Биласизми?
13-ноябр – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ташаббуси билан “Халқаро кўзи ожизлар куни” сифатида белгиланган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ушбу санада кўриш қобилиятини йўқотган, яхши кўрмайдиган инсонларга ҳаётда ўз ўринларини топишларига шароит яратиб бериш, билим олиш имкониятларини кенгайтириш, бандлигини таъминлаш масалалари қайта кўриб чиқилади, улар қўллаб-қувватланади.
Инсоният тарихида кўз нуридан айрилган шундай буюклар борки, уларнинг фаолияти, амалга оширган ишлари, адабиёт, санъат, сиёсат ва яна кўплаб соҳалардаги фидойиликлари бутун дунёда олқишлаб келинади.
Гомер
Антик дунёнинг энг машҳур ёзувчиси Гомернинг кўзи ожизлиги ҳақидаги афсоналар бизгача етиб келган. Тарихий манбаларга кўра у “Илиада” ва “Одиссея” достонларининг муаллифи.
Унинг ҳаёти ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Яшаб ўтган даври милоддан аввалги ХII аср ва VII аср оралиғи деб кўрсатилади. Гомернинг сўқир бўлгани, ўз асарларини бахшилар каби оғзаки айтгани маълум. Уларни ким, қачон ёзиб олгани эса аниқ эмас.
Бугунгача дунёга машҳур “Троя” бадиий филмига ҳам Гомер достонлари асос қили олинган.
Луи Брайл
Бугунги кундаги кўзи ожизлар расмий ёзувини яратган Луи Брайлни билмаганлар бўлмаса керак. 1809 йилда Франциянинг Кувре шаҳарчасида туғилган Луи 3 ёшида отасининг устахонасига кириб, оғир жароҳатланади. Натижада, кўзлари кўрмай қолади.
У пайтларда кўзи ожизларга мактаблар бўлмагани учун ота-онаси Луини оддий мактабга беради. Дастлаб ўз хотирасига суяниб амаллаб ўқиган Луи 10 ёшида кўзи ожиз болалар учун махсус стипендия соҳиби бўлади.
Брайлда ҳарбийлар қоронғида фойдаланувчи ёзув тизимини ўзи кабилар ўқиши учун қўллаш фикри туғилади. 20 ёшли Луи 6 нуқтали кодга асосланган, бугунги кунда бутун дунёда фойдаланиладиган алифбони яратишга муваффақ бўлади.
Ёзув илмий рамзларни ҳам ифодалаш имконини берарди. 1834 йилда Брайл ўз ихтиросини Париж санъат кўргазмасида намойиш қилади ва кейинги 20 йил ичида алифбодан бутун дунё фойдалана бошлайди.
Ҳелен Келлер
Болливуднинг машҳур “Зулмат” филмини эсласангиз керак. Ўша машҳур қаҳрамонимиз айнан америкалик ёзувчи Ҳелен Келлер ҳаётини тасвирлаган эди. 2005 йилда ҳиндистонлик кинорежиссёр Санжай Лила Бхансали Келлер ҳаётидан илҳомланиб, у ҳақида филм суратга олди. Кўплаб мукофотларга сазовор бўлган картина бугунги кунда ҳам бутун дунё томонидан севиб томоша қилинади.
Ҳелен Келлер 1880 йилда АҚШнинг Алабама штатида туғилган. У машҳур ёзувчи ва сиёсий фаол сифатида дунё тарихида ўз ўрнига эга. Болалигидан кўриш ва эшитиш қобилиятини йўқотган Ҳелен ўқитувчиси Анне Салливан туфайли ҳаёт қийинчиликларини енгди. Ҳелен ўз ҳаёти тасвирланган китоблар ёза бошлади ва улар машҳурликка эришди.
“Дунёдаги энг гўзал нарсаларни кўриб бўлмайди, уларни қалбан ҳис қилиш кифоя”, деб такрорлаб юрувчи Ҳелен ҳақида кўплаб асарлар яратилди. Улар орасида болаларга аталганлари ҳам бор эди. Унга бағишлаб филмлар ҳам олинган бўлиб, уларда Ҳеленнинг ҳаёт машаққатини қандай енггани тасвирланган.
Андреа Бочелли
Бочеллининг қўшиқларидан завқланмаган инсон кам топилса керак. Истеъдод шундай, кимга насиб этмасин, инсониятни ҳайратга солишда давом этаверади. Андреа ҳам 12 ёшга тўлгач, бутунлай кўзи ожиз бўлиб қолди.
Бочелли қўшиқ айтиш орқали тушкунликдан чиқиб кетди. Кейинроқ Пиза университетининг ҳуқуқшунослик факултетига ўқишга кирди.
Аммо ҳуқуқшуносликдан кўра санъат унинг тақдирини ўзгартириб юборди. Италиялик тенор Франко Корелли билан ҳамкорликдан сўнг машҳур бўлиб кетди. 90 йилларда ҳайратга тушган Лучано Паворотти уни фестивалга таклиф этади. Шундан сўнг унга бутун дунё қизиқа бошлади ва катта саҳналарга таклифлар кўпайиб кетди. Унинг концертларидан бирида Рим папаси ҳам иштирок этган.
Девид Бланкетт
Девид Бланкетт юксак мартабаларга эришган машҳур сиёсатчи. Туғма кўзи ожизлигига қарамай Буюк Британия ички ишлар вазири лавозимида ишлаган.
Бланкет кимларнингдир ачиниш ҳисси туфайли эмас, балки ўз кучи билан шу даражага эришди. Бу эса кўплаб инсонларга мотивация бўлиб келмоқда.
Жозеф Пулицер
Машҳур “Пулицер” мукофотини билсангиз керак? Демак сиз ушбу мукофот номига боғлиқ шахс ҳақида ҳам маълумотга эгасиз.
Жозеф 1847 йилда Венгриянинг Мако шаҳрида туғилган. 17 ёшида АҚШга кетиб, мухбирлик билан шуғулланади, кейинчалик сиёсат оламида ҳам фаолият юритади. 1872 йилда Сент-Луисдаги иккита газетани бирлаштириб, материаллари орқали коррупцион гуруҳларни фош қила бошлайди.
1883 йилда у “New York World” нашрини сотиб олади ва ўз имкониятларини янада оширади. Кенг оммага мўлжалланган газетанинг адади 15 мингдан миллион нусхага етди. 1887 йилда кўриш қобилиятини деярли бутунлай йўқотган Жозеф бош муҳаррирликдан воз кечади.
1911 йилда вафот этган Жозеф Пулицер ўзининг 2 миллион доллар бойлигини Колумбия университетига журналистлар олий мактаби очиш учун топширган.
Зулхумор ОРИФЖОНОВА тайёрлади.
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