Улуғворлик


Сақлаш
14:11 / 08.11.2023 0 306

Улуғворлик – табиат, жамият,инсон ва унинг фаолияти маҳсулотларида намоён бўладиган маънавий-ахлоқий тушунча. Улуғворлик белгисига эга бўлган барча нарса ва ҳодисаларга хос бўлган умумийлик меъёрий баркамоллик бўлиб, табиатда улуғворлик баланд тоғлар, қудратли шаршаралар, чексиз океанлар, мавж ураётган денгизлар, тубсиз осмон ва шу каби тимсолида намоён бўлади. Бу ердаги умумийлик уларнинг кенг кўламлиги, улканлиги, буюклиги ва туганмаслигидир. Табиатдаги улуғворлик инсонда ўзидаги заифликни эмас, балки табиат билан қўшилиб кетишга интилиш ҳиссини уйғотади ва кучли таъсир этади. Улуғворлик ҳисси ўз-ўзидан қувонч, ҳайратланиш, эҳтиром, тан бериш туйғуларини ўз ичига қамраб олади, руҳий кўтаринкилик бағишлайди. Буларга баъзида қўрқув ҳам қўшилади, лекин у инсонни камситмайди, балки тўсиқларни енгиб ўтишга туртки беради. Улуғворлик ҳисси умуминсоний, умумий белгилари билан бирга ижтимоий шартланган, аниқ тарихий табиатга ҳам молик қаҳрамонликда, алоҳида нафосат ва ахлоқий бирликда тўлиқ ҳамда бевосита намоён бўлади. Халқ фидойилари, эл-юрт жонкуярларининг фаолияти, қилган ишлари бир вақтнинг ўзида ҳам улуғворлик, ҳам мардоналик намунаси бўла олади. Қаҳрамонлик кўпчилик омма тушунчасида одатдан ташқари, ноёб, кам учрайдиган ҳодисадир. Лекин у кундалик ҳаётда, оддий шароитда энг содда, ҳамма амал қиладиган ахлоқий қоидалар доирасида ҳам содир бўлиши мумкин ва бунинг ўзи инсонлар назарида улуғвор аҳамият касб этади. Табиат билан ҳамоҳанг бўлиш, ижтимоий фаол, ташаббускор, матонатли, Ватан равнақи йўлида фидойилик кўрсатадиган шахсни шакллантириш бугунги кундаги улуғворлик орзусининг асосий мазмунини ташкил этади. Чунки улуғвор ишларни улуғвор шахслар яратади ва бутун бир халқлар тақдирига ижобий таъсир этади. Улуғ ишнинг тагзамини эса ниятнинг, мақсаднинг улуғворлигидир. Масалан, Амир Темурнинг мақсади Ватанини мўғил босқинчиларидан озод этиш, илм-фан, санъат ва маданият ривожланган, халқ осойишта ҳаёт кечирадиган салтанат барпо этиш эди. У буюк ҳарбий истеъдоди, ақл-заковатини ишга солиб, бу ниятни амалга оширди.

 

