Бир куни...
Ўзбек халқи – Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг асосий қисмини ташкил этувчи миллат номи. Ўзбек халқи нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиёдаги энг кўп сонли халқдир. Ўзбек халқи вакиллари Ўзбекистондан ташқари Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Афғонистон, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Саудия Арабистони, Корея, Туркия, Германия, АҚШ, Австралия ва дунёнинг кўплаб бошқа мамлакатларида истиқомат қиладилар. Ўзбек халқи туркий тиллар оиласига кирувчи ўзбек тилида сўзлашади. Ўзбек халқининг асосий қисмини сунний мазхабга мансуб мусулмонлар ташкил этади. Жаҳондаги кўплаб халқлар сингари ўзбек халқининг шаклланиши жараёнларининг бошланиши ҳам инсоният тарихининг энг қадим замонларига бориб тақалади. Мураккаб ижтимоий-сиёсий ва этник жараёнлар билан боғлиқ бу ўтмиш жуда катта тарихий даврни ўз ичига олади. Узоқ тарихий тараққиёт йўлида аждодларимиз мураккаб этногенез жараёнларини бошдан кечирганлар. Бу жараёнлар кўплаб қабила, халқ ва элатларнинг ўзаро аралашиб, қоришиб кетиши, маданий анъаналарнинг уйғунлашиб янги асосларда тараққий топиши тарзида кечган. Ўрта Осиё – икки дарё оралиғида туркий ҳамда эроний тилларда сўзлашувчи аҳоли кўп асрлар давомида аралаш яшаб келишган. Мазкур элатлар маданият, хўжалик юритиш усули, турмуш тарзи, урф-одатлар ҳамда антропологик жиҳатдан бир-бирларига ниҳоятда яқин бўлиб, улар фақат турли тилларда сўзлашган, аммо шунда ҳам бир-бирларини яхши тушунган. Иккала тилда сўзлашувчи аҳоли орасида ҳам ўтроқ деҳқончилик ҳамда кўчманчи чорвачилик билан шуғулланувчи элатлар мавжуд эди. Хуллас, иккала тилда сўзлашувчи халқлар ҳам минтақанинг туб (автохтон) аҳолиси ҳисобланади.
Туркий этник гуруҳлар қатламининг илдизлари жуда қадимий эканлиги археологик маълумотлар асосида исботланган. Антропология маълумотлари бронза даврига келиб Ўрта Осиёнинг жанубий вилоятларида баланд бўйли, тор юзли ирқ вакиллари кенг тарқалганидан далолат беради. Жануб аҳолисидан фарқли равишда шимолий дашт ва чўл ҳудудларида думалоқ бош, кенг юзли элатлар яшаган. Жанубий қиёфа вакиллари фанда Ўрта ер денгизи ирқи вакиллари деб аталади. Улар Олд Осиё, Месопотамия, Эрон, Афғонистон, Ўрта Осиё, Ҳиндистон каби кенг географик ҳудудларга ёйилган. Шимолий қиёфали одамлар эса Жанубий Сибирдан Қозоғистонга қадар бўлган ҳудудларда, шунингдек, Ўрта Осиёнинг шимоли-шарқий қисми ҳамда Урал ва Волга бўйи минтақаларига тарқалган. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, бронза даврига келиб Ўрта Осиё ҳудудида қадимги жанубий ва шимолий қиёфа вакилларининг қўшилиш жараёни бошланади. Бу давр ўлкамиз ҳудудларида мураккаб этник-маданий жараёнлар юз берганлиги билан изоҳланиб, айнан манашу бронза даври қабилалари Ўрта Осиёнинг қадимги элатларига асос солган. Милоддан аввалги II минг йиллик ўрталаридан бошлаб Ўрта Осиё ҳудудларига шимоли-шарқдан янги этник гуруҳлар кириб кела бошлайди. Уларнинг асосий машғулоти чорвачиликдан иборат бўлиб, автохтон маданиятдан фарқланувчи мазкур гуруҳлар маданияти фанда «Тозабоғёб маданияти» деган ном билан юритилади. Тозабоғёб маданиятига хос ёдгорликлар Зарафшон дарёси этакларидан ҳамда Тошкент воҳаси, Фарғона водийси ва Шимолий Бақтриянинг тоғли ва тоғолди ҳудудларидан топиб ўрганилган. Худди шунга ўхшаш этносларнинг излари Қозоғистон чўллари, Олтой, Жанубий Сибир, Уралолди сингари кенг ҳудудлардан топиб текширилган. Ушбу ўзига хос маданият «Андроново маданияти» номи билан аталиб, унга мансуб элатлар бронза давридаёқ туркий тилда сўзлашганликлари кўпчилик тадқиқотчилар томонидан эътироф этилади. Бошқа фикрларга кўра, андроноволиклар ҳинд-эрон қабилаларига мансуб бўлишган.
