Биласизми?
Бир карнинг бемор ётган қўшнисидан ҳол сўрагани
Бир муҳтарам зот кар кишига деди: “Бир қўшнинг касал бўлиб қолибди, азоб чекаётган эмиш”. Кар ўзига ўзи деди: “Қулоғим оғир бўлса, мен у йигитнинг сўзларини қандай тушунаман? Айниқса, у дард чекиб, овози заифлашган бир пайтда. Аммо у ерга бориш керак, бошқа йўл йўқ. Лаблари қандай қимирлаётганини кўриб, уни ўзим билан таққослайман.
Мен: “Аҳволинг яхшими, шўрликкинам?” деб сўрайман.
У: “Яхшиман” ёки “Ўзимни яхши ҳис этяпман”, деб жавоб бериши керак.
Мен: “Аллоҳга шукр! Нима единг, ота? дейман.
У: “Дори шарбати ёки мошли шавла”, деб айтади.
Мен: “Ош бўлсин ва сенга қувонч келтирсин! Ёнингга қайси табиб келиб турибди?” дейман.
У: “Фалончи табиб”, деб жавоб беради.
Мен: “Унинг қадами жуда қутлуғ. У келган экан, ҳаммаси яхши бўлади, дарддан фориғ бўласан. Биз унинг қадамини ўзимизда синаб кўрганмиз, қаерга бормасин, масалани ҳал қилади”, дейман.
Ўша илтифотли одам ана шундай тахминий жавобларни тайёрлаб, дардманд қўшнисининг олдига борди.
У деди: “Қандайсан?”
Бемор жавоб берди: “Мен ўлдим”.
У деди: “Аллоҳга шукр!”
Бемор бундай ҳамдардликдан ранжиди ва нафратга тўлди. Аллоҳга шукр қилиши нимаси? Наҳотки у бизни шунчалик ёмон кўрса?
Кар тахминини амалга оширдию, аммо у тескари иш берди.
Кейин у деди: “Нима единг?”
Бемор жавоб берди: “Заҳар!”
У деди: “Ош бўлсин!”
Бемор баттар тушкунликка тушиб, безовта бўлди.
Кейин у деди: “Сенга ёрдам бериш учун табиблардан ким келди?”
Бемор деди: “Азроил келди. Йўқол!”
У деди: “Қадами қутлуғ. Хурсанд бўл”.
Кар ташқарига чиқаркан, хурсанд бўлиб ўйлади: “Аллоҳга шукр, мен унга ғамхўрлик қилдим!” Бемор ўйлади: “Бу бизнинг жонимизга душман экан. Биз бунинг бешафқатлик кони эканини билмай юрган эканмиз”. Бемор хотирасидан ҳақоратли сўз излар, ҳар қандай йўл билан унга йўллашни истарди. Одам ёмон овқат еса, уни қусиб ташламагунча кўнгли айниб, безовта қилади. Ғазабни эса ичга ют, қайтариб қусма, шунда бадалига ширин сўз топасан.[1] У сабр-тоқати тугаб, бўралаб сўкарди: “Ўша сурбет бузуқ ит қани? У нимаики деган бўлса, ҳаммасини ўзига қайтараман, чунки ўша пайтда қалбимнинг шери ухлаб ётганди. Одатда кўнглини тинчлантириш учун касални зиёрат қилишади. Бу эса зиёрат қилмади, балки душманини заиф ҳолда кўриб, разил руҳи хотиржам тортиб, ғурурланди!”
Тоат йўлидан адашганларнинг кўпчилиги қалбларини савоб ва ажр учун бахш этадилару, аслида унда гуноҳ ҳақиқати яширинган бўлади. Ўша кар одамга ўхшаб, сен тоза деб билган лойқаликлар кўп. Чунки у яхшилик қилганига ишонган эди, бунинг акси бўлиб чиқди.[2] Кар: “Мен қўшнилик ҳақини адо этдим, ўз вазифамни бажардим”, деб ўйлаб мамнун ўтирарди.[3] У хастанинг юрагига ўзи учун ўт қўйди ва ўзини ёндирди. Ўзингиз ёққан ўтдан асранинг! Дарҳақиқат, гуноҳларингиз ортадир![4]
Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг юзига ёв тупургач, у қўлидаги қилични улоқтиргани
Сен ихлосни Али (к.в.)дан ўрган, Ҳақ шерини ёлғонлардан покланган, деб билгин. У дин учун жангда рақибини мағлуб этди ва жаҳд билан қиличини қинидан суғурган эди, рақиби унга тупурди. Ўша тупук ҳар набий ва ҳар авлиёнинг фахри бўлмиш Али (к.в.)нинг юзига тегди. Ўша тупук саждагоҳда қошида ой тиз чўккувчи юзнинг пешонасига тегди.
