Биласизми?
Италия таркибидаги энг йирик орол – Сицилияда Бухорий қишлоғини учратиш мумкин. Лауро тоғининг этагида жойлашган ушбу ҳудуд неча асрлик тарихи сабабли сайёҳлар учун доим қизиқ бўлиб келган. Оролга саёҳат қилган одам у ерда юнонлар, римликлар, византияликлар, бундан ташқари, араблар ва норманлар маданияти қолдиқларини учратади. Жой номлари ва кўплаб тарихий иншоотларда ҳам бу яққол кўзга ташланади. Буккери қишлоғи тарихи ҳам айнан Бухоро номи билан туташиб кетади.
Тарих фанлари доктори, профессор Роберт Ланда оролга қилган саёҳати чоғида Буккери номли қишлоқ борлигига гувоҳ бўлди. Унинг тарихи билан қизиққач, “Буккери” – “бухорий” сўзининг бузиб айтилган шакли экани ва IХ–Х асрларда Бухородан келган бир жамоа оролни маскан тутгани ҳақида аниқлади.
Бухорийлар олис Италиядаги бу оролга қандай бориб қолган? Тарихдан маълумки, милодий саккизинчи асрда мусулмонлар Сицилияни фатҳ этди ва 1091 йилгача ҳукмронлик қилди. Фотиҳлар орасида араблар, барбарлар, занжи африқоликлар ва бошқа Ислом мамлакатларининг вакиллари бўлган. Италия шарқшуноси Микеле Амарнинг ҳисобига кўра, ҳозир оролда бир вақтлар мусулмонлар барпо этган ёки эгаллаган шаҳар ва мавзеларнинг арабча 328 номи ҳамон сақланиб қолган.
Мусулмонларнинг кемалари Сицилиядаги истеҳкомлари ёрдамида Италия, Испания соҳилларига Ислом даъвати билан етиб борди. Айни пайтда оролда ҳукмронлик ўрнатилганидан кейин қишлоқ хўжалиги гуллаб-яшнади, сунъий суғориш кенг қўллана бошлади.
1061–1091 йилларда норманлар ҳужуми сабабли оролнинг тинчи бузилди. Бироқ Сицилиядаги араб-ислом маданиятининг кучи ва унинг босқинчиларга таъсири шунчалик катта эдики, ҳокимият алмашуви ҳам ҳеч нарсани ўзгартира олмади. Шаҳарлик мусулмонларнинг анчагина қисми оролни тарк этиб, Миср ва Мағриб ўлкаларига кўчиб кетган бўлса-да, норманлар давлатида араб тили ва маданияти гуллаб-яшнайверди.
Сицилиядаги араб-ислом маданияти ўн иккинчи-ўн учинчи асрларда, айниқса, бир пайтнинг ўзида Олмония императори ва Қуддуси шариф қироли бўлган Фридрих Иккинчи даврида гуллаб-яшнади. Қирол бир қанча мусулмон олимлари ва файласуфларига ҳомийлик қилди, ўзи чин мухлиси бўлган Ибн Сино ва Ибн Рушд асарларини арабчадан лотин тилига ўгиришга фармон берди.
ХV асрга келиб Сицилияда араб тили йўқолиб кетса-да, таъсири узоқ вақт йўқолмади. Унинг излари аҳоли масканлари номларида, тил лаҳжаларида, айрим урф-одатларда, оролнинг ҳозирги тарихий манбаларида сақланиб қолди. Оролдаги Бухорий қишлоғи ана шу олис тарихнинг бир шуъласидир.
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