғоявий бўшлиқ ҳолати жамият узоқ вақт ўз тарихий маънавий қадриятларидан ажратиб қўйилганда, жамият маънавиятига хорижий маънавий анъаналар катта салбий таъсир ўтказиши оқибатида бутун бир жамиятга хос маънавий қадриятлар парчаланиб кетганда юзага келади. Маданий, сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, миллий ғоявий бўшлиқларнинг ҳам ана шундай ўзига хос объектив сабаблари мавжуд.

 

Ғоявий бўшлиқ жамиятдаги маълум бир соҳанинг яхши ривожланмагани ёки ривожлантирилмаётгани билан ҳам изоҳланиши мумкин. Масалан, маълум бир жамият аъзоларида ташаббускорлик ёки тадбиркорлик хусусиятининг сустлиги ёхуд шу хусусиятларни намоён этишга йўл бермайдиган тўсиқларнинг ҳаддан ташқари кўплиги шу соҳада ғоявий бўшлиқни келтириб чиқаради. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, маълум бир жамиятга хос ғоявий бўшлиқ яхлит бўлиши ёки алоҳида йўналишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Масалан, техник жиҳатдан юксак тараққий этган жамият маънавиятида ғоявий бўшлиқ бўлиши мумкин ва ҳоказо. Ғоявий бўшлиқ яхлит намоён бўлган жамиятлар қарамликка маҳкум бўлади, маълум соҳаларда ғоявий бўшлиқга дуч келган жамиятлар эса ташқи таъсирга ён бериб яшашга мажбур бўлади. Шунга кўра, мавжуд давлатлар доимо ўз ғоявий бўшлиқларини беркитиш, ҳимоялаш, унга ёт ғояларнинг кириб қолишига йўл қўймасликка уринади. Бошқалари эса тарафдорлари сафини ёки тобе ҳудудларни кенгайтириш мақсадида ўз ғояларини бошқа жамиятларга сингдиришга ҳаракат қилади. Одатда, янги ғоялар турлича таъсир кучига эга бўлади. Айрим гуруҳлар уларни жуда тез қaбул қилади, баъзи тоифаларнинг аввалги мафкуравий ақидалардан юз ўгириши ва янги ғояларни қабул қилиши эса қийин кечади. Ғоявий бўшлиқ пайдо бўлишининг яна бир манбаи – жамиятда бу соҳадаги тарбиянинг етарли эмаслиги, мафкуравий жараёнларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганидир. Aгар давлат ёки миллат, ижтимоий гуруҳ ёхуд қатлам ўз манфаатлари, мақсад-муддаоларини аниқ-равшан ифода этадиган ғояларини кишилар, айниқса, ёш авлод онгига мунтазам сингдирмаса, ғоявий бўшлиқ пайдо бўлади, ишонч-эътиқод сусаяди, мафкуравий таҳдидлар кучаяди. Ғояси йўқ, эътиқоди бўш одамлар эса, таъсирга тез берилувчан бўлиб, ўз йўлини йўқотиб қўяди. Ғоявий бўшлиқ, имонсизлик, манқуртлик жамият учун жиддий хавф солади. Агар ғоявий бўшлиқ пайдо бўлса, сўзсиз унинг ўрнини шу халқнинг табиатига бегона турли хил мафкуравий ғоя ва қарашлар эгаллаб олиши ҳамда ўз таъсирини ўтказиши муқаррар. Шунинг учун ўз келажагини ўйлаган ҳар бир давлат ва жамият ғоявий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик, эскирган ақида ва ёт қарашларни инкор этиш билан бирга, илғор фикрлар, улуғвор мақсад ва эзгу орзуларни одамлар онги ва қалбига сингдиришга ҳаракат қилади. Миллий истиқлол мафкураси ғоявий бўшлиқга йўл қўймайди, маънавий ҳаётни бутун халқ ва ҳар бир фуқаронинг манфаатига мос келадиган юксак ва жозибали ғоялар билан бойитади. Бу, ўз навбатида, фуқароларда эртанги кунга ишонч ва келажакка умид ҳиссини мустаҳкамлайди.

 

