Ишкомда ўсган томошақовоқ, чўп ўйинчоқлар ва қўғирчоқ театри – хонадонда очилган креатив музейга саёҳат


Сақлаш
03:08 / 30.08.2023 0 739

Тошкентда қовоқлардан иборат музей ҳақида эшитганмисиз? Шаҳарнинг Мирзо Улуғбек тумани, Султония кўчаси-62 манзилида Бахтиёр Пўлатов ва унинг турмуш ўртоғи Дилдора Пўлатовалар ўз уйларида антиқа музей бунёд этишган.

 

 

Дарвозадан киришингиз билан 200 йиллик тарихга эга икки хонадан иборат музейнинг кириш қисми бўй кўрсатади. Бу уйда сулоланинг беш авлоди истиқомат қилган. Оилада доим кенжа ўғил ота уй чироғини ёқиб келган ва шу вақт мобайнида анъанага мувофиқ кенжа ўғил сифатида Бахтиёр акага меърос бўлиб қолди. Ён-атрофдаги одамлар — “Бу уйни буз, эски уй ҳеч қаерда қолмади, янги иморат қур!” — дейишларига қарамай Бахтиёр ака уйни бузмай, келажак авлод эски ҳовлиларни кўрсин деб иморатни сақлаб келган.

 

Музей қарийб 2002 йилдан буён фаолият юритади. Бу хонадон ичида 32 хил қовоқ навлари етиштирилади, қўл меҳнати билан бунёд бўлган қўғирчоқлар, ниқоблар, қандиллар ва бошқа хилдаги амалий санъат асарларидан кўзингиз ҳайратланади! Қовоқлар аввалига ўзимизда етиштириладиган навлардан бўлган, кейинчалик Америка, Хитой, Индонезия, Япония ва Европа давлатларидан келган туристлар доим ўзлари билан қовоқ уруғларини олиб кела бошлашган. Узун ва калта дастали томошақовоқ, картошкақовоқ, Маракас шулар жумласидан.

 

 

 

Қовоқларга ўсиш давридаёқ пластик идишлар, турли ип ва арқонлар билан шакл бериш бошланади. Ўйинчоқларга безак бериш, нақш, суврат тушириш ишлари ўн кундан уч йилгача вақт талаб қилади. Уларнинг ҳар донасига бўёқ ва бошқа материаллар учун тахминан 40–50  минг сўм атрофида маблағ кетади.

 

Бахтиёр ака ва Дилдора опа нафақагача мактабда ўқитувчилик қилиб, болаларга физика-математикадан сабоқ бериб келган.

 

 

– Нафақага чиқиб, энди нима қиламиз, ҳаётнинг охири шуми энди, уйга қамалиб олиб ўтирамизми?! Кел, ундан кўра, дарвозани очамизда, музейми, бирор нима қилиб, қолган умримизни халқимизга бағишлаймиз деб ишни бошлаганмиз. Музейни очиш осон кечгани йўқ. Туппа-тузук олий маълумотли одамлар эшикни ланг очиб, эски-тускиларни осиб қўйибди, нима бўлган буларга, деб ҳамма аввалига устимиздан кулган, – дейди Бахтиёр ака. – Уларга эътибор қилмай, бошқа нарсага оғишмай ишладик. Мана, ўн беш йил ўтди, меҳнатимиз натижаси энди кўрина бошлади. Ўйинчоқлар баъзида жуда тез битади, бир хил вазиятда эса жуда секин. Энг қийин жараён ўйинчоқ характерини яратиш, чунки усиз қўғирчоқ жонли чиқмайди.

 

 

Музейда асли олмалиқлик, ҳозир Индонезияда яшаётган корейс оиласи бор эди. Улар — “Ажойиб ва креатив, айниқса болалар учун жуда қизиқарли, кутилмаган, ўзгача кўтаринки кайфиятга тушдик. Рақс, ашулла, қўғирчоқ театри, чолғу асбоблари – бариси гўё бир спектакл бўлди биз учун” – дея таърифлашди.

