Бир куни...
Хулқ-атвор маданияти – инсон кундалик ҳаётидаги хулқ-атвор шаклларининг йиғиндиси. Унда шу хулқ-атворга хос маънавий-ахлоқий ва эстетик меъёрларнинг ифодаси акс этади. Яъни, хулқатвор маданияти шахсда шаклланган ижтимоий муҳим сифатлар, унинг жамиятдаги маънавият, ахлоқ ва эстетик маданият меъёрларига асосланган кундалик хатти-ҳаракатларининг йиғиндисидир. Агар маънавий-ахлоқий меъёрлар кишилар хатти-ҳаракатининг мазмунини белгилаб, уларни муайян вазиятларда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида огоҳлантирса, эстетик меъёрлар киши ўз хулқ-атворида ахлоқ талабларини қай кўринишда амалга ошириши, қандай қилиб бу меъёрлар унинг турмуш тарзи билан табиий равишда уйғунлашиб кетиши, шахснинг кундалик ҳаётий қоидаларига айланиб кетишини белгилайди. Масалан, кишиларга бўлган ҳурмат талаби кундалик ҳаётдаги хулқ-атворга қўлланса, у хушмуомалалик, назокатлилик, сергаклик, бошқалар вақтини беҳудага кетказмаслик кабиларда акс этади. Ўз зиммасидаги мажбуриятларга садоқат талаби хулқатвор маданияти нуқтаи назаридан берилган ваъдаларни амалга оширишдаги аниқлик, келишилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажариш, омонатни қайтариш кабилар орқали намоён бўлади. Ростгўйлик эса ўзининг намоён бўлиш шаклига кўра тўғрилик, софдиллик, адолатпарварлик, ҳаққа хиёнат қилмасликда ўз ифодасини топади. Киши хулқ-атвори этология, психология, социология каби фанлар томонидан ўрганилади. Ушбу ҳодисанинг табиатини аниқлаштиришда унинг бирламчи – «барча тирик жонзотларга хос, уларга атроф-муҳит билан ўзаро алоқага киришишида зарур бўлган, ҳаракат фаоллигини ишга солувчи ва йўналтирувчи ҳодиса» сифатидаги таърифидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
У табиий фаолият бўлиши билан бирга, моҳиятан ижтимоий эҳтиёжларга йўналтирилган, кишиларнинг биргаликда умр кечириш меъёрлари ва қоидалари доирасида, табиий ва ижтимоий муҳит омилларининг ўзаро ҳаракати натижасида рўй берадиган ҳодисадир. Хулқ-атвор маданиятига инсон маданияти ички ва ташқи соҳаларининг барчаси киради: этикет, саломлашиш, кишилар билан мулоқот қилиш ва жамоатчилик жойларида ўзини тутиш қоидалари, шахсий эҳтиёж ва манфаатлар характерини ўз ичига олган турмуш маданияти, ишлаш маданияти ва ишдан ташқари ўзаро муносабатлар, бўш ва шахсий вақтни ташкил қилиш маданияти (яъни ундан оқилона ва унумли фойдаланиш, вақтни зое кетказмаслик), нутқ маданияти (фикрини аниқ-равшан ва чиройли ифодалаш), гигиена ва умуман, истеъмол нарсаларини танлашда ўзига хос эстетик дидга эга бўлиш (кийиниш маданияти, дастурхон тузатиш, уй-жой ясатиш ва бошқа), инсонга хос мимика ва пантомимиканинг эстетик хусусиятлари, тана ҳаракатлари ва ҳоказо. Маълум маънода, хулқатвор маданиятига меҳнат маданияти, иш вақти ва жойини тўғри ташкил қилиш қобилияти, имкон қадар фойдали натижаларга эришиш ва самарали қарорлар қабул қилиш, мақсадга мувофиқ усул ва хатти-ҳаракатларни излаш ҳамда қўллашни ҳам киритиш мумкин. Умуман, хулқатвор маданияти ички дунё ва ташқи қиёфадаги барча маънавий-ахлоқий ҳамда эстетик хусусиятларнинг органик бирлиги сифатида талқин қилинади. Баъзан бу хусусиятларга эга бўлиш кишининг жамиятдаги ўрни, мавқеини оширадиган восита сифатида қўлланишига гувоҳ бўламиз. Инсоннинг ички ва ташқи дунёси бир-бирига уйғун бўлсагина, унинг хулқ-атворидаги маданият яққол намоён бўлади. Лекин ташқи қиёфаси ички дунёсига тўғри келмайдиган инсонларни