Наҳв илмими ёки маҳв илми? Инсон таърифи, дунё ҳашамати, дўст танлаш ҳақида ҳикоят


Сақлаш
17:12 / 01.12.2021 0 818

 

Жалолиддин РУМИЙ

 

Тери қўлдан кетар

Кўчада шошиб кетаётган бир одамдан сўрашди:

— Нега бунча шошяпсан? Рангинг ҳам ўчган, нима бўлди.

Одам айтди:

— Эшитмадингми ҳали? Шаҳар султонининг кўнгли учун бозордаги эшакларни сўйиб, терисини шилиб, ичига сомон тўлдиряптилар.

— Хўш, хўш? Лекин сен одамсан-ку?

— Тўғри, аммо султоннинг одамлари бу ишга шундай шўнғиганларки, уларга кимлигимни англатгунимга қадар, терим қўлдан кетиши мумкин.

 

Товуснинг гўзаллиги ўзига душман

Бир одам товуснинг тумшуғи билан қанотларидаги гўзал, ялтироқ патларни юлаётганини кўриб қолди. Чидолмай сўради:

— Эй гўзал қуш... Гуноҳ эмасми, шундай чиройли, ранг-баранг патларингни юлиб ташлаяпсан. Ҳолбуки, сенинг гўзаллигинг шу патларингдир. Ҳамма шу патларингдан елпиғич қилиш, уларни китоб саҳифалари орасига қўйишни ўйлайди, сен эса нима қиляпсан?

Товус жавоб берди:

— Тўғри, лекин бу патлар менинг жонимдан азиз эмас. Чунки бу патлар туфайли мени овлашади, жонимга қасд қилишади. Жон омон қолиши учун хунук бўлишим керак.

 

Ҳар кимнинг таърифи ўзига яраша

Ҳиндлар филни қоронғу бир оғилга қамадилар. Умрида фил кўрмаган халқ ўша ерга тўпланди. Филни кўрмоқчи эди улар. Лекин оғил шу қадар қоронғу эдики, кўз билан кўришнинг асло имкони йўқ эди. Ичкарига кирганлар филни қўллари билан пайпаслаб кўрар, уни ҳар ким ўзича таъриф этар эди. Биттаси филнинг хартумини ушлаб: “Фил бир қувур экан”, дерди. Яна бошқаси филнинг қулоғидан тутиб: “Фил елпиғичга ўхшар экан”, дея тушунтирди. Бошқаси филнинг оёғини тутиб филни фақат оёқдан иборат деб билар ва: “Фил баҳайбат бир устунга ўхшар экан”, дея ошириб тошириб тушунтирарди.

Яна бир одам филнинг сиртини силаб кўрди ва: “Фил тахтга ўхшар экан”, деб уни таърифлади. Кимки филнинг қаерини силаган бўлса, ҳайвонни шунга кўра таърифлар, лекин ҳеч бирининг таърифи бошқасиникига ўхшамасди. Бирови “дол” дерди, бошқаси “алиф”. Агар қўлларида шам, олдиларида бирор йўлбошловчи бўлганида, қоронғу бўлса ҳам филни аниқ кўришар, қандай ҳайвон эканини осонгина билиб олган бўларди. Туйғу кўзи баъзан ҳовучга, баъзан кўпикка ўхшайди. Ҳовучга бутун бир филни сиғдириб бўлмайдику!

 

Тилшунос ва қайиқчи

Бир кун мағрур тилшунос соҳилда турган қайиққа миниб нариги қирғоққа ўтмоқчи бўлди. Соҳилда йўловчи кутиб турган қайиқчилардан бирига юзланди. Қайиқ яқинлашди.

Олим қайиққа ўтирди. Денгизни томоша қилиб кетаётган олим қайиқчидан сўради:

– Сен ҳеч наҳв (грамматика) ўқиганмисан?

– Йўқ мен жоҳил бир қайиқчиман.

