Фаҳм-фаросат


Сақлаш
17:11 / 13.11.2023 0 498

Фаҳм-фаросат – оддий турмуш ҳодисаларида ҳам, мураккаб ҳаётий муносабатларда ҳам муайян ҳолатни, вазиятни идрок ёрдамида тез англай билиш. Фаҳм-фаросат сўзлари халқ орасида одатда қўшма сўзлар шаклида қўлланади. Лекин аслида илмда фаҳм фаросатдан фарқланади. Фаҳм – ақл, идрок билан боғлиқ ҳодиса. Уни Ибн Сино инсоний ақлнинг интуитив кўриниши, мураккаб нарса-ҳодисаларни зудлик билан илғаб олиш учун ато этилган қобилият деб таърифлайди. Фаросат эса инсонга кўпроқ оддий кундалик турмушдаги воқеликни идрок этишда кўмаклашадиган қобилият бўлиб, у одоб билан боғлиқ ахлоқий ҳодиса. Масалан, осмонни қора булут тўла қоплаб олганини кўриб, йўлга ёмғирпўшсиз ва соябонсиз чиққан одамни бефаҳм ёки фаҳмсиз, чанг, лой пойафзалини ечмай, гиламни босиб, ичкарига кирган одамни фаросатсиз ёки бефаросат деймиз. Кўп ҳолларда фаҳмсиз одам айни пайтда фаросатсиз ҳам бўлади. Бу икки маънавият тушунчаси кўпинча ёнма-ён қўлланиши ҳам мумкин. Фаҳм-фаросат – ботиний сезги, ҳис, қалб кўзи билан кўриш. Тасаввуфда басират кўзи билан айбни кўриш, пинҳоний кашф айлаш, бошқача айтганда, руҳнинг илоҳий қувват билан англаб тафаккур этиши туфайли ғайбий маъноларни билишдирки, бунга фаросати ақлия, кашфия ва илоҳия дейилган. Бу фаросатда хато ёки янглишлик бўлмайди.

 

Фаросат соҳибларининг мартабалари тўрт асосий рукнга ажратилади:

1. Имон – авом савиясидаги мўминларнинг ҳоли. Бу мартаба дарахтларнинг баргига ўхшаш.

2. Валоят – хос мўминларнинг ҳоли. Бу эҳсон мартабаси ҳам дейилади, дарахтларнинг меваси кабидир.

3. Нубувват – ахвас ул-хос. Бу меванинг айнан ўзи.

4. Рисолат – хулосаи ахвас, яъни ўзининг ўзидир. Фаросатнинг биринчи ва иккинчи мартабаси касбий бўлиб, жаҳд ва ғайрат билан қўлга киритилади.

 