Ўрта Осиё ҳудудларида яшаган қадимги аҳоли илгари қандай номлар билан аталгани бизга номаълум. Ҳали ёзувнинг ихтиро қилинмаганлиги ва ёзма манбаларнинг мавжуд эмаслиги бунинг асосий сабаби ҳисобланади. Ўрта Осиё аҳолиси ҳақидаги дастлабки маълумотлар қадимги юнон-рим ва форс манбаларида учрайди. Юнон-рим манбаларида Евроосиёнинг катта ҳудудларида яшовчи қадимий элатлар умумий ном билан «скифлар» деб аталади. Геродот скифларнинг қадимийликда мисрликлардан қолишмаслигини эътироф этса, Плиний Ўрта Осиё ҳудудларида 20га яқин элатлар яшаганлигини қайд қилади. Қадимги манбаларда скифларнинг сак ва массагет қабилалари кўпроқ тилга олинади. Қадимги форс манбаларида сакларнинг сака-хаумаварка, сака-тиграхауда ҳамда сака-тиай-тара-дарайя қавмларидан иборат бўлганлиги қайд қилинади. Массагетлар хусусидаги маълумотларнинг таҳлили уларнинг маҳаллий чорвадор қабилаларига мансуб бўлиб, ҳарб ишига моҳир бўлганлигидан далолат беради. Қадимги манбаларда сак ва массагетларнинг кийимлари, урф-одатлари, ҳарбий маҳорати ва жанг усуллари, қисман эътиқодлари ҳақида маълумотлар учраса-да, уларнинг қайси тилда сўзлашгани ҳамда антропологик белгилари хусусидаги маълумотлар чекланган. Шу боисдан мазкур қавмларнинг у ёки бу ирққа мансублиги хусусида ҳукм чиқариш қийин. Ўзбек халқи таркибида ҳозирги кунларгача сақланиб келаётган ирқий ва этник унсурларнинг маҳаллий халқ таркибига кирган даври ва унинг нисбий миқдори этногенез жараёнларига боғлиқ.
Замонавий ўзбек халқи антропологиясида мўғил ирқига хос унсурлар билан бирга шарқ ва европа ирқи унсурлари ҳам учрайди. Шундай экан, ўзбек халқини тўла мўғил ирқига мансуб деб ҳисобловчи фикрлар илмий асосга эга эмас. Ўзбек халқига хос Ўрта Осиё-икки дарё оралиғи ирқининг шаклланиши масаласида турлича қарашлар мавжуд. Бу борада мутахассислар томонидан бундан 6–8 минг йил илгариги даврлардан бошлаб XVI асрга қадар бўлган саналар қайд қилинади. Аммо замонавий археологик ва антропологик тадқиқотларнинг натижалари Ўрта Осиё икки дарё оралиғи ирқининг шаклланиши жараёни бундан 2300–2200 йиллар илгари бошланганини кўрсатмоқда. Мазкур жараённи сунъий равишда қадимийлаштириш ҳам, яшартириш ҳам тарихий ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўзбек халқи ўзининг шаклланиши жараёнида бир неча муҳим босқичларни босиб ўтган. Мазкур босқичлар маълум тарихий даврларда ўлкамиз ҳудудига турли халқларнинг бостириб кириши ҳамда халқлар ва маданиятларнинг мураккаб аралашуви жараёнлари билан боғлиқ. Аҳамонийлар истилоси, Македониялик Александрнинг юришлари, араблар босқини, мўғиллар истилоси ва бошқа шулар жумласидандир. Ушбу истилолар Ўрта Осиё, жумладан, ўзбек халқи маданияти, тили ҳамда турмуш тарзига маълум даражада ўз таъсирини ўтказган. Аммо бу юришлар туб аҳолининг ирқи ва этник қиёфасини, антропологияси ва тилини, маданияти ва урф-одатларини кескин ўзгартира олмаган.
