Биласизми?
Олимлар тил ўрганиш хотиранинг мустаҳкамланиши, диққатни жамлаш, ижодий ва тасаввур бойлигининг ўсиши, нутқнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатишини исботлашган. Чет тилини ўрганишни эрта бошлаган болалар одатда тенгқурларига қараганда юқори ақлий салоҳиятга эга бўладилар. Бундан ташқари, тил ўрганиш жараёнининг ўзи болага кўплаб ижобий кечинмалар улашади.
Бола мияси тез мослашувчан бўлиб, ҳар қандай фаолият турини ҳам осон ўзлаштира олади. Бугунги кунда кўпчилик ота-оналар фарзандларига айнан неча ёшдан тил ўргатишни бошлаш ҳақида бош қотирмоқда. Бу борада бутун дунёда турли қарашлар мавжуд. АҚШнинг Массачусетс технологик университети нейро-ва когнитив фанлар маркази мутахассислари хорижий тилларни ўрганишни бошлаш учун энг яхши ёшни маълум қилишган. Натижада хорижий тилни ўша тилда сўзлашувчилар каби мукаммал эгаллашда энг катта имкониятларга тилни ўрганишни 10 ёшгача бошлаганлар эгалиги аниқланган. 18 ёшдан кейин ҳам тилни тез ўрганишга лаёқат сақланиб қолади, бироқ уни мукаммал эгаллаш анча қийинроқ бўлар экан.
Аслида тил ўрганишга ҳеч қачон кеч эмас. Аммо боланинг мияси тахминан 3 ёшдан 10 ёшгача барча янгилик, билимларни сингдириб олади. Боланинг 5 ёшдан 8 ёшгача бўлган даврини лингвист-педагоглар “олтин ўрта” яъни, чет тилини ўрганиш учун энг яхши давр, деб ҳисоблайдилар.Чунки бу даврда аксарият болалар ўз она тилини яхши ўзлаштириб, нутқ нуқсонларидан халос бўладилар, нутқ бой ва ифодали бўла бошлайди. Чет тилини ўрганишда кўр-кўрона ёдлаш эмас, онгли равишда муносабатда бўлиш самаралироқ. Фикрлаш “етуклик” ҳам талаб этади, жумладан, диққатни жамлай олиш муҳим. Беш ёшли болада бу каби кўникмалар тўлиқ бўлмаса-да, шаклланиб бўлади. Боланинг ижтимоий мослашуви, яъни гуруҳда ўзини тута билиши зарур. Чунки тил ўрганиш бошқа болалар билан мулоқотни талаб этади, дейди тадқиқотчилар.
Аммо, япониялик олим Масару Ибука ўз китобида боланинг қобилиятларини ривожлантиришга уч ёшдан кейин кеч бўлишини ёзган. Унинг “Учдан кейин кеч” номли китобида ўқитувчи Масао Нагатанинг тажрибаси ҳикоя қилинади. У ишдан бўшаб ўз ҳаётини фарзандлари тарбиясига бағишлайди. Бир вақтнинг ўзида икки ярим яшар ўғли ва уч ойлик қизига инглиз, испан, италян, немис, франсуз ҳамда ўз она тилини ўргата бошлаган. Масао Нагата болаларининг беш тилни бир вақтда ўзлаштиришда чалкашмаганлигини айтади. “Биз хорижий тиллар билан фақат радио орқали шуғулланар эдик. Бу радиоэшиттиришларни жуда мулойим бошловчилар олиб борар эди. Талаффуз машқлари узоқ вақт давомида такрорланарди. Болалар ўзлари гапирганида ҳамма нарсани тўғри талаффуз қилар эди,” дейди у.
Илк бор эшитганимизда бу ғайриоддий туйилиши аниқ. Ҳали бирорта сўзни талаффуз қилолмайдиган гўдакнинг бутун бошли тилни ўрганишига ишониш қийин. Бироқ, миянинг физиологик тадқиқоти ва болалар психологиясини ўрганиш натижаларига кўра, бола ақлий қобилиятининг ривожланиши бу унинг биринчи уч йилда, яъни мия ҳужайраларининг ривожланиш даврида олган таълимига боғлиқ. Ахир халқимиз орасида ҳам бешикдан то қабргача илм изла, деган мақол бор. Замонавий илм-фан, турли тадқиқотлар ҳам халқимизнинг донишмандлигини, бу кўҳна ҳақиқатни бот-бот тасдиқламоқда.
Аммо болани зўриқтириш керак эмас. Бола мажбурий бўлмаган машғулотларни осон қабул қилади. Тилни ўйин шаклида ўрганиш бола учун энг самаралидир, чунки қизиқиш билан амалга оширилган жараёнда бола ахборот ва билим қабул қилишга тайёр бўлади. Қизиқиш сўниши ҳамоно у эътиборини бошқа нарсаларга қарата бошлайди. Бунда болани беҳаловатликда, эътиборсизликда айблаш ноўрин. Зеро, бу хатти-ҳаракатлар боланинг табиий ҳимоя механизми ҳисобланади. У биздан фарқли равишда узоқ вақт бир тарзда ўтира олмайди. Болалар кўрган нарсасигагина ишонади ва яхши эслаб қолади. Уларда кўриш хотираси эшитиш ва ҳис-туйғу хотирасидан кучлироқ. Шу боис, ҳам чет тилини ўргатишда турли суратли карточкалардан фойдаланиш унумлидир.
Баъзилар боласи ҳали икки-уч ёшга кирмай туриб, унинг тарбияси «нобоп»лигидан шикоят қилишни бошлаб юборишади. Норасида гўдакни худди катталардан талаб қилинадиган «қолип»ларга солишга, унинг одоб-ахлоқини «ўнглаш» ҳаракатларига киришилади. Бу ҳам хато йўл. Чунки ҳали суяги қотмаган, яхши ва ёмон нималигини англамаган ёш болани ҳадеб тергайвериш, уни турли қолипларга солишга уриниш, кучи ва иқтидори етмайдиган машғулотларга мажбурлаш иродасини синдириши, руҳига салбий таъсир кўрсатиши, кейинчалик ҳамма нарсага бефарқ ва лоқайд қарайдиган қилиб қўйиши мумкин. Болага эрта таълим беришни, уни мажбурлаш ва қийнаш билан адаштириб юборманг.
Нилуфар ИБРОҲИМОВА
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