Бир куни...
Тил – инсонлар орасидаги алоқа воситаси, жамият аъзоларининг фикрни ифодалаши ва ўзаро фикр алмашиши учун хизмат қиладиган восита. Тилнинг табиий-илмий, диний-дунёвий талқинлари бор. Диний талқинга кўра, тил илоҳий куч томонидан яратилган ва ҳозирги ҳолича инсонга берилган. Дунёвий талқинига кўра, тил ҳозирги кўриниши даражасига етгунча жуда узоқ эволюцион жараёнларни, яъни инсоннинг ўзининг шаклланиши ва такомиллашуви жараёнлари билан тенг даврни босиб ўтган. Илм-фан инсон тилининг тарихий тараққиёт босқичларини ўрганиши натижасида шундай хулосага келдики, тил алоқа воситаси, нутқ сифатида, шубҳасиз, фақат инсон миясининг маҳсулидир. Айрим бошқа жониворлар, масалан, шимпанзе, тўтиқуш, чуғурчиқлар ҳам инсонга хос товушлар чиқариб «гаплашади», ҳатто, айрим ҳолларда жумла ва ибораларни такрорлайди. Бироқ, улар инсон каби гаплашишга қодир эмас. Оғзаки нутққа ўрганиш – инсониятнинг эволюцион тараққиётида ҳал қилувчи қадам бўлди. Нутқ қобилияти унга инсон цивилизацияси асосларини қуриш имкониятини яратди. Дастлабки инсон жамоалари оғзаки нутқни биргаликда ҳаракат қилиш, мудофаа, умуман фаолиятнинг ҳамма турларида ҳамжиҳатлик кўрсатиш, ҳамкорлик қилиш, буйруқларни ифодалаш мақсадига қаратганлар ва бундан узоқ вақт самарали фойдаланганлар. У пайтлардаги инсон тилининг сўз бойликлари кўп миқдорда бўлмасада, давр ўтиши билан, айниқса, кишилар, жамоалар бир-бирининг тилини бойитиш имкониятлари туфайли у тобора бойиб, такомиллашиб борди. Чинакам оммавий нутқ юзага келтирувчи ҳар бир кишининг нутқий тажрибаси жуда қисқа ва ўткинчи бўлган, яъни вафот этиши билан унинг тажрибаси ҳам ўлган. Бир кишининг нутқи инсониятнинг умумий муштарак нутқий тажрибаси сифатида авлоддан-авлодга ўтиб, аввал оғзаки, кейинчалик ёзма кўринишини касб этгунча жуда узоқ замонлар ўтган. Бироқ, тил оғзаки ва ёзма нутқ сифатида тўла шакллангач, у инсоннинг ҳам жисман, ҳам ижтимоий жиҳатдан жуда тез тараққий этишини таъминлади. Тил туфайли инсониятнинг ижтимоий ҳаёти, унинг наслининг миқдорий жиҳатдан ўсиши ҳам ақл бовар қилмас даражада илгарилаб кетди.
Бир вақтлар тропик ўрмонларда оддий тирикчилик учун жон бериб, жон олиб юрган одамзод нутқ шарофати билан заминнинг яккаю ягона эгасига айланди. Миқдорий жиҳатдан ҳам ўсди. Ибтидоий одамларнинг дастлабки муомала воситалари ва сўзларидан тортиб, тилнинг бугунги даражасига етгунча инсоният 3 млн. йилдан камроқ масофани босиб ўтди. Шаклланиш, тараққий этиш ва такомиллашиш жараёнларида тиллар, дастлаб, кўпроқ муштараклик ва умумлаштирувчилик вазифасини бажарган, яъни бугунги кунда турли тилларда гаплашаётган миллат ва элатлар, авваллари бир-бирини тушунадиган бир тилда гаплашган, вақт ўтиши билан, турли-туман объектив сабаблар туфайли, улар бир-бирларидан узоқлашиб, тиллари ўзаро фарқланадиган шаклга келган. Тилларнинг бундай ажралиш жараёни (дифференциация) натижасида кўпчилик учун муштарак алоқа воситаси бўлган бир тилдан кейинчалик бир неча тил юзага келган. Ҳозирги тилшуносликда туркий тиллар деб юритилаётган тиллар бир-биридан нафақат узоқлашиш, ажралиш хусусиятига, балки бир-бирига яқинлашиш, бир-бирини бойитиш хусусиятига ҳам эгадир. Турли тилларнинг бир-бирига таъсири ва ўзаро яқинлашуви натижасида янги тиллар вужудга келиши ҳам мумкин. Шу билан бирга, бирон-бир халқнинг фикр алмашиш воситаси бўлишдан тўхтаган ва унда гаплашувчиларнинг йўқ бўлиб кетиши ёки бошқа тарихий, ижтимоий, маданий сабабларга кўра, муомаладан чиққан тиллар ҳам мавжуд. Бундай тилларни ўлик тиллар дейилади. Масалан, шумер, лотин, қадимги юнон, санскрит шулар жумласидандир. Тилнинг келиб чиқиши ва эволюция босқичлари ҳақида қадимги мисрликлар ва хоразмликлар, юнонлар ва ҳиндлар, хитойликлар ва форслар турли хил илмий фаразларни илгари сурганлар. Улардан айримлари, тил товуш тили сифатида юзага келган деса, бошқалари тил дастлаб имо-ишора тили кўринишида бўлган дейди. Тил одамлар орасида алоқа воситаси сифатида эҳтиёж туфайли табиий суратда вужудга келган (Афлотун), ўзаро алоқа қилиш учун тилни одамларнинг ўзлари яратганлар (Демокрит), тил илоҳиёт тортиғи («Инжил», «Қуръон») каби қарашлар ҳам бўлган. Тил, шубҳасиз, жамиятда ижтимоий меҳнат, ижтимоий ишлаб чиқариш жараёнида юзага келган муайян жамоа, одамлар гуруҳи ёки алоҳида шахс фаолиятини мувофиқлаштириш воситаси бўлиб хизмат қилиши керак.