Амир Темур сиймосида тенгсиз саркардалик маҳорати, матонат ва жасорат, давлатчилик ғояларининг улуғворлиги мужассамланган эди. Соҳибқирон шахси, ишлари, сўзлари биз учун ибрат, у инсоният тарихининг нодир сиймоларидан бири бўлиб, бутун бир давр унинг номи билан боғлиқдир. Амир Темур улуғ салтанат қуриш соҳасида улуғворлик намунасини кўрсатган бўлса, Низомиддин Мир Алишер Навоий туркий тилда жаҳоншумул бадиий асарлар ёзиб, ўз халқининг маънавий оламини юксакликка кўтарди, она тилининг қудратини баралла намойиш эта олди. Шу каби илмий кашфиётлари билан жаҳонга номи кетган Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Берунийлар ҳам улуғворлик шоҳсупасидан ўрин олган. Бу зотлар илму фан, ҳикмат ва ижод паҳлавонлари, Шарқ Уйғониш даврининг буюк сиймолари сифатида ҳозир ҳам бизга ибратдир. Улуғворлик ўзини ҳар томонлама ижодий ифодасини санъатда топади, унинг барча тур, хил ва кўринишлари учун улуғворлик мавзулари асосий тасвир объектларидан бири бўлиб хизмат қилади. Санъатнинг турли кўринишлари улуғворликни тасвирлашнинг хилма-хил имкониятларидан фойдаланади. Санъатдаги улуғворлик бадиий мазмун ва шакл имкониятлари воситасида ифодаланади, лекин бунда ҳал ҳилувчи ролни ғоя ўйнайди. Ғоя мукаммал шаклнинг зарурлигини юзага келтириб, санъат асарининг буюклик даражасини белгилаб беради, бу ҳолат ҳаётий ҳақиқатдан қочишга эмас, унга хизмат қилишга даъват этади. Қаҳрамонлик достонлари, лирик достонлар, қаҳрамонлик фожиаси, қаҳрамонлик асарлари, симфония, нотиқлик, меъморчилик ва ёдгорлик санъати кўринишлари улуғворлик мавзусини бадиий ўзлаштириш жараёнида вужудга келган. Чунончи, «Алпомиш» достони, Навоий «Хамса»си, Бобурнинг «Бобурнома»си мана шундай муаззам бадиий обидалардир. Навоий яратган беш достондан иборат «Хамса» ҳам мазмун-маъноси, улуғвор тафаккур меваси, ҳажми, бетакрор бадиий санъат намунаси экани билан ҳам ҳайратланарлидир. Ёки «Бобурнома»ни олайлик. Бобур ҳаётининг ўзи бир жасорат намунасидир. У буюк салтанат бунёд этди, ана шу юриш ва урушлар тарихини, турли тақдирлар, қарашларни ёзиб қолдиришга имкон топди. «Бобурнома» нафақат Мовароуннаҳр, балки Афғонистон ва Ҳиндистон тарихи, одамлари, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини ёритувчи қомусий асардир. Бу асарнинг дунё тилларига 34 мартадан таржима қилингани ҳам унинг аҳамияти нақадар буюклигидан далолат беради. Мусиқа соҳасида эса «Шашмақом» улуғворликнинг ёрқин намунаси бўла олади. Мазмун ва маъносининг чуқурлиги, оҳанглар ранг-баранглиги, ҳиссиётлар қамровининг кенглиги, салобат ва жозиба мақомларнинг абадийлигини таъминлаган. Мақомлар буюк шеъриятимизнинг қанотлари, аждодлар дарди ва умидлари, ноласи ва фарахбахш руҳининг ифодасидир.

 

Улуғворлик меъморчиликда алоҳида аҳамият касб этади. Миср пирамидалари, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларининг меъморчилик обидалари, юнонларнинг Парфенони, римликларнинг Колизейи, ўрта аср готик бош черковлари ўзининг салобати, улуғворлиги билан кишини ҳайратда қолдиради. Улуғворлик туйғусига фақат миқёс ўлчови билан эришилмайди. Агар айрим обидалар, масалан, Бобил минораси, Минораи Калон, Миср эҳромлари ва шу кабилар ўзларининг миқёс кўлами билан ҳайрон қолдирса, бошқалари ўзининг нафислиги, нозик ифодали ранглар, қисмлар ҳамоҳанглиги, атроф-муҳит билан узвий қўшилиб кетганлиги билан алоҳида аҳамият касб этган (Гўри Амир, Шоҳизинда, Мустақиллик майдони, Ичанқалъа, Регистон майдони, Мир Араб мадрасаси, Исмоил Сомоний мақбараси ва бошқалар). Истиқлол йилларида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари туфайли улуғворлик касб этаётган обидалар жаҳонга юз тутмоқда. Мамлакатимизда Амир Темур, Улуғбек, Навоий каби аждодларимизга ҳайкаллар қўйилди. Шу каби Мустақиллик майдони, унда қад кўтарган рамзлар, Бахтиёр она ҳайкали ҳам улуғворликка мисолдир. Демак, улуғворлик тарих, халқ, миллат, озодлик, мардлик, фидойилик тушунчалари билан ҳамоҳангдир. У инсоннинг орзу-армонлари, идеалларини акс эттиради ва ривожлантиради, буюк ишларни амалга оширишга чорлайди, яратувчанлик ва ижодкорликка илҳомлантиради, ҳаётга маъно-мазмун бағишлайди, инсон зотининг маънавий камолотига хизмат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 28
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//