Биласизми?
Жаҳон театрлари саҳнасидан йиллар, асрлар давомида тушмай келадиган асарлар борлигини биласизми? Улар турли дид ва тасаввур билан қайта ва қайта саҳналаштирилаверади, томошабин уларни деярли ёд олган, бироқ режиссёрлар асарни ўз талқинида яна чўққига кўтаришни орзу қилаверади, одамлар эса саҳна асарининг намойиши ҳақидаги эълондан бохабар бўлиши биланоқ чипта олишга шошилаверади, ҳеч безишмайди, иштиёқ ва мароқ билан, худди биринчи марта кўраётгандек томоша қиладилар.
Қуйида жаҳон адабиётининг ана шундай машҳурликка эришган 10 та саҳна асарини ҳавола этамиз.
“Ҳамлет” – Уилям Шекспир
Саҳна асарлари ҳақида гап кетаркан, хаёлга энг биринчи келадиган драматург Уилям Шекспир ҳисобланади. “Ромео ва Жульетта”, “Қирол Лир”, “Отелло”, “Венециялик савдогар”, “Макбет” каби пьесалари билан тилга тушган Шекспир дунёнинг кўп мамлакатлари саҳналарига чиққан “Ҳамлет”и билан рўйхатимизнинг бошидан ўрин олди.
Шекспирнинг шахсияти билан боғлиқ саволли ўринлар ҳали тўлиқ очилганича йўқ, бироқ бу унинг асарларининг саҳнадаги доимий муваффақиятига соя сола олмайди. Пьесалари ва сонетлари билан асрлар давомида сайёранинг санъат тарзига таъсир ўтказган инглиз адиби “Ҳамлет” нинг илк намойишиданоқ буюк драматург сифатида тан олинган, олқишланган.
Асар Дания шаҳзодаси Ҳамлетнинг отаси вафотидан сўнг тахтга ўтиргани ва онаси билан турмуш қурган амакиси Клавдийдан ўч олгани ҳақида ҳикоя қилади. У мақсадига етиш йўлида ҳеч кимга бўйсунмайди, бунинг натижасида ўзини ҳам, атрофидагиларни ҳам ҳалокатга тортади. Гоҳ совуққонлик, гоҳ асабий тушкунлик туфайли ўзини йўқотиб қўйган Ҳамлет театр асарлари тарихида маҳорат билан яратилган образлардан бири саналади.
“Годони кутиб” – Самуэл Беккет
XX аср бошларида бошланган абсурд фалсафаси аср ўрталарига келиб санъатнинг қадимий турларидан бўлмиш саҳнага “Абсурд театри” номли театр ҳаракатига айланди, ўша йўналиш намоёндаларидан Самуэл Беккетнинг “Годони кутиб” асари эса бутун абсурд тафаккурини ўзига сингдирган ва томошабинга тушунтирган асар сифатида тан олинди. Асар шу даражада таниқли бўлдики, ҳатто пьесани бирон марта кўрмаган кишилар ҳам ниманидир кутаётган танишининг ҳолатини Годони кутаётганлар ҳолатига қиёслайдиган ва қанотли ибораларидан фойдаланадиган бўлди.
1948 йили француз тилида ёзилган асарнинг илк намойиши ҳам Парижда бўлди. Кейинчалик у бутун дунёга тарқади, одамларга оламни қабул қилишнинг энг пессимист услубини кўрсатди ва классик асар дея тан олинди.
Борлиқ ва борлик марказидаги муаллақликдан азият чекаётган икки қаҳрамоннинг ноумид ҳолати ҳақида ҳикоя қилувчи асар албатта зарурий мутолаа рўйхатингиздан жой олиши даркор.
“Олчазор” – Антон Чехов
Антон Чеховнинг “Олчазор” асари XIX асрда Россияда содир бўлган ижтимоий ўзгаришларнинг одамларга таъсири ҳақида ҳикоя қилади.
Асар қаҳрамони Мадам Раневская ватанидан узоқда яшайди ва орадан 5 йил ўтиб қизи билан мамлакатга қайтади. Лекин бу қайтиш исрофгарчилик, бойлигини сўнгги тийинигача сарфлаган, қарзга ботган оиланинг интиҳоси эди. Улар ҳатто хизматкорларига бергани пуллари бўлмаслигига қарамай ўйин-кулги қилишдан тўхташмайди, доимий равишда қарз олишади ва бехуда сарфлашади. Уларнинг битта олчазори бўлиб, уни ҳам бой беришади.
Ёзувчининг “Олчазор”дан ташқари “Ваня амаки”, “6-палата”, “Оқчарлоқ”, “Офицернинг ўлими”, “Уч опа-сингил” пьесалари ҳам энг кўп саҳналаштирилган ва машҳур асарлар қаторига киради.
“Фауст” – Иоган Вольфганг фон Гёте
Немис адабиёти классиги бўлмиш Гётенинг ўлмас “Фауст”и илдизи ёзувчига қадар ҳам турли маъноларда талқин қилинган халқ эртак ва ривоятларига бориб тақалади.
