Бир куни...
Туҳмат – бировни айблаш ёки қоралаш мақсадида ўйлаб чиқарилган, асоссиз даъво, бўҳтон, кишини бошқа гуноҳларга етакловчи иллатни англатувчи тушунча. Тубанлик хоинликнинг бир кўриниши бўлиб, алоҳида бир киши, гуруҳнинг бирор нарса, ҳодисага ўз (шахсий, гуруҳий) манфаати туфайли қасддан қилинган ёки ёмон феъли (ҳасад, нафс, бахиллик, пасткашлик) туфайли содир бўладиган хатти-ҳаракатдир. Бошқача айтганда, туҳмат бўҳтон, уйдирма, ёлғонлигини билатуриб, бошқа шахсни иззалайдиган (изза қиладиган), шарманда қиладиган сўзларни тарқатиш, киши лафзидан, ҳаракат ёки ҳаракатсизлигидан содир бўладиган салбий ҳодиса. Туҳмат бир шахсга унинг ўзида бўлмаган иллатни тўнкашни англатса, аксинча, шахснинг ўзида бўлган иллатни (ортидан) тўнкаш ғийбат ҳисобланади. Туҳмат биринчи марта содир этилса, маъмурий жазо чораси кўрилади (МЖТК, 40-модда), яна қайтарилган туҳмат учун жиноий жавобгарлик белгиланган (ЖК, 139-модда). Туҳмат нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд ОАВдан фойдаланиб амалга оширилса, жиддий жазоланади. Туҳмат оғир ёки ўта оғир жиноятларда айблаш билан боғлиқ, оғир оқибатларга сабаб бўлса ёки хавфли рецидивист томонидан, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилса, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Туҳмат мунофиқлик ва хиёнат кўринишларидан бири бўлиб, алоҳида шахс ёки гуруҳга уларга қилмаган гуноҳ ёки жиноятни, иллат ёки қусурни тўнкашдир.
Туҳмат – бир киши ёки гуруҳнинг ортидан уларда бўлмаган ва улар содир қилмаган айблари учун уларга нисбат бериш, ҳақига бўҳтон қилишдир. Туҳматчи – туҳмат қилувчи кимса. Туҳмат шахс ёки гуруҳнинг обрўсини тўкиш мақсадида қилинади. Туҳмат инсонлар ўртасида ўзаро душманлик, носоғлом рақобат ва шубҳали ҳолатларда кузатилади. Туҳмат жамиятда хусусий мулк пайдо бўлган пайтда манфаатларнинг кучли тўқнашувидан юзага келган. Туҳмат диний тушунчага кўра, тажрид оламида эмас, аксинча, сабаблар оламида кузатилади. Абу Наср Форобий фикрича, «Туҳмат ва қатъийлик (мулиҳ)ка келсак, уларнинг таъсирида тарафлардан бири бутунлай аниқ нарсаларни инкор этади ва ўз моҳияти бўйича тушунарли ва равшан ҳолатларга шубҳа билдира бошлайди. Бу ҳолат то бошқа тараф адашиб, ҳақиқий нарсанинг борлигига шаҳодат берувчи далилларни ҳамда маълум нарсалар ва ҳақиқийлиги аён нарсалар ҳақида хато тасаввур ҳосил қилмагунча давом этаверади. Бу субстанция софистик санъатнинг усулларидан биридир. Шунинг учун бу санъатнинг мақсади ҳақиқатга ва аниқ далиллар ёрдамида бирор нарсага эришишга тўсқинлик қилишдан иборатдир». (Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. 118-бет). Форобий туҳматни энг ёмон руҳий сифатлар қаторига киритиб, унга субстанция санъати воситасида эришилишини таъкидлайди. Қуръони Каримда «Кимки бирон хато ёки гуноҳни қилиб қўйиб, сўнг уни бир пок одамга туҳмат қилиб отса, муҳаққақки, у бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз зиммасига олибди» дейилган. Шунингдек, унда бўҳтончи учун ҳалокат ва жазо муқаррарлиги уқтирилган. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг «Туҳмат зинодан ёмон» (аттуҳмати шаррил минал зина) деган ҳадислари ҳам туҳматнинг жирканч иллат эканига мисол бўла олади.
Шарқ мутафаккири Мажидиддин Хавофий фикрича, «Подшоҳга яқин кишилар туҳматчи ва ғийбатчи бўлсалар, давлат инқирозга юз тутиб, подшоҳ алмашгусидир. Туҳматчида ҳақиқат ва инсоф йўқ, туҳмат билан ёлғончи ўртасидаги чегарани аниқлаш жуда қийин, чунки туҳматчининг қуроли ёлғончиликдир. Туҳмат балосига йўлиққан одамнинг чеккан изтироби ғоят оғир, лекин у гуноҳсиз бўлса, туҳматчи фош бўлади, албатта. Иғвогар, туҳматчи ўз нишонига покдил, виждонли, оқил кишиларни олади, чунки у ўзида етишмаган ана шундай сифатлар учун уларга ҳасад қилади». Туҳмат нафақат шахсий муносабатларга, балки жамиятнинг соғлом турмуш тарзига ҳам раҳна солади. Туҳматга қарши курашнинг оқилона усули кишилар ўртасида самимий муносабатлар ўрнатиш, ҳатто мухолиф инсонларга ҳам марҳамат кўрсатиш, ҳаммага бирдек яхшилик қилиш, холислик, туҳматни пайдо бўлиб қолиш эҳтимоли бор жойлардан четланиш кабилардир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