Олим:

– Э воҳ, жуда хафа бўлдим. Демак ярим умринг беҳуда ўтибди, дея ачиниб қайиқчига қаради. Шу вақт довул турди. Кейин денгизнинг ўртасида чайқала бошлади, қайиқчи бутун кучи билан хавфдан қутулиш учун ҳаракат қилди. Бўрон борган сайин кучаяр, қайиқ эса чўкиш арафасида эди. Шу вақт қўрқувдан дир-дир титраётган олимдан қайиқчи сўради:

– Эй, ҳар нарсани билган олим дўстим. Сузишни биласанми? Йўқ жавобини олган қайиқчи:

– Воҳ, воҳ, сен умрингни беҳуда сарфлабсан. Ҳозир бутун умринг кетди. Чунки бироздан кейин қайиғим чўкади. Яхши билгинки, бу ерда ҳозир наҳв (грамматика) эмас, маҳв илми лозим. Агар маҳв илмини билсанг, қўрқмасдан денгизга сакра деди.

 

Кўнгил ойнаси

Султон саройида хитой рассомлари:

— Биз турк рассомларидан анча илғор ва моҳирмиз, деб иддао қилдилар. Бунга жавобан турк рассомлари:

— Йўқ, биз улардан устунроқмиз. Бизнинг санъатимиз юксак, деб бу даъвога қарши чиқдилар. Бу баҳсдан хабар топган султон рассомларни имтиҳон қилишга қарор берди. Ҳар икки мамлакат рассомлари тайёрлансин, бир-бирига қараган икки хонага чиқарилсинлар! Хитой рассомлари ўзларига берилган хона деворларини турли рангли расмлар билан безадилар. Турк рассомлари эса хона қаршисидаги ўз хоналарининг деворларини фақат жилолаб, ойна каби ялтиратдилар. Шунда хитой рассомларининг чизган расмлари турк рассомлари хоналарининг деворларида янада ялтироқ бир кўриниш билан акс этди. Султон олдин хитойлик рассомлар хонасига кирди, уларнинг ишлари ёқди. Охирида турк рассомларининг хонасига кирган пайт, худди улуғ шамларни анча ёрқин, анча гўзал кўриб, турк рассомларини тақирлади.

Шу зайлда, турк рассомлари расм чизмасдан, фақат хитой рассомларининг асарларини минг бир ҳунар билан жилолантирганлари ва деворда акс эттирганлари учун жуда моҳир деб тан олиндилар.

 

Золимнинг хайри...

Подшоҳ жума куни масжидга кетаётган эди. Соқчилар кўчада тўпланган халққа бир тарафдан йўл бўшатинг деб бақирар, бир тарафдан тепиб, таёқ билан уриб, йўл очаётган эди. Ожиз бир камбағал соқчилардан ўн дарра еди. Боши, кўзи қонталаш бўлди. Зулмга чидай олмади. Қўлларини очиб подшоҳнинг орқасидан шундай бақирди:

— Қилган ошкора зулмингни қара Аллоҳ сақласин. Масжидга боряпсан, гўё яхши иш қиляпман деб ўйлайсан. Яхши ишинг шу бўлса, ёмонлигинг қандай, ким билсин?

 

Дунё ҳашаматли бир саллага ўхшар

Сўфилардан бири халқнинг ўзига эътибор бермоғи учун бошидаги саллани улкан қилиб ўради; ичини бўз бўлаклари билан тўлдирди. Табиийки, бу ҳайбатли саллани кўрганлар, ичида анча газлама бўлса керак, деб ўйлардилар.

Сўфи бир кун мадрасага кетаётганда ўғри саллани олиб қочди. Сўфи ортидан бақирди:

– Саллани оч, саллани оч. Ичидагини кўргинда кейин олиб кет.

Ўғри қочаркан, қўлтиғидаги саллани еча бошлади. Қараса, салланинг ичи бўз ва тери парчалари, пахта бўлаклари билан тўла. Охири, қўлида фақат бир қулоч бўз қолди, холос.

