Биласизми?
Бир киши уйига келган кимсага эшик очмагани ҳақидаги қисса
Бир киши келиб, дўстнинг эшигини тақиллатди. Дўсти унга деди: “Сен кимсан, эй ишончли зот?” У деди: “Менман”. Дўст унга деди: “Кет! Ҳали вақти келмабди. Бундай хомлар учун бу уйда жой йўқ!” Хом кимсани айрилиқ ва ҳижрон ўтидан ўзга ким пиширади? Ким уни иккиюзламачиликдан халос этади? Ўша бечора кетди. Бир йилини сафарда, дўстининг фироғида ёниб ўтказди. Ҳижронда пишганидан кейин қайтиб келди ва яна дўстининг уйи атрофида айланиб юрди. Оғзимдан бирор одобсиз сўз чиқиб кетмасин деб юз хавотир ва одоблилик билан эшик ҳалқасини қоқди. Дўсти овоз берди: “Эшик ортида ким бор?” У деди: “Эшик ортида сен ўзинг турибсан, эй дилрабо!” Дўст деди: “Агар энди “мен” “сен”га айланган бўлса, унда кирақол, эй “мен”! Бир уйга икки “мен” сиғмайди, ахир. Игнадан ипнинг икки учи ўтмайди, агар сен битта бўлсанг, бу игнага киргин”.
Игна билан ипнинг боғлиқлиги бор. Аммо игнанинг тешиги туяга мос келмайди.[1] Риёзат қайчиси ва амал ёрдам бермаса, туянинг борлиғи қандай қилиб ингичка бўлсин? Бунинг учун Ҳақнинг қўли керак, эй фалончи, ахир барча бўлмайдиган нарсалар учун “Унинг буйруғи фақат: “Бўл!” демоқдир”.[2] Унинг қўлида барча имконсиз нарсалар имкон топади. Ундан қўрқиб ҳар қандай ўжар мулойим тортади. Кўр ва мохов нима бўлибди? Ул Қудратлининг сеҳридан ҳатто ўликлар ҳам тириладилар.[3] Йўқлик эса ўликдан кўра ўликроқ бўлади. Ҳатто у ҳам яратувчи қўлда мажбуриятлидир.
Бу гапларнинг охири йўқ, қара, ўша покиза ва самимий икки дўст томон шошилгин. Дўсти унга деди: “Сен бор-будинг билан мен экансан, гулзордаги гул ва тикан каби менга рақиб эмаскансан, киргин. Ип битта бўлади, энди камроқ хато қил, агар иккитаси бирликда бўлса, “коф” ва “нун” ҳарфларини кўрасан! “Коф” ва “нун” арқон каби илгаксимон бўлади,[4] у йўқликни борликка томон тортади. Гарчи бу икки ҳарфнинг таъсири бир хил бўлса ҳам, жуфт шакллар орасида қўш арқон бўлиши керак. Хоҳ икки оёқ билан, хоҳ тўрт оёқ билан кезса ҳам, худди қўш қайчи бир нарсани кесгани кабидир.
Бу икки кир ювувчи ҳамкорларга боқ: униси билан бунисининг ташқи кўринишида фарқ бор. Буниси матони сувга ботирди, нариги шериги эса унинг сувини сиқиб қуритди; ва яна сиқилган матони буниси ҳўллади, худди келишмовчилик туфайли қарама-қарши иш қилаётгандай. Аммо келишмовчилик бўлиб кўринган бу икки зидлик аслида бир кўнгил билан бир амалга розиликдир. Ҳар бир пайғамбар ва ҳар бир авлиёнинг ўз йўли бор, бироқ уларнинг ҳар бири Ҳаққа етаклайди, шу мақсадда ҳаммаси бирлашади. Эй Худо, Сен қалбга ҳарфсиз сўз ўсадиган жойни кўрсат. Токи беадад йўқлик аро бошдан-оёқ пок жон яралсин: беҳудуд кенглигу бесарҳад фазо ва шундай хаёлу ҳаёт ундан озиқ олсин.
