Оғзига илон кириб кетган кишига бир амирнинг азоб бергани – “Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар


Сақлаш
20:05 / 12.05.2023 0 761

Оғзига илон кириб кетган кишига бир амирнинг азоб бергани 

Бир оқил киши отда ўтиб кетаётганди, ухлаб ётган одамнинг оғзига илон кириб кетди. Буни кўрган отлиқ илонни ҳайдаб юборишга шошилди, аммо бўлмади. Унга кўп мадад берган ақлини ишлатиб, ухлаб ётган одамни калтак билан бир неча марта қаттиқ урди. Ўша одам калтак зарбидан қочиб, бир дарахтнинг тагига борди. У ерда кўп чириган олмалар сочилиб ётарди. “Олма е, эй мубтало! деди отлиқ. Шунчалар кўп олма ейишга мажбур қилдики, еганлари оғзидан қайтиб чиқа бошлади.

У дод солди: “Эй амир! Мендан ҳеч бир ёмонлик кўрмадингку, нега менга ҳужум қиласан? Агар жонимга азалий адоватинг бўлса, тиғ уриб, бир зарб билан жонимни ол! Менга кўзинг тушган дамга лаънатлар бўлсин! Сенинг турқингни асло кўрмаган одам бахтлидир! На айбим, на гуноҳим, на катта ёки кичик бирор сабаб бор, ҳатто кофир ҳам бундай зўравонлик қилмайди! Сўзлар оғзимдан қоним билан бирга отилиб чиқмоқда! Эй Худо! Лоақал Сен унинг жазосини бер! У ҳар лаҳзада янги-янги лаънатлар айтар, отлиқ эса уни уриб: “Дашт бўйлаб югур! дер эди. Калтак зарби, отлиқ, шамолдай тезлик... У гоҳ югурар, гоҳ юзтубан йиқилар эди. У бўккан, уйқусираган, чарчаган, оёқ-қўллари юз минглаб яралар билан қопланганди. Нақ тунга қадар, то у сафродан қусишни бошлагунга қадар отлиқ уни уёқдан буёққа югуртирди. Унинг ичидан яхши-ёмон овқат бўлаклари, бу овқатлар билан қўшилиб илон ҳам сакраб чиқди. У оғзидан тушган илонни кўриб, бу эзгу зотнинг олдида таъзим бажо қилди. Қора, бадбашара ва баҳайбат илонни кўриб даҳшатга тушганидан оғриқларини унутди.

У деди: “Сен – меҳру карам Жаброилининг ўзисан! Менга кўзинг тушган дамга раҳматлар бўлсин! Мен ўлиб бўлган эдим, сен менга янги ҳаёт инъом этдинг. Сен менга она каби талпиндинг, мен эса сендан эшакдай қочдим. Мен сенга қанчалар аҳмоқона ва бемаъни гапларни айтдим! Мен эмас, нодонлигим гапирди, ўзингга олма! Агар вазият ҳақида лоақал бир ишора берганингда, мен сени алқамасмидим, эй хуш фазилатлар эгаси! Отлиқ деди: “Агар мен бунга ишора қилсам, ўтинг ёрилиб, сувга айланарди. Агар мен сенга бу илонни тасвирласам, қўрқувдан жон берардинг”. Мустафо (с.а.в.) дейди: “Агар жонингиздаги душманни рост тасвирласам, ҳатто довюракнинг ҳам юраги ёрилиб кетади, у юролмайди ва бирор нарса ҳақида қайғуролмайди, қалбнинг илтижо қилишга, тананинг намоз ўқиб, рўза тутишга қуввати қолмайди.[1] У мушук қаршисидаги сичқондай ҳеч нимага айланади, бўри қаршисидаги қўйдай тинчини йўқотади. Унда ҳийла ҳам, тадбир ҳам қолмайди, шунинг учун мен ҳеч нарса айтмасдан сизни тарбиялайман. Мен Абу Бакр Рубобий каби сукут сақлайман, Довуд (а.с.) каби қўлимга темир оламан, токи, бўлмайдиган ишларни менинг қўлларим бўлдирсин, токи патлари юлинган қушлар қанот ёзсин.[2] Чунки “Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир”,[3] У Ўз қўли билан бизнинг қўлимизни бирлаштирди. Шу боис, шубҳасиз, менинг қўлим узоққа, еттинчи осмондан баландга чўзилган. Менинг қўлим кўкда ўз маҳоратини кўрсатди. Эй қори, қироат қил: “Ой ёрилди”.[4]

