Бир куни...
Элшунослик (этнология, этнография) – элат ва халқларнинг келиб чиқиши ва жойлашиши, ўзаро ўхшаш ва фарқли хусусиятлари, маданий-маиший ҳаёти, ижтимоий ва оилавий турмуш тарзи, маънавий дунёси каби муаммоларни ўрганувчи фан соҳаси. Шунингдек, этносларнинг ибтидоий даврлардан то шу кунгача ўзлиги, урф-одат, маросим, маънавият ва анъанавий турмуш тарзи, ҳозирги кундаги энг муҳим этнослараро муносабатлар, умуминсоний ва умумэтник жараёнлар, этник гуруҳ ва ирқларнинг ўзаро алоқалари, этник онг стереотипи ва этник психология каби масалаларни тадқиқ қилади. Кейинги вақтда этнология фани кўпроқ назарий муаммоларни, этнография эса амалий масалаларни ўрганишга ихтисослашмоқда. Этнография (юнонча еtnоs – халқ ва grafos – ёзаман) фанининг замонавий европача назарий асослари халқлар тўғрисидаги мустақил фан сифатида XIX аср ўрталарида шаклланган. «Этнос» сўзи илк бор қадимги юнон тилидаги манбаларда учрайди. «Этнография» атамаси фанга илк маротаба 1784 йилда А.Шаванн томонидан олиб кирилган. Француз олими Жан Жак Ампер томонидан 1830 йилда «антропологик» (ижтимоий) фанларнинг умумий таснифини ишлаб чиқишда халқлар ва уларнинг маданияти тўғрисидаги янги фаннинг номланиши тарзида махсус изоҳ сифатида қўлланган. Кейинчалик мазкур атама Европа давлатларига жуда тезлик билан ёйилган. Умуман, этнология мустақил фан сифатида бир қатор этнологлар жамиятлари (1839 йил Парижда Франция этнологлари жамияти, 1848 йил АҚШда Америка этнологлари жамияти)нинг тузилиши билан расман тасдиқланган. Кейинчалик элшуносликнинг назарий қисми ҳам ривожланиб бориб, унинг асосида этнология фани вужудга келган. Этнология ҳам «халқ тўғрисидаги фан» деган маънони билдиради. Фан соҳаси сифатида элшунослик (этнография, этнология) XIX асрнинг ўрталарида истеъмолга кирди. Расмий равишда мустақил фан сифатида 1839 йили «Париж этнология жамияти»га асос солинган даврдан бошлаб тан олинган.
Элшунослик дастлаб фактик билимларни тўплайди, кейин уларни таҳлил этиш орқали моҳиятини тушуниб олиб, назарий хулосалар чиқаради. Элшунослик ўз тадқиқотларини археология, антропология, маданиятшунослик, лингвистика, социология, санъатшунослик каби фан соҳалари билан боғлиқ ҳолда амалга оширади. Мазкур фанларнинг ўзаро алоқаси туфайли кейинги йилларда қўшалоқ илмий соҳалар: этник антропология, этномаданият, этнолингвистика, этносоциология, этнопсихология ва бошқалар юзага келди. XIX аср иккинчи ярмида Европадаги бошқа йирик давлатлар сингари Франция сиёсий доиралари томонидан мустамлакачилик сиёсатининг кучайиши ва мустамлакаларни бошқариш механизмининг мураккаблашуви, ўз-ўзидан қарам халқлар тўғрисида кенгроқ маълумотларга эга бўлиш, уларнинг миллий хусусиятлари, тарихи, турмуш тарзи, маданияти, маънавияти ва анъаналари ҳақида батафсилроқ маълумотга эга бўлишни талаб қила бошлаган. Шу боисдан ҳам элшунослик бу давлатда «этнография» деб юритилган. Францияда мазкур атама XIX аср охиригача илмий истеъмол доирасида бўлган. Этнография жаҳондаги барча халқларнинг, этник уюшманинг турли шакллари, уларнинг келиб чиқиши (этногенези), турмуш тарзи, урф-одатлари, моддий ва маънавий тараққиёт даражаси, уларнинг ўзаро тафовути, умумийлиги ёки ўхшашлигини, этносларнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганувчи махсус фан соҳаси ҳисобланади. Элшунослик ҳозирги этносларнинг келиб чиқиши ва шаклланиши, жойлашиши ва этник тузилиши, урф-одатлари, маънавий маданияти ва миллий хусусиятларини тарихий жараён билан боғлиқ тарзда ўрганади. Тарихий элшунослик йўқолиб кетган халқ ва элатлар, ўтмишдаги этник жараёнлар, маиший турмуш ва маънавий маданият хусусиятларини тадқиқ қилади. Элшунослик фани асосий эътиборни ҳозирги халқларга қаратгани ҳолда, ўтмишда мавжуд бўлган барча этник бирликларни илмий ўрганишга ҳам қаратади. Элшуносликнинг фан сифатидаги асосий объекти халқ ва халқларнинг ўзига хослиги ҳисобланади. Элшунослик фанида турли халқлар этногенези ва этник тарихи, анъанавий ва этник-маданий жараёнлар, моддий ва маънавий маданият муаммолари ҳамда этнослараро жараёнлар тадқиқ этилади. XX аср бошларида француз тадқиқотчилари этнографияга тарихий ва назарий материалларни жалб этган ҳолда изланишлар олиб боришлари натижасида элшунослик этнологияга айланган ва ҳозирда француз олимлари томонидан асосан этнологик тадқиқотлар олиб борилмоқда.