Бўри билан тулкининг шерга хизмат юзасидан овга чиққани
Шер, бўри ва тулки биргаликда ов қилиш учун ўлжа қидириб тоққа йўл олдилар. Токи овда бир-бирини қўллаб-қувватлаб, ўлжаларга домни маҳкам боғласин, ўша чексиз кенгликларда кўп ва хўп ўлжа тутишсин. Эркак шернинг улар орасида юриши ор саналсада, у ҳурмат кўрсатиб, ҳамроҳ бўлди. Бундай шоҳга лашкардан заҳмат бор, аммо у ҳамроҳ бўлди. Ахир жамоат Аллоҳдан раҳматдир.[5] Бундай ой кўкда бўлишга юлдуздан ор этади. У олийҳимматлиги туфайли юлдузлар орасидадир. Расулуллоҳга “улар билан маслаҳатлашинг”[6] амри келди, гарчи унинг қарорига тенг келадиган қарор бўлмаса ҳам. Тарозида арпа олтин билан дўст бўлди. Арпа моҳиятан олтин бўлганидан эмас. Қолипга айни пайтда руҳи ҳамроҳ бўлди. Ит бир муддат эшик соқчисига айланди.[7] Бу жамоат ҳам шер етовида ваҳму овоза билан тоққа йўл оларкан, ишлари юришиб кетди. Улар эчки, тўнғиз ҳамда семиз қуён топдилар. Жангда шерга эргашган кишига кечаю кундуз кўп кабоб буюради. Ўлдирилган, мажруҳ, қонталаш ўлжаларни тоғдан ўрмонга олиб келишганида, бўри ва тулки очкўзлик билан уларни тақсимлашда шоҳ адолат қилармикан, деб шубҳаланар эди.
Улар иккисининг тамагирлиги акси шерга тушди. Шер булар учун нафсу истаги таянч эканлигини англаб қолди. Кимки Ғайб сирларининг шери ва султони бўлса, у кўнгилдан ўтган ҳамма нарсани билади. Эй фикру ўйга мойил кўнгил, қара, унинг қошида бадбин ўйдан қалбингни асра.[8] У билади, аммо жимгина эшагини ҳайдаб, йўлида давом этади. Юзини яшириш учун юзингга кулиб боқади. Шер уларнинг таҳликали фикрларини била туриб ошкор айтмади ва ўша фурсатда ҳам ҳурматларини жойига қўйди. Бироқ у ўзига ўзи дерди: “Хизматингизга ярашасини оласиз, эй очкўз тиланчилар! Менинг қарорим сиз учун етарли эмасми? Менинг ҳимматимга шубҳа билан қарадингиз. Сизларнинг ақлингиз ва қарорингиз аслида менинг қароримдан, оламимни безаб турган эҳсонларимданку. Нақш наққошга фикрини билдирармиди, билдирмоқчи бўлган фикрини унга у бахш этган бўлса? Сизларда менга нисбатан шунчалик тубан гумонлар бор экан, эй замоннинг шармандалари! Аллоҳ ҳақида ёмон гумон қилувчи[9]лар бошини кесмасам, гуноҳ қилган билан баробар бўламан. Кўкни сизларнинг шармисорлигингиздан озод қиламан, токи бу воқеа ибрат бўлиб дунёда қолсин”.
Шер шундай фикр билан ошкор жилмайишда давом этди. Аммо сен шернинг табассумига ишонма. Бу дунё мулки Ҳақнинг табассумига айланиб бизни маст қилди. Ғурурлантирди ва қаритиб-тўзғитди.[10] Сенга фақирлик ва изтироб маъқул, эй далил. Чунки унда ўша табассум ўз тузоғини йиртиб ташлайди. Шер деди: Эй бўри, буни сен тақсимлаб кўрчи. Адолатни янгила, эй қартайган бўри! Тақсимотда менинг сирдошим бўл, токи моҳиятинг нимадан иборатлиги аён бўлсин”. Бўри деди: “Эй шоҳ, ҳўкиз сенинг улушингдир. У катта, сен ҳам катта, шиддатли ва абжирсан. Эчки мен учун, чунки у ўртача ва ўртамиёна. Эй тулки, сен қуённи ол, шунда тўғри бўлади”. Шер деди: “Ҳой бўри, нима дединг? Қайтариб айт! Мен шу ерда бўла туриб “биз” ва “сен” дейсанми? Бўри, ҳақиқатдан ҳам сен қандай итсанки, мендай беназир ва тенгсиз шер олдида ўзингни кўряпсан!”