Бу баён – одамларнинг ақли заифлиги учун, ахир заифларга куч нималигини тушунтириб бўлармиди? Уйқудан уйғонганингда ўзинг билиб оласан, гап тамом, Аллоҳ тўғрисини яхшироқ билгувчидир”.

Ўша оқил киши деди: “Сен на овқат ейишга, на юришга, на қусишга куч топа олмасдинг. Гарчи сенинг сўкишларингни эшитсамда, от суриб: “Ё Раббим! Менинг ишимни осон қил! [5] деб шивирлардим. Сабабни айтиш учун менга рухсат берилмади, сени тарк этишга эса имконим йўқ эди. Юрагим оғриб, ҳар лаҳза: “Эй Парвардигорим! Қавмимни ҳидоят қилгин. Улар билишмайди”, [6] деб такрорлардим”. Дарддан халос бўлган кимса тиз чўкиб деди: “Сен менга омад ва хазинасан, эй бахт! Худо хайрингни берсин, эй азиз! Сенга раҳмат айтиш учун бу заифнинг қуввати йўқ! Аллоҳ сендан раҳматини аямасин, эй раҳнамо! Менда бунга қодир тил, жағ ва наво йўқ”. Оқилнинг адовати ана шундай бўлади: унинг заҳри жонга шодлик бахш этади. Аҳмоқнинг дўстлиги эса азоб ва йўлдан оздиришдир.

 

Сўфийлар зикр[7] тушиш мақсадида бир мусофирнинг эшагини сотгани

 

Бир сўфий хонақоҳда тин олиб, эшагини оғилга элтиб боғлади. Унга ўз қўли билан сув тутиб, пичан ташлади. У хато ва эҳтиётсизликка қарши чоралар кўрди, аммо қазо келганида эҳтиёткорлик ёрдам берармиди? Сўфийлар фақир ва бебаҳра эдилар, қанчадан қанча қашшоқликлар ҳалокатли куфр сари бошлаган.[8] Сўфийлар ўша заҳотиёқ эшакни сотиб, ноз-неъматлар олиб келишди, шам ёқишди. Хонақоҳда шовқин-сурон кўтарилди. “Бу кеча бўкиб таом еймиз ва зикр тушамиз! Токайгача тўрвамизни кўтариб юрамиз? Токайгача тиланчилик қиламиз? Токайгача чидаймиз? Уч кунлик рўза токайгача давом этади? Биз ҳам одаммиз ахир, бизнинг ҳам жонимиз бор, бу кеча бахт бизнинг меҳмонимиз бўлсин! дейишди.

 

Улар пуч уруғни сепдилар, чунки жон деб ўйлаганлари жон эмасди. Ўша саёҳатчи ҳам узоқ сафардан кейин чарчаган эди, у бунда эътибор ва меҳр кўрди. Сўфийлар унга бирма-бир қуллуқ қилиб, талашиб-тортишиб хизматини қилишди. У шундай хуш зиёфатга дуч келиб: “Бу кеча маза қилмасам, қачон қиламан?» деди. Улар мазали таом еб, зикр туша бошладилар, хонақоҳ шифтигача тутун ва чангга тўлиб кетди. Овқат тутуни, депсинаётган оёқлар чанги, жонларда завқу иштиёқ жўш урарди. Гоҳ қўлларини силкитиб ер тепишар, гоҳ сажда қилиб, соқоллари билан ер супурардилар. Сўфийнинг бу дунёда ҳирсу нафси кеч уйғонади, шу сабабдан у очкўз бўлади, аммо Ҳақ нурига тўйинган, тиланиб ўзини хўрлашдан андиша қилган чин сўфий бундан мустасно. Бундай сўфийлар мингтадан битта бўлади, қолганлари эса уларнинг хушҳоллиги соясида яшайдилар.

