“Табиат қачондир қасдимни олади” – машҳурларнинг қалтис вазиятдаги нозик жавоблари


Сақлаш
22:09 / 05.09.2023 0 1087

Гапиришни билиш талантдир” деган эди француз адиби Стендаль. Дарҳақиқат, инсон гап-сўзлари орқали ўзининг савия даражасини намоён қилади. Бундай ўзаро суҳбатларда эса саволлардан кўра унга қайтарилган жавоблар аҳамиятлироқ.

 

Қуйида сизга дунёнинг машҳур кишилари томонидан айтилиб, турли манбаларда сақланиб қолган энг мантиқли, шу билан бирга табассумга мойил жавоблардан бир шингил илиндик.

 

***

Юнон файласуфи Аристиппга одамлар бир масалани тақдим этиб, “ечиб бер!”, дейишибди. Файласуф уларга хитоб қилибди:

Эй нодонлар, боғланган ҳолида кишиларни шунчалик ташвишга қўяётган бу тугунни ечмоқ нечун?

 

***

Рақиблари Суқротни ваҳимага солмоқчи бўлиб:

Суқрот, Афиналиклар сени ўлимга ҳукм этишди! – дебдилар.

– Ҳечқиси йўқ, – пинагини бузмабди файласуф. – Табиат қачондир қасдимни олади.

 

***

Арастуга бир куни одамлар “сен йўғингда сени ғийбат қилишди”, дейишганида, файласуф “ҳечқиси йўқ, мен йўғимда мени калтаклашса ҳам майли”, деб жавоб берган экан.

 

***

Перронга қитмирларча савол беришибди:

– Перрон, сен ўлмаганмидинг?

– Билмайман, – дебди у.

 

***

Антисфенн Коринф денгизида кемада сузиб юрганида қаттиқ бўрон туради. Файласуфнинг ваҳимага тушганини кўрган бир йўловчи дейди:

– Мен оддий одам бўлсам ҳам унчалик қўрқмаяпман-ку! Сен файласуф бўла туриб бунча ташвишга тушасан?

Антисфенн жавоб беради:

– Шубҳасиз, ҳамма ширин жони учун қайғуради. Аммо одамларнинг жони турли қийматга эгадир.

 

***

Ўзаро баҳсларнинг бирида Италиялик файласуф Жордано Брунони “Сен ўз қарашларинг билан дунёни тўнтармоқчига ўхшайсан!” дея айблайдилар. “Айни муддао бўлур эди, – бош чайқайди файласуф, телба-тескари дунё, балки шунда ўз ҳолига қайтармиди...”

 

***

Ривоятга кўра Ҳофиз Шерозийнинг: “Агар кўнглимни шод этса ўшал Шероз жонони, қора холига бахш этгум Самарқанду Бухорони”, деб бошланувчи ашъори эл орасида машҳур бўлгач, шоирни Соҳибқирон Темур ўз ҳузурига чорлайди.

– Шунчалар сахиймисан, шоир? Қанча жанг-жадаллар эвазига илкимизга кирган салтанатни бир зебонинг холига алмашмоқчи эмишсан? – дейди, киноя билан. Ҳофиз Шерозий жилмайиб таъзим бажо айларкан, ўзининг юпин эгнини назарда тутиб:

– Ғариби аҳволимизга бир қаранг, султоним. Сахийлигимиздан шу куйларга тушиб юрибмиз-да, – дея жавоб қайтаради.

 

***

Бир куни ҳазрат Навоий юриб келаётган эдилар, изидан ит эргашди. Навоий керакли манзилга етганда ит акиллаб, овоз берди.

– Ҳазрат, итингиз наво қиладиларму? – ҳазиллашмоқчи бўлди сарой шоирларидан бири Биноий.

Биноийнинг бетакаллуф мурожаатидан оғринган ҳазрат Новоий дедилар:

– Ҳа... Ёшлигинда асраб олган эдим, бинойидай кўппак бўлди.

 

***

Наполеон рус генерали билан кўришганда, генерал унинг паст бўйлилигини мазахлаб, кинояли табассум қилади.

– Генерал, сиз мендан бор йўғи бир қарич узунсиз, – дейди. Шунда Наполеон:

– Ҳозироқ иршайишни бас қилмасангиз, сизни бу устунликдан маҳрум қиламан.

 

***

Наполеон парламентдан енгилади. Парламент ундан йўл қўйган хатоси учун узр сўраб, хат ёзиб беришни талаб қилади. Ушбу талабномани келтирган инсонлардан бири эса умри ғолиб томонга қочиб ўтиш билан ўтаётган, қачондир Бонапартга ҳам хизмат қилган Жозеф Фуше эди. Ҳамиша мағрур, жанговар кайфиятда турадиган саркарданинг уни кўриб ранги учади. Оёқ-қўллари қалтираб, сўзини йўқотиб қўяди.

 – Сизга нима бўлди, жаноб? – деб сўрайди Наполеонни олдин бундай аҳволда кўрмаган гуруҳ етакчиси. – Нимадан безовтасиз?

– Шундан безовтаманки, – жавоб беради Бонапарт, – қачон қараманг, сотқинлар мендан садоқат талаб қилишади.

 

***

Ўз даврининг машҳур актрисаларидан бири физик олим Альберт Эйнштейнга мазахловчи хат жўнатиб: “Келинг, турмуш қурамиз! Шунда болаларимиз менга ўхшаган чиройли, сизга ўхшаган ақлли бўлиб туғилишса, ажаб эмас”, –  деганида олим актрисага: “Мабодо болаларимиз менга ўхшаган хунук, сизга ўхшаган аҳмоқ бўлиб туғилишса-чи? Унда нима қиламиз?!” – дея жавоб қайтарган экан.

