Биласизми?
Тилшунос олим ва қайиқчи можароси ҳақида ҳикоят
Аллақандай тилшунос олим қандайдир йўл билан кемага чиқиб қолди. Ўша худбин кимса кема дарғасига юзланиб деди: “Сен ҳеч тил қоидаларини ўрганганмисан?” У жавоб берди: “Йўқ”. Олим деди: “Ярим умрингни ҳавога совурибсан!” Кўнгли цинган кема дарғаси ранжидию, аммо ўша пайти жавоб беришдан ўзини тийиб, жим турди. Шамол кемани гирдобга улоқтирди. Дарға тилчи олимга баланд овозда деди: “Айтчи, сен сузиш илмини биласанми?” Олим деди: “Йўқ, эй хушжавоб меҳрибон!” Дарға деди: “Бутун умрингни ҳавога совурибсан, эй олим, чунки кема мана шу гирдобга чўкаяпти”.
Билгин, бу ерда тил қоидаси лозим эмас, ўзингни маҳв этмоғинг лозим. Агар сен маҳв этилган бўлсанг, қўрқмасдан сувга сакра. Денгиз суви ўлик одамни юқорига кўтаради, аммо у тирик бўлса, денгиздан қандай қутулади? Сен инсоний фазилатлар йўлида вафот этсанг, сирлар уммони сени бошининг устига қўяди, юксалтиради. Сенга маҳв бўлишнинг имлосидан сабоқ бериш учун бу ерда тилшунос олимни мисол қилиб келтирдик. Ҳуқуқ илмининг ҳуқуқини ҳам, имло қоидасининг имлосини ҳам, сўз шаклларининг шаклини ҳам ўзингни хору паст тутишда топасан, эй муҳтарам дўст!
Азройил алайҳиссаломнинг бир кимсага назар солгани, ул кимсанинг қочиб, Сулаймон алайҳиссалом ҳузурига боргани ва таваккулнинг жаҳддан устунлиги, жаҳддан фойда камлиги баёни
Бир бекорчи кимса тонг отиши билан адолатли Сулаймон (а.с.) саройига югуриб кирди. Ғам-қайғудан унинг юзи сарғайиб, лаблари кўкариб кетганди. Сулаймон унга деди: “Нима бўлди, эй хожа?” У деди: “Азройил менга шундай назар ташладики, кўзларида хусумат ва қаҳру ғазаб тўла эди”. Сулаймон (а.с.) деди: “Хўш! Ҳозир мендан нима истайсан? Сўра!” У деди: “Шамолга буйруқ бер, эй жонпаноҳ, токи у мени бу ердан Ҳиндистонга олиб кетсин. Эҳтимол, қулинг у ерда ўз жонини қутқариб қолар”. Одамлар ана шундай қилиб дарвишликдан қочадилар ва ўзларини бир парча ҳирсу ҳавасга тутиб берадилар. Дарвишликдан қўрқиш ҳиссига ўша ўлим даҳшати мисол бўла олади, ҳирсу ҳавасни сен Ҳиндистон деб бил.
Сулаймон (а.с.) шамолга ўша одамни тезда сув орқали Ҳиндистоннинг узоқ ерига олиб бориб қўйишни буюрди. Эртаси куни кенгаш ва учрашув чоғида Сулаймон (а.с.) Азройил (а.с.)га деди: “Ўша мусулмонга сен уйидан узоқларда сарсон бўлиб юрсин деб қаҳру ғазаб билан қарадингми?” Азройил (а.с.) деди: “Қачон мен унга қаҳру ғазаб билан қарабман? Уни йўлда кўриб ажабландим, чунки Ҳақ менга: Қара, бугун унинг жонини Ҳиндистонда ол! – деб буюрган эди. Ҳайрон бўлиб ўзимга ўзим: Ҳатто юзта қаноти бўлса ҳам, унинг Ҳиндистонга етиб бориши учун йўл узоқку”, дедим.
Сен ҳам дунёнинг барча ишларини ана шундай солиштириб кўр, кўзларингни каттароқ очиб, диққат билан қара: Биз кимдан қочаяпмиз? Ўзимиздан! Қандай бемаънилик! Биз кимдан ўғирлаяпмиз? Ҳақданми? Қандай фалокат!