“Буёққа кел, эй эшак, ўзингга ўзинг қилдинг!” деб у бўрига яқинлашди. Панжаси билан уриб, уни йиртиб ташлади. Унинг Юзидан ўзга ҳамма нарса ҳалок бўлгувчидир, агар сен Унинг Юзида бўлмасанг, борлик ахтарма. Кимки Бизнинг Юзда фано бўлса, унинг учун “ҳамма нарса ҳалок бўлгувчидир”[11] сўзлари жазо эмас, чунки у “илло”дадир, “ло”да эмас; агар ким “илло”да бўлса, яъни, Аллоҳдан ўзга Илоҳ йўқлигига иймон келтирса, фоний бўлмайди. Унинг эшиги олдида “мен” ва “биз” деб қичқирган ҳар ким у эшик томонидан рад этилади ҳамда “ло”, яъни “йўқ”лик атрофида айланади. Шер тулкига юзланиб деди: “Қани, ейиш учун ўлжани сен тақсимла!” Тулки тиз чўкиб деди: “Бу семиз ҳўкиз нонуштада сенга емак бўлсин, эй мумтоз шоҳ. Бу эчки эса ғолиб шоҳ учун тушликда ризққа айлансин. Шунингдек, мана бу қуён меҳрибон ва ҳимматли шоҳнинг кечки овқатидан кейин ширинлик ўрнида бўлсин”. Шер деди: “Эй тулки, сен адолат қилдинг! Бундай амални кимдан ўргандинг? Буни сен қаердан ўргандинг, эй буюк?”
Тулки деди: “Эй олам сарвари, бўрининг аҳволидан!”
Шер деди: “Севгимизда сен гаров бўлганинг учун учаласини ҳам ол, олиб кет. Эй тулки, сен бутунлай бизга айлангансан. Биз бўлганингдан кейин сенга қандай озор берамиз? Биз сен учунмиз ва барча ўлжа сен учун. Еттинчи осмонга қадам қўй, кўтарил. Нокас бўри қисматидан сабоқ олганинг учун сен тулки эмассан, менинг шеримсан. Балога йўлиққан дўстларининг ўлимидан дарс олган киши оқил бўлади”. Ўша пайтда тулкининг тилида юзлаб шукроналар айланарди: “Хайрият, шер мени ўша бўридан кейин чақирди. Агар буни тақсимла, деб менга биринчи буюрганида, жонимни ундан ким омон сақлаб қоларди?”
Биз Ҳақнинг ўзимиздан олдингиларга берган жазосидан сабоқ олишимиз учун,[12] биз ўтган бўриларнинг аҳволини кўриб, худди тулкига ўхшаб ўзимизни асрашимиз учун бизни бу дунёда ўтмишдошлардан кейин нозил этган Зотга шукрлар бўлсин! Шунинг учун ҳам ўша Ҳақнинг Расули тарифларида бизни “раҳматга сазовор қилинган уммат” [13] деб атади. Ўша бўриларнинг пўсту сўнгагига ўз кўзингиз билан боқинг ва ибрат олинг, эй яхшилар![14]
Жалолиддин Румий
“Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар
Насрий баён муаллифлари:
Одил ИКРОМ, Ойдиннисо
[1]Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқариб, унга (ишонмай) такаббурлик қилганлар – уларга (тирикликларида уларнинг яхши амал ва дуоларига, ўлганларида эса руҳларига) осмон эшиклари очилмас ва токи туя игнанинг тешигидан ўтмас экан, улар жаннатга кирмаслар. Биз гуноҳкорларни ана шундай жазолаймиз (“Аъроф” сураси, 40-оят).
[2] “Иннама амруҳу иза арода шай-ан ай яқула лаҳу кун фа якун” – Бирор нарсани (яратишни) хоҳлаганида Унинг буйруғи фақат: “Бўл!” демоқдир. У (нарса) дарҳол бўлур (“Ёсин” сураси, 82-оят).
[3](Фаришталар Ийсо ҳақидаги сўзларида давом этиб:) “(Аллоҳ) унга (Ийсога) китобни (ўқиш ва ёзишни), ҳикматни, Таврот ва Инжилни таълим қилур”. У Бани Исроилга (юборилган) бир Расул бўлиб, бундай дегайдир: “Дарҳақиқат, мен сизларга Раббингиздан бир оят (мўъжиза) билан келдимки, сизларга лойдан қуш шаклида бир нарсани ясаб, унга дам урурман, (у эса) Аллоҳнинг изни билан дарҳол (жонланиб, учадиган) бир қуш бўлур. Онадан туғма кўрларни ва песларни тузатурман, (ҳатто,) Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтирурман; уйларингиздаги емакларингизни ва йиғиб-сақлаётган нарсаларингиздан сизларга хабар берурман. Агар (Аллоҳга) иймон келтирганлардан бўлсангизлар, албатта, бунда сизлар учун (менинг пайғамбарлигимни кўрсатадиган) қатъий далил бордир” (“Оли Имрон” сураси, 48-49-оятлар).
[4] “Коф” ва “нун” ҳарфлари қўшиб ёзилганда, унинг шакли сиртмоқни эслатади.