Ғоявий зиддият – турли манфаат, мақсад ва интилишларни ифодаловчи ғоялар ва уларга таянадиган кучлар ўртасидаги зиддият ҳолати ҳамда қарама-қарши муносабатларни ифодаловчи тушунча. Бундай зиддият замирида талаб-эҳтиёжлар, мақсад-муддаолар, уларни қондириш усуллари, йўллари ва воситаларининг ҳар хиллиги ётади. Озодлик, мустақиллик ва адолат ғоялари билан босқинчилик, тажовузкорлик ва мустабидлик ғоялари ўртасидаги кураш бунинг ёрқин мисолидир. Инсон ва жамият бор экан, эзгу ғояларнинг қарама-қаршиси бўлган зулм ва зўравонлик, қабоҳат ва жаҳолат янги-янги шаклларда намоён бўлишга уринади. Лекин улар одамзоднинг адолат, тинчлик ва биродарлик, тараққиёт ва фаровонлик ғояларига таяниб, олий мақсадлар сари интилишини асло тўхтата олмайди. Ғоявий зиддият ва курашлар тарихини ўрганиш шундан далолат берадики, неча минг йиллар давомида эзгу ва тараққийпарвар ғояларга қарши қурол, куч, макр-ҳийла ишлатиб келинди. Қарам халқларга қуллик психологияси сингдирилди. Босқинчиларнинг динлари, қадриятлари зўрлаб татбиқ этилди. Эрк ва мустақиллик, адолат ва ҳаққоният ғоялари шафқатсиз равишда бўғиб қўйилди. Инсоният ўзлигини англай бошлаган ҳозирги замондагина ғоявий зиддиятларни демократия ва плюрализм тамойили асосида ҳал қилиш имкониятлари пайдо бўла бошлади. Масалан, Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан юксак мафкуравий маданиятни мужассам этган ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳақидаги тамойилнинг илгари сурилиши ана шу мақсадга йўналтирилган. Ғоявий зиддиятлар шу қадар кенг тармоқланишга эгаки, оқибатда унинг юзага келиши, тузилишини ифодаловчи ҳар қандай тизим нисбий характер касб этади. Ғоявий зиддият тушунчаси алоҳида инсоннинг ички дунёси зиддиятларидан бошланиб, қитъалараро юз берувчи зиддиятли муносабатларни ҳам қамраб олади. Шунингдек, ғоявий зиддият «ғоявий кураш» тушунчасининг муқобили сифатида ҳам қўлланиб, ундан келиб чиқувчи қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши масаласи фалсафа фанида кенг ўрганилади. Худди шу каби, ғоявий бирлик ғоявий зиддиятнинг зидди ҳисобланади.

 

Инсон онгида маълум бир ғоя ва унинг атрофида бирлашган фикрлар, худди шу инсон онгидаги бошқа бир ғоя ва унинг атрофида бирлашган фикрларга қарама-қарши келганда инсон шуурида, руҳиятида ғоявий зиддият пайдо бўлади ва бу зиддият улардан бири енгиб чиққандагина барҳам топади. Инсон муносабатларида ғоявий зиддиятлар амалий фаолиятга туртки берувчи асос вазифасини бажаради. Таъкидлаш керакки, бугунги кунда давлатлараро сиёсий, минтақалараро иқтисодий, халқлараро ҳуқуқий, миллатлараро маданий, ҳудудлараро маънавий ғоявий зиддиятлар глобал зиддиятлар даражасига кўтарилгани кўзга ташланади. Давлатлараро сиёсий ғоявий зиддиятлар маълум бир давлат сиёсатида ишлаб чиқилган алоҳида ёки бир неча давлатларга муносабатни ифодаловчи ғояларнинг мазкур давлат ёки давлатлар ғоявий қарашларига қарамақаршилиги, мос тушмаслигидан келиб чиқади. Шунингдек, маълум бир давлатнинг ўз ҳудуди, ўз жамияти учун ишлаб чиққан ғоялари, у билан амалий муносабатдаги бошқа давлатлар ички ва ташқи ҳаётига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолларда ҳам давлатлараро ғоявий зиддиятлар пайдо бўлиши мумкин. Масалан, маълум бир давлат ҳудудида яшаб келаётган бошқа давлат фуқаролари, ўзга миллат, ўзга дин, ўзга тил вакиллари эркинликларини чекловчи ғоялар сиёсий амалиётга татбиқ этилганда шундай ҳол юз берганлигини кўплаб давлатларнинг тарихий-сиёсий муносабатларида кузатиш мумкин. Миллатлараро маданий ғоявий зиддиятлар маълум бир миллатга оид маданий анъаналарнинг бошқа бир миллат маданий анъаналарига таъсирининг ортиб бориши оқибатида юзага келадиган зиддият бўлиб, чуқурлашганда низоли жараёнларни вужудга келтириши мумкин. Тарихда бундай воқеалар ортида келиб чиққан фожиали оқибатлар кўплаб учрайди. Бугунги дунёда юксак техник маданият ва кўпроқ тарихий анъанавийликка содиқлик икки қутб мамлакатлари, халқлари орасидаги ғоявий зиддиятни ҳосил қилган ва унинг тинч йўл билан бартараф қилинмаслиги инсониятни ҳалокатга олиб борувчи сабаблардан бири ҳисобланади. Ҳудудлараро маънавий ғоявий зиддиятлар маълум бир ҳудуд халқлари маънавий дунёқараши, анъаналари, қадриятлари, меросининг бошқа ҳудудларга таъсири яққол кучайганда вужудга келади ва бошқа муносабатларга ҳам таъсир кўрсатади. Масалан, биргина диний эътиқод ёки буюкмиллатчилик омили тарихда жуда катта ва узоқ йиллик урушларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Ёки маълум бир миллат маънавий қадриятлари, анъаналари, мероси динига қилинган тажовуз ёхуд тазйиқ жамиятда маънавий ғоявий зиддиятларни келтириб чиқаргани маълум.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//