Биласизми?
Қуйида мактублари берилаётган ижодкорлар ёзганлари сўнгги мактуби эканини билишмаган. Бироқ уларни ўқир экансиз, адабиёт ҳамда сўзга садоқат, мактуб эгасига ҳурмат ва муҳаббат, ҳаётнинг баъзи аччиқ ҳақиқатлари, англамлари ётганини ҳис қиласиз...
Артур РEМБО
Таниқли шоир Артур Рембо ёшлигида шеъриятни тарк этиб Африкага йўл олади ва у ерда қурол савдоси билан шуғулланишга аҳд қилади. 10 йилдан сўнг саратонга чалингани туфайли Францияга қайтиб келишга мажбур бўлади. Марселдаги касалхонада даволанаётган шоир тезроқ тузалиб аввалги касбига қайтишни хоҳлайди. Шу мақсадда у охирги хатини Франция денгиз транспорти компанияси раҳбарига йўллайди. Мактубни эса синглиси Изабелга ёздиради. Шоир ўша куни тонгда 37 ёшида мангуга кўз юмади:
“Ҳурматли мудир!
Сувайшга қатновчи “Афинар” кемасининг чипта нархини ёзиб бера оласизми? Чунки, камина тамомила фалажланиб қолдим. Шу сабабли ҳам иложи борича тезроқ кемага етиб олишни истайман. Ходимларингизга кемага ўз вақтида етиб боришим учун менга ёрдам беришларини топшира оласизми?
9 ноябрь, 1891 йил.
Марсел”.
Оноре де БАЛЗАК
Машҳур Франциялик ёзувчи Балзак бўйнигача қарзга ботгани учун тинимсиз ёзишга мажбур бўлган. Ёзув столидаги бедор кечалар уни бутунлай ҳолдан тойдиради. Дўсти Теофил Готега ёзган мактубини умрининг сўнгги кунларида унга котибалик қилган рафиқаси Ҳанска кўчирган бўлсада, охирги жумлани Балзакнинг ўзи битганди:
“Азизим Теофил!
Менга бўлган эътиборингиз учун чин юракдан миннатдорман. Сўнгги ташрифингизда уйда бўлмаганим аҳволим яхшилигини англатмайди. Шифокор ташқарига чиқишимни тақиқлаган бўлса ҳам божхонадан баъзи нарсаларимни олишга кетгандим. Бронхит ва жигаримдаги оғриқ аста-секин камайиб бормоқда, аммо барибир ҳали на ёза, на ўқий оламан. Шифокорнинг айтишича, ҳаракатланишим мумкинмас, бир сўз ҳам айтмай ётишим, дам олишим керакмиш. Кейинги сафар келишни ихтиёр қилсангиз, илтимос, олдиндан бир оғиз айтиб қўйинг, токи кўпдан бери кўрмаган дўстимни кўнглимдагидек кутиб олай.
Яхши кўрувчи дўстингиз.
20 июль, 1850 йил.
Париж”.
Пол ВАЛEРИ
Пол Валери сўнгги мактубини ўлимидан бир неча кун аввал ношир ва ёзувчи дўсти Жан Волега йўллаган:
“Азиз дўстим!
Очиғи, кечаги азобларим такрорланишини хоҳламадим. Шунинг учун шифокорлар оғриқ қолдирувчи дориларнинг дозасини бироз оширишди. Бугун нисбатан яхшиман. Бошдан-оёқ совуқ қотяпман, бироқ даҳшатли титроқлар тўхтади. Сизга касаллик эмас, бошқа нарсалар ҳақида ёзмоқчи эдим, афсуски, ҳали ҳолатим яхшиланмади. Ажойиб туҳфа юборибсиз. Бундай ҳадяни сиздек олижаноб инсондангина олиш мумкин. Жума куни келинг, кутаман. Умид қиламанки, бизникига ташриф буюрганингизда мени комада кўрмайсиз. Қачон кўришар эканмиза? Қаранг, нақадар бадбахтман!
Аммо барибир минг шукр! Ҳаммаси учун раҳмат!
6 июль,1945 йил”.
Виктор ГЮГО
Жаҳонга машҳур ёзувчи Виктор Гюго ўзининг сўнгги мактубини унга асарини юборган Чарлз Франжу исмли муаллифга ёзган:
“Ҳурматли Чарлз!
Китобингиз ҳиссиётга бой, таъсирчан ва содда ёзилибди. Бошидан охиригача диққат ва катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Нимасини яширай, ўқирканман, кўз ёшларимни тиёлмадим. Сезилиб турибдики, асарни чин юракдан, сунъийликдан йироқ ҳолатда ёзгансиз. Бу муваффақиятга эришишнинг энг бош омилларидан саналади. Бу йўлда жасорат билан олға юринг. Шубҳам йўқ, сиз истеъдодлисиз!
20 март, 1885 йил.
Париж”.
Райнер Мария РИЛКE
Таниқли австриялик шоир Райнер Мария Рилке сўнгги мактубини ўлимидан бир неча кун олдин биринчи муҳаббати бўлган, россиялик психоаналитик ва ёзувчи Лу Саломега жўнатган:
“Азизим, илтимос, ҳассос борлиғимнинг оқибати шу экан, деб ўйлама тағин. Энди у бу хасталикдан қандай қутулиш йўлини билмайди. Яхши биласан, камина соғлом вужуд ва ҳаёт учун ўзини ҳамиша жисмонан азоблаган. Аммо бу оғриқлар умуман бошқа, улар бугун вужудимни тамомила ишғол қилди. Очиғи, чидаш мушкул. Хўш, у ёқда вазият қандай? Негалигини билмайман, аммо охирги пайтлар бошим узра қора булутлар сузиб юрганини ҳис қиляпман.
Муҳаббат билан сенинг Райнеринг!
13 декабрь, 1926 йил
Монтро”.
Тўпловчи ва таржимон:
Раҳмат БОБОЖОН
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