Биласизми?
Сен одамлар мени тушунмайди, деб тез-тез шикоят қилиб турасан. Бу борада ҳатто Гёте ва Нютон нолимаган... Фақат Исо пайғамбар ҳасрат қилган, бироқ у ўзи учун эмас, таълимоти учун арз қилган... Аммо сени жуда яхши тушуниб турибман... Бироқ, ўз-ўзингни тушиниб етмасанг, бу энди бошқаларнинг айби эмаслигини билишинг керак.
Сенинг барча яхши хислатларингни беш бармоғимдек биламан ва фазилатларингга чуқур эҳтиром билан қарайман. Менимча, сен меҳрибон, эгоист эмас, бағрикенг, охирги чақангни ҳам бошқалар билан бўлишишга тайёр турадиган самимий одамсан. Сени Яратган эгам бошқаларга бермаган истеъдод билан сийлаган. У сени миллионлаб одамлардан устун қўяди, чунки дунёда ҳар икки миллион одамга битта рассом тўғри келади. Аммо биргина айбинг бор. Бу – ҳаддан ташқари тарбиясизлигинг, беадаблигинг! Сенинг бор кулфатинг ана шунда!
Кечирасан-у, гап шундаки, ҳаётнинг ўз талаблари бор... Зиёлилар даврасида ўз ўрнингга эга бўлишинг учун етарли даражада тарбия топган бўлишинг зарур. Сен эса истеъдодинг туфайли шу муҳитга тушиб қолдинг, аммо ҳамон маданиятли давра билан бетайин кимсалар оралиғида аросатда юрибсан. Наслингда мешчанлик борлиги, ертўлаларда, хайр-эҳсонга кўз тикиб, хипчин билан саваланиб катта бўлганинг ўз сўзини айтмоқда. Бу нарсаларни енгиб, ғолиб келиш қийин, ўта мушкул, афсуски.
Биласанми, фикримча, тарбияли одамлар қуйидаги тартиб-қоидаларга амал қилмоғи керак:
1) Улар инсон шахсиятини ҳурмат қилишади, шу боис илтифотли, хушмуомала, ён берадиган бўлишади... Арзимас нарсалар учун ғазабланмайдилар. Улар ким биландир яшаб туриб, марҳамат кўрсатяпман, деган хаёлга бормайдилар. Кета туриб эса “Сиз билан яшашнинг иложи йўқ”, деган гапни айтишмайди. Улар ғала-ғовурни, совуқни, тагига олган таомни, овқатнинг аччиқ ёки шўрлигини, уйида бегоналар бўлишини кечиришади.
2) Улар фақат камбағаллар ва мушукларгагина раҳмдил бўлишмайди. Тарбияли киши оддий кўз билан кўришнинг иложи йўқ бошқа нарсаларга ҳам чин юракдан ҳамдард бўла олишади.
3) Улар бошқалар мулкини ҳурмат қилишади, шу боис қарзларини ўз вақтида тўлаб қўйишади.
4) Улар оқкўнгил ва ёлғондан худди оловдан қўрққандек қўрқишади. Энг майда нарсаларда ҳам ёлғончилик қилишмайди. Чунки ёлғон – тингловчини ҳақорат қилади, ёлғончини эса тингловчилар олдида расвосини чиқаради. Тарбияли кишилар кўп гапирмайди, улардан бирор нарса сўрмасанг, кўнгилларидаги бор гапни тўкиб солмайдилар. Бошқаларнинг қулоғининг ҳурматидан кўпинча сукут сақлайдилар.
5) Улар ўзгаларда ҳамдардлик уйғотиш ва ёрдам олиш мақсадида ўзларини камситмайдилар. Улар мени ҳеч ким тушунмайди, демайдилар!
6) Улар беҳуда нарсалар орқасидан чопиб, ҳовлиқмалик қилишмайди. Тарбияли одамларни сохта бриллиант каби машҳур одамлар билан танишиш, уларга суйкалиш ва бундан ғурурланиш мутлақо қизиқтирмайди!
7) Улар ўз истеъдодларини қадрлашади. Шунинг учун иқтидорлари учун дам олиш, аёллар, шароб сингари нарсалардан воз кечишади...
8) Улар ўзларида эстетик дидни тарбиялашади. Кана босган, деворлари ёрилган, полига тупуриб ташланган, ҳавоси бузуқ хонада кийимларини ечмасдан ухламайдилар...
Хат айрим қисқартиришлар билан олинди
Жалолиддин Сафоев таржимаси.
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