Бир куни...
Афросиёб – Самарқанднинг қадимги шаҳар харобаси. Шаҳарнинг мазкур қадимги номи милоддан аввалги VIII–VII асрларда Турон давлатини бошқарган ҳарбий саркарда ва машҳур давлат арбоби Афросиёб номидан келиб чиққан. Туркий манбаларда у Афросиёб Эр Тўнға, форсий манбаларда Афросиёб номи билан тилга олинади. Кўпчилик мутахассислар Афросиёбни ҳозирга қадар афсонавий тимсол сифатида эътироф этади. Аммо Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Кошғарий, Алишер Навоийнинг асарларида ва яна кўплаб бошқа манбаларда у реал тарихий шахс экани қайд қилинади. Афросиёб номи тарихий манбаларда қадимги Самарқандга нисбатан XVII асрдан бошлаб қўлланилади. Афросиёб ҳозирги Самарқанднинг шимолий чегарасига туташ кенг тепаликлардан иборат бўлиб, унинг майдони 219 гектар. Тепаликнинг шимоли Сиёб ариғи билан чегараланган. Жанубий томондан «эски шаҳар» деб аталган қисми Самарқандга қўшилиб кетган.
Шаҳарнинг дастлабки тарихи ҳақида ёзма манбаларда маълумотлар жуда кам учрайди. Асосий маълумотлар кўҳна шаҳарда ўтказилган археологик қазишмалар натижасида қўлга киритилмоқда. Археологик қазишмалар қалин маданий қатламларнинг қандай бўлганлигига аниқлик киритиш билан бирга бойлар ва кам бағалларнинг уйларини, ҳунармандларнинг устахоналарини, савдогарларнинг дўконларини, кўча ва майдонларни, шоҳона саройлар ва ибодатхона, масжид ва мадрасаларни, мудофаа иншоотларини, шаҳарнинг сув билан таъминланиш тизими ва ҳоказони аниқлашга ёрдам беради. 1930 йилларга қадар Афросиёбда олиб борилган археологик қазишмалар қадимги Самарқанд тарихига оид жуда кам маълумот берган. II жаҳон урушидан кейин Ўз ФА Тарих ва археология институти олимларидан А.И.Тереножкин томонидан Афросиёбда жиддий дала тадқиқотлари ўтказилди. Натижада унинг энг пастки қатламидан милоддан аввалги VI–V асрларга тааллуқли буюмлар, уй-жой харобалари топилди. Я.Ғ.Ғуломовлар (1967–70) ва В.А.Шишкин (1958–66) раҳбарлигида олиб борилган кенг кўламли археологик қазишлар натижасида қадимги маданий қатлам намуналари Афросиёбнинг бошқа жойларидан ҳам топилди. 1966 йил 13 июлда Афросиёбни археологик жиҳатдан комплекс ўрганишни ташкил этиш мақсадида Республика ҳукуматининг махсус қарори қабул қилинди. Унга кўра, Афросиёб «археологик қўриқхона» деб эълон қилиниб, уни ўрганиш ишига Тошкент ва Самарқанд давлат университетлари ҳамда Маданият вазирлигининг Санъатшунослик институти олимлари сафарбар этилди. Аниқ илмий режа асосида бошланган археологик тадқиқотлар туфайли нафақат шаҳарнинг кўп асрлик ёши, балки унинг ҳар хил даврлардаги тарихий топографияси, шаҳар таркиби, шаҳар ҳаётининг ривожланиш босқичлари, босқинлар туфайли юз берган бўҳронлар даври аниқланди. Самарқанд ихшидларининг шоҳона саройи очилди.
