Ногиронлиги яширилган, қонунчиликка лаёқатсиз ва кетма-кет тўрт марта сайланган АҚШ президенти ҳақида биз билмайдиган фактлар


Сақлаш
23:05 / 23.05.2023 0 751

Маълумки, АҚШ – демократия ватани сифатида ном қозонган. Бу юртда давлат раҳбарлари икки муддатдан ортиқ ҳукмронлик қила олмайди. Ҳар доим ҳам шундай бўлганми? Бу саволга “йўқ” деб жавоб берса бўлади. “Отлар кечувда алмаштирилмайди” – Иккинчи жаҳон уруши даврида Америкага президентлик қилган Франклин Делано Рузвельт 2 эмас, 3 эмас, нақ 4 маротаба президентлик сайловларида ғалаба қозонган. Қуйида ушбу президент ҳақидаги сиз билмаган баъзи маълумотлар билан ўртоқлашамиз.

 

Президентнинг президентлар билан қон-қариндошлиги

 

Онаси томондан “Mayflower” оиласига бориб тақалган Франклин Массачусетс элита мактаб-интернатига боргунча Нью-Йоркдаги Хайд-паркда бахтли болалик даврини ўтказган.

 

Гарвард коллежига ўқишга киргач, у ерда Анна Элеанор Рузвельт – Франклин Деланонинг бешинчи амакиваччаси ва амалдаги президент Теодор Рузвельтнинг жияни (ва чўқинтирган қизи) билан учраша бошлайди. Ёшлар 1905 йилда турмуш қуришади ва Теодор Рузвельт никоҳ маросимида Элеаноранинг чўқинтирган отаси сифатида иштирок этади. Теодор Франклиннинг мамлакат раҳбари бўлган энг яқин қариндоши бўлса-да, у ўз шажараси яна 10 нафар президентга боғланишини даъво қилади.

 

Қонунларга тиши ўтмасди

 

Гарварддан сўнг Франклин Колумбия университети юридик факултетига ўқишга кирди. У ерда шартномалар ва фуқаролик процессуаллари курслари бўйича имтиҳонлардан ўта олмай, ёзги дарсларга қатнашга мажбур бўлган. “Франклин Рузвельт намунали талаба эмасди, табиийки кейинчалик адвокатлик билан ҳам шуғулланмади”, деб эслаганди университет профессорларидан бири. “Унинг қонунчиликка лаёқати йўқ эди. Меҳнат қилиб бу камчиликни йўқ қилишга ҳаракат ҳам қилмасди.” Дарҳақиқат, Рузвельт 1907 йилда адвокатлик имтиҳонини топшириб, Колумбия университетини тарк этди ва илмий даража олиш учун ҳам қайтиб келмади. Оилавий борди-келди унинг Нью-Йоркдаги нуфузли Картер Ледярд ва Милберн фирмасига ишга жойлашишига кўмак берди. Кичик муваффақиятларга эришган бўлса-да, ҳеч қачон бу касбда тўлиқ қолишни тасаввур қила олмаган ва сиёсат билан шуғулланишни афзал кўрган. Оилавий алоқалари туфайли 1910 йилда Нью-Йорк штати сенатига ўрнашади, муваффақият билан ўтган сайлов кампаниясида унга маҳаллий демократ лидерлар кўмак берадилар. Рузвельтнинг сиёсий потенцияси, истеъдоди шу ерда кўзга ташланди ва кўп ўтмай сенатор сифатида обрўси анча кўтарилди. Франклин 1913 йилда денгиз флоти котиби ёрдамчиси, 1920 йилда вице-президентликка номзод, 1929 йилда Нью-Йорк губернатори ва 1932 йилда президентликка номзод бўлди.

 

Барча президентлик сайловларида ғолиб

 

Жанублик оқ танлилар, католиклар, яҳудийлар, афро-америкаликлар, касаба уюшма аъзолари ва кичик фермерлар Рузвельтнинг Оқ уйда тўрт муддатга сайланиши учун “Янги йўналиш коалицияси”га бирлашган эдилар. У 1932 йилда биринчи марта президентлик сайловида қатнашганида мамлакатда Буюк депрессия авжига чиққан эди. Ўшанда Рузвельт 472–59 овоз билан унча машҳур бўлмаган амалдаги президент Герберт Гуверни мағлуб этади. Кейин 1936 йилда Канзас губернатори Алф Лендонни (саккизтага 523 овоз), 1940 йилда бизнесмен Венделл Уилкини (82 қарши, 449 рози овоз) ва 1944 йилда Нью-Йорк губернатори Томас Дюини (99 фоиз; камида 432 овоз) мағлуб этади. Ҳар сайловда умумий овозларнинг камида 53,4 фоизини ўз фойдаси ҳал қилиб ғалаба қозонади.

 

Ҳеч бир президент узоқ ўтирмайди

 

Жорж Вашингтон 1796 йилда ҳукумат тепасида ўтириш ҳақидаги фикрини айтади, унга кўра битта президент учун саккиз йил ҳокимиятда бўлиш етарли, бу фикр деярли бир ярим аср давомида ёзилмаган қонун сифатида амал қилинар эди. Бир неча президентлар, шу жумладан Теодор Рузвельт ҳам бу прецедентни бузишга ҳаракат қилиб кўришди. Аммо 1940 йилда учинчи муддатга номзод бўлган Франклин Делано Рузвельтга қадар ҳеч ким бундай муваффақиятга эриша олмади. Мамлакат ушбу даврда фашистлар Германияси таҳдиди ортиб бораётганидан хавотирда эди. Бу хавотир Рузвельтни Оқ уйда 12 йилдан кўпроқ туришига олиб келди. Ушбу ҳолат Рузвельтнинг сиёсий рақиблари томонидан демократия қанотининг қирқилиши сифатида таърифланади. Рузвельтнинг ваколат муддатини ҳисобга олган ҳолда, 1951 йилда ратификация қилинган 22-тузатиш кучга кирди. Унга кўра, “ҳеч ким икки мартадан ортиқ президент этиб сайланиши мумкин эмас” дея эълон қилинди.

 

Унинг ногиронлиги жамоатчиликдан яширилган

 

1921 йилнинг ёзида, Канадада ўтаётган таътил вақтида 39 ёшли Рузвельт касал бўлиб қолади. Унга полиомиелит ташхиси қўйилган, бу касалликнинг ҳеч қандай давоси йўқ эди. Франклин танасининг белидан пастки қисми шол бўлиб қолади, у оёқларини қайта ишлатиш учун кўп йиллар давомида оғир жисмоний реабилитациялардан ўтади. Гарчи аҳволи бир оз ўнгланиб, пўлат ҳасса ёки қўлтиқтаёқ ёрдамида (одатда бирон ҳамроҳ кўмаги билан) қисқа масофаларга ҳаракат қилишни ўрганган бўлса-да, умрининг охиригача ногиронлар аравачасига михланиб қолди. Франклин мустақил равишда на кийина, на чўмила оларди. Жамоатчилик унинг ногиронлиги ҳақида тўлиқ тафсилот ололмаган, баъзи-баъзида оммавий ахборот воситалари бу ҳақда гапирганлиги сабабли қисман маълумотга эга эди. Рузвельтнинг илтимосига кўра, ўша пайтдаги суратларнинг аксариятида у очиқ машинада ўтирган ёки минбарда турган ҳолда кўрсатиларди. Вақти-вақти билан фотосуратчилар президентни ногиронлар аравачасида тасвирга олишга уринишган, бироқ махфий хизмат ходимлари суратларни фотокамералардан мажбуран ўчиртиришган.

 

Буюк депрессияга қарши “Янги йўналиш”

 

1932 йилда демократлар партиясидан президентликка номзод сифатида ғалаба қозонгач қилган нутқида Рузвельт Буюк депрессияни “Америка халқи учун янги йўналиш” билан енгишга ваъда берган эди. Вақтни бой бермай, ўзининг биринчи 100 кунлик фаолияти давомида Франклин кўплаб қонунларни ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди, уларнинг аксарияти шу кунгача амалда қолмоқда. Ноқулай молиявий секторни мустаҳкамлаш учун Рузвельт ночор банкларни ёптириб, бошқаларини қайта ташкил қилди. Федерал суғурталанган банк депозитларини қайта ташкил қилди, фонд бозори қоидаларини ўрнатди ва олтин стандартидан воз кечди. Шунингдек, тақиқни тугатиш, кенг кўламли жамоат ишлари лойиҳалари орқали бандликни ошириш, қишлоқ хўжалигига субсидиялар киритиш ва қишлоқларга электр энергиясини олиб кириш бўйича чоралар кўрди. Ушбу ислоҳатлар 1933–1934 йилларда давом этди. Шундан сўнг Рузвельт “Иккинчи янги йўналиш” деб аталадиган иккинчи ислоҳотлар даврини бошлаб берди ва бу янада либерал кўринишда ривожланиб борди. Бу сафар Конгресс бадавлат, кафолатланган касаба уюшмаларига жамоавий музокаралар ўтказиш ҳуқуқини, ишсизлик ва ногиронлик бўйича нафақаларни, шунингдек, нафақахўрлар учун ижтимоий таъминотни таъминлайдиган солиқларни оширди. Бироқ Рузвельт Иккинчи жаҳон уруши бошланишига қадар мамлакатни депрессиядан тўлиқ чиқариб юбора олмади.