Милоддан аввалги I минг йилликдан бошлаб ўлкамизнинг қадимги деҳқончилик воҳаларида яшовчи ўтроқ аҳоли ўзлари яшаб турган ҳудуд номлари билан атала бошлагани ёзма манбаларда қайд қилинади. Жумладан, Сўғдиёнада – сўғдийлар, Қадимги Хоразмда – хоразмийлар, Қадимги Бақтрияда – бақтрийлар, Қадимги Шошда – чочликлар, Қадимги Фарғонада – парканаликлар истиқомат қилишган. Икки дарё оралиғидаги халқларнинг ерлари доимо ажнабий босқин чиларнинг эътиборини ўзига тортиб келган. Қадимдан она юртимиз ҳудудларига бостириб кирган элатлар минтақа халқлари, жумладан, ўзбек халқи этногенезида ҳам маълум из қолдирган. Аҳамонийларнинг Ўрта Осиёдаги бир қанча вилоятлар устидан ҳукмронлиги икки юз йилдан ортиқроқ давом этганлиги маълум. Шундай экан, форслар Ўрта Осиё халқларининг тили, маданияти ва қиёфасига таъсир ўтказган, аммо юқорида таъкидланганидек, уни бутунлай ўзгартира олмаган. Александр Македонский юришлари хусусида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Ушбу юришлар натижасида минтақада янги эллинистик давлатлар, жумладан Юнон-Бақтрия давлати ташкил топиб, маҳаллий маданият эллинизм элементлари билан бойиган. Бироқ, маҳаллий оқсуяклар билан қариндошлик алоқасини боғлаган юнон-македонлар аслида кичик бир қатламни ташкил этиб, аҳолининг этногенезига жиддий таъсир ўтказа олмаган. Айрим тоғли ҳудудларда уларнинг таъсири ҳозирги кунда ҳам маълум даражада кўзга ташланса-да, бу жараён оммалашмаган. Антропология маълумотларига асосан ўзбек халқи шаклланиши жараёнининг бир неча муҳим тарихий босқичларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Шундай босқичлардан бири милоддан аввалги III–II асрларда Ўрта Осиё дашт минтақаларида ҳозирги ўзбек халқига хос антропологик қиёфа шакллана бошлаганлиги билан изоҳланади. Бу эса ўзбек халқига хос Ўрта Осиё икки дарё оралиғи ирқи минтақадан ташқарида, хусусан, Волга дарёси бўйлари ва Уралда, Мўғилистон чўллари ва Байкал кўли атрофида шаклланиб, Ўрта Осиё ҳудудларига кириб келган ва маҳаллий аҳоли ирқини ўзгартириб юборган, деган қарашларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини кўрсатади.