Шунда Али (к.в.) дарҳол қиличини улоқтирди, унга ҳужум қилишга шиддати сўнди. Рақиб бундай ноўрин хатти-ҳаракат, кечирим ва раҳм-шафқатдан ҳайратга тушиб, деди: “Устимда ўткир тиғ кўтарган эдинг, нима сабабдан уни ташлаб юбориб, мени аядинг? Мен билан жанг қилишдан яхшироқ нимани кўрдингки, мени қўлга олишда сусткашлик қиляпсан? Нимани кўрдингки, ғазабинг босилиб, ярқ этиб чақнаган чақмоқ нури дарҳол сўнди? Нимани кўрдингки, ўшал кўрганинг аксидан қалбим ва жонимга ўт тушди. Бу Фазо ва Коинотдан юқорида жондан азиз нимани кўрдингки, менга жон бахш этдинг?
Эй Али, сен буткул ақл ва кўзсан, кўрганларингдан бир қисмини айтиб бер. Сенинг ҳилминг тиғи жонимизни парчалаб ташлади, илминг суви хокимизни поклади. Айтгил, мен биламан, бу асрор Уники, чунки қиличсиз ўлдириш Унинг иши. Асбобсиз ва аъзоларсиз тан Яратгувчигина бундай фойдали инъомларни бергувчидир... Али (к.в.) деди: “Мен таннинг қули эмасман, Ҳақ бандасиман, тиғни Ҳақ учун ураман. Мен Ҳақнинг шериман, нафснинг шери эмас, динимга амалим гувоҳ бўлади. Мен ўзлигим лаш-лушларини йўлдан олиб ташладим, Ҳақдан ўзга ҳамма нарсани йўқлик, деб билдим...
Дин учун жангда маълум бир сабаб бор эдики, мен қилични қинига яширмоқни раво деб билдим. Токи Аллоҳ учун уни жалб этиш менинг номим бўлди, токи Аллоҳ учун унинг ғазабланиши менинг истагим бўлди, токи Аллоҳ учун унинг бергани менинг ҳушёрлигим бўлди, токи Аллоҳ учун унинг бермагани менинг борлигим бўлди. Менинг зиқналигим Аллоҳ учундир, ҳадям Аллоҳ учун, бори шу.[5] Менинг бору йўғим Аллоҳ учун, мен у одамлардан эмасман. Аллоҳ учун нимаики қилмай, у тақлид эмас, фараз ва тахмин эмас, кўрмоқдан ўзгаси эмас.
Ижтиҳод ва изланишдан озод бўлдим, Ҳақнинг этагига енг боғладим. Агар учсам, парвозни, агар айлансам, айланиш ўқини кўраман. Агар юк ортиб олсам, қаергача боришимни биламан; мен ойман, қуёш эса олдинда йўл бошловчимдир. Мен шахсий манфаатдан озодман, озодларнинг гувоҳлигига қулоқ сол, қулнинг гувоҳлиги икки чақага арзимайди! Шариатда даъво ва ҳукм чоғида қулнинг гувоҳлиги ҳеч қандай кучга эга эмас. Минглаб қуллар гувоҳинг бўлса ҳам, Қонун олдида хасчалик қадри йўқ.
Шаҳват қули Ҳақ ҳузурида асирга олинган тутқунлар ва қуллардан ҳам баттардир. Чунки улар хожасининг бир сўзи билан озод бўладилар, бу эса ширинликда яшаб, оғир аччиқликда ўлади. Чунки агар Аллоҳнинг раҳмати ва хос инъоми бўлмаса, шаҳват қулига озодлик йўқ. Қулларнинг гувоҳлиги қабул қилинмас экан, у ҳолда ғулга қул бўлмаган одам гувоҳлик қила олади. “Биз сизни бир шоҳид қилиб юбордик” [6] деган сўз огоҳлантириш бўлди, чунки Муҳаммад (с.а.в.) Оламдан озод бўлган озод ўғил эди. Гар мен озод эканман, ғазаб қандай қилиб мени асир айласин?
Бу ерда Ҳақ васфидан ўзга ҳеч нарса йўқ, киргин! Кир, Ҳақнинг марҳамати сени озод қилди, Унинг раҳмати ғазабидан устун келди.[7] Энди кир, сен хавф-хатардан халос бўлдинг: тош эдинг, кимё сени марваридга айлантирди. Сен кофирликдан ва унинг тиканли чангалзоридан халос бўлдинг: Унинг сарв боғида гул каби очил. Сен бу – мен, мен эса сенман, эй муҳтарам! Сен Али эдинг, Алини мен қандай ўлдираман? Сен итоатдан афзалроқ итоатсизлик қилдинг, сен осмонни бир нафасда кесиб ўтдинг.
Мард одам қилган итоатсизлик хушдир, ахир гулнинг гулбарглари тикандан униб чиқмадими? Умарни қабул даргоҳига олиб борган унинг гуноҳи ва Пайғамбарга суиқасди эмасми?[8] Фиръавн сеҳргарларни сеҳри билан ўзига жалб этмадими, уларнинг ёрдами мулкка айланмадими? Агар уларнинг сеҳр-жодуси ва Мусога нисбатан нописандлиги бўлмаганида, ким уларни ўжар Фиръавн ҳузурига олиб борарди? Улар асо ва мўъжизаларни қачон кўрардилар? Итоатсизлик итоатга айланди, эй итоатсизлар!
