Бир куни...
Ғоя (арабча ғоят сўзининг шакли) – луғавий маънода ниҳоя, интиҳо, охир, поён ҳамда орзу, мақсад, ният, мурод, режа маъноларини англатувчи тушунча. Ҳозирги даврда ғоя инсон тафаккурида вужудга келадиган, ижтимоий характерга эга бўлган, руҳиятга кучли таъсир ўтказиб, жамият ва одамларни ҳаракатга келтирадиган, уларни мақсад-муддао сари етаклайдиган улуғвор фикр маъносини англатади. Ғоя одамларни уюштириш, жамият ҳаётига бевосита таъсир ўтказа олиш хусусияти билан фарқланади ва у иккига: эзгуликка қаратилган – бунёдкор ва бузғунчиликка йўналтирилган – вайронкор ғоялардан иборат. Шу маънода, у фалсафа, психология ва бошқа фанларда қўлланади. Бундан ташқари, мазкур тушунчанинг махсус, баъзи йўналишларга оид маънолари ҳам бор. Санъат ва фанда ғоя деб асарнинг бош фикри, назария ёки кашфиётнинг умумий тамойилига айтилади. Унда муайян тажриба натижалари умумлашади ва билим шаклига айланади. Бу ҳолда ғоя фақат мавжуд ҳолатнигина ифодаламайди, балки ривожланиш тамойилларини кўрсатади, келажакка ундайди. Ғоянинг кучи ва таъсири унинг воқеликка қанчалик мос келиш-келмаслигига боғлиқ. Ғояда ҳаёт, воқелик қай тарзда ўзгариши ҳақида кўрсатма, кўзланган мақсад мужассам ва шу туфайли у йўналтирувчи кучга эга. Ҳамонки, жамият ўз ривожида ғояга муҳтож экан, ғоясиз жамият йўқ. Фақат икки жиҳатни эсдан чиқармаслик керак. Биринчиси шуки, жамиятда эзгу ғоялар устунлик қилмаса, ёвуз ғоялар бош кўтараверади. Иккинчи жиҳат шундан иборатки, агар жамиятда шу жамият аъзоларининг манфаатларини ифодалаш, ҳимоя қилиш, йўналтириш, амалга оширишга қаратилган ғоялар ўртага ташланиб, жорий этилмаса, ўзгалар манфаатини кўзлайдиган ёт ғоялар кириб кела бошлайди. Инсон ҳаётида ҳам, жамият тараққиётида ҳам ғоялар муҳим ўрин тутади. Шу маънода, инсоният тарихи ғоялар тарихидир. Ҳар қандай миллат ва халқ, ҳар қандай ижтимоий тузум ва давлат муайян бир тамойиллар ва қадриятлар асосида ҳаёт кечиради ҳамда ўз манфаатлари, мақсад-муддаолари, орзу-интилишларини кўзлаб ҳаракат қилади. Бинобарин, улар ҳаётдаги маълум бир мафкурага таянади. Мафкура эса ғоялар асосида шаклланади. Инсон тафаккури воқеликни идрок этиш мобайнида турли фикрлар, қарашлар, ғоялар ва таълимотлар яратади. Бинобарин, ғоялар ҳам инсон тафаккурининг маҳсулидир. Лекин тафаккур яратган ҳар қандай фикр ёки қараш, мулоҳаза ёки нуқтаи назар ғоя бўла олмайди. Фақат энг кучли, таъсирчан, залворли фикрларгина ғоя бўла олиши мумкин. Илмий адабиётларда «Ғоя», «мафкура», «идея» ва «идеология» тушунчалари ишлатилади. «Идея» ва «идеология» кўпроқ Ғарб давлатларида ҳамда рус тилидаги манбаларда учрайди. «Идеология» (idea – ғоя, тушунча, logos – таълимот) атамаси ғоялар тўғрисидаги таълимотни англатади ва икки хил маънода ишлатилади: ғояларнинг мазмун-моҳияти, шаклланиши, аҳамияти тўғрисидаги билимларни ифодалайди ва илмий соҳа ҳисобланади; муайян ғояни амалга ошириш, мақсадга етиш усуллари, воситалари, омиллари тизимини англатади.