 

Аввалбошдаги завқ ўз ниҳоясига етгач, созанда ғамгин куй чалди. У: “Эшак йўқолди, эшак! Эшак йўқолди, эшак! деб куйлай бошлади ва ҳаммани жўр бўлиб куйлашга жалб этди. Улар эрталабгача чапак чалиб, рақсга тушиб, шу қўшиққа жўр бўлиб куйлашди: “Эшак йўқолди, эй йигит! Эшак йўқолди!              

Сўфий меҳмон ҳам уларга тақлид қилиб, уларнинг оҳангида: “Эшак йўқолди, эшак! деб ҳайқирди. Ейиш-ичиш, ўйин-кулги ва зикр тугаб, тонг отгач, хайрлашдилар. Хонақоҳ бўшаб, йўлчи сўфий ёлғиз қолгач, анжомларининг чангини қоқа бошлади. Юкларини судраб хонадан ташқарига чиқди, уларни эшакка ортиб ҳамроҳларини қидирмоқчи эди. Сўфий ҳамроҳларига қўшилиш учун шошарди, омборга бориб эшагини топа олмади. “Хизматкор уни суғориш учун олиб кетган бўлса керак, чунки кечаси эшак сувни кам ичганди”, деб ўйлади. Хизматкор келди. “Эшак қани? деб сўради сўфий ундан. “Соқолингга қара! деб жавоб берди хизматкор. Можаро бошланди.

Сўфий деди: “Мен сенга эшакни топшириб, сени унга масъул қилган эдим. Ҳар хил баҳоналарни рўкач қилмай, аниқ тушунтир, уни сенга ишонган эдим, қайтариб бер. Мен сендан берганимни қайтаришингни талаб қиляпман, сенга нимани топширган бўлсам, ўшани қайтар. Пайғамбар айтган: “Қўлинг олган нарсани охир-оқибат қайтариш бўйнингдадир”.[9] Агар ўжарлик қилиб гапимга кўнмасанг, биргаликда қозининг даргоҳига борамиз”. Хизматкор жавоб берди: “Сўфийлар менга ҳужум қилишди, мен ўз ҳаётим учун қўрқдим, таслим бўлдим. Сен ичак-чавоқни мушуклар орасига ташлаб, сўнгра унинг изини қидиряпсан. Юзта очнинг ўртасида битта нон, юзта итнинг ўртасида турган чорасиз мушукдай гап”.

