Бир куни...
Тенглик – кишиларнинг жамиятда тутган ўрни ва ҳаёт шароитларидан қатъи назар, маънавий-ахлоқий талаблар ҳаммага бир хил бўлишига асосланадиган маънавий-ахлоқий тамойилни ифодаловчи тушунча, маънавиятнинг ижтимоий-ҳуқуқий соҳадаги асосий тамойилларидан бири, жамиятдаги барча кишилар, қатлам, партия ва шу кабиларнинг қонун олдидаги умумий масъулияти ва имкониятларининг бараварлигини англатадиган тушунча. Тенглик таъминланган жамиятда унинг барча аъзолари яшаш, таълим олиш, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, мулкдор бўлиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, қариганда ёки меҳнат лаёқатини йўқотганда ижтимоий таъминот олиш, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларга эга бўлади. Тенгликнинг мантиқий маъноси айният билан мос келади. Формал мантиқдаги айният қонунига кўра, агар фикрлар бир хил ҳажмга эга бўлса тенг фикрлардир, агар билдирилган фикрлар мазмун жиҳатидан ўзгармай қолса ҳам, тенг фикрлардир. Тенглик деганда, мамлакатимиз халқларининг барча соҳалардаги амалий тенглиги ҳам тушунилади. Тенглик йўқ жойда самимий дўстлик ҳам бўлмайди. Ҳаётда одамларнинг чин дўст бўлишлари учун, аввало, улар ўзларини бир-бирларига тенг ва муносиб кўришлари керак. Мустаҳкам дўстлик эса ҳам моддий, ҳам маънавий соҳалардаги тенглик ва ўзаро мутаносиблик пойдеворига қурилади.
Мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида миллий муносабатлардаги амалий тенглик масаласи ҳам катта аҳамиятга эга. Кичик миллатларга паст назар билан қараш, уларга ишонмаслик ва уларни катта миллатларга муте қилиб қўйиш каби адолатсизликлар тенгсизлик кўринишларидир. Тенглик инсонларнинг бир жамиятда яшашлари жараёнида ўзаро бир-бирига тенг меҳр-муҳаббатли, раҳм-шафқатли, қадр-қимматини жойига қўйиш, ҳурмат-илтифот кўрсатиш, ор-номусини ҳимоя қилиш, нафсониятини поймол қилмаслик ва шу каби барчага баравар тарзда инсоний, самимий муомала-муносабатлари билан изоҳланади. Тенгликнинг тўлақонли, барқарор бўлиши инсонлар, миллатлар ўртасида тўла тенгҳуқуқлиликка эришишда ҳам ифодаланади. Тенглик бўлмаган жамиятда адолатсизлик ҳукм суради. Ҳар бир миллат асрлар давомида яратган миллий маданиятлари, қадриятлари орқали мамлакатимизнинг маънавий бирлигини озиқлантиради. Чунки, миллий илдизга эга бўлган маънавиятгина бошқа миллатларни бойитадиган маданий озиқ беради. Ҳар бир халқда ўз миллий маънавияти ва қадриятларини яхши биладиган, уларни адабиёт, санъат, фан, матбуот воситасида бошқа халқларга етказиб бера оладиган фозил одамлар бор. Ўз халқининг ноёб қадриятлари, маънавий меросини эъзозлаб, бошқа халқларга ҳам етказиб бера оладиган бундай фозил кишилар миллатларнинг ўзаро яқинлашувига, улар ўртасидаги маънавий тенгликнинг мустаҳкамланиши ва давомийлигини таъминлашга хизмат қилади. Миллат, элат бор экан, унинг шаъни ва шавкатини ҳимоя қилиш, шу жараёнда жаҳон ҳамжамиятида ҳар бир миллат ўз муносиб ўрнига эга бўлиши учун курашувчи фидойи инсонлар майдонга чиқади. Бундай инсонларнинг саъй-ҳаракати, жасорати туфайли миллат ўз мустақиллигига эга бўлиб, тенглар ичида тенг яшаш имкониятини қўлга киритади. Тенглик бўлмаган жойда инсоннинг ноҳақ кулфат чекиши, бадном бўлиши, соғлиғини йўқотиши, оила аъзоларининг беҳисоб машаққатларга дучор бўлиши, адолатга ишончининг сўниши, руҳий тушкунликка, келажакдан умидсизланиш каби изтиробли ҳолатларнинг юзага келиши шубҳасиздир.
Оилада ота-она фарзандларининг барчасига моддий ва маънавий жиҳатдан тенг муомала-муносабатда бўлмаслиги охир-оқибат фарзандлар ўртасида аҳиллик, оилада эса тинчлик, осойишталикнинг бузилишига олиб келади. Ота-она фарзандларининг тарбияси жараёнида уларнинг ҳаммасига баравар-тенг тарзда маънавий-руҳий озуқа, яъни меҳр-муҳаббат, ғамхўрлик, ҳамдардлик кўрсатишлари, уларни тушунишга ҳаракат қилишлари ҳам тўғри тарбиялаш мезонларига киради. Жамоада раҳбарнинг ходимларга нисбатан тенглик муносабати уларнинг моддий ва маънавий тенг ҳуқуқлиликларини таъминлаши, барчага тенг иш шароитлари яратиши, ошна-оғайнигарчилик билан ўзига яқин одамларга алоҳида эътибор қаратмасдан, балки барчага баравар инсоний муомала қилиши, касб ахлоқи, жамиятда қабул қилинган қонунлар ва адолат устуворлигига риоя этишида намоён бўлади. Қуръони Каримда шундай баён қилинган: «Ким бирон ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробарида жазо берилиши аниқдир. Ва эркакми, аёлми ким мўмин бўлгани ҳолида бирон яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга дохил бўлурлар (ва) у жойда уларга беҳисоб ризқ берилур». Яхши амаллар қилган инсонга кўрсатиладиган марҳаматлар, моддий ва маънавий рағбатлар, ҳадялар, албатта, ёмон амаллар қилган инсонга раво кўрилмаслиги – бу тенгликнинг бузилиши ҳисобланмайди. Зеро, ёмон амаллар қилгувчи киши билан яхшиликлар қилгувчи кишига бир хилда марҳамат кўрсатилмаслиги адолатдандир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