Замонавий тадқиқотлар ўзбек халқига хос антропологик қиёфа Сирдарёнинг ўрта ҳавзаси, яъни Тошкент воҳаси, Фарғона водийси, Хоразм ҳамда Жанубий Қозоғистон ва Еттисув минтақасида милоддан аввалги I минг йилликнинг иккинчи ярмида шакллана бошлаганини кўрсатади. Мазкур аҳоли милоддан аввалги III–II асрларда Ўрта Осиёнинг марказий ва жанубий вилоятларига бир неча йўналишда кириб борган ва кенг ёйилган. Ушбу антропологик маълумотлар ёзма манбаларда қайд қилинган халқларнинг жанубга томон силжиши ҳамда шунинг оқибатида Юнон-Бақтрия давлати инқирозга юз тутиб, Катта Юечжи давлат уюшмаси, сўнгроқ эса Буюк Кушон салтанатига асос солиниши даврига тўғри келади. Ўрта Осиё–икки дарё оралиғи аҳолисининг этногенезида муҳим из қолдирган халқларнинг мазкур силжиши натижасида кўчманчи ва ярим кўчманчи туркий элатлар Сирдарёнинг қуйи оқимидан Марказий Қизилқум орқали Самарқанд атрофларига, сўнгра Қашқадарё воҳасининг қуйи қисми орқали Сурхондарё воҳасига бориб жойлашган. Кейинчалик уларнинг бир қисми Сурхондарё воҳаси орқали жанубий Тожикистон ҳудудларига ўтган. Мазкур элатларнинг иккинчи гуруҳи Бухоро воҳаси орқали Туркманистоннинг жанубий вилоятларига, бир қисми эса Шимолий Афғонистондаги ҳозириги Шибирғон шаҳри атрофларига қадар етиб борган. Мазкур этник жараёнлар натижасида Ўрта Осиёда ўзбек халқи ва текисликларда яшовчи тожикларга хос помир-фарғона антропологик қиёфалари кенг ёйилган. Ўрта Осиё халқлари тарихида, жумладан ўзбек халқининг шаклланишида Қанғ давлатининг аҳамияти ҳам катта бўлган. Миллоддан аввалги III асрда бу давлат Сирдарёнинг ўрта оқимида яшовчи бир қанча кўчманчи ва ярим кўчманчи элатларни ўз таркибига бирлаштирган. Мамлакатнинг иқтисодий қудрати ортиб, деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ҳамда маданият тараққий этган янги-янги шаҳар ва қишлоқлар ташкил топган. Туркий ва эроний тилларда сўзлашувчи халқлар мазкур давлат таркибида ўзаро яқинлашиб, иқтисодий ва маданий ҳамкорлик кучайган. Мазкур жараённи Фарғона ва Зарафшон воҳасида ҳам кузатиш мумкин. Шу билан бирга, Қанғ давлати ҳудудида туркий тилли аҳолининг нуфузи устунлик қилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Ўзбек халқи аждодлари шаклланишининг муҳим босқичларидан яна бири Эфталийлар давлати ва Ғарбий турк хоқонлиги даврига тўғри келади. Бу пайтга келиб туркий тилда сўзлашувчи элатларнинг бир-бирлари билан қўшилиши ва шаклланиши учун қулай шароит етилади. Гарчи, мазкур давлатлар ҳудудларида яшовчи халқлар туркий ва эроний тилларда сўзлашиб, улар аралаш этносларни ташкил қилган бўлса-да, иккала давлатда ҳам туркий тил устунлик қилган. Эфталийларнинг тили хусусида мутахассислар ўртасида турлича қарашлар мавжуд бўлишига қарамай, уларнинг туркий халқлар бўлганлиги ҳақиқатга яқин.