XX асрнинг сўнгги чорагидан бошлаб Германияда Макс Планк номидаги Этнология ва антропология илмий тадқоқот институти томонидан олиб борилаётган изланишлар алоҳида эътиборга сазовордир. Аввало, инглиззабон мамлакатларда халқлар тўғрисидаги фан антропологиянинг бир қисми сифатида ўрганилган. Америкада дастлабки элшунослар жамияти 1848 йилда тузилган бўлса-да, элшунослик мактаблари Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда амалда бирмунча кечроқ шаклланган. Негаки, қитъа аҳолисининг этник ранг-баранглиги ва узоқ йиллар мобайнида мазкур қитъада давом этган ирқчилик сиёсати натижасида жисмоний антропологиянинг ирқий ва маданий фарқларигина ўрганиб келинган. Ўз ўрнида шуни ҳам қайд этиш керакки, мазкур йўналишга машҳур олим Генри Льюс Морган томонидан асос солинган. Унинг ибтидоий жамиятда уруғчилик, оила-никоҳ муносабатлари типлари таснифи, инсоният тарихини даврлаштириш мавзуларидаги содда тадқиқотлари бир неча ўн йиллар мобайнида Америка элшунослари учун муҳим изланиш йўналишлари сифатида хизмат қилган. Россияда 1846 йил «Рус география жамияти»нинг тузилиши натижасида элшунослик йўналишидаги дастлабки тадқиқотларга асос солинган. Рус этнографияси мактабининг шаклланишида машҳур сайёҳ ва тадқиқотчи олим Миклухо Маклайнинг хизмати беқиёсдир. Ўрта Осиё халқлари, шу жумладан, ўзбек халқи элшунослиги ҳақидаги дастлабки маълумотлар археологик ёдгорликлар, илк ёзма манбалар ва турли қадимий тарихга оид материаллардан маълум. Қадимги даврларда ва Ўрта асрларда Амударё ва Сирдарё бўйларида яшаган халқлар ҳаётини ўрганишда зардуштийлик динининг муқаддас китоби – «Авесто», қадимги туркий битиклар ва сўғдий ёзувлар, Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғатит-турк», Абу Бакр Наршахийнинг «Бухоро тарихи», Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» ҳамда «Насабномаи ўзбек», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома», Ҳофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома», Абулғозий Баҳодирхоннинг «Шажараи турк», Муҳаммад Солиҳнинг «Шайбонийнома» каби асарлари катта аҳамиятга эга. 1870 йилда Самарқанд, Бухоро, Урганч бўйича уюштирилган илмий экспедиция (Н.Н.Каразин, Н.Е.Симанов)лар ўз даври учун муҳим маълумотларни тўплаш имконини берган. Ўрта Осиё Россия империяси томонидан босиб олингач, ўзбек халқи элшунослигини ўрганишга жиддий эътибор қаратила бошланган. Айниқса, 1895 йилда Тошкентда Археология ҳаваскорлари Туркистон тўгарагининг ташкил этилиши натижасида ўзбек халқи этнографиясига оид илмий материаллар йиғила бошланди. Шунингдек, Сатторхон Абдуғаффоров, Мирзо Барот, Мулла Қосимов, Муҳаммад Вафо, Г.Арандренко, Л.С.Берг, В.Л.Вяткин, М.Ф.Гаврилов, А.Д.Гребенкин, А.А.Диваев, И.И.Иброҳимов, А.В.Каулбарс, П.Е.Кузнецов, Д.Н.Логофет, Н.А.Маев, А.Е.Снесарев, М.С.Андреев, А.А.Семенов, А.Ф.Петровский, А.П.Шишов, В.Н.Наливкин, Н.П.Маллицкийларнинг тадқиқотларида ўзбек халқининг этник тарихи, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, геосиёсий жойлашуви, ўзаро ички ва ташқи алоқалари, анъанавий турмуш тарзи ва маданиятига доир кўплаб илмий материаллар тўпланган. 