 

Бахтиёр ака ёши улуғлигига қарамай ёш усталарга шогирд тушиб, кечалари мусиқа чалиш, ашулла айтиш, махсус ускуналарда ўйинчоқларга ишлов бериш, бўяш каби ишлардан сабоқ олади, қунт билан ўрганади. Бугун маҳаллада унинг талайгина шогирдлари бор. Ёш болалар ўзлари қизиқиб ўйинчоқ ясаш сирларини ўрганишади. Қовун, тарвуз, писта, ёнғоқ каби ҳар хил мева ва уруғлардан чорчўпларга териб, портет ясашади. Музей келажаги ҳақида сўраганимизда эса шундай дейди — “Учта қизимизни узатганимиздан сўнг бутун кучимизни, вақтимизни, соғлиғимизни шу музейга бағишлаганмиз. Шунча меҳнатимиз увол бўлмаслиги учун, биздан кейин келажак авлод ҳам бу ишларимиздан баҳраманд бўлишини таъминлаш учун музейимизда жон-жаҳдини бериб ишлайдиган давомчи излаяпмиз. Агар шундай инсон бўлса, бу ердаги ишларнинг ҳаммасини ўргатиб, топшириб кетардим, лекин ҳали унақа одам учратмадик”.

 

 

 

 

Ўйинчоқларга дунёнинг турли мамлакатлари жумладан, АҚШ, Германия, Индонезия, Россия, Хитой, Япония, Греция каби давлатлардан келган меҳмонлар ўзлари билан совғалари олиб кетишади.

 

 

Шундай қилиб, ҳовлидан ичкарироқ кирсангиз, яна бир нечта кенгроқ хоналар жойлашган. Булардан биринчисида Бахтиёр ака доира, рубоб, дутор каби миллий чолғу асбоблари жўрлигида халқ қўшиқлари ва  лапарлардан жонли куйлаб бериб, меҳмонлар учун қўғирчоқ ўйинларини намойиш этиб беради. Хона деворлари ўйинчоқ ва портретлар билан тўлган. Ҳар бир ўйинчоққа аҳоҳида характер берилган ва турли хил либослар билан безатилган. У ердаги ўйинчоқларда лаганда ош кўтариб турган отахон, анор ушлаб турган қиз, тарвуз кўтарган чол, елкасига сават осган йигит, нон ушлаган момо каби  образлар гавдалантирилган. Шу аснода сиз у ерда миллий либосларни кийиб, ўзингиз ҳам мусиқа асбобларини чалиб кўришингиз мумкин. Кейинги хонада эса, ўйинчоқ тайёрлаш жараёнлари билан танишасиз. Ўйинчоқларнинг аксар қисми шу ерда ясалади. Уларга ранг берилади, образ топиб, расм туширилади. Ҳовлининг навбатдаги қисми боғ бўлиб, узум ва қовоқ мевалари бошингиз узра осилиб туради.

 

 

Музей ўзининг энг кичик ва энг катта қовоқ ўйинчоқларига эга. Энг кичик  қовоқни кафтингизда ўйнаб кўришингиз мумкин. Бундан ташқари меҳмонлар музейдан олган таассуротларини баён этишлари учун алоҳида кундалик тутилган. Кўп спортчилар, машҳур санъаткорлар, турли давлатдан келган меҳмонларнинг хотиралари шунда сақланади. Сиз ҳам ўз фиркларингизни қоралаб, тарихга муҳрлаш имкониятига эгасиз.

 

 

 

Музей – болаларда миллийликни таниш ва шакллантириш учун жуда қулай жой. Ўқиш ва таътил кунлари мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчилари учун қовоқ музейига саёҳатлар уюштирилади, турли томошалар қўйилади. Хуллас, қовоқлар уйининг шаҳар шовқинидан алоҳида, ўзига хос олами сизни ва фарзандларингизни кутмоқда.

 


Абдуманнон МУҲАММАД,

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 11
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 36
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 121
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 156
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6083
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4916
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4555
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3981
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3411
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2979
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2895
Туғилган кун

//