Эфталийлар ўз ҳукмдорларини «ябғу» деб аташган. Бундай атама фақат туркий халқларга хос бўлиб, форслар эса ўз ҳукмдорларини шоҳ ёки подишоҳ деб аташган. Бу даврда туркий халқларнинг монолит этник тил бирикмалари қарор топиб, улар Эфталийлар давлати ва Ғарбий Турк ҳоқонлигининг асосий таянчи бўлиб қолдилар. Араблар истилоси, гарчи, Ўрта Осиё халқларининг маданияти, эътиқоди ва тилига катта таъсир кўрсатган бўлса-да, уларнинг этногенез жараёнларига таъсири унча катта бўлмаган. Араб тили ва динини кенг ёйиш мақсадида Мовароуннаҳр ҳудудларига кўчириб келтирилган араблар маҳаллий аҳолидан ўзларини тортиб, алоҳида маҳалла ва гузарларда истиқомат қилишган. Кейинчалик улар аралашиб, ўлка халқлари таркибига сингиб кетишган. Арабхона номи билан аталувчи қишлоқ ва гузарларнинг ҳозирги кунда ҳам Республикамизнинг барча вилоят ва туманларида мавжудлиги фикримизнинг далилидир. Ислом динининг ўлкамизга ёйилиши натижасида араб тили кўпроқ илм-фан тилига айланди, аҳоли эса ўзининг аввалги сўзлашув тилида давом этган, яъни маҳаллий аҳолининг араблашув жараёни юз бермаган. Ўзбек халқи шаклланишидаги энг муҳим босқичлардан бири IX–XII асрлар ҳисобланади. Бу даврга келиб Ўрта Осиё, жумладан Мовароуннаҳр ҳудудларида ҳозирги ўзбек халқига хос қиёфа узил-кесил қарор топиб, маҳаллий аҳолининг асосий қисмини ташкил этади. Шу билан бирга, тожик халқининг шаклланиши ҳам шу даврга тўғри келади. Бир сўз билан айтганда, узоқ давом этган этник жараёнлар натижасида мазкур даврга келиб Мовароуннаҳр ҳудудларида қадимдан аралаш яшаб келаётган, маданияти, урф-одатлари ҳамда аждодлари ягона бўлган туркий ва эроний тилларда сўзлашувчи элатлардан икки мустақил – ўзбек ва тожик халқлари вужудга келди. IX асрга келиб сомонийлар сулоласи ҳукмронлиги ўрнатилгач, дарий тилининг аҳамияти ортиб, у сарой тилига айланди ва бу даврда дарий тилида бадиий, илмий адабиётларнинг кўплаб яратилиши бу тилнинг Ўрта Осиё минтақасида мавқеи ошиши ва кенг ёйилишини тезлаштирди.
Сомонийлар даврида сарой адабиётида дарий тилини қўллаш рағбатлантирилган. Шу билан бирга, сомонийлар даврида расмий давлат тили араб тили бўлганини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Давлатнинг барча расмий ҳужжатлари бу даврда араб тилида олиб борилган. Аммо, сомонийлар ҳукмронлиги даври дарий тилининг форс-тожик адабий тили сифатида шаклланишига катта туртки бериб, у сарой тили даражасига кўтарилган бўлса-да, сомонийларнинг қайси халққа мансублиги хусусида турлича қарашлар мавжуд. Жумладан, уларнинг сулоласи Баҳром Чўбинга (Баҳром Гўр) бориб тақалиши ҳамда унинг туркий қавмдан уйлангани, мазкур сулола вакилларининг эса шу никоҳдан тарқалганига асосланган мутахассислар сомонийларни туркий шажара сифатида эътироф этадилар. Ҳатто, Баҳром Чўбиннинг ўзи ҳам туркий элат вакили эканини эътироф этувчи қарашлар ҳам мавжуд. Кейинги манбалар ҳам буни тасдиқлайди. Жумладан, XV асрда яшаган Муиниддин Натанзий ўзининг «Мунтахаб ат-таворих» номли асарида сомонийларнинг кейинги авлодлари хусусида тўхталиб, уларнинг туркийлар эканлигини ёзади. Сомонийлар замонида давлат ишлари араб тилида юритилиб, дарий тилининг сарой тили сифатида равнақ топиши туркий тилнинг мавқеини тушириб, унинг ривожланишини тўхтатиб қўймади. Расмий ёзишмалар ва ҳужжатлар давлат тилида олиб борилиб, сарой адабиёти дарий тилида битилган бўлса-да, аҳолининг ўзаро мулоқот тили аввалгича қолган. Умуман, бу давр тили ҳақида сўз кетганда туркий ва дарий тилларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш тўғри эмас. Ривожланган ва ҳатто, сўнгги ўрта асрлар даврида ҳам Мовароуннаҳр аҳолиси иккала тилда бирдай мулоқот қила олган.