Ғояларнинг оддий фикрлардан фарқи шундаки, булар гарчи тафаккурда пайдо бўлсада, инсон (ва жамият) руҳиятига, ҳатто туб қатламларига ҳам сингиб боради. Ғоя шундай қувватга эгаки, у одамнинг ички дунёсигача кириб бориб, уни ҳаракатга келтирувчи, мақсад сари етакловчи руҳий-ақлий кучга айланади.Ғоя моҳиятан ижтимоий характерга эга. Муайян ғоялар одатда алоҳида олинган шахс онгида шаклланади, кейинчалик эса жамиятнинг турли қатламларига тарқалади, турли элат ва миллатлар орасида ёйилади. Мустақил ҳаётга қадам қўяётган янги авлод жамиятда мавжуд ғоялар таъсирида тарбияланади, муайян қарашлар ва ғояларни ўз эътиқодига сингдиради, ўз навбатида янги ғояларни яратади ва тарғиб этади. Ғоялар ўз ибтидоси ва интиҳосига эга. Улар ҳам маълум макон ва замонда пайдо бўлиши, жамият ривожига муайян ҳисса қўшиши, кишилар онги ва қалбидан жой олиши, ўз умрини яшаб, жозиба, куч-қувватини йўқотгач, тарихий хотирага айланиши мумкин. Ғояга таъриф бериш учун унинг моҳиятини намоён этадиган асосий хусусиятларни санаб ўтиш лозим. Ғоянинг энг муҳим хусусияти – инсон ва жамиятни мақсад сари етаклайдиган, уларни ҳаракатга келтирадиган, сафарбар этадиган куч эканидадир. Ижтимоий онгнинг барча шакллари – илм-фан, дин, фалсафа, санъат ва бадиий адабиёт, ахлоқ, сиёсат ва ҳуқуқ – муайян ғояларни яратади, уларга таянади ва уларни ривожлантиради. Маълум маънода айтиш мумкинки, ҳар бир онг соҳасининг ўз ғоялари мавжуд бўлади. Мазмуни ва намоён бўлиш шаклига қараб, ғояларни бир қанча турларга ажратиш мумкин. Масалан, диний, илмий, фалсафий, бадиий, ижтимоий-сиёсий, миллий, умуминсоний ғоялар ва ҳоказо. Диний ғоялар – ҳар бир диний таълимот ва оқимнинг асосини, диний иймон-эътиқоднинг негизини ташкил этувчи ақидалардир. Ибтидоий динлар ҳар бир нарсанинг жонли экани, жоннинг абадийлиги, бут ва санамларнинг, табиий жисм ва ҳодисаларнинг илоҳий қувватга эгалиги тўғрисидаги қарашларга асосланган эди. Масалан, ҳиндларнинг диний тасаввурларига кўра, жон кўчиб юради, бу ҳаётда у инсонда бўлса, кейинги ҳаётда бошқа жонзотга ўтиши мумкин. Илоҳларнинг кўплиги ҳақидаги фикрга таянадиган политеизм динлари вақти келиб монотеистик – яккахудолик ғояси асосидаги динларга ўз ўрнини бўшатиб берган. Яккахудолик ғояси миллий динларда (масалан, иудаизмда), айниқса, жаҳон динлари – христианлик ва исломда ўз ифодасини яққол топган. Хусусан, ислом динида Аллоҳнинг ягоналиги ғояси асосида унинг барча ақидалари, рукнлари, талаб ва мажбуриятлари шаклланган. Илмий ғоялар – фан тараққиётининг самараси, илмий кашфиётларнинг натижаси сифатида пайдо бўладиган, турли фан соҳаларининг асосий тамойиллари, устувор қоидаларини ташкил қиладиган илмий фикрлардир. Ғояларнинг «ҳаёти», уларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши, бошқа ғоялар билан ўзаро муносабати, кураши ва ниҳоят, эскирган ғояларнинг янгилари билан алмашиниши, айниқса, илмий ғоялар мисолида яққол намоён бўлади.