 

***

Бир ношир француз файласуфи Вольтерга қуйидагича мактуб йўллайди: “Менда сизни таҳқирловчи латифалар бор. Агар уч кун ичида минг луидор юборсангиз, уларнинг эълон қилинмаслик имконини қўлга киритасиз!”.

Вольтер қуйидагича жавоб қайтаради: “Каминанинг ўзида ҳам ўзим ҳақимдаги бундай латифалардан кўп. Агар уч кун ичида шу сўраган пулингизнинг ярмини жўнатсангиз, уларни қўшиб чоп эттириш имконини қўлга киритасиз!”

 

***

Ижодидан ташқари ҳозиржавоблиги билан ҳам ном чиқарган машҳур ёзувчи Марк Твен ўз мухлисларига дастхат ёзиб бераётиб, бир аёлга:

– Кўринишингиз жудаям ёқимли экан, –  дея хушомад қилади.

– Сиз ҳақингизда бундай дея олмайман, –  дейди, аёлнинг ҳазиллашгиси келиб. Ёзувчи одатдагидек жавобни ҳаяллатмайди:

– Ҳечқиси йўқ! Сиз ҳам менга ўхшаб алдашингиз мумкин!

 

***

Бир бой жаноб Марк Твенга савол берибди:

– Ақлингиз кўп-у, пулингиз кам. Бунинг сабаби нимада?

Ёзувчи жавоб берибди:

– Бунинг сабаби оддий. Масалан, сизнинг пулингиз кўп-у, ақлингиз кам. Табиат мувозанатни яхши кўради!

 

***

Шарқ якка кураши устаси Брюс Лидан интервью олишаётганида қайсидир мухбир:

– Сиз ўзингизни хитойлик деб ҳисоблайсизми ёки америкалик? – деган саволни ўртага ташлайди. Ўта қалтис сиёсий вазиятни пайқаб масъуллар таҳликага тушган бир пайтда спортчи ҳеч қандай зиддиятга ўрин қолдирмайдиган қилиб жавоб қайтаради:

– Мен ўзимни “инсон” деган энг олий жамиятга мансуб ҳисоблайман!

 

***

– Намоз ўқимаганнинг ҳукми қандай бўлади? – деб сўрашибди, таниқли бир шайхдан. Шайх жавоб берибди:

– Ўзингиз билан етаклаб, масжидга олиб келиш бўлади.

 

***

Бир киши саҳрода намоз ўқиб ўтирган эди, хаёли Лайли билан фаромуш бўлган Мажнун унинг олдидан кесиб ўтиб қолди.

– Қандай гумроҳсан, эй Мажнун! – деб уни маломат қилди намоз ўқиётган киши. – Ахир намоз ўқиётганимни кўрмаяпсанми?!

Мажнун деди:

– Қизиқ, Лайло билан (хаёлан) гаплашиб, сени кўрмабман. Мавло билан гаплашиб, сен мени қандай кўрдинг экан?..

 

***

Аъробийдан “Дунёни қандай кўрдинг?” деб сўрадилар. У жавоб берди: “Олиб қўйганини беради, бериб қўйганини олади... Худди ёш болага ўхшайди!”

 

***

Бир ота ўз фарзандини ўта қаттиқ жазоларди. Бир куни шоир Ориф Ниҳот насиҳат қилиб қўймоқчи эди, у билағонлик қилмоқчи бўлди:

– Ўзингиз ўйлаб кўринг! Ахир боғбон ҳам ниҳолнинг яхши ўсиши учун шохларини бутайди. Тагини ағдариб, ерини юмшатади-ку!

Ориф Ниҳот тутақиб кетди:

– Шундайликка шундай! Лекин бирорта боғбон ниҳоли яхши ўсиши учун унинг қулоғидан тортиб, калтак билан савалаётганини кўрганмисан, бетамиз!

 

***

Машҳур врач Сергей Боткин Петербург ҳарбий-тиббиёт академиясида дарс берарди. Кунлардан бир куни у танбал талабани учинчи марта имтиҳондан “йиқитади”. Талабанинг дўстлари профессор билан учрашиб, унинг аҳволи оғирлигини, бояқиш омадсизликдан изтироб чекиб, алам устида ўз юрагига пичоқ санчмоқчи эканини айтишади.

– Ортиқча ташвишга ҳожат йўқ, – дейди профессор баттар жаҳли чиқиб, – дўстингиз одам анатомиясини шу қадар ёмон биладики, ҳатто юрагини топа олишига шубҳам бор!

 

***

Атоқли рус шоири Владимир Маяковский политехника институтига учрашувга боради. У ерда нутқ сўзлаётиб:

– Мен руслар орасида ўзимни русдек ҳис этаман, грузинлар орасида грузин... – деган гапни айтиб ўтади.

Шу пайт кимдир:

– Аҳмоқлар орасида-чи, – деб луқма ташлайди-ю, залдан бир нечта одамнинг кулгани эшитилади.

– Билмадим, –  жавоб беради шоир, – рости, уларнинг орасида биринчи марта бўлишим.

 

Байрам АЛИ тайёрлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 97
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 144
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 225
“Бирпас”ми, “иккипас”?..

Қатра

18:10 / 30.10.2024 0 146
“Яшашга шошиламан”



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 5914
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4896
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4540
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3963
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3408
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2972
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2890
Туғилган кун

//