Х аср охирида Мовароуннаҳрни Қарлуқлар (Қора хонийлар) истило қила бошлайди. Қарлуқларнинг истилочилик ҳаракатлари Еттисув ва Шарқий Туркистоннинг унга қўшни бўлган вилоятларидан бошланади. Х асрнинг иккинчи ярмида бу ерларда ярим кўчманчи, ярим ўтроқ туркий қавмларнинг ҳарбий жиҳатдан кучли бўлган қудратли давлати вужудга келади. Еттисувдаги туркий қавмлар уюшмаси арғу, тухси, қорлиқ, чигил, яғмо сингари элатлардан ташкил топган эди. Шулардан арғу, тухси, қорлиқ ва чигиллар маданий жиҳатдан анча тараққий қилган бўлиб, улар фақат овчи, чорвадорлардан иборат бўлмасдан, балки зироатчилик билан ҳам шуғулланган. Мазкур даврнинг яна бир хусусияти шундаки, шу даврда бу ердаги сўғд мустамлакалари ва шаҳар аҳолисининг сўғдийлар ўрнашган қисмида туркийлашиш жараёни тезлашади. Туркийлашиш, энг аввало, туркий тил ва нутқнинг ғалаба қилишида ифодаланади. Буни ўша даврда яшаган тилшунос олим Маҳмуд Қошғарий ҳам эътироф этади. Шундай қилиб, X аср охири – XI аср бошларида Мовароуннаҳрда Қорахонийлар ҳукмронлигининг ўрнатилиши билан қарлуқ, ўғуз, чигил, яғмо ва бошқа туркий қабила ҳамда уруғларнинг Шош, Фарғона каби вилоятларда яшовчи туркий аҳоли билан ўтроқ ҳаётга кўчиш жараёни тезлашади. Ўтроқ деҳқон ва ҳунарманд аҳоли билан аралашиб, деҳқончилик ҳамда шаҳар маданиятининг бой тажрибаси ва анъаналари ўзлаштирилади. Туркий муштарак тил ва халқ оғзаки эпосига асосланган бадиий адабиёт юзага келади. Натижада туркий тилда сўзлашувчи аҳолининг Мовароуннаҳр асосий нуфусларидан бири сифатидаги мавқеи янада ортади. Шу даврга келиб, туркий адабий тилнинг шаклланиш жараёни ҳам ниҳоясига етади. Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Хожиб, Аҳмад Яссавийларнинг бебаҳо асарлари шу давр туркий адабий тилининг ёрқин намуналаридир. Ўзбек халқи шакллангандан кейин ҳам этногенез жараёнлари давом этган. Бу борадаги кейинги йирик босқич мўғиллар истилоси билан боғлиқ. Мўғил истилоси ва уларнинг секин-аста маҳаллий халқлар таркибига қўшилиб кетиши натижасида Чиғатой улуси аҳолисининг ташқи қиёфасида мўғил элементлари кучайган бўлса-да, мазкур ҳодиса ўзбек халқи антропологиясини бутунлай ўзгартира олмади, аҳоли мўғиллашиб кетмади. Аксинча, Мовароуннаҳрга кўчиб ўтган мўғилларнинг ўзлари қисқа муддатда турклашиб туб аҳолига аралашиб кетди. Бу бир қатор сабаблар билан боғлиқ бўлиб, улардан энг асосийси Ўрта Осиёга бостириб келган Чингизхон қўшинлари таркибида мўғиллар камчиликни ташкил қилиб, уларнинг кўпчилиги туркий элатлардан иборатлиги билан изоҳланади.