Қадимги юнон файласуфлари табиий жисмларнинг энг кичик, бўлинмайдиган зарраси деб «атом» тушунчасини киритган эдилар. Птолемей-Арастудан тортиб, ўрта аср Улуғбек астрономиясигача дунёнинг маркази Ер деб ҳисоблаб келганлар; Евклид геометрияси, Ньютон механикаси, Дарвин таълимоти ҳам ўз даврининг энг илғор илмий ғояларига асосланган эди. Илм-фан тараққиёти атомнинг бўлиниши, коинот маркази Ер эмаслигини ҳам ишончли далиллар билан исботлади; квант механикаси, ирсият назарияси ва бошқа кўплаб кашфиётлар қилинди. Дунёга А.Эйнштейн, Н.Бор, Ф.Резерфорд, М.С.Кюри ва бошқаларнинг номларини машҳур қилган ядро физикаси соҳасидаги кашфиётлар ҳам илмий ғоялар асосига қурилган. ХХ асрда инсоният ниҳоятда кўп илмий ғояларни амалиётга айлантирди. Космик ракеталар, компьютер ва уяли телефонлар, ТВ ва бошқа соҳалардаги ютуқлар бунга ёрқин мисол бўлади. Фан тараққиёти узлуксиз ва чексиздир. Бу жараёнда амалиётда тасдиқланмаган, эскирган қарашлар янги илмий ғоялар билан ўрин алмашаверади. Фалсафий ғоялар – ҳар бир фалсафий таълимотнинг асосини ташкил этадиган, олам ва одам тўғрисидаги энг умумий тушунча ва қарашлардир. Улар бизни ўраб турган дунёни билиш жараёнида, кишилик жамиятининг тараққиёти мобайнида тўпланган билимларни умумлаштириш, инсон ҳаётининг маъно-мазмуни, унинг бахт-саодати каби масалалар юзасидан мулоҳаза юритиш асосида шаклланади. Инсоният тарихида турли халқларнинг ақл-заковат соҳиблари, доно файласуф ва илоҳиётчилари турфа хил ғоялар яратганлар. Аммо фалсафий ғоялар хақида гап кетганда, жаҳон фалсафий фикри ривожига беқиёс ҳисса қўшган ўзбек мутафаккирлари яратган меросни ёдга олмаслик мумкин эмас.
Имом Бухорийнинг ҳақиқий инсонлар ҳақидаги, ал-Хоразмийнинг илмий ғоялари, Форобийнинг фозил шаҳар тўғрисидаги, Ибн Синонинг тана ва руҳ муносабатига оид, Алишер Навоийнинг комил инсон ҳақидаги, адолат ва инсонийлик борасидаги теран фикрлари фалсафий ғояларнинг ёрқин намунасидир. Бадиий ғоялар – адабиёт ва санъат асарининг асосий маъно-мазмунини ташкил этадиган, унда кўзланган мақсадга хизмат қиладиган етакчи фикрлардир. Улар ҳаётдан олинади, бадиий талқинлар асосида баён этилади, ўқувчида муайян таассурот уйғотади. Адабий қаҳрамонларни севиш, уларга эргашиш ҳоллари ҳам ана шу асосда рўй беради. Бадиий таъсир воситалари жуда катта кучга эга. Инсон ва жамият онгини ўзгартиришда, шахс руҳиятига таъсир ўтказишда, одамларни ҳаракат ва жунбушга келтиришда бадиий адабиёт ва санъатнинг аҳамияти беқиёсдир. Миллий ғояни тарғиб этиш, халқ онги ва қалбига сингдиришда ҳам улар муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Ижтимоий-сиёсий ғоялар – ҳар бир халқ ва умуман башариятнинг орзу-умидлари, мақсад-муддаоларини, эркин ҳаёт ва адолатли тузумни ифодалайди. Озодлик ва мустақиллик, адолат ва ҳақиқат, тинчликсеварлик ва инсонпарварлик ғоялари шулар жумласидандир. Асрлар мобайнида бундай буюк, ўлмас ғоялар халқларга куч-қувват ва илҳом бағишлаб, уларни ўз эрки учун курашга сафарбар этиб келган. Озодлик ғояси – мазлумларни ўз эрки учун курашга чорлайдиган, қуллик ва қарамликнинг ҳар қандай кўринишини инкор этадиган ғоядир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