Физиологик асосига кўра, тил икки сигнал тизими вазифасида намоён бўлишини И.П.Павлов кашф этди ва уни инсон психикасига ўзига хос қўшимча деб атади. Тил ва тафаккур ўзаро ажралмас, чамбарчас боғлиқ ҳодисалардир. Лекин уларнинг иккови бир нарса эмас. Тил тафаккурнинг ифода шакли ва яшаш тарзи сифатида инсон онгининг шаклланишида ҳам муҳим ўрин тутади. Онг тил қобиғидан ташқарида қарор топиши мумкин эмас. тил белгилари, ўз табиатига кўра, шартли бўлса-да, у реал воқеликни билиш жараёни шартларидан ҳисобланади. Шу жиҳатдан тил муомала воситаси бўлишдан ташқари, билиш воситаси вазифасини ҳам бажаради. Шу билан бирга, у тўпланган билимларни, тажрибаларни қайд қилиш, сақлаш ва авлоддан-авлодга ўтказиш воситаси ҳам саналади. Абстракт тафаккур тил туфайлигина воқе бўлади. Тилнинг мавжудлиги тафаккурнинг умумлаштирувчи фаолиятининг энг зарурий шартидир, тилсиз бу ҳол мавжуд бўлмас эди. Чунки сўз умумлаштирувчи хусусиятга эга. Тил ўзига хос қонуниятларга эга ва бу қонуниятлар тафаккур қонунларидан фарқ қилади. Бу эса, ўз навбатида, тилнинг нисбатан мустақил ҳодиса эканини кўрсатади. Тил билан сўз, мулоҳаза билан гап айнан бир нарса эмас. Тил ўзининг ички ташкилий томонларига, ўзига хос тизими, тузилмасига эга. Бу тизимдан ташқарида унинг табиати ва белгиларининг моҳиятини тўғри тушуниб бўлмайди. Табиий тилдан ташқари сунъий тиллар ҳам бўлади. Сунъий тилнинг грамматик қурилиши ва луғат таркиби одатда, сунъий равишда ишлаб чиқилади. Буни биринчи бўлиб 1629 йилда Р.Декарт ишлаб чиққан. Ҳозирги кунда кенг тарқалган халқаро сунъий тил Л.Л.Заменгор тузган эсперанто тилидир. Бу сунъий тилда 5 млн.дан ортиқ одам гаплашади, юзга яқин журналлар нашр этилади. Сунъий тил деганда, бу тизимга кирадиган ва машина таржимасида ишлатиладиган воситачининг ахборот тили ва бошқа ҳам тушунилади. Кейинги йилларда сунъий, формаллашган тилларнинг қонуниятлари, уларнинг мантиқий синтаксиси ва семантикасини ўрганишга қизиқиш кучайди. Шу муносабат билан тил фақат тилшуносликнинг тадқиқот объектигина бўлиб қолмай, балки мантиқ ва семантиканинг ҳам тадқиқот майдонига айланиши кузатилади. Ер юзида қанча миллат, халқ, элат, қабила бўлса, шунча тил бор.
Тилсиз халқ йўқ. Халқсиз эса тил ҳам бўлмайди. Булар эгизак тиллар бўлиб, биридан бирини айириб бўлмайди, улар айириб қўйилса, иккиси ҳам ўзлигини йўқотади. Халқ бошқа бир халққа қўшилиб кетса-да, унинг тили ўлик тилга айланади. Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, биргина «Тил» сўзи мисолида ҳам тилимизнинг нақадар бой ва сержило эканини яққол кўриш мумкин. Тил ривожининг ҳозирги ҳолати ўз соҳиби бўлган миллат ёки элатнинг тадрижий равнақи, босиб ўтган тарихий йўли, жамиятнинг қайси бир тараққиёт босқичида экани, иқтисоди, маданияти, фани ва маънавияти каби омилларга боғлиқ. Биз учун эса ўз она тилимиз бўлмиш ўзбек тили азизу мўътабар экани шубҳасиз. Бу эса барчамизнинг тилимиз софлиги, уни асраб-авайлаш ва такомиллаштириш учун масъул эканимизни англатади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