Сўфий деди: “Хўп, қашшоқлар эшакни сендан зўрлик билан тортиб олишди, менинг жонимга қасд қилишди, дейлик. Сен келиб менга: “Ҳой, бадбахт! Эшагингни олиб кетишяпти! деб айтмадингку! Мен эшакни, ким бўлишидан қатъий назар, ҳар қандай одамдан қайтариб олардим. Ёки майли, улар олтинларимни баҳам кўришсин эди. Шу ерда пайти уларни жавобгар қилишнинг юзлаб йўллари бор эди, энди эса ҳаммаси дунё бўйлаб тарқаб кетди. Кимни қўлга оламан? Қозига кимни олиб бораман? Бошимга бу бало сен туфайли тушди. Ахир сен олдимга келиб: “Эй ғариб, бошингга фалон даҳшатли мусибат ёғилмоқда”, деб айтмадинг! Хизматкор деди: “Аллоҳга қасамки, буларнинг барчасидан сени хабардор қилиш учун олдингга бир неча марта келдим. Сен эса: “Эшак йўқолди, эй йигит! деб ҳаммадан кўра кўпроқ завқланиб таъкидлардинг. Мен эса қайтиб кетдим, ориф одамсан, бари сенга аён бўлибди ва бундан мамнун экансан, деб ўйладим”. Сўфий деди: “Улар барчаси шу қадар жозибали куйлашдики, мен ҳам ҳаяжонланиб қўшиқ айта бошладим. Уларга тақлид қилганим бошимга бало бўлди. Бу тақлидга беҳисоб лаънатлар бўлсин! Айниқса, шундай гумроҳ одамларга қилинган тақлидга. Ўша сўфийлар завқу шавқининг акси менга тушди ва шу аксдан кўнглимда завқу шавқ пайдо бўлди”. Сен денгиздан сувни акссиз олишинг учун хуш дўстларнинг ана шундай акси лозимдир. Акс сенга илк бор тушса, уни тақлид деб ҳисобла, агар у доимийга айланса, уни Ҳақ илми деб билгин. Ҳақдан илм етмагунича дўстлардан ажралма, садафдан воз кечма, бу томчи ҳали марваридга айланмаган. Агар фикринг, назаринг, қулоғинг пок бўлишини истасанг, ҳирсу ҳавас пардасини йиртиб ташла.[10] Зеро, сўфийнинг нафс туфайли қилган бу тақлиди унинг ақлини нур ва ёруғликдан тўсиб қўйди. Луқмага, ўйин-кулгига ва зикрга ўчлик ақлу ҳушининг қулоғини беркитди, ғафлатда қолдирди.

 

Айиқнинг хушомад ва садоқатига ишониш оқибати ҳақида

 

Айиқни аждар ютиб юбормоқчи эди, бир паҳлавон унга ёрдамга югурди. Қачонки мазлумларнинг фарёди эшитилса, паҳлавонлар бу олам учун мададкорлардир. Улар мазлумларнинг фарёдини ҳар томондан эшитадилар ва ўша ерга Ҳақнинг раҳмати каби югуриб борадилар. Аждардан қутулиб, паҳлавондан карам ва илтифот кўрган бадбахт айиқ, ўша тоқатли зотнинг оёғига йиқилиб, Ғор ёрларининг ити каби хизмат қила бошлади. Ўша мусулмон йигит чарчоқ сезиб ёнбошлаган эди, айиқ самимий меҳр билан уни қўриқлаб ўтирди. Бир киши ўтиб кетаётиб деди: “Нималар бўляпти? Эй биродар, бу айиқ сенга ким бўлади? У ўтган воқеаларни ва аждаҳо билан нималар содир бўлганини айтиб берганди, ўткинчи деди: “Айиққа боғланиб қолма, эй тентак! Аҳмоқнинг дўстлиги душманликдан ёмон, бирор ҳийла билан уни ҳайдаб юбориш керак”.

Паҳлавон деди: “Аллоҳга қасамки, у буни ҳасаддан айтяпти. Нега унда фақат айиқни кўрасан? Унинг меҳр-муҳаббатига боқ”. Ўткинчи деди: “Аҳмоқнинг севгиси ёлғон бўлади, менинг бу ҳасадим унинг севгисидан афзалроқ. Қани, бу айиқни мен билан бирга ҳайдаб юбор, уни афзал кўрма, ўзинг билан жинси бирларни эътибордан четда қолдирма”. Паҳлавон жавоб берди: “Бор, кет! Ишингдан қолма, ҳасадгўй! Ўткинчи деди: “Ишим шу эди, аммо хато қиляпсан. Менинг айиқдан камим йўқ, эй олижаноб, уни тарк эт, сенга ўзим ўртоқ бўлай. Ўйласам, юрагим сен учун титраяпти, бундай айиқ билан ўрмонга борма! Юрагим ҳеч қачон беҳуда титрамаган, Ҳақнинг нури бу, иддао ва мақтаниш эмас. Мен “Аллоҳ нури билан қарайди”ган[11] мўминман, қоч бу олов маъбаддан, қоч, ўзингни асра!

