Уйғониш даври


Сақлаш
19:11 / 06.11.2023 0 514

Уйғониш даври – инсоният тарихидаги ижтимоий-маънавий юксалиш, илм-фан ривожини ифодалаш учун XVIII аср маърифатпарвар файласуфлари томонидан илмий муомалага киритилган тушунча. Ўрта асрларда инсон тафаккури, ижодий куч-қудрати, яратувчанлик имкониятларини одамзод бахт-саодати, эркин ва фаровон ҳаёт кечириши, жамиятнинг гуллаб-яшнаши томон интилишини ифодалайдиган маънавий-ижтимоий ҳаракат жараёни. Шарқда Уйғониш даври VIII асрдан бошланган бўлиб, мўғил истилоси ва ҳукмронлиги туфайли XIII–XIV асрларда тўхтатилган ва Амир Темур салтанатида XIV–XV асрларда янги равнақ босқичида давом этган. Амир Темур давлати парокандаликка учраганлиги сабабли у ҳам XVI асрдан бошлаб инқирозга юз тута бошлади. Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Аҳмад Яссавий, Исмоил Бухорий, Ҳаким ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Саъдий, Рудакий, Фирдавсий, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Муҳаммад Бобур каби Шарқ Уйғониш даврининг буюк сиймолари жаҳон цивилизациясига беназир улуш қўшганлар. Улар умуминсоний қадриятлар тарихида мустаҳкам ва абадий ном қолдириб, Ғарб Уйғониш даврига замин бўлиб хизмат қилдилар. Ғарб Уйғониш даври XIII асрда Италияда (Данте, Жотте) бошланган бўлиб, XIV–XVI асрларда Ғарбий ва Марказий Европа мамлакатларида кенг тарқалган. Бу даврда фан-техника, адабиёт, санъат, таълим-тарбия соҳаларида инсоният истиқбол тараққиётига улкан таъсир кўрсатган ва унинг маънавий ҳаётида ўчмас из қолдирган буюк ижодкорлар яшаган. Рафаэл, Леонардо да Винчи, Микеланджело, Коперник, Эразм, Роттердамский, Галилей, Бруно, Рабле, Тициан, Веронезе, Петрарка, Боккаччо, Сервантес, Шекспир, Ариосто, Тассо, Дюрар, Ян ван Эйк, Фуке ва бошқа Европа Уйғониш даврининг атоқли намояндалари сифатида умуминсоний маънавият тарихида абадий ўрин эгаллаганлар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 61
“Қозонди” феълидаги “қозон” ҳақида

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 111
Маржумакдан шўрва қилиб бўладими?

Биласизми?

15:02 / 28.02.2025 0 81
Маймунжон, парманчак ва болдирғон

Биласизми?

14:02 / 28.02.2025 0 79
Хўжайин бўлолмаган хўжағат

Биласизми?

12:02 / 27.02.2025 0 99
Етти ва ҳафта



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 8904
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5233
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4843
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4277
Тинчлик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 3622
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3537
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3118
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//