 

АҚШ Олий судининг бир нечта Янги йўналиш қонунларини бекор қилганидан чарчаган Рузвельт 1937 йил бошида уни тўққиз нафардан 15 нафар судяларгача кенгайтиришни таклиф қилди. Танқидчилар ҳокимиятлар бўлиниши бузилиши деб қоралаган ушбу “судялар тўплами” режасига кўра нафақага чиқишдан бош тортган 70 ёшдан ошган ҳар бир судя учун янги ўрин қўшилиши керак эди. Франклин Делано билан фикрдош бўлган демократлар Конгресснинг иккала палатасида ҳам кўпчиликни ташкил қилсалар-да, шу қарорга нисбатан президентни қўллаб-қувватлашдан бош тортдилар. Аммо охир-оқибат барибир Рузвельт ғалаба қозонди. Олий суд бошқа ҳеч қачон Янги йўналиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бекор қилмади, Рузвельт вафот этган вақтида амалдаги тўққиз судядан етти нафарини президент тайинлаган эди.

 

Япон-америкаликларнинг қамоққа олиниши учун рухсат берилиши

 

1941 йил декабрь ойида Пеарл-Ҳарборга қилинган қўққис ҳужумдан сўнг АҚШдаги японларга қарши кайфият кескин ошди. Мисол учун, Калифорнияда губернатор, Конгресс делегацияси, кўплаб газеталар ва АҚШ армиясининг юқори даражали қўмондонлари японияликларни жосуслик ва қўпорувчилик ҳаракатларини уюштирмасликлари учун кўчиришга чақиришди. Шундан сўнг АҚШ тарихидаги энг шармандали ҳолатлардан бири деб ҳисобланган воқеа содир бўлади. Бошқа кўп масалаларда гуманитар бўлган Рузвельт японлар иши бўйича Уруш департаментига ўзи маъқул деб ўйлаган чорани амалга оширишни буюради. 1942 йил феврал ойида 120 000 га яқин японлар (уларнинг учдан икки қисми Америка фуқаролари) мажбуран душман мамлакат фуқароларини сақлаш лагерларига кўчирилди, уларнинг мол-мулклари талон-тарож қилинди. Келиб чиқиши немис ва италян бўлган америкаликларга эса бундан яхшироқ тақдир насиб қилди. Бир неча ўн йил ўтгач, Конгресс японлардан расман узр сўради ва репрессиядан тирик чиққан ҳар бир маҳбусга давлат ҳисобидан 20 минг АҚШ доллари ажратди.

 

Самолётда сафарга чиқишни бошлаб берган илк президент 

 

Ҳаво йўллари орқали қатнов анча хавфли бўлган даврда Рузвельт биринчи марта 1932 йилда президентлик сайлови кампаниясини ўтказиш учун Чикагога учиб борганди. Кейинроқ 1943 йил январ ойида Боеинг-314 самолётида Майямидан ҳавога кўтарилди ва уруш даврида самолётда мамлакатни тарк этган биринчи президентга айланди. Сафар чоғи Тринидад, Бразилия ва Гамбияда тўхтаб, иккинчи самолётга – ТWА C-54 га ўтирди. Бу самолёт президентни Буюк Британия Бош вазири Уинстон Черчилл билан конференсияга, Марокашнинг Касабланка шаҳрига олиб борди. Унинг ўлимидан бир неча ой аввал яна кўплаб рейслар, жумладан, Малтадан Совет Иттифоқига парвозлар амалга оширилди.

 

Лазиз БАХТИЁРОВ тайёрлади

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 11
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 36
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 121
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 156
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6083
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4916
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4555
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3981
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3411
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2979
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2895
Туғилган кун

//