Кейинги иккитаси ваҳбий, яъни Аллоҳнинг лутфидир. Шунингдек, фаросат ва фаросатсизлик инсонлар ақлий қобилиятларини ўзаро солиштириш учун ҳам қўлланилади. Ҳар бир масалада тўғри мухокама юритиш орқали хулоса чиқариш ва мустақил шаклланган мантиқий фикрлаш жараёнига эга бўлиш фаросатдир. Воқеа-ҳодисаларнинг илдизлари ва сабабларини англаш, умумлаштириш ва тўғри хулосаларга кела олиш қобилияти эса ақлдир. Фаросатсизлик эса юқоридаги қобилиятларга эга бўлмас лик, моҳиятни англамаслик ва кузатувчида салбий хулоса уйғотувчи кўплаб ҳолатлар мажмуасидир. Мантиқий фикрлаш қобилияти суст ёки паст бўлган суҳбатдошни кўпинча фаросатсизликда айблашади. Интеллектуал машғулотлар (турли интеллектуал ўйинлар, савол-жавоблар) орқали ақлий қобилиятни ривожлантириш, фаросатсизликни бартараф этиш мумкин. Фаросатсиз инсон билан ўтган дақиқалар зерикарли туюлади. Фаросатсизлик остида ирсий омил ётса, уни даволаш анча мушкуллашади. Руҳшунос олимлар тадқиқотлари фаросатсизликни келтириб чиқарувчи сабаблар кўлами жуда кенглигини тасдиқлаган. Фаросатли одам тарбия кўрган одамдир. Бундай одамда, аксинча, мулоҳазакорлик, босиқлик хислатлари жам бўлади. Фаросат шу каби инсон табиатининг нозиклиги, хушмуомалалиги билан ажралиб туради. Фаҳм-фаросатли одам қўполлик қилмайди, ҳуда-беҳудага орага суқилмайди. Суҳбат пайтида кимга нима дейиш кераклигини обдон ўйлаб кўради. Масалан, икки киши суҳбатлашганда, тўсатдан қўшилиб, гап қистириш, ўзига алоқаси бўлмаган ишларга аралашиш ёки суҳбат чоғида ноўрин ва номақбул қилиқлар қилиш, нохуш сўз айтиш бефаросатликдир. Шу боис Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий «Гулистон» асарининг охирги бобини «Суҳбат одобида» деб номлаб, ибратли фикрларни баён этган. Чунончи: «Қаерда қандай гап гапиришни ўрган, айтар гапни ўз пайтида айт, айтиб бўлмас гапдан қайт». Ҳусайн Воиз Кошифий эса «Ахлоқи Муҳсиний» номли асарида фаросатни подшоларнинг хислати сифатида таъриф этган. Яъни ёлғонни ростдан ажратиш, ёмонни яхшидан фарқлаш, ҳодисалар моҳиятини, одамларнинг ниятини тез идрок этиш, зеҳни ўткирлик маъносида тушунтиради. Олмон мумтоз файласуфи Гегелга кўра «Фаҳм-фаросат бир бутун яхлит объектларнинг бўлакларга бўлинишидир». Бутунни бўлакларга бўлиш жараёнида Фаҳм-фаросатнинг қуввати, бутунни бўлакларга ажрата олиш қобилияти, ўша бўлакларнинг бирининг ик кинчиси билан боғлиқлиги, алоқадорлиги яққол намоён бўлади. Фаҳм-фаросатнинг ақлдан фарқи шундаки, у энг аввало умумийликни ўзида мужассамлаштиради, сўнгра ўзига хос фарқни ифодалайди». Гегель қарашларининг мазмун-моҳияти Кьервегор фикрича, «умумий моҳиятга қаратилган, бунда ўзига хос мавжудлик, индивидуаллик тан олинмаган эди».

 

Фаҳм-фаросат ва ақл (интеллект)ни ўзаро алоқадорлиги хусусида олмон файласуфи И.Г.Фихте фикр юритиб, фаҳм-фаросатининг индивидуал хусусиятга эга экани ҳақидаги ғояни танқид қилади. У ақл (интеллект) инсон инсонийлигининг энг олий нуқтаси, ундаги ижтимоийликнинг асоси эканини таъкидлайди. Фаҳм-фаросат мантиқий жиҳатдан тафаккурнинг дастлабки босқичи ёки ўзига хос усули бўлиб, бунда у кўпинча предмет ёки ҳодиса тўғрисида тўғри муҳокама юритиш, хулоса чиқариш, фикрлар изчиллигини таъминлаш каби вазифани бажаради. Фаҳм-фаросат ва ақл (интеллект)ни ажратиб талқин қилиш Суқротдан бошлаб, Афлотун, Арасту ва кейинчалик Кант, Гегель фалсафасида ҳам алоҳида аҳамият касб этган. Кант фикрича, фаҳм-фаросат ҳиссий аъзолар орқали олинган ахборотларни маълум бир шаклга солади ва бу жараёнда у предметҳодисани кўпроқ ташқи хусятларини ўзида акс эттиради, холос. Ақл эса айнан шу ахборотларни анализ ва синтез қилиш натижасида «нарса ўзида»ни билишга интилади. Лекин охир-оқибатда у ҳал қилиб бўлмайдиган зиддиятлар гирдобига тушиб қолади. Фаҳм-фаросат тафаккур учун етарли эмас, шунинг учун ҳам ундаги мавҳумликни бартараф этган ҳолда аниқ мулоҳазалар орқали уни янада ривожлантириш лозим. Шу маънода Гегель «Фаҳм-фаросатли тафаккур етарли эмас, у юқори, оқилона билиш шаклларига кўтарилишга имкон берадиган зарур босқичдир, холос», деган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//