Бир куни...
Аристотель (Aristoteles, милоддан аввалги 384–322) – қадимги Юнонистонда ўзига хос фалсафий таълимот яратган буюк мутафаккир. Фракиянинг Стагира шаҳрида туғилган. Шарқ халқлари орасида Арасту номи билан машҳур бўлган. Аристотель фан тараққиётининг ўзигача бўлган барча ютуқларини умумлаштириб, фанларнинг ягона тизимини яратиш билан инсоният маънавиятида ўчмас из қолдирди. Унинг қарашларига кўра, фанлар борлиқни тадқиқ этиш билан машғул бўлар экан, ўз моҳиятига кўра, назарий жиҳатдан одамлар дунёқарашини ўзгартириб боради, бу ўзгаришлар ҳам фанларнинг ўзида, ҳам инсонларнинг оламга нисбатан муносабатлари, дунёқарашларида, ҳам улар томонидан таъсир кўрсатилган моддий оламдаги ўзгаришларда ўз аксини топади.
Аристотель биринчи бўлиб, ахлоқ (этика)ни мустақил фан сифатида илмий-фалсафий билимлар тизимига киритган. Аристотельнинг этикаси дунёвий, ҳар бир озод кишини давлат фуқароси руҳида тарбиялаш масалаларига бағишланган. Аристотельнинг фикрича, ахлоқ масаласини кенг ва атрофлича ўрганиш ҳамда унинг тизимини яратишдан аввал бахт-саодат нималигини аниқлаб олиш лозим. Шунга кўра, аллома фаровонлик, эзгулик, ирода эркинлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Аристотель аҳлоқ масалаларига бағишланган махсус асари – «Никомах этикаси»да озчиликка тааллуқли бўлган маънавий идеал таҳлил қилинади. Тарбиядаги ютуқ турмуш тарзига боғлиқ. Энг яхши ҳаёт тарзи ҳақидаги таълимот бевосита давлат тузилиши ва сиёсатининг мақбул шаклига боғлиқдир. Аристотельга кўра, эзгулик тушунча аниқ мақсад ва унга доимий интилиш билан боғлиқ. Эзгулик туғма сифат бўлмасдан, балки кишининг ижтимоийлашув жараёнида шаклланадиган хислатдир. Бошқача айтганда, унга таълим-тарбия ва меҳнат орқали эришилади. Аристотель эзгулик ҳақида умумий мулоҳаза юритибгина қолмасдан, балки уни чуқур таҳлил қилишга ҳаракат қилади, назарий ёндашувни амалий фаолият билан боғлашга интилади. Масалан, унингча, жасурлик – бу эзгулик бўлиб, сохта қаҳрамонлик ва қўрқоқлик ўртасида туради. Чинакам – қаҳрамон шундай кишики, у ўз олдидаги тўсиқларни енгиб, қўрқмай олға боради. Жасоратли киши эса азоб-уқубатга чидайди, меъёрида ва оқилона ҳаракат қилади.
Аристотель ахлоқий фазилатлар ва иллатларни қуйидагича тасниф қилади: 1) фазилатлар: жасурлик, довюраклик, мўътадиллик, саҳийлик, савлатлилик, ҳимматлилик, мулойимлик, тўғрилик, ҳақгўйлик, дилкашлик, меҳрибонлик, одиллик, ҳалоллик, қонунга биноан адолатли бўлишлик; 2) иллатлар: қўрқоқлик, ўзини тия билмаслик, эҳтироссизлик, исрофгарчилик, хасислик, такаб бурлик, пасткашлик, мақтанчоқлик, ҳимматсизлик, қўполлик, камситишлик, масхарабозлик, бемаънилик, тошбағирлик, адолатсизлик. Аристотель этикасида ахлоқий фазилатлар орасида биринчи ўринда адолат туради. Аристотель адолатсизлик деганда қонунни бузувчилар, бошқалардан ортиқроқ оладиган ва барчага тенг муносабатда бўлмайдиган кишиларни тушунади. Қонунга яраша иш қиладиган, барчага баробар қарайдиган кишиларни адолатли деб ҳисоблайди. Унингча, барча кишилар, адолат мутаносиблигига амал қилишга розидир. Аристотельнинг буюк хизмати шундаки, у ижтимоий-фалсафий тафаккур тарихида илк бор эркинликка интилиш-инсонга хос туғма хусусият экани ва бу ҳол унинг маънавияти, ўзлигини англаши, юксак мақсадлар ва эзгу амаллар сари хатти-ҳаракатлари билан узвий боғлиқлигини таъкидлайди. Алломанинг фикрича, инсон ана шу йўлда мутлақ эркин бўлгани боис ўз саъй-ҳаракатларининг оқилоналиги ва оқибатлари учун масъулдир. Аристотель наздида, кишилар эзгулик ва ҳузур-ҳаловат тушунчаларини ўз ҳаёт тарзларига кўра белгилайди. Қўпол ва илмсиз омма эзгулик ва ҳузур-ҳаловатни кайфсафода кўради. Аристотельнинг фикрича, ҳақиқий бахт-саодатни маънавий юксак, оқилона фикрлайдиган кишиларгина англашга қодир бўлади. Маънавий баркамол инсон ақл билан фазилат бирлигига амал қиладиган кишидир. Фақат ақлли ва фазилатли кишигина энг юксак ҳурмат-эътиборга лойиқдир. Аристотельнинг илмий ва маънавий мероси жаҳон маданият хазинасида муносиб ўрин эгаллаб, бугунги кунгача илм-фан, тафаккур ривожи, кишиларнинг маънавий-маърифий такомиллашувига хизмат қилиб келмоқда.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