Умидсизлик


Сақлаш
15:11 / 08.11.2023 0 415

Умидсизлик (пессимизм) – дунёда ёмонлик устун, келажак одамга яхшилик келтирмайди, у азоб-уқубатга маҳкум, келажак ҳаётда бахт-саодатга, мақсадга эришиб бўлмайди, деган тамойилларга асосланадиган пессимистик тушунча. Умидсизлик кишининг келажакка ишончининг сусайиб кетгани, дунёда ёмон одамлар кўплиги, ўз олдига қўйган орзу-мақсадларига эришишига иродаси кучсизлик қилиши, ҳаётда яшашнинг қийинлигидан нолиш, ҳаётга қизиқишининг сусайиши, ҳаётнинг азобу машаққатлардан, тўсиқлардан иборат эканлиги, муаммоларини ечиш ва муваффақиятларга эришиш учун ҳеч қандай илож-имконият йўқлиги, руҳий тушкунлик ҳолатида намоён бўлади. Инсонлар орасида жаҳолат, ғафлат, худбинлик, танбаллик, порахўрлик, таъмагирлик, такаббурлик, мансабпарастлик, шуҳратпарастлик каби иллатларга мубтало бўлган баъзи бир шахслар бор. Айнан мана шу ҳолат кўпчиликнинг умидсизликка тушишига сабабчи бўлади. Чунки мана шундай шахслар ўз шахсий манфаати, нафси, ҳирсини қондириш, шуҳрат қозониш, бойлик орттириш каби мақсадларини амалга ошириш учун маънавиятга, ахлоққа зид бўлган турли хил тубан ишларга қўл уради. Бундай шахслар билан бирга ишлаш жараёнида ҳалол меҳнат қилаётган ходимнинг ҳафсаласи пир бўлади, адолатпарварлик, инсонпарварликка ишончи йўқолади, ҳамма жойда ёмонлик устун, уни енгиб бўлмайди деб ўйлайди, орзу-мақсадларига эришиш сароб бўлиб туюлади, белгилаган эзгу мақсадлари ва режалари амалга ошмагач, умидсизликка тушиб, фаол ҳаётдан узоқлаша бошлайди, ўзига ишончни йўқотади. Ҳаётидаги турли кўнгилсизликлар оқибатида ҳам инсон умидсизликка тушиб қолади. Масалан, турмуш ўртоғидан ажралиш, яқинларининг вафоти, корхонанинг тугатилиши ва бошқа бунга сабаб бўлиши мумкин.

 

Япон олимлари (Тохоку университети профессори Итиро Цудзи бошчилигидаги тадқиқотчилар) илмий тадқиқоти натижалари айнан аниқ мақсадга эга бўлмаслик ёки эзгу орзуларига эришишига ишонмаслик, фаол ҳаётдан узоқ туриш оқибатида инсоннинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўп учрашини таъкидлайди. Худбин, шахсий манфаатини миллат ва халқ манфаатидан устун қўядиган, бойлик ва шуҳрат орттиришга ружу қўйган, бошқаларни писанд қилмайдиган, манман, такаббур, адолат ва инсонпарварликка зид равишда бошқаларнинг орзу-умидлари ва мақсадларига, ривожланишига, ҳаётда уларнинг мавқеи, ўрнини эгаллашига бефарқ, беписанд қарайдиган кимсалар томонидан ор-номуси, қадр-қиммати, шаъни топталган, оёқости қилинган инсон ҳам умидсизликка тушади. Унда келажакка ишончсизлик, умидсизлик пайдо бўлиб, бундай ҳолатда у иродасининг сустлиги туфайли ўз жонига қасд қилиши ҳолатлари ҳам ҳаётда учраб туради. Умидсизлик руҳий тушкунлик ҳолати бўлиб, бунда киши руҳан сиқилади, асабийлашади, стресс ҳолатларни бошидан ўтказади. Бунинг натижасида унинг танасида турли хил касалликлар пайдо бўла бошлайди. Суқрот айтганидек, «Руҳни даволамай туриб, танани даволаб бўлмайди». Демак, умидсизликка тушган одамнинг, аввало, руҳини даволаш лозим бўлади. Умидсизликка тушган одамга, ундаги тушкунлик ўткинчи бир ҳолат экани ва вақти келиб ўтиб кетишини; руҳий тушкунлик ҳолати ҳар кимнинг бошига тушиши мумкинлигини тушунтириш, ундаги ижобий жиҳатларга, ирода, ақл, билимга эътиборни қаратиш, унинг оиласи, яқин қариндошлари, дўстларига кераклигини ҳис қилдириш, яшаш учун берилган ҳуқуқдан, имкониятдан бахт яратиш учун фойдаланиш зарурлигини уқтириш орқали ҳам унда келажакка ишонч, умид уйғотиш мумкин.

 

Умидсизликка тушган одамнинг қалбига қулоқ солиш, уни ёлғизлатиб қўймаслик ва тушунишга ҳаракат қилиш, яхши сўзларни гапириш, унинг ҳаяжони, дардларини сабр билан тинглаш, унга эътиборли, меҳрибон ва ҳамдард бўлиш, очиқкўнгиллик билан самимий муомала қилиш, келажакка ишонтириш ҳамда уни қийнаётган муаммоларни ечишга амалий ёрдам бериш, ғамхўрлик, маънавий ва моддий кўмак кўрсатиш орқали уни ҳаётга қайтариш мумкин. Умидсизлик ҳолатидан чиқариш учун қуйидаги амалларни бажариш лозим: яъни, умидсизликка тушган кишига меҳрибонлик кўрсатиш ва ҳамдард бўлиш, ундаги ижобий ўзгаришларни олқишлаш, унинг аҳволидан атрофидаги дўсту биродарларини хабардор қилиш, ёлғизлатиб қўймаслик, янги дўст топиши учун ёрдам бериш, унинг атрофида хурсандлик муҳитини яратиш, аҳволи ёмонлашса, психологик ва тиббий ёрдам чораларини кўришга интилиш зарур. Бу тадбирларнинг барчаси одамдаги руҳий тушкунлик кайфиятини йўқотишга, уни умидли, мазмунли ҳаётга қайтаришга ёрдам беради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//