Халқ. Халқ манфаатлари


Сақлаш
15:11 / 22.11.2023 0 371

Халқ (арабча яратилган жонзот, одамлар) – кенг маънода, муайян мамлакатнинг барча аҳолиси, тор маънода, тарихий-этноижтимоий бирликларнинг турли шакллари, чунончи, миллат, элат, этник бирлик, уруғ ва ҳоказони ифода этувчи тушунча. Шу маънода, Ўзбекистон халқи деганда миллати, дини, тилидан қатъи назар, мамлакатнинг барча фуқаролари ҳамда шу юртда доимий равишда истиқомат қилаётган аҳоли тушунилади. Илмий адабиётда халқ атамасини баъзан «этнос» тушунчасига синоним сифатида қўллаш ҳоллари ҳам учрайди. Юнонча «этнос» тушунчаси луғавий маънода халқ, қабила, кишилар гуруҳини англатади. Юнон тилидаги «демос» ибораси ҳам халқ тушунчасини англатади. Лекин бу ибора кишилар гуруҳининг муайян ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол қатнашувчи қисмини англатса, «этнос» тушунчаси муайян жой, яъни ҳудудда яшаб, этногенетик ва тилнинг умумийлиги, моддий ва маънавий маданиятнинг муштараклигига асосланувчи халқнинг локал гуруҳини англатади.

 

Ҳозирги пайтда этнос атамаси фақат илмий доира ва илмий адабиётлардагина қўлланса, «Халқ» атамаси эса илмий истефода билан бирга кундалик ҳаётнинг ижтимоий-сиёсий, маданий, иқтисодий ва маънавий жабҳаларида фаол қўлланади. Шу жиҳатдан этнос ва халқ тушунчалари маълум маънода бир-бирига яқин бўлса-да, аммо мазмун-моҳияти жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Тор маънода ушбу атама эл, элат, миллат, аҳоли, халойиқ, оломон, муайян гуруҳ вакилларини англатади. Халқ сўзи муайян локал ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолига нисбатан ҳам қўлланилади. Масалан, қишлоқ халқи, шаҳар халқи ва ҳоказо. Касб, муайян машғулот ёки маълум табақага мансуб бўлган кишиларга нисбатан ўқитувчи халқи, савдогар халқи, деҳқон халқи каби сўзлар ишлатилиши учрайди. Замонавий халқаро ҳуқуқда ҳам халқ атамаси кенг қўлланади. Халқ биринчи марта халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида 1945 йили БМТ Уставида «Халқларнинг тенглиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаш» тамойилининг мустаҳкамланиши натижасида тан олинган. Ҳозирги вақтда халқаро ҳуқуқда халқлар ҳуқуқи турли конвенция ва декларацияларда ўз аксини топган. Шу билан бирга, халқаро ҳамжам-т томонидан умумий тан олинган ягона «Халқ» тушунчаси ҳозирга қадар ишлаб чиқилмаган, фақат халқаро ҳуқуқда эмас, балки этнографик адабиётда ҳам «Халқ» тушунчасига оид баҳс-мунозаралар XIX асрдан буён давом этиб келмоқда.

 

Халқ сўзига берилган кўпгина тавсифлардан келиб чиқиб (халқаро ҳуқуқ доктринасида 100дан ортиқ тавсифлар мавжуд) шундай таърифлаш мумкин: Халқ маълум бир давлат фуқароларининг умумий бирлигини англатиши билан бир қаторда, муайян ҳудудда тарихан таркиб топган, бошқа гуруҳлардан ўз тили, руҳий-психологик ҳолати ва маданияти, шунингдек, умумий онги ва номланиши билан фарқ қилувчи сиёсий ёки этноижтимоий бирлик йиғиндисидир. Халқ атамаси гоҳида миллат тушунчасига синоним сифатида ҳам ишлатилади. Ўзбек халқининг тарихий шаклланиш жараёни этнотарихий макон билан чамбарчас боғланган бўлиб, ушбу заминда халқ сифатида ривожланиб келаётган этник бирликдир. Дарҳақиқат, тарихий илдизлари мустаҳкам бўлмаган халқ этносиёсий майдонда йирик, қудратли бир давлатчиликни шакллантириб, келажак авлодларга миллий давлатчилик негизларини, осмонўпар маданий ёдгорликларни мерос сифатида қолдира олмас эди. Шу жиҳатдан ҳам ўзбек халқининг шаклланиш жараёни ва ривожланиш босқичлари ушбу замин билан мустаҳкам боғликликда бўлиб, қадимийдир.

 

Халқ манфаатлари – жамият фаолияти ва ҳукмини белгилайдиган асосий омил сифатида халқнинг мақсадларини ифодаловчи тушунча. Халқ манфаатлари, аввало, унинг жамият ижтимоий ҳаётидаги, ишлаб чиқаришдаги ўрни ва мавқеи билан белгиланади. Халқ манфаатлари моддий ва маънавий манфаатларга бўлинади. Уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Зеро, маънавий манфаатлар моддий манфаатларни, унинг хусусиятларини белгилаб берувчи муҳим омил ҳисобланади. Биз айрим мамлакатлардан моддий жиҳатдан орқада бўлсакда, аммо юксак ва бой тарихий мерос ва қадриятларимиз орқали маънавий жиҳатдан юқори эканлигимизни эътироф этишимиз лозим. Халқ манфаати билан яқин ва турдош тушунча халқ эҳтиёжидир. Эҳтиёжсиз манфаат бўлиши мумкин эмас. Улар ўртасида кўп ўхшашлик ва умумийлик билан бир қаторда тафовутлар ҳам мавжуд. Эҳтиёжлар бевосита объектга йўналтирилган бўлса, манфаатлар шу эҳтиёжни қондириш воситасидир. Жумладан, маънавият ҳам, эҳтиёж ҳам манфаат сифатида халқ манфаатлариининг ажралмас қисмидир. Шунингдек, маънавияти манфаатига уйғун бўлган жамият ривожланувчан жамият ҳисобланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 28
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//