Қўлидагини ерга урди:

– Оҳ пасткаш одам. Мен бу ҳайбатли саллада бир нарсалар бор, деб ўйлагандим. Сенинг ҳийланг мени расво қилди, дея ҳайқирди. Бу сўзларни эшитган сўфи:

– Ўғлим, дунё мана шунақадир. Менинг саллам каби яхши кўринади, аммо сўнгида вафосизлигини кўрсатади, беш пулга арзимайди, эски туски бўлакларга айланади, деди.

 

Хушбўй ҳидлардан ҳушидан кетган одам

Бир одам катта шаҳарга келди. Бозордаги атир упалар сотадиган атторлик дўконлари томонга бурилди. Дўконлардан гул, бинафша, атир ҳидлари уфуриб турарди. Бир икки қадам юргач, бу хушбўй ҳидлардан унинг боши айланди. Охири ҳушидан кетди. Оломон унинг устида тўпланди. Бири юрагини, бири билагини уқалар, кимдир юзига гул суви сепарди. Қанча ҳаракат қилишмасин, бемор ҳушига келмади. Атирлар, гул сувларини бошидан қуйишар, аммо одам ҳеч ўзига келмасди. Чорасиз қолдилар. Атрофдагиларга жар солиб, қариндошларини қидира бошладилар. Аммо ҳеч ким эга чиқмади, анча вақт ўтса ҳам у ўзига келмасди.

Оқшомга яқин бу ердан ўтиб кетаётган бир тери ошловчи ҳушидан кетган одамни таниди. Оломонга қараб шундай деди: “Тўхтанг, унга гул сувини сепманг. Мен унинг нега хаста эканини биламан. Сиз унга тегмай туринг, мен ҳозир келаман” дея узоқлашди. Бир вайронага кириб бир ҳовуч ит тезагини олиб қайтиб келди ва тезлик билан тезакни ҳушидан кетган одамнинг бурнига тутди. Ҳайрат ҳалиги киши ўзига кела бошлади. Бироздан сўнг оёққа ҳам турди. Тери ошловчи билан биргалашиб кетишди. Ҳушидан кетган одам ҳам тери ошловчи эди. Йиллар мобайнида терилар орасида ёмон ҳидларга ўрганиб қолган бу одам атторлик дўконларидан таралиб турган ҳушбўй ҳидларга дош беролмай ҳушидан кетган эди.

 

Тенг тенги билан

Ям яшил адирда шилдираб ирмоқ оқарди. Бир кун ирмоқ четидаги тошлар орасида сичқон билан қурбақа учрашиб дўстлашиб қолди. Бу дўстлик кун сайин кучайди. Шу даражага етдики, оқшом чўкиб, кун ботгач сичқон қоянинг ковагига, қурбақа эса сув тубига тушар, тонг отишини интиқ бўлиб кутишарди. Сичқон ўйлай-ўйлай, ниҳоят бир чора топди. Қурбақага: “севикли қурбақа, қадрли дўстим, сени соғиниб, тунларим уйқусиз кечмоқда. Ҳар ҳолда сен ҳам мени ўйлаб беоромдирсан. Мен чора топдим. Мана бу ипни олиб, бир учини думимга боғлайман. Кеч кирди дегунча сен сувга шўнғийсан, мен ҳам уямга кириб кетаман. Агар тунлари кўришишни истасак, ипни тортамиз ва кўришамиз”, деди.

Қурбақа бу таклифга олдин бироз эътироз билдирди, кейин рози бўдди. Улар бир ипга боғландилар. Орадан бир неча кун ўтди. Бир кун қарға сичқонни кўрди ва қоянинг ковагига кириб бекиниб олди. Кеч киргач, қарға сичқонни чангаллаб осмонга кўтарилди. Табиийки, қурбақа ҳам бирга эди. Сичқон думига боғланганча ҳавога солланиб шундай деб бақирарди:

“Ҳайҳот! Ҳар ким ўз тенги билан дўст бўлсин!”

 

“Маснавий”дан ибратли ҳикоятлар китобидан олинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 50
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 58
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6108
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4920
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4561
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3987
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//