Бир қазвинлик киши елкасига шер сувратини чиздиргани, игна захмидан унга озор етиб, сўнг пушаймон бўлгани
Ровийдан қазвинликларнинг турмуш тарзи ва одати ҳақида шундай бир ҳикоятни эшит. Улар игнанинг учида ранг юбориб бадани, қўллари, елкаларини безарар нақшлар билан тўлдирар эдилар. Бир қазвинлик йигит игнакашга келиб деди: “Менга нақш чизиб қўй, жозибали бўлсин”. Игнакаш деди: “Қайси шакл қолипини тўлдирай, эй шунқор?” Қазвинлик деди: “Ёввойи шернинг шаклини тўлдир. Менинг буржим шер, шунинг учун шер расмини солгин. Жаҳд этиб, нақшлар рангини қуюқроқ бер”. Нақш солувчи деди: “Шаклни қаерингга солай?” Йигит деди: “Ўша хомқолипни елкамга тўлдир”. Игна санчишни бошлаган заҳоти оғриқ қўзғаб, унинг елкасидан макон қурди. Шунқор инграй бошлади: “Эй олийжаноб, мени ўлдирдингку, қайси шаклни тўлдираяпсан?” Игнакаш деди: “Ахир сен менга шерни буюрдингку”. Йигит деди: “Танасининг қайси қисмидан бошладинг?” Игнакаш деди: “Дум қисмидан бошладим”. Йигит деди: “Думни қўяқол, эй қора кўзим! Шернинг думи бўғзимдан бўғди, унинг думидан ва дум ўрнидан нафасим қайтди. Тингла, эй шер ясовчи, шер думсиз бўлсин, чунки санчилган нишлардан кўнглим озаяпти”. Игнакаш елканинг бошқа тарафини аёвсиз, муросасиз ва шафқатсизларча тила бошлади. Шунқор бақирди: “Бу шернинг қайси аъзоси?”
Игнакаш деди: “Бу қулоқ, эй азиз одам!” Йигит деди: “Шер қулоқсиз бўлақолсин, эй ҳаким! Қулоқни қўя тур ва тукларини ҳам калтароқ қил”. Бошқа тарафдан санчишни бошлаган эди, қазвинлик яна бақирди: “Бу учинчи томон яна қайси аъзо бўлди?” У деди: “Энди шернинг қорни, азизим”. Йигит деди: “Арслон қоринсиз бўлақолсин! Оғриқ кучайиб кетди, игнани камроқ санч!» Игнакаш жуда ҳайратланиб, бармоғини тишлаб узоқ вақт тикилиб қолди. Сўнг игнани ерга отиб, жаҳл билан деди: “Бу дунёда бунақаси яна кимнингдир бошига тушганмикан? Думи, боши ва қорни йўқ шерни ким кўрибди? Ҳатто Худо ҳам бундай шерни яратмаган”.
Эй биродар, ўтсевар нафсинг нишидан қутулиш учун игнанинг азобига чидаб тур. Кимки мавжудлигидан халос бўлса, унга осмон, қуёш ва ой сажда қилади. Кимки ўтсевар нафсини ўлдирса, қуёш ва булутлар унинг амрини бажаради. Қачонки унинг қалби шам ёқишни ўрганса, уни қуёш куйдира олмайди. Ҳақ таоло чиққувчи қуёш ҳақида зикр этди: “Уларнинг ғорларини четлаб ўтар эди”.[1] Бутунга томон боргувчи қисм олдида тикан ҳам худди гул каби нафосатли бўлади. Ҳақ таолони улуғлаш нима? Ўзингни ҳақир ва хокисор деб билмоқ. Ҳақ таоло тавҳидини англаш нима? Ўзингни Ягонанинг қошида ёндирмоқ. Агар сен кун каби порлашни истасанг, ўзингнинг тунсимон борлиғингни ёндир. Ўз борлиғингни Унинг борлиғида ҳис эт, худди мисдай кимиёда эриб кет. “Мен” ва “биз”ни икки қўллаб маҳкам тутиб олма: бу барча ҳалокатлар “икки борлик” туфайлидир.
Жалолиддин Румий
“Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар
Насрий баён муаллифлари:
Одил ИКРОМ, Ойдиннисо
[1] (Улар ухлаётганда боқсангиз эди) қуёшни кўрар эдингизки, чиққан вақтида ғорларининг ўнг томонига мойил бўлиб ўтар, ботганида эса чап томонидан уларни четлаб ўтар (уларга тегмас) эди. Ҳолбуки, улар ғорнинг очиқ (ва кенг) жойида эдилар. Бу Аллоҳнинг (ибрат олгулик) оят-далилларидандир. Аллоҳ кимни тўғри йўлга бошласа, у тўғри йўлни топгандир. Кимни (ўз феъли ва амали туфайли) залолатда қолдирса, бас, унинг учун асло йўл кўрсатувчи бир дўст топа олмассиз (“Каҳф” сураси, 17-оят).
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