Афросиёбда топилган археологик материаллар Самарқанд милоддан аввалги VIII–V асрларда Суғдиёнанинг марказий шаҳри сифатида вужудга келганлигини кўрсатади. Милоддан аввалги 329 йилда шаҳар Александр Македонский қўшинлари томонидан вайрон этилган, унинг излари ҳозиргача шаҳар мудофаа иншоотларида сақланиб қолган. Милоддан аввалги III–I асрларда шаҳар ҳаётида яна юксалиш юз берган. Милоддан аввалги III асрда шаҳар қўшалоқ мудофаа девори билан ўраб олинган. У даврларга оид қалин маданий қатлам Афросиёбнинг шимолида, унинг арки жойлашган қисмида яхши сақланган. Архелогик материалларнинг гувоҳлиги ҳамда ёзма манбаларда таъкидланишича, ўша даврда Самарқанд орқали Буюк ипак йўли ўтган, ички ва ташқи савдо, ҳунармандчилик ривож топган. Илк ўрта асрларда Самарқанд Суғдиёнанинг бош шаҳри сифатида нуфузли мавқега эга бўлиб, шаҳарнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида туб ўзгаришлар юз берган. Бадавлат деҳқон хўжаликлари кучайиб, худди шу кезларда уларнинг қасрлари жойлашган Афросиёбнинг шимолий қисми мудофаа девори билан ўраб олинган. Бу ҳолат Мовароуннаҳр ва унга қўшни вилоятларда ҳам юз берган. Бу даврда Самарқанд ҳукмдорлари «ихшид» деб аталган. 712 йилда араб саркардаси Қутайба ибн Муслим қўшин тортиб келганда, Самарқанднинг мудофаа деворлари мустаҳкам бўлиб, атрофи сув тўла хандақ билан ўраб олинган эди. Қутайба Самарқандга Фарғона, Шош ва турклардан ёрдамга келган лашкарларни енггач, кўмаксиз қолган Суғд ҳокими Гурак ноилож у билан сулҳ тузади, шаҳарнинг ички қисмини (шаҳристон) арабларга бўшатиб беришга мажбур бўлади. Археологик топилмалар исломга зид бўлган ҳайкал ва деворий расмларнинг атайлаб қилич билан чопилганини исботлайди. IX асрнинг иккинчи чорагидан Мовароуннаҳрда ҳокимият сомонийлар қўлига ўтди. Бухоро уларнинг марказига айланди. Шу даврда Самарқанд иқтисодий ва маданий жиҳатдан тез ривожланди. Афросиёбда сомонийлар даврида ўймакор ганч нақшлар билан безатилган саройлар, бадавлат деҳқон хонадонлари, масжид ва мадрасалар, ҳаммом ва қувурлар, тош кўчалар топилмоқда.
Шаҳар аҳолисининг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида шаҳар ҳаётининг дастлабки йилларидаёқ Дарғом томонидан канал қазиб, сув келтирилган. Ана шу канал излари ҳозирги шаҳар ҳиёбонининг жанубида, Алишер Навоий ҳайкали қад кўтариб турган масканда очиб ўрганилди. Бу канал Регистон майдони орқали Ҳазрати Хизр масжиди томон чўзилиб кетган. Тарихий манбаларга кўра, Афросиёбга жанубдан кираверишда шаҳарни ўраб турган хандақ устига пишиқ ғиштлардан равоқли сувайриғич қурилиб, унинг тепасидан катта ариқ ўтказилган. Бу ариқни «Жуйи арзиз» («Қўрғошин ариқ») деб атаганлар. Ариқ шу ерда учга бўлинган ва шаҳар оралаб Сиёб ариғига қадар борган. Х асрнинг охирида Мовароуннаҳрда ҳокимият қорахонийлар қўлига ўтганда ҳам Самарқандда савдо, ҳунармандчилик, ободончилик ишлари давом этади. Шаҳарда ҳунармандчилик ривожланиб, зодагон деҳқон қасрлари энди шаҳар ташқарисида, уларнинг дала ҳовлиларида марказлашади. 