“Фауст” адабиёт билан бирга фалсафа ва табиий фанлар соҳаларида ҳам асарлар ёзган немис адибнинг дурдона асари ҳисобланади. Асар Фаустни турли йўллар билан алдамоқчи бўлган Мефисто ва ўз ҳақиқатини топишга уринаётган Фауст ҳақида.
Ёзувчи асарни 18 ёшида “Урфауст” номи билан ёза бошлаган, 1806 йилда “Фауст 1”, 1832 йилда “Фауст 2” номи билан иккита катта қисм қилган ҳамда асарни ўлимидан бироз олдин, 83 ёшида ёзиб тугатган.
“Телбанинг кундалиги” – Николай Гогол
Рус адабиётининг кўплаб намояндалари сингари Гоголнинг ҳам бир қанча асарлари қанча йиллардан буён театр репертуариини безаб келади. У “Ревизор” пьесаси орқали рус бюрократияси, “Ўлик жонлар” асари билан эса рус жамияти, унинг мақсади ва охир-оқибат борар ери қаер экани ҳақида сўз юритган.
Гоголнинг ҳаётга ташна шизофрения касаллиги билан оғриган бемор ички дунёси ҳақида сўз юритувчи “Телбанинг кундалиги” асари бошқа насрий асарлари каби дунё миқёсида шуҳрат қозонган, ўқувчида меҳр уйғота олган дурдона асарлардан биридир.
“Буржуа зодагонлари” – Мольер
Комедия жанри устаси Мольернинг “Буржуа зодагонлари” асари такаббурлик, нотўғри муносабат, синфий низолар ҳақида.
Асарларида одамларнинг заиф томонлари ҳақида ақлбовар қилмас мулоҳазалар билдирган ёзувчининг ушбу асари ҳам жаҳон театр саҳнасида ҳаддан ташқари кўп ўйналиб келаётган асардир.
Мазкур асарда XVII асрдаги буржуазия, аристократия сатирик тарзда очиб берилади.
“Қўғирчоқ уйи” – Генрик Ибсен
Норвег драматурги Генрик Ибсен бу пьесани 1879 йилда ёзган. Аёл ҳуқуқлари ва феминизм ҳақида сўзлаб бўлмайдиган бир замонда Ибсен аёлнинг оила ва ижтимоий ҳаётдаги ўрни ҳақида гапиради.
Асар қаҳрамони Нора болалик ва ўсмирлик йилларида отасининг айтганига бўйсунишга мажбур бўлиб, ўз фикрини эркин баён этолмайди. Никоҳдан кейин ҳам бу тақдир уни тақиб этади. Эри ва отаси томонидан қўғирчоқдек ўйнатилган Нора ҳеч қачон белгиланган чегаралардан четга чиқмайди. Нора шахс бўлишдан олдин она, хотин бўлишга мажбурланади.
Асар давомида ўқувчини битта савол ўйга толдиради: Нора “идеал аёл” тушунчаси нотўғри эканлигини тушуна бошлаганида нима бўлади?
“Уч тийинлик опера” – Бертолт Брехт
XX асрнинг таниқли шоир ва драматургларидан бири Бертолт Брехт “Берлинер ансамбль” театрининг асосчиларидан.
Ёзувчининг кўплаб пьесалари ушбу рўйхатдан ўрин эгаллашга лойиқ бўлса-да, “Уч тийинлик опера”сини алоҳида келтиришни жоиз деб билдик. Тиланчилар орқали буржуа тузумини таҳлил қилувчи бу асар ҳар бир адабиёт ихлосманди ўқиши шарт бўлган китоблардан биридир.
“Сотувчининг ўлими” – Артур Миллер
Америкалик адиб Артур Миллерга Пулицер мукофотини туҳфа этган “Сотувчининг ўлими” асари ҳам ушбу рўйхатнинг муҳим бандларидан.
Кекса сотувчининг капиталистик тузумда омон қолиш ва оиласини ҳимоя қилиш ҳақидаги асар Америка орзусининг реал ҳамда шафқатсиз танқидидир. Асар АҚШнинг рақобатга дош бера олмаган, иллюзиялар билан ўзини алдаган, оиласи учун ўзини қурбон қилган кекса сотувчининг ҳаёти фонида жамиятнинг сохта қадриятлари ва фожиали ҳолати баён этилади.
“Калигула” – Албер Камю
Нобел мукофоти совриндори, ёзувчи ва драматург Албер Камю томонидан 1944 йилда ёзиб тугатилган “Калигула” асарида севикли аёлининг ўлимидан сўнг бахт, озодлик, қудрат ва ахлоқий қадриятлардан шубҳаланган ёш Рим императори Калигуланинг ўз ҳокимиятидан фойдаланиб ҳеч нарсани тан олмаслиги, шу баробарда Рим халқи ва ўзини ҳалокатга етаклагани ҳақида сўз юритилади.
Раҳмат БОБОЖОН тайёрлади
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