Ўзбек халқи этногенезида муҳим роль ўйнаган охирги босқич XV аср охири – XVI аср бошларида Шайбонийхон бошлиқ Дашти қипчоқ ўзбекларининг Мовароуннаҳрга бостириб кириши билан боғлиқ. Ана шу вақтдан бошлаб Ўрта Осиёда ўзбек хонларининг ҳукмронлик даври бошланади. Кўчманчи ўзбеклар деҳқончиликнинг юксак маданиятини эгаллаган Мовароуннаҳр аҳолисига аралашиб, уларнинг кўплари аста-секин ўтроқ ҳаётга ўтиб борган ва шу зайлда Ўрта Осиёнинг туркий аҳолисига янги бир муҳим қатлам бўлиб қўшилган. Кўчманчи ўзбеклар кейинчалик барча туркий аҳолига ўз номларини бердилар. Шу даврдан бошлаб Мовароуннаҳр аҳолисининг катта қисми ўзбеклар деб атала бошлади. Лекин уларнинг вакиллари Мовароуннаҳр ва Хуросонда илгариги асрларда ҳам яшаганлиги сир эмас. Хуллас, Дашти Қипчоқ ўзбекларининг Мовароуннаҳр туб аҳолисига қўшилиб кетиши аҳолининг этник қиёфасида дастлаб Олтой турклари, сўнгра Чингизхон бошлиқ мўғиллар аралашуви натижасида юзага келган мўғил ирқи белгиларининг маълум даражада кучайишига сабаб бўлди. Шу боисдан замонавий ўзбек халқи қиёфасида икки ҳолатни кузатиш мумкин. Жумладан, аҳолининг Дашти Қипчоқ ўзбекларининг таъсири кучлироқ бўлган қисмида мўғил ирқи белгилари устунлик қилади ҳамда улар «жўқчи» лаҳжасида сўзлашишади, аҳолининг азалдан шу ҳудудда яшаб келаётган қисми эса кўпроқ европа ирқига мойил бўлиб, улар «йўқчи» лаҳжасида сўзлашишади. Бир сўз билан айтганда, ўзбек халқи асосан икки этник қатламдан ташкил топган. Биринчи қатлам Турон-Туркистон ҳудудларида азалдан яшаб келган элатлар асосида шаклланган. Иккинчи қатлам эса Волга (Итил) дарёси бўйларидан тортиб, то Хоразмнинг шимоли, Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқимларигача бўлган ҳудудларда исти қомат қилувчи чорвадор қавмлар асосида шаклланган. Бу макон ўтмишда турли номлар, чунончи Дашти Қипчоқ, Олтин Ўрда, Ўзбек вилояти, Ўзбеклар мамлакати, Ўзбек улуси деган номлар билан аталган. Халқимизнинг бу қатламини шартли равишда шимолий қатлам деб аташ мақсадга мувофиқдир. Шундай қилиб, ўзбек халқи этник шаклланиши узоқ давом этган мураккаб жараёндир. Ўзбек халқининг асосини ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида бир неча минг йиллар давомида яшаб келган маҳаллий сўғдийлар, бохтарлар, хоразмийлар, саклар, массагетлар, қанғлилар ва довонликлар ташкил қилган.
Турли даврларда турли мақсадларда кириб келган қабила, элат ва уруғлар давр ўтиши билан маҳаллий аҳолига ўз таъсирини қисман ўтказган. Бу ўринда шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ўзбек халқи шаклланиш жараёнининг барча босқичларида маҳаллий аҳоли ташқаридан келган аҳолига нисбатан доимо устунлик қилган. Шунинг учун ташқаридан келиб қўшилган элатлар антропологик нуқтаи назардан маҳаллий аҳолининг этник қиёфаси ва ташқи кўринишини тубдан ўзгартира олмаган, қадимги халқларимизга хос антропологик хусусиятлар шу кунларга қадар сақланиб келмоқда. «Ўзбек» этнонимининг келиб чиқиши масаласида мутахассислар ўртасида ҳозирга қадар ягона фикр мавжуд эмас. Нима бўлганда ҳам, «Ўзбек» этнонимининг пайдо бўлган даври ўзбек халқи шаклланган даврга нисбатан анча ёш ҳисобланади. Шунга қадар халқимиз хоразмийлар, сўғдийлар, фарғоналиклар, бохтарлар, мовароуннаҳрликлар, чиғатоийлар деган турли умумий номлар ҳамда алоҳида уруғ-қабила номлари билан аталиб келган. Ўрта Осиёда яшовчи барча туркий элатларга нисбатан эса умумий «туркий» атамаси қўлланган. Минтақа халқлари ўзларининг замонавий номларига кейинчалик эга бўлган. Аммо бу бир пайтда юз бермаган. Ўзбек халқи асосини ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида бир неча минг йиллар давомида яшаб келган маҳаллий саклар, массагетлар, сўғдийлар, бохтарлар, хоразмийлар, қанғлилар, довонликлар, чочликлар ташкил этган. Турли тарихий даврларда четдан келиб қўшилган аҳоли туб аҳолига қисман таъсир ўтказган бўлса-да, унинг этник қиёфасини тубдан ўзгартира олмаган.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