1881 йилда маҳаллий ҳокимият томонидан ўз даврининг машҳур элшунос олимларидан ташкил топган «Туркистон туб аҳолисининг маиший турмушини ўрганиш илмий комиссияси» фаолият юритган. Айнан шу комиссия иштирокида машҳур элшунос тадқиқотчи олим А.А.Диваев раҳбарлигида Сирдарё вилояти ва Ўрта Осиё халқлари этнографиясининг билимдонларидан бири М.С.Андреев бошчилигида Самарқанд вилоятида яшовчи эл-улуслар этнографияси ва бой фольклор – халқ оғзаки ижоди намуналарини ўрганиш бўйича этнофольклористик экспедициялар уюштирилган. 1930 йилларда йирик ўзбек фольклоршунослари Ғози Олим Юнусов ва Ҳоди Зариповлар ҳамда машҳур рус этнографи Л.П.Потапов томонидан ўзбек халқи маданияти, этнографияси ва фольклорини ўрганиш борасида уюштирилган махсус экспедициялар жараёнида ҳам маҳаллий аҳолининг ўзига хослиги юзасидан жуда бой материаллар тўпланган.
XX асрнинг 20–30-йилларига қадар элшунослик муаммолари билан кўпроқ русийзабон олимлар шуғулланган бўлса, 30-йиллар охирига келиб, М.А.Бикжанова, Ш.Иноғомов, Т.Мирғиёсов, М.Юсупов, Ҳ.Ҳусанбоев, Г.Алимов, А.Болтаев, М.Саиджонов каби маҳаллий мутахассис-этнографларнинг янги авлоди шаклланган. Бу даврда яратилган тадқиқотлар музейлар ва илмий марказларда бажарилган бўлиб, уларнинг асосий илмий натижалари асосан турли журналларда мақолалар тарзидагина эълон қилинган. 1943 йил Ўз ФА Тарих ва археология институти таркибида Этнография бўлимининг ташкил этилиши республикада этнографик илмий изланишларни янада жонлантириб юборди, деб ҳисоблаш мумкин. Бу даврда тадқиқотчилар томонидан асосан тарихий ва замонавий этнография ҳамда ўзбекларнинг этник муаммолари юзасидан илмий изланишлар олиб борилди. XX асрнинг 70-йилларидан бошлаб Ўзбекистоннинг айрим минтақалари аҳолисининг этник таркибидаги ўзгаришлар ҳақида ҳудудий маълумот берувчи этнографик хариталар тайёрланди (Ш.И.Иноғомов, К.Шониёзов, X.Тошев, Б.Аминов ва бошқа) Олий ўқув юртлари учун «Этнология» фанидан махсус дарслик (И.Жабборов «Ўзбек халқи этнографияси», Т., 1994), ўқув-услубий қўлланмалар (О.Бўриев, Б.Исҳоқов), «Этнология атамалари луғати» (О.Бўриев) чоп этилди. Юртимиз мустақилликка эришганидан кейин элшунослик фани ҳам янги босқичга кўтарилди. Айниқса, этногенез ва этник тарих муаммолари бўйича қатор тадқиқотлар яратилди. Бугунги кунда мамлакатимиз илмий муассасаларида элшунослик фанининг долзарб муаммолари кенг ўрганилмокда. 2000–2001 йилларда Термиз ва Қаршида этнологик тадқиқотлар маркази ташкил этилди. Мамлакатимиз этнологлари АҚШ, Англия, Франция, Германия, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Марказий Осиё республикалари этнологлари билан илмий-амалий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишган. Россия ФА Этнология ва антропология институти билан ҳам доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бундай илмий алоқалар юртимизда элшунослик (этнология, этнография) жаҳон илми билан ўзаро уйғун ривожланаётганлигидан далолат беради.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