Умуминсоний маънавият


Сақлаш
15:11 / 08.11.2023 0 367

Умуминсоний маънавият – ҳар бир инсон, жамият ва барча тоифадаги кишилар учун энг олий қадрият сифатида эъзозланадиган ва умумбашарий аҳамиятга эга бўлган маънавий ҳодисалар, маданий бойликлар, адабиёт, фан, санъат ютуқлари, дин, сиёсат, ҳуқуқ соҳасидаги натижаларни англатувчи тушунча.

 

Умуминсоний маънавиятнинг мазмун­-моҳияти. Мутахассислар бу тушунчага хос бўлган кундалик тасаввур билан унинг маънавий мазмун-моҳияти ўртасидаги фарққа эътибор бериш лозим, деб ҳисоблайдилар. Кундалик ҳаётда кишилар умумбашарий аҳамиятга молик маънавий бойликлар, кашфиётлар, қадриятлар, дин, фан, адабиёт, маданият билан боғлиқ хусусиятлар, жиҳатлар, жараёнларнинг ўзини умуминсоний маънавият сифатида тушунади. Маънавий мазмун касб этадиган нарса ва ҳодисаларга нисбатан ишлатиладиган умуминсоний маънавият ҳар қандай халқ, жамият ва давлат ҳаёт тарзининг асосий мезони бўлиб ҳисобланади. «Умуминсоний маънавият» тушунчасида маънавиятни тирик табиатнинг бир қисми бўлган одам зотининг ҳаёти ва камолоти ҳамда тарихий, сиёсий ва бошқа бирликлар (ижтимоий субъектлар) учун аҳамияти ҳам ўз аксини топади. Умуминсоний маънавиятнинг намоён бўлиш шакллари орасида ўз аҳамиятини, ижобийлик ҳамда фойдалилик хусусиятларини доимо сақлаб қоладиганлари ҳам бор, уларга инсон вужудининг тириклиги, унинг ижтимоийлиги, инсон умри ва ҳаёти, сиҳат-саломатлиги, ижтимоий фаолияти ва муносабатлари, меҳнати, билими, муомаласи ва шу каби киради. Улар инсон ва жамият бор экан, ўзининг ижтимоий аҳамиятини сақлаб қолади, уларнинг қарама-қаршиси бўлган ўлим, касаллик, маъносиз ҳаёт кечириш, билимсизлик ва бошқа ҳам тарихий жараёнларнинг доимий ҳамроҳидир. Умуминсоний маънавиятнинг энг олий шакллари маънавий идеал сифатида қаралади. Жамият тарихининг ҳамма даврларида одамлар ана шу идеалларга интилиб, уларга эришишни орзу қилиб яшайди. Кундалик ҳаётда ва илмий адабиётда энг олий идеаллар бир қатор ибора ва тушунчалар орқали ифодаланади: маънавий ва ахлоқий покликнинг умумий белгиси – яхшилик; нафосат белгиси – гўзаллик; билимларимиз ва фан ютуқларининг амалиётга мослиги – ҳақиқат; инсон ҳуқуқларининг олий ифодаси – эркинлик ва тенглик; сиёсатнинг тўғрилиги – адолат, одамлар ўртасидаги ижобий муносабатлар – дўстлик; энг хокисор ва беғараз туйғулар асосидаги қалбларнинг муштараклиги – муҳаббат, орзу-умидларга эришиш – бахт-саодат, ўз юртини севиш ва ардоқлаш – ватанпарварлик ва ҳоказо. Воқеликда ушбу идеаллар билан бирга, уларнинг зидди – ёвузлик, ёмонлик, хунуклик, ёлғон, эрксизлик, тенгсизлик, адолатсизлик, душманлик, нафрат, хиёнат кабилар ҳам муайян тарзда намоён бўлади. Тарихий тараққиёт жараёнида умуминсоний маънавиятни барқарорлаштириш йўллари ва усулларининг бу борадаги мақсадлар билан уйғунлаштирилиши ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни амалга ошириш даврида ниҳоятда катта аҳамият касб этади.

 

Бу ўринда уч асосий жиҳатга эътибор бериш лозим:

1. Кишиларнинг умуминсоний маънавият ва уларга эришиш йўллари ҳақидаги қарашларида ўтмиш авлодлардан мерос қолган орзу-умидлар, тасаввурларнинг ҳам аҳамияти беқиёсдир. Зеро, ҳар бир авлод умуминсоний маънавиятни барқарорлаштириш ва олий мақсадларга эришиш борасида ўтмиш авлодларнинг тасаввур ва хулосаларини мерос қилиб олади, ўз фаолияти, замонасидаги ўзгариш ва жараёнларга ҳам ана шу нуқтаи назардан ёндашади.

2. Ҳар бир авлоднинг ўтмишдошларидан мерос бўлиб келган умуминсоний маънавият тўғрисидаги тасаввур ва орзу-умидларидан ташқари, ўзи тўплаган тажриба, ана шу тажриба асосида вужудга келган қарашлар ҳам бор. Демак, ҳар қандай даврда маънавий идеалга эришиш йўлида ҳаракатлар бошланганда, уларни амалга оширишнинг режа ва дастурлари тузилаётганда, кишиларнинг руҳий-маънавий тайёргарлиги, бу борадаги мақсад, қизиқиш, эҳтиёж ва талабларини ҳисобга олиш зарур.

