«Авесто»


Сақлаш
16:04 / 25.04.2023 0 961

«Авесто» – милоддан аввалги VII–VI асрларда Марказий Осиё ҳудудида, Хоразм воҳасида яратилган ва «Авесто», яъни «Ҳаёт йўриқномаси» деб номланган китоб; зардуштийлик динини шакллантиришга асос бўлган назарий манбаларнинг умумий номи ва бу диннинг асосий китоби.

 

«Авесто» Марказий Осиё халқларининг қадимги даврлардаги моддий ва маънавий ҳаёти, диний қарашлари, олам ва одам тўғрисидаги тасаввур, урф-одат ва қадриятлари ҳақида маълумот беради. Асарда Милоддан аввалги XIII асрдан то милоднинг IV асригача бўлган даврдаги тарихий воқеалар акс этган. Олис ота-боболаримизнинг ақл-заковати, қалб қўри маҳсули бўлмиш бу ноёб ёдгорликнинг замон тўфонларидан, қанча-қанча оғир синовлардан ўтиб, бизнинг давримизгача етиб келганининг ўзи бугун биз яшаб турган кўҳна ўлкада қадимдан буюк маданият мавжуд бўлганидан гувоҳлик беради. Унда маънавий юксакликка даъват этиш, одамлар ўртасида меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлашга оид фикрлар, эзгу ғоялар, маъбудлар шаънига айтилган мадҳиялар, дуолар ҳам ўз ифодасини топган. Дуализм, руҳ ва моддий ҳаётнинг ўзаро уйғунлигини тан олишга асосланган зардуштийлик динига кўра, бутун олам ёруғлик ва зулмат, ҳаёт ва ўлим, тана ва жон, яхшилик ва ёмонлик, эркинлик ва тобелик сингари қарама-қарши ҳодисалар ўртасидаги азалий ва абадий кураш асосига қурилган. Бу кураш яхшилик худоси Ахура Мазда билан ёмонлик тангриси Ахриман орасидиги доимий олишув тимсолида ҳеч қачон тўхтамайди. Тарихчи Масъудийнинг ёзишича, подшо Доро ибн Доро хазинасида «Авесто»нинг 12 минг олтин тахтага, Балхийнинг «Форснома» китоби ва Абу Райҳон Беруний асарларида келтирилган маълумотларга кўра эса, 12 мингта мол терисига тилло сувида ёзилган 32 та китобдан иборат нусхаси бўлган. Македониялик Александр милоддан аввалги 334–329 йилларда Марказий Осиёни забт этган даврда «Авесто»нинг кўпгина саҳифалари ёқиб юборилган. Унинг тиббиёт, фалакиёт, фалсафа ва адабиётга доир бўлимлари эса юнон тилига таржима қилинган.

 

Сосонийлар сулоласи ҳукмронлик қилган милодий I асрда зардуштийлик динига бўлган қизиқиш кучайган ҳамда Парфиядаги аршакийлар ҳукмдори Вологес томонидан «Авесто»нинг турли манбаларда сақланиб қолган ёзма ва оғзаки намуналари қайта тўпланган. Подшо Ардашер (226– 242) ва унинг ўғли Шопур (242–272) ҳукмронлик қилган даврда зардуштийлик яна давлат динига айланган ва «Авесто» алоҳида китоб ҳолида тикланган. Шоҳ Хусрав Ануширвон (531–579) ҳатто руҳонийлар ҳам тушуниши қийин бўлган «Авесто»ни, авестойи тилдан замонасининг адабий тили ҳисобланган паҳлавий тилига таржима қилдирган. Шу даврда китобнинг асосий матнига шарҳлар ёзилиб, изоҳлар берилган. Сосонийлар ҳукмдорлари томонидан қайта тикланган бу китоб «Занд Авесто» деб аталган. «Занд» баён қилиш ва изоҳлаш дегани. «Занд Авесто» зардуштийлик дини таълимотини тўлиