Биласизми?
Тақвимий маросимлар йилнинг охирги чораги қиш фаслида ўз ниҳоясига етади. Ўрта Осиё халқларида қиш фасли билан боғлиқ маросимлар шимолий, қорли ўлкалардаги халқлардагига нисбатан озроқ бўлса-да, лекин ўзига хос “Биринчи қор”, “Гап-гаштак”, “Сандал ўйинлари”, “Ялдо кечаси”, “қишки чилла” (Чилла кирди, Кичик чилла, Чилла чиқди) каби маросимлар ва одатлар қадимдан ўтказиб келинган. Биринчиси, “қор хат” деб номланиб, хурсандчилик билан; иккинчиси, эса “қор ёғди” деб номланиб, бирмунча қайғули тарзда нишонланган. “Қор хат” одати қадимда кенг тарқалган анъана бўлиб, ҳозирга қадар давом этиб келмоқда.
Одамлар белгиланган шартларга кўра “қор хат”ни ўзига яқин кишилардан, яъни дўстлари ёки қариндошларидан бирига ёзади ва сездирмасдан уларнинг қўлига бериши ёки чўнтагига солиб қўйиши керак. Хатни муаллифнинг ўзи ёки бошқа бирор одамни ёллаб етказиши мумкин, сўнг борган ҳовлисининг чегарасидан чиқиб олгунига қадар қўлга тушмай қочиб кетиши керак. Акс ҳолда у кулгили кўринишдаги кўнгилсизликларга учрайди. Мактубни “билмай” қабул қилган киши эгасига қайтара олмаса, хатда ёзилган шартларни бажаради. Агар дарров эгасига топширилса, унда муаллиф масъулиятни ўз бўйнига олади.
Баъзи ҳолларда қўлга тушган “қор хат” муаллифининг юзига қоракуя суртилган, эшакка тескари миндирилиб, кўчаларда одамлар орасида масхара қилинган. Қишлоқларда “қор хат” олиб келган одамнинг мақсадини хонадон эгаси сезиб қолса, олдиндан унинг йўлига пойлоқчи қўйган ва хат олиб келган кишини ушлаб олиб, қорбўрон қилиб, зиёфат беришга мажбур қилган. Қорхат ёзишдан асосий мақсад “рақиб”ни зиёфатга тушириш бўлгани учун қачон, қаерда, неча кишига берилиши лозимлиги албатта кўрсатилади.
Халқ оғзаки ижоди ва адабий-бадиий асарлардан “Биринчи қор” ва “Қорхат”га оид кўплаб намуналар мавжуд. Ойбекнинг “Навоий” романида қорхат ҳақида айтилган қуйидаги ўринлар бор: “Тансиқ қорни ғанимат билиб, катталар ўз дўстларига қорхат ёзиб, ўзига хос завқ бағишловчи қишки зиёфатларга юра бошлаганлар”.
Қорхатдан намуналар
ҚОРХАТ
Қўлингизда ярқираб турган бу хат – қорхат, укам,
Қўлга тушдингиз, иложсиз, белни боғлайсиз маҳкам.
Бисти панжум йиғилурмиз улфати чор, ўргилай,
Ҳарнаки топган – таянган бўлса ночор, ўргилай.
Ўн қадоқ гўшт, бир қази – тошкентча “норин”, дейдилар,
Қўлга тушгач, хоҳ ранжи, хоҳ оғрин, дейдилар.
Иссиқ уйда сиз мулозим, биз таралло қилгумиз,
Мияни қўлга қоқиб бергунча ялло қилғумиз.
Воқеан, ёддан чиқай дебдир талабнинг тантиси,
Яхна гўшт, япроқ қази – закускамизнинг мантиси.
Ким келур эркан десангиз: сақлабон эски удум,
Мен бўлурман, мавлавий Шайх, мулла Уйғуни фўрум.
Ёз ҳам ўтди, куз ҳам ўтди, қорга чўмди боғлар,
Боғингиздан бир ғужум ҳам тотмади ўртоғлар.
Собиро, тан бер ўзинг ҳам, биз каби меҳмон қани,
Борми инсофинг, оромизда ушлаган нон қани?
Балки бу суҳбат аросида ечилгуси тугун…
Хулласи, ман ярғабу бўлсин зиёфатлар тўкун,
деб Ғафур Ғулом.
1945 йил 16 ноябр
Алломахон Хакимова
Қорхат... (Қорахат)
Бугун биринчи қор ёғди. Юрагимга ҳам. Борлиқ музлади. Юрагим ҳам. Куз билан хайрлашдим келаси йилгача. Сиз билан ҳам, абадийга. Ўйлардимки, оппоқ қорлар замин бағрига киприкларимиздан бирга-бирга тўкилади деб. Ўйлардимки, само бошимиздан бахт элайди-ю, юракларимиз қаҳратонда ҳам ўз оташида борлиқни ёндиради деб. Ўйлардимки, қисқагина кундузларнинг узооооқ кечалари қулоқларимизга меҳр тўла ҳислар тилида мўжизалар сўзлайди деб. Ўйлардимки.....
Ўйламасам бўлар экан, азизим. Аслида мавжуд бўлмаган дунёлар, мавҳумликка маҳкум рўёлар, телбавор, мажнунсифат савдоларни ўйламасам бўлар экан.
Ожизгина юрагим қучиб самоларга тикилдим, бахт эланмади. Киприкларимга қор қўнди-ю, заминга эмас, юрагимга тўкилиб кетди. Сизни ўйладим. Аслида мавжуд бўлмаган дунё теграмда айланди-ю, мавҳумлик сари, йўқлик сари сингиб кетди. Сиз ҳам....
Биринчи қор билан, азизим!
Шодмонқул Салом
Қорхат (бадиа)
Устимда нимадир юргандай бўлди. Тиззамни, сўнгра оёғим учларини босиб турди. Кўзим юмуқ ҳолимда, мушук деб ўйладим. Онамнинг товуши келди: тушир анови етимчани, Чиннихол. Опамнинг кулгуга тўлиқ овози эшитилди: “Эна, сийиб юборди”. Онам ҳам кулди ва мен сари талпинди чоғи кўзимни очдим. Уйқум очилмай анқайиб, менга ажабланиб қараб турган қўзичоқни кўрдим. Кўзлари қоп-қора, момиқ жунлари ҳўлдай жимирлаб кўринади, киндиги узун, қуримаган. Онам уни кўтариб печка томонга олиб кетди. Қўзичоқ мен ёпиниб ётган кўрпанинг устига… қўйиб юборибди, ярамас. Бу унинг ёруғ дунёдаги биринчи иши эди. Туриб ўтирдим. Уй тўрида гўшт супра ёйилган, отам дўқиллатиб ёнғоқ тўнкада гўшт тўғраётир.
Қўзичоқ туғилибди, аниқроғи боши катталик қилиб, совлиқни ёриб боласини олишибди. Кечанинг бир вақтида отам билан акам шу ишни қилибдилар. Эртачи совлиқлар қўзилай бошлабди-да. Тийрамоҳнинг изғиринли, сўнгги кунлари қонталош баргларни зирқиратиб ўтади, мактаб йўлида сумкадан нон олиб, ковшаниб қайтаётган болаларнинг эгнига бултирги либосларини илади бу кунлар. Тонглар совуб, чўпон-чўлиқнинг қўл ва лаблари баайни совуқ очган кўсакдай ёрилади. Аввал ёмғир, кейин қор…
Кичик опам бурчакда пахта чигитлаб ўтирибди. Онам эса қозон осилган печкага куймаланади. Акам гўшт тўғраётган отамга қарашаяпти. Отам ҳар замонда уни уришиб қўяди. Онам менга:
– Калтабой, тур энди. Қор тушди, — деди.
– Қор?
– Ҳа, энди томнинг устидан этигингни об тушасан.
* * *
Биринчи қор – Яратганнинг бандаларига мактуби!
Биринчи қор – табиатнинг самимий таскини.
Биринчи қор – болаликнинг қўл билан ушласа бўладиган ҳайратлари рангида бўлади.
Биринчи қор – юраклардан эланиб ўтиб келган, дилнинг бир пок манзилида ётган туйғуларнинг дунёга термулиши (худди деразадан қараб турган Манзурадай).
Биринчи қор – муҳаббатнинг сирли тортиғини бировга айтмаса бўлмайдиган қутлуғ хабар.
Биринчи қор – қорхатдай учаётган қушларнинг кўзларида оламнинг беадоқ акси.
Биринчи қор – кўнгли кенгайган дунёнинг оромли хўрсиниғи.
Биринчи қор…
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
1 Изоҳ
Кенжаева Шахноза Иззатуллоевна
12:01 / 01.01.1970
Зур. Хакикатдан хам. Унитиб борилмокда