3. Умуминсоний маънавият тўғрисидаги тасаввурлар, эҳтиёжлар ва интилишлар асосида вужудга келган турли режа ва дастурларда кўпроқ бу борадаги фаолиятнинг назарий, умумий жиҳатларига эътибор берилади. Бу ҳол, айниқса, жамият тараққиётида туб бурилиш ва чуқур ўзгаришлар юз бераётган даврда яққол намоён бўлади. Аммо бу борадаги режалардан амалиётга ўтилганида, тажрибада мақсадларга эришиш учун бевосита ҳаракат бошланганида кутилмаган ҳолатлар юзага чиқа бошлайди. Булар эса, ўз навбатида, бош мақсадга эришиш (стратегия) борасидаги кундалик фаолиятда турли хил йўллар, усуллардан (тактика) фойдаланишни талаб қилади.

 

Умуминсоний маънавиятнинг баъзи шакллари билан боғлиқ яна бир масала бор: уларнинг ҳаётда қарор топиши муайян тўсиқ ва қийинчиликлар орқали кечади. Натижада, идеал мутлақ, тўла-тўкис амалга ошмайди, унинг баъзи бир жиҳатлари ҳаётга татбиқ этилади, бошқалари эса келажак авлодларга мерос бўлиб қолади. Одамзод эса идеалсиз, унга интилмасдан, келажакка умид кўзларини тикмасдан яшай олмайди. Аммо инсон ҳаётда фақат идеаллар, уларга эришиш тўғрисидаги орзулар билан қаноатланиб қолмайди. У ўз идеалларига эришиш, уларни барқарор қилиш йўлида бошқа эҳтиёж, талаб ва қизиқишларини қондириши, ўзга кишилар билан муносабатда бўлиши, жамият талабларини бажариши, ўз бурчини адо этиши ва бошқа соҳаларда фаолият юритиши лозим. Шу маънода, кишилар доимо идеалга интилиб, реал ҳаётдаги вазифаларни бажариб, орзу-умидлар билан реал воқелик орасида умр ўтказадилар.

 

Идеалларга интилиш орзуси билан реал ҳаётда яшаш зарурати ўртасидаги муайян зиддият одамзодни яшашга ундайдиган, умрининг энг қийин, мураккаб даврларида ҳам умид учқунлари сақланиб қолиши учун асос бўладиган умргузаронликнинг асосий тамал тоши, инсон ҳаётининг мазмуни, маъноси ва қадрини белгилайдиган объектив жараёндир. Умуминсоний маънавият (айниқса, унинг идеал шакллари) омилкор фаолиятга чорловчи оптимистик ғоялар, шиорлар ролини ўйнаши ҳам мумкин. Бундай ҳолда улар кишини амалий ишлар қилишга ундайдиган, унинг фаолиятига маъно ва мазмун бағишлайдиган, мақсадини аниқлаш имконини берадиган, бирор жараёнга, жамиятда амалга оширилаётган вазифаларга нисбатан шахс ёки ижтимоий субъектларнинг қандай муносабатда бўлаётганини ойдинлаштириш имконини берадиган маънавий мезонга айланади. Инсоннинг яшаш жойи, ўтмиш авлодларининг хоки яширинган замин, ўзи туғилган юрти билан боғлиқ умуминсониятга хос бокира туйғулари бор. Бу туйғулар туғилган уйдан, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, кўчасидан тарбиялана бошлайди, киши мансуб бўлган тарихий бирлик, унинг ўтмиши билан боғланган ижтимоий ҳудудга нисбатан муносабатда намоён бўлади. Ҳар бир киши Ер сайёрасининг фарзанди эканини, ўзи учун суюкли ҳудуд, сайёранинг таркибий қисми бўлган Ватанини англаганида, ундаги бу туйғу уни умуминсонийлик талабига мос келадиган инсон даражасига кўтаради.

 

Сайёрамиз кишиларига хос умуминсоний маънавиятнинг шаклланиши ва такомиллашуви учун Ер юзида тирикликнинг вужудга келиши, ривожланиши, одам зотининг онгли фаолияти, меҳнати, маданий ва маънавий камолотга эришиш босқичлари, табиат ва жамиятда амалга оширган ишлари билан боғлиқ жараёнларни ифодалайдиган тарих ҳам ўз аҳамиятига эга. Тарих – одам зотининг вужудга келган илк давридан бизнинг кунларимизгача яратилган моддий ва маънавий бойликларини, инсоният ҳаётида рўй берган ўзгаришларни ҳозирги авлод ва келажакка етказиб беришга хизмат қилади. У авлодлар руҳи олдидаги қарздорлик туйғусини қўзғаган, ўтмиш воқеаларини ўрганиш зарурати туғилган ва келажак режаларини тузиш жараёнида ривожланишнинг аниқ йўл ва усуллари танлаб олинаётган даврларда юксак маънавият мезонига айланади. Бугунги кунда мамлакатимизда тарихий хотирани тиклаш, мустақилликни мустаҳкамлаш, аҳоли қалби ва онгида миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳини сингдиришга катта аҳамият берилаётгани бежиз эмас. Бу эса, ўз навбатида, халқимизга хос миллий маънавиятнинг умуминсоний маънавият хазинасига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши, юртимизда юксак маънавият тамойилларининг устуворлигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//