ҳам учратиш мумкин. Бундайларда хушмуомалалик ва умуман, жамиятда муайян этикетга риоя қилиш худбинлик тамойилларига асосланган бўлиб, кўпинча унинг замирида кишиларга нисбатан бепарволик, лоқайдлик, бегоналик, ҳатто эҳтиёткорлик (гумонсираш) ва ғазаб муносабатлари яширинган бўлади. Хулқ-атвор маданиятининг бундай расмий тарзда намоён бўлиши инсоннинг асл қиёфасини очиб беролмайди. У бир вақтнинг ўзида инсоннинг ҳам маънавий, ҳам ахлоқий, ҳам эстетик қиёфасини акс эттириши, киши башариятнинг маданий ютуқларини ўзида қанчалик тўғри ва чуқур ўзлаштиргани, шу билан бирга, ўзининг ютуғи нималардан иборат эканини кўрсатади. Шу маънода, Хулқ-атвор маданияти жамият маданиятининг ажралмас қисмидир. Ҳозирги кунда жамиятда тарбияли, хушхулқ, тил ва дил бирлигига эришган, ички ва ташқи олами бирдай гўзал инсонларни кўплаб учратиш мумкин. Аммо кишилар, айниқса, ёшлар орасида тинимсиз ўқиш, изланиш ва жамиятга наф келтириш каби буюк мақсадларни қўйиш ва уларга эришиш, ички дунёсини бойитиш, хулқатвор маданиятини юксалтиришга интилишдан кўра эътиборини кўпроқ кийиниш, ўзига оро бериш, ташқи қиёфасига қаратаётганлар ҳам йўқ эмас. Машҳур рус адиби А.Чехов ҳақли равишда таъкидлаганидек: «Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши лозим: юзи ҳам, кийими ҳам, қалби ва ҳатто, фикри ҳам... Мен гўзал юзли, чиройли кийимли кишиларни жуда кўп кўраман, бундай гўзалликдан бошинг айланади, бироқ қалби ва хаёллари... Эй, Худо! Баъзан чиройликкина қобиққа шунчалик қора кўнгил жойлашиб оладики, уни ҳеч бир сиёҳ билан ўчиролмайсан».
Шундай қилиб, хулқ-атвор маданияти меъёрларда, қоидаларда, тамойил ва идеалларда мустаҳкамланган жамият ахлоқий талабларини ифодалайди. Улар шахсий тажриба билан уйғунлашиб, қуйидагиларда намоён бўлади: шахснинг ташқи кўриниши; бошқалар олдида ўзини қандай тута билиши; қайси йўлни танлаши; ўз ҳаёт тарзи ва кишилар билан мулоқотини қай йўсинда ташкил қилиши ва ривожлантириши. Болага ёшлик чоғлариданоқ Ватани, эли, яқинларига меҳр-муҳаббатли ва яхши муносабатда бўлишни сингдириш, унга шахсий намуна бўлиш ҳар бир ота-онанинг биринчи галдаги вазифаси. Кейинги қадам ўз-ўзини тарбиялашдир. Бу – ўз характерини шакллантириш, ўзида чинакам инсоний сифатларни онгли равишда ривожлантириш йўлидир. Бугунги кунда ўқиш, ўрганиш ва ўз-ўзини тарбиялаш учун талай восита ва имкониятлар мавжуд: мактаблар, махсус курслар, ўқув юртлари, кутубхоналар, театр-кино, ТВ ва бошқалар. Улардан нафақат ташқи қиёфа ва эстетик дидни шакллантиришда, балки ички дунёни бойитиш, маънавиятни юксалтириш, гўзалликни қалбдан ҳис этиш, қабул қилиш ва ўрнида ишлата билиш йўлида ҳам фойдаланиш лозим. Бунинг учун инсон тинимсиз ўқиб-ўрганиши, изланиши зарур. Инсон маданиятининг бир қаноти эстетик дид бўлса, иккинчи қаноти унинг ахлоқи, хулқидир. Юсуф Хос Ҳожиб айтганидек: «Киши чиройига ички дунёси эшдир, Юз кўрки билан унинг феъл-атвори тенгдир». Зеро, инсонни гўзал қилиб кўрсатадиган унинг чиройи эмас, балки чиройли хулқидир. Хушхулқлик хунук кишини ҳам чиройли қилиб кўрсатади. Чиройли хулқ чиройли кишиларда мавжуд бўлса, нур устига аъло нурдир. Хулқ-атвор қоидаларига риоя этиш, уни ўз ички дунёсига сингдириш, хулқатвор маданиятининг энг юксак чўққиларига кўтарилиш кишидан ўз устида ҳар куни ишлашни талаб қилади. Бу унинг келажакда ҳар жиҳатдан камол топиши учун асос бўлиб хизмат қилади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