1220 йилда Чингизхон қўшинлари «Жуйи арзиз» тўғонини бузиб, шаҳарни сувсиз қолдирди. Шаҳар мудофаачилари тенгсиз жангда таслим бўлдилар. Босқинчилар шаҳарнинг девор ва дарвозаларини вайрон қилиб, сарой, масжид ва мадрасаларга, аҳоли хонадонларига ўт қўйдилар. Аҳолининг катта қисми жангда қирилди, ҳунар мандлар Мўғилистонга ҳайдаб кетилди. Шаҳарнинг сўнгги мудофаачилари Жоме масжидида яшириниб, қаршиликни давом эттирдилар. Уларнинг оловда ёнган таналари жанг кийимида сақланиб қолган бўлиб, археологик қазишлар чоғида топилган. Шундан кейин «Қўрғошин ариқ» қайта тикланмаган. Афросиёбда сувсиз қолган аҳоли Сиёбдан чархпалакда сув чиқариб, кун кўрган, кейинчалик аҳоли Афросиёбни бутунлай ташлаб кетган. Кимсасиз харобага айланган қадимги Самарқанд авваллари «Ҳисори кўҳна», «Қалъаи Ҳисор» деб аталиб, XVII асрдан бошлаб аҳоли орасида «Қалъаи Афросиёб» ёки «Афросиёб» деб атала бошлаган. Афросиёбда қазишма ишлари айниқса, Самарқандда Ўз ФА Археология институти ташкил топгандан кейин кенг кўламда йўлга қўйилди. 1989 йилдан бошлаб Афросиёбни археологик жиҳатдан тадқиқ этиш ишига француз археологлари – Поль Бернар, Франц Гренэ ва бошқалар жалб этилган. Француз археологик миссияси Ўзбекистон археологлари билан бирга Афросиёбни ўрганишда қатнашмоқда. Ўзбек ва француз олимларининг ҳамкорликда олиб борган тадқиқот натижалари қадимги Самарқанд тарихига оид қатор масалаларга аниқлик киритди, яъни милоддан аввалги VI–V асрларга тааллуқли шаҳар мудофаа деворлари остидан гуваладан қурилган янада қадимги девор қолдиқлари очилиб, Самарқанднинг ёши милоддан аввалги VIII асрнинг ўрталарига оид эканлигини исботлади; шаҳарнинг арк қисмидан милоддан аввалги VIII асрга оид мурабба шаклидаги Самарқанд ихшидларининг маҳобатли саройи қолдиқлари очилди.
Афросиёбда археологик тадқиқот ишлари давом этмоқда. Афросиёбда археологик қазишмалар натижасида маҳобатли рангтасвирнинг ноёб дастлабки намуналари археолог В.Вяткин томонидан топилган (1913). Кейинги қазишмалар даврида (1965–1668) ўзбек археологлари 30 га яқин сарой хоналарини очишга муваффақ бўлганлар, бу хоналарнинг кўплари деворий расмлар, нақшлар билан безатилган. Шулардан катта (11х11) ва кичик (7х7) хоналардаги расмларда бир неча эркак ва аёл арк олдида ўтирган ҳолда тасвирланган. Катта хона деворларига ишланган расмлар деталларга бойлиги, суғд ёзувларининг сақланиб қолганлиги билан аҳамиятга эга. Хона деворларига ишланган расмларда тўй маросими, Суғд ҳукмдорининг хорижий давлатларнинг элчиларини қабул қилиши, бу элчиларнинг йўлдаги саргузаштлари, йиртқич ҳайвонлар билан олишув, ов манзаралари, афсонавий махлуқлар тасвирланган. Сақланиб қолган расмлар таҳлили ўрта аср маҳобатли тасвирий санъатининг ғоявий-бадиий йўналиши, мусаввирнинг иш усул ва воситалари ҳақида, тафсилотларга бой маиший саҳналар, этник кўринишлар ўша давр ҳақида фикр юритиш имконини беради. Афросиёб деворий расмлари ягона мазмунга бўйсундирилган: марказда Суғд ҳукмдори Вархумон туради, анъаналарга кўра рассом уни бошқаларга нисбатан йирик кўринишда (бутун девор баландлигида, 5–6 м) тасвирлаб, ҳукмдорнинг буюклигини эътироф этади, унга абадийлик, қаҳрамонлик бахш этади. Афросиёб деворий расмлари Ўрта Осиёда араблар истилосига қадар маҳобатли рангтасвир санъати юксак даражада ривожлангани, Самарқанд эса унинг маркази бўлганидан далолат беради.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