Гуноҳ итоаткорликка ўхшаб қолган пайтда Худо ноумидлик бўйнини синдиради. Ёмон амалларнинг ўрнини босгани учун ғийбатчиларнинг гап-сўзларига қарамай, уларни итоаткор қилиб қўяди.[9] Шунинг учун ҳам лаънатланиб тошбўрон қилинган ва тошлигича қолган шайтон ҳасаддан тарс ёрилиб, иккига бўлинади.[10] У гуноҳни асрашга, шу гуноҳ туфайли бизни чоҳга туширишга ҳаракат қилади. Қачонки гуноҳнинг итоатга айланганини кўрар экан, шу лаҳза унинг учун қора кун бўлади. Кирақол, сенга эшикни очдим. Сен тупурдинг, мен эса сенга ноёб совға тутдим. Жафокашни ана шундай тақдирладим. Чап оёғингга қандай бош қўйдим ва кейин ўнгига нималар инъом этдим? Билиб олгин, бу мулк ва хазиналар боқийдир”.
Жалолиддин Румий
“Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар
Насрий баён муаллифлари:
Одил ИКРОМ, Ойдиннисо
[1]У (тақво эгалари бўлган зот)лар, кенгчиликда ҳам, тангликда ҳам (Аллоҳ ризоси учун) сарф қилурлар, ғазабларини ичларига ютурлар ва инсонларни афв этурлар. Аллоҳ муҳсинларни (яхшилик қилувчи ва гўзал иш-ҳаракат этувчиларни) севар.” (“Оли Имрон” сураси, 134-оят).
[2]Айтинг: “Сизларга (ўз қилган) иш-амалларидан энг кўп зиён топгувчиларнинг хабарини берайликми?” Улар ўзларини яхши иш қиляпмиз деб ҳисоблаган ҳолда дунё ҳаётида амаллари бекор кетган кимсалардир (“Каҳф” сураси, 103-104-оятлар).
[3]Аллоҳга ибодат қилинглар, ҳеч бир нарсани (улуғлаб, илоҳлаштириб ёки сиғиниш ҳолига келтириб) У зотга шерик қилманглар! (Кейин навбати ила) ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, (қариндошлик, дин ва уй жиҳатидан) яқин қўшнига ҳамда узоқ (ва бегона) қўшнига, ёндаги ҳамроҳга (сафардошга), йўлда – кўчада қолганга ва қўл остингизда бўлган (хизматкор)ларга яхшилик қилинглар. Аллоҳ худбин-такаббурларни ва мақтанчоқ кимсаларни севмас (“Нисо” сураси, 36-оят).
[4]Агар бундай қила олмасангизлар – абад ул-абад қила олмайсизлар ҳам – унда ёқилғиси инсонлардан ва тошлардан бўлган, кофирлар учун ҳозирлаб қўйилган дўзах оловидан сақланинглар (“Бақара” сураси, 24-оят).
[5]Айтинг: “Менинг намозим, (ҳаж, умра ва бошқа) ибодатларим, ҳаётим ва мамотим бутун оламлар Рабби – Аллоҳ учундир. (“Анъом” сураси, 162-оят).
[6] (Эй Расулим!) Шубҳасиз, Биз сизни (бутун инсониятга) бир шоҳид, хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик (“Фатҳ” сураси, 8-оят).
[7] Абу Ҳурайра (р.а.)дан: “Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Аллоҳ таоло (бутун борлиқни) яратишни адо қилгач, Арш устидаги, Ўзининг ҳузуридаги Китобига: “Менинг Раҳматим ғазабимдан ғолибдир”, деб битиб қўйди (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоятлари).
[8] Ривоят қилишларича, дастлаб Умар Муҳаммад (с.а.в.)ни ўлдириш мақсадида у зотнинг уйига йўл олади. Йўлда синглисининг исломни қабул қилганини эшитгач, синглисиникига ҳам ўша ёвуз мақсадда боради. Аммо, унинг уйида Қуръон тиловатини эшитади ва бу ҳолдан шу қадар таъсирланадики, беихтиёр ёвуз мақсадидан воз кечади ва Пайғамбар (с.а.в.) ҳузурига бориб мусулмон бўлади.
[9] Айтингки: “(Аллоҳ дер:) “Эй Менинг ўз жонларига қарши (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларим! Аллоҳнинг раҳматидан умид узманглар! Чунки Аллоҳ (ширк қўшган ва куфр келтирганлардан бошқа хоҳлаган бандаси учун) барча гуноҳларни кечирур! Шубҳасиз, У беҳад мағфиратлидир, бениҳоят раҳмлидир” (“Зумар” сураси, 53-оят).
[10] (Ҳақ таоло:) “Ундоқ бўлса, чиқ у ердан, чунки сен (раҳматимдан) қувилдинг! Муҳаққақки, ҳисоб кунига қадар сенга лаънат (бўлур)!” деди (“Ҳижр” сураси, 34-35-оятлар).
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