[5] Нўмон ибн Башир (р.а.)дан: Пайғамбар (с.а.в.): “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмабди. Ким инсонларга шукр қилмаса, Аллоҳ таолога шукр қилмабди. Неъматларни гапириш шукрдир. Уни тарк қилишлик эса куфрдир. Жамоат раҳматдир, тафриқа қилишлик азобдир” деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
[6](Эй Расулим! Ҳамиша ва, хусусан, Уҳуд урушида) сиз Аллоҳдан бўлган бир раҳмат туфайли уларга юмшоқ муомала қилдингиз. Агар қўпол, қаттиқ қалбли бўлганингизда эди, албатта, улар атрофингиздан тарқалиб кетар эдилар. У ҳолда уларни афв этинг, улар учун мағфират тиланг ва (кўпга оид) иш ҳақида улар билан маслаҳатлашинг, азму қарор қилганингизда эса Аллоҳга таваккул қилинг (ва у ишни қилинг). Албатта, Аллоҳ Ўзига таваккул қилгувчи (ишониб-таянгувчи)ларни севар (“Оли Имрон” сураси, 159-оят).
[7] Улар уйқуда бўлганлари ҳолда сиз уларни уйғоқ деб ўйлар эдингиз. Биз уларни (ерда ухлаганлари сабабли танада яралар пайдо бўлмаслиги учун) гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ағдариб турдик. Уларнинг ити эса икки қўлини (олд оёқларини) остонага чўзиб ётар эди. Уларга ногаҳон йўлиқсангиз, албатта, ўгирилиб қочар эдингиз ва қўрқувга ботар эдингиз (“Каҳф” сураси, 18-оят).
[8] Осмонлардаги ва ердаги бор(ҳамма) нарса (фақат) Аллоҳникидир. (Эй инсонлар!) Ичларингиздаги (қилишни ўйлаганингиз бир гуноҳ иш)ни хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни у билан ҳисобга тортар. Сўнг(нияти ва амалларига кўра) хоҳлаган бандасини кечирар, хоҳлаган бандасини азоблар. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдур (“Бақара” сураси, 284-оят).
[9](Бошқа тарафдан, мўминларга бу ёрдам) Аллоҳ ҳақида ёмон гумон қилувчи мунофиқ эркаклар билан мунофиқа аёлларни, мушрик эркаклар билан мушрика аёлларни азобламоғи учундир. (Улар мўминларнинг бошига тушишини истаган) ёмон ҳодисалар ўз бошларига келсин! Аллоҳ уларга ғазаб қилган, уларни лаънатлаган ва улар учун жаҳаннамни ҳозирлаб қўйгандир. У нақадар ёмон қайтиш жойидир! (“Фатҳ” сураси, 6-оят).
[10] Куфрга кетган кимсалар уларга муҳлат бериб қўйганимизни ўзлари учун яхшилик деб санамасинлар. Уларга фақат гуноҳларини орттиришлари учун муҳлат берурмиз. Улар учун хору зор (ва расво) қилгувчи азоб бордир (“Оли Имрон” сураси, 178-оят).
[11]Аллоҳ билан қўшиб бошқа бир илоҳга илтижо-ибодат қилманг! Ундан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ! Унинг Зотидан бошқа (моддий) ҳамма нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм ва (мутлақ ҳукмронлик) ёлғиз Уникидир ва сизлар фақат Унгагина қайтарилгайсизлар (“Қасас” сураси, 88-оят).
[12](Эй Расулим!) Қасамки, Биз сиздан олдин ҳам бир қанча пайғамбарларни ўз қавмларига юбордик ва уларга очиқ далилларни келтирдилар. Сўнг Биз (ишонмай) жиноят қилганлардан интиқом олдик. (Чунки) мўминларга ёрдам бериш Бизнинг зиммамизда ҳақ бўлгандир (“Рум” сураси, 47-оят).
[13]Абу Мусо Ашъарий (р.а.)дан: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бу уммат раҳматга сазовор қилинган умматдир, уларга Охират азоби йўқдир, азоблари дунёдадир: фитналар, зилзилалар ва қатллар”, деганлар (Абу Довуд ривояти).
[14]Албатта, уларнинг ҳаёт қиссаларида чин ақл эгалари учун (улуғ) ибрат бордир. (Ва Қуръон) тўқиб чиқарилган сўз эмасдир. У фақат (олдинги Илоҳий китобларнинг аслларини) тасдиқловчи, ҳамма нарсани муфассал баён этувчи (бир Илоҳий Китоб)дир, иймон келтирган қавм учун эса (тўғри йўлни кўрсатувчи) ҳидоят ва раҳматдир (“Юсуф” сураси, 111-оят).
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