Бир куни...
Қўрқоқлик – инсон маънавияти ва руҳиятида намоён бўлиб турадиган хусусиятлардан бирини ифодалайдиган салбий маънодаги атама. Қўрқоқлик деганда ўз бурчини унутган, етарли даражада шижоатга эга бўлмаган, бирор ишни бажаришдан қўрқадиган ёки ҳайиқадиган кишилар тушунилади. Қўрқоқлик, айниқса, Ватан, халқ тақдири ҳал қилинаётган қалтис даврларда яққол намоён бўлади. Қўрқоқлик хусусиятига эга бўлган кишиларга сотқинлик, юзсизлик каби иллатлар ҳам хос бўлиши мумкин. Қўрқоқлик тушунчаси комил инсонни тарбиялашда, яъни кишидаги «мардлик», «қаҳрамонлик», «ирода мустаҳкамлиги» каби тушунчаларни шакллантириш ва такомиллаштиришда қўрқув ҳиссини енгишга хизмат қилади. Қўрқоқлик одамни юксакликка эмас, аксинча тубанликка етаклайди. Қўрқоқлик «Янтоқдан атир чиқмас, қўрқоқдан ботир чиқмас», «Қўрқоқда уят бўлмас», «Қўрқоқ от ўз соясидан ҳуркар», «Қўрқоқ ўлмасдан бурун ўлар, ўликдан нима кутиб бўлар» каби халқ мақолларида ўзига хос тарзда ифодаланган. Қўрқоқлик хусусиятига эга бўлган кишиларга муҳим вазифаларни ишониб топшириб бўлмайди, чунки ундаги қўрқув ҳисси унинг барбод бўлишига олиб келиши мумкин. Шу боис, болаликданоқ бундай иллатдан жирканадиган қилиб тарбиялашнинг аҳамияти беқиёсдир. Қўрқоқликнинг хатарли жиҳати шундаки, у бир кишининг қутқуси билан бошқаларга ҳам юқиши мумкин.
Қўрқув – қўрқоқ инсон ҳиссиётининг ажралмас қисмидир. Бу ҳиссиёт бирон кўнгилсиз воқеа кутилаётганда, вазият инсон ҳаёти учун хавфли деб топилганда кузатилади. Қўрқув юзага келишининг асосий сабаби – одамнинг бўлажак хавфни бартараф эта олмаслигидан қайғуришидир. Қўрқув хавф ҳақидаги хабар бўлиб, бу ҳолат одамга хавф билан боғлиқ тўсиқни енгиб ўтишга ички куч беради. Қўрқув ўз функциясига кўра одамни бирон хавф-хатардан огоҳ этиш, организмни зарарланишдан асраш вазифасини бажаради. Лекин, одамлар доимо қўрқувдан ўзларини олиб қочадилар ва ушбу ҳолатни энг салбий ҳиссиёт деб баҳолайдилар. Қўрқувларни ўрганиш асосида уларнинг асосий икки гуруҳи аниқланди – вазиятли, яъни айни шароитда юзага келган қўрқув ва бўлажак вазият юзасидан уйғонадиган қўрқув Бу туйғу инсоннинг табиат, жамият, нарса ва ҳодисаларни англашида билимсизлиги ҳамда ожизлиги белгиларидан ҳисобланади. Бундан ташқари, баъзи бир қўрқувлар инсонни фаоллаштиради, баъзилари эса аксинча, инсоннинг ҳаракатини чеклаб, уни карахт қилиб қўяди. Қўрқувнинг доимо такрорланиб туриши унинг сурункали ҳолатга ўтишига асос бўлади. Бундай сурункали ҳолатга ўтган қўрқув одам танасида доимий зўриқиш ҳосил қилиши натижасида турли касалликлар келиб чиқиши мумкин. Қўрқув инсоннинг ҳиссий кечинмалари, танадаги сиқувлар ҳамда қўрқинчли ҳолатни кўз олдига келтириш сифатида намоён бўлади. Қўрқув хавф-хатар хақидаги хабар сифатида инсонда журъатсизликнинг уйғонишига, маънавиятнинг етишмаслигига, натижага умидсизлик билан қарашга, мағлубиятни кутишга асос яратади.
Қўрқувнинг сурункали равишда такрорланиши ва асоссиз равишда юзага келиши фобия ҳолатини шакллантиради. Фобия (лотинча рhobos – қўрқинч) — маълум шароитларда асоссиз равишда қўрқиш ва ташвишланишдан иборат, енгиш мумкин бўлмаган муттасил кечадиган руҳий патологик ҳолат бўлиб, беқарор вегетатив дисфункциялар (юракнинг тез уриши, ҳаддан ташқари кучли терлаш) билан ҳамкорликда кечади. Одатда, қўрқувда мақсадга қаратилган аниқ ҳаракатлар бажарилади. Масалан, агрофобия – майдондан, катта кўчадан қўрқиш, каустрофобия – эшикни беркитиб, уйда ўтиришдан қўрқиш, монофобия – ёлғиз қолишдан қўрқиш, атропофобия – кўпчиликдан, халойиқдан қўрқиш, назофобия – касал бўлиб қолишдан қўрқиш. Шунингдек, қўрқувнинг канцерофобия, кардиофобия, эйротрофобия каби кўринишлари ҳам мавжуд. Руҳиятга оид баъзи адабиётларда социофобия атамаси ҳам қўлланилади. Бу – кўпчилик олдида уялиб қолишдан, изза бўлишдан қўрқишдир. Умуман, қўрқув маънавий номукаммаллик кўринишларидан саналиб, инсоннинг руҳий-маънавий жиҳатдан ожизлигини ошкор қилади. Зеро, юксак билимли, маънавиятли шахс қўрқувга берилмайди.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