У буларнинг ҳаммасини айтди, аммо сўзлар паҳлавоннинг қулоғига етиб бормади, бадгумонлик эр учун кучли тўсиқдир.[12] У қўл узатган эди, паҳлавон қўлларини тортиб олди. Шунда у деди: “Мулоҳазали одам билан дўст бўлмас экансан, ўзингдан кўр, мен кетдим”. Паҳлавон деди: “Бор, мендан хавотир олмай қўяқол! Ўзингни донишманд қилиб кўрсатма, эй эзма! Ўткинчи яна деди: “Мен сенга душман эмасман. Менга эргашсанг, яхши бўларди”. Паҳлавон жавоб берди: “Уйқум келяпти, мени тинч қўй, кет”. Оқил ўткинчи деди: “Дўстнинг сўзига қулоқ сол, ухласанг, ёнингда ақлли дўст бўлсин, оқилнинг ҳимояси остида ухла”. Паҳлавон унинг қаттиқ туриб ундашида нимадир қинғирлик бор, деб гумон қилди, ғазабланди ва шошиб юз ўгирди. Ўйлади: “Балки унинг менга қарши режаси бордир, қотил эмасмикан? Ё мендан бирор нима истаяптими? Тиланчи ёки ҳаммом печида тунаб юрган дайдимикан? Ё ҳамроҳимни писанда қилиб мени қўрқитиш учун дўстлари билан гаров ўйнаб, пул тикканмикан?

Табиати ифлослиги туфайли унинг бошига бирор бир яхши тахмин келмади. Худди айиқ билан жинси бирдек, унинг барча яхши фикрлари айиқ томон қаратилган эди. Ўз итлик феълига кўра, у оқил кишига туҳмат қилди, айиқни ишқ ва адолат аҳлидан, деб билди. Паҳлавон ухлаб қолди, айиқ эса унинг пашшасини қувди, аммо пашшалар ўжарлик қилиб яна қайтиб келаверди. Йигитнинг юзидан уларни бир неча марта ҳайдаса ҳам, яна дарҳол учиб келиб, қўнишарди. Айиқ пашшалардан ғазабланиб, бориб тоғдан катта бир тош олди. У тошни келтирганди, ухлаб ётган одамнинг ёноғига яна чивин қўнганини кўрди. Тегирмон тошича келадиган ўша тошни олиб, ҳайдаш ниятида пашшани урди. Тош ухлаётган одамнинг юзини мажақлаб ташлади, бутун дунёга шундай мақол тарқалди: Аҳмоқнинг севгиси, шубҳасиз, айиқнинг севгисидир! Унинг нафрати севги, севгиси эса нафрат билан тенг. Аҳду паймони суст, ишончсиз ва заиф, сўзлари бақувват, вафоси эса нимжон. Қасам ичса, ишонма, кимки ёлғон-яшиқ иш тутса, қасамини ҳам бузади, чунки қасамсиз ҳам сўзлари ёлғон эди. Унинг макри ва қасамхўрлиги туфайли чалкаш йўлга кириб қолма.

Жалолиддин Румий

“Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар

Насрий баён муаллифлари:

Одил ИКРОМ, Ойдиннисо


[1] Ҳазрати Абу Зарр (р.а.)дан: “Мен сизлар кўрмаётган нарсаларни кўряпман, сизлар эшитмаган нарсаларни эшитмоқдаман. Осмон ғижирламоқда. Бунга унинг ҳаққи бор. Кўкда тўрт бармоқ сиққудек очиқ, бўш жой йўқдирки, унга фаришта сажда қилмаётган бўлсин. Жоним тасарруфида бўлган Аллоҳ таолога қасамки, агар Менинг билганларимни сизлар ҳам билсайдинглар, кам кулиб кўп йиғлар эдинглар. Тўшакларда аёллар билан ўзаро лаззатлашмас эдинглар ва Аллоҳ таолога илтижолар қилиб, дод солиб чўлу биёбонларга чиқиб кетардинглар” (Имом Аҳмад, Термизий, Ибни Мунийʼ, Абуш-Шайх, Ҳоким, Зиё ал-Мақдисий ривоятлари).

[2] Муҳаққақ, Биз Довудга Ўз тарафимиздан бир устунлик бердик. “Эй тоғлар! (Довуд айтаётган тасбиҳни) у билан бирга садо бериб қайтаринглар!» Қушларга ҳам (“Бу тасбиҳга қўшилинглар! – дедик.) Унга темирни юмшоқ қилиб қўйдик (“Сабаъ” сураси, 10-оят).

[3] (Эй Расулим!) Дарҳақиқат, сизга (сидқидилдан) байъат қилганлар (то ўлгунча сизга содиқ қолишга ва ислом йўлида курашишга сўз берганлар) фақат Аллоҳга байъат қил(ган бўл)урлар. Аллоҳнинг қуввати (ёрдами ва мадади), (савоби ва нусрати) уларнинг қўллари устидадир (“Фатҳ” сураси, 10-оят).

“Ядуллоҳи фавқа айдиҳим” – “Аллоҳнинг қуввати (ёрдами ва мадади), (савоби ва нусрати) уларнинг қўллари устидадир”.

[4] “Иқтарабати-с-саъату ваншаққа-л-қамар” (Қиёмат) соат(и) яқинлашди ва ой ёрилди (ва яна бирлашди) (“Қамар” сураси, 1-оят).

[5](Мусо) деди: “Ё Раббим! Менинг кўнглимни оч – кенг қил. Менинг ишимни осон қил (“Тоҳо” сураси, 25-26-оятлар).

“Рабби яссир” – “Парвардигоро, ишимни осон айлагил!

[6] Пайғамбар(с.а.в.)дан ривоят қилинди: Уҳуд жангида Пайғамбар (с.а.в.)нинг тишларини синдиришди. Бу иш саҳобаларга қаттиқ тегиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Уларни дуоибад қилинг. Улар бизнинг кўз ўнгимизда сизга зарар қилдиларку!» дейишди. Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Мен лаънат қилиш учун юборилмадим, балки дуо қилувчи ва раҳмат қилувчи қилиб юборилдим. Эй Парвардигорим! Қавмимни ҳидоят қилгин. Улар билишмайди” (Муслим ривояти).

[7] Дарвишларнинг қўшиқ, мусиқа ва рақс билан зикр тушиши.

[8] Ҳазрати Абу Зарр ал-Ғифорий (р.а.)дан: Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Агар бизларни яхши кўрсанг, унда фақирликка қарши қалқонинг бўлсин! Чунки фақирлик бизларни яхши кўрганларга тоғ тепасидан тушиб келган сельдан ҳам тез келур” (Ҳоким ривояти).

[9] Ҳазрати Абдураҳмон ас-Салмий (р.а.)дан: “Аллоҳ таоло ва Расули сизларни яхши кўришини хоҳласанглар, унда сизларга бирон-бир омонат қолдирилса, унга хиёнат қилманглар! Гапирганда тўғри рост сўзланглар! Қўшнингизга азият берадиган нарсаларни даф қилинглар ва улар билан яхши муомалада бўлингиз! (Табароний ривояти).

[10] Кимки (мол-дунёга нисбатан) ўз нафсини ҳирс ва бахилликдан сақласа, ана ўшалар нажот ва саодатга эришганларнинг айни ўзларидир (“Ҳашр” сураси, 9-оят).

[11] “Янзуру бинууриллаҳ” – “Аллоҳ нури билан қарайди”.

[12] Эй иймон келтирганлар! Гумондан кўп сақланингиз. Чунки гумоннинг бир қисми гуноҳдир (“Ҳужурот” сураси, 12-оят).

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 67
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 63
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 238
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6114
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4921
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4562
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3990
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//