Ғаламислик. Ғаразгўйлик


Сақлаш
00:12 / 29.12.2023 0 346

Ғаламислик (арабча ғаламис) – кишилараро муносабатлар ва уларнинг ҳолатига раҳна солувчи; ғийбат, фитна юритувчиликни англатувчи иллат. Ғаламислик маънавий тамойилларга мос келмайдиган руҳий ҳолат, мақсадга эришишга тўсқинлик қилувчи амалдаги ёки тасаввурдаги тўсқинликнинг юзага келиши билан ҳам ифодаланади. Ғаламисликнинг субъектив ҳолати изтиробли безовталикдан иборат ҳиссий-салбий кечинма, хавотирлик, иложсизлик, жаҳл, ғазаб ва бошқалар ҳисобланади. Ғаламислик қуйидаги натижаларга олиб келиши мумкин: тажовуз – инсонга, кишилар гуруҳига ёки бошқа мақсадга эришишга халақит берувчи тўсиққа нисбатан куч қўллашни намойиш этиш; хусусиятнинг патологик ривожи – уддалай олмаслик ҳиссининг пайдо бўлиши, мунтазам равишда ўзига ишонмаслик, шубҳа билан қараш; асабийлашиш, жазавали ҳолатлар, таназзул ҳолати. Муайян халқ ёки давлатни, бирон-бир шахсни, унинг ютуқларини кўролмаслик, тинч ва барқарор ҳаётига раҳна солиш йўлидаги хатти-ҳаракатлар ҳам ғаламислик тарзида намоён бўлиши мумкин. Инсоният тарихида бундай ҳолатлар содир бўлиб туради. Масалан, суғориш тизимининг атайлаб узоқ йиллар мобайнида нотўғри қўлланиши натижасида қадимги Бобил давлатининг ерлари ниҳоятда шўрланиб кетган, аста-секин у жойда яшаш мумкин бўлмай қолгани, давлатнинг таназзулга юз тутгани маълум. Орадан икки ярим минг йил ўтса-да, бу ерлар ҳамон яшаш учун яроқсизлигича қолмоқда. Ёки ваҳҳобийларнинг ғаламислиги туфайли бутун дунё мусулмонлари учун муқаддас ҳисобланган пайғамбаримиз қабрининг таҳқирланиши, салб юришлари, Европада ўрта асрларда христианликнинг софлигини сақлаш шиори остида ҳурфикрли кишиларнинг қатағон қилиниши, собиқ иттифоқ давридаги қатағонлар ҳам бунга яққол мисол бўлади. Бугунги кунда терроризм инсониятга катта таҳдид солмоқда. Жамиятда доимий қўрқув, фитна – ғаламислик муҳитини вужудга келтириш, зўравонлик йўли билан унинг барқарорлигини бузиш, гуноҳсиз кишилар, жумладан, болаларнинг ҳалок бўлишига олиб келадиган сиёсий мақсадларда ўлдириш ва портлатишлар бу мудҳиш ғоянинг асл моҳиятини кўрсатади.

 

Ғаразгўйлик – маънавий иллат, манфаатпарастлик, бузғунчи мақсад йўлидаги хатти-ҳаракат, пинҳона ва ошкора адоватни англатувчи тушунча. Ғаразгўйлик инсонга хос салбий хусусиятлардан бири бўлиб, аксарият ҳолларда пинҳона кечадиган руҳий ҳодиса. Ғаразгўйлик ўзбек тилига араб тилидан ўзлашган сўз бўлиб, этимологик жиҳатдан «манфаат» маъносини беради. Ғаразгўйлик туфайли ижтимоий турмушда соғлом муҳит бузилади, оқибатда кишилар орасидаги дўстлик, диёнат, меҳр-оқибат бузилади. Унинг замирида бошқа кишилар бахтсаодатини кўролмаслик, ёмон ният, ғайирлик, ёвуз мақсад яширинган. Ғаразгўйликнинг зидди – беғаразлик, холислик, самимиятдир. Ғаразгўйлик киши атрофдагиларга фақат шахсий манфаатдорлик юзасидан муносабатда бўлади. Ғаразгўйликнинг объекти – ён-атрофдагилардан маълум бир киши ёки кишиларга қаратилган адоватли мақсад. Ғаразгўйлик киши маълум бир ниятини амалга оширмагунча ундан ғаразгўйлик асоратларини топиш қийин. Чунки, у ўз ниятини ҳаммага ошкор қилмайди, ғаразгўйлик оқибатида пайдо бўлувчи мақсаднинг ёмонлигини ҳам яхши билади. Ғаразгўйлик нафақат ўзаро шахсий муносабатларга, балки жамият турмуш тарзига ҳам салбий таъсир кўрсатади ҳамда кишилар ўртасига адоват, гина-кудурат, бегоналик, охир-оқибат душманлик уруғини солади. Ғаразгўйликнинг жамият олдидаги ижтимоий моҳияти – шахсий манфаатпарастликдан иборат. Ғаразгўйлик мавжуд жойда ривожланиш бўлмайди, у нафақат киши маънавиятини ғорат қилади, балки жамият турмушини орқага тортади. Шунингдек, ғаразгўйлик фақат ўзгаларга эмас, балки феъл эгасининг ўзига ҳам зарар келтиради. Чунки, у ғаразгўйлик туфайли бирор мартаба ёки маънавий-моддий фаровонликка эриша олмайди. Ғаразгўйлик, шаклидан қатъи назар, улкан маънавий йўқотишдир. Ғаразгўйликни бартараф қилиш асосан кишининг ўзига боғлиқ. Қолаверса, ҳамроҳида, ҳамкасбида, қўшнисида, турмуш ўртоғида ғаразгўйликни сезган киши ўз вақтида оқиллик билан уни бу иллатдан воз кечишга даъват этади. Соҳибқирон Амир Темур ўгитларида таъкидланганидек: «Ғаразгўйлик, бузуқи ва ҳасадгўй одамларнинг вазирлар ҳақидаги уйдирмаларини эшитмасинлар, чунки бу табақадаги кишиларнинг душмани кўп бўлади, негаки, олам аҳлининг барчаси дунёталабдир. Агар вазирлар бундай одамларнинг кўнглига қарасалар, давлатга хиёнат қилган бўлурлар, қарамасалар, улар вазирларга душманлик қилурлар». Халқимизнинг «Юрагида ғарази бор дўст душмандан баттар» деган мақолида ҳам ана шу иллатнинг моҳияти ифодаланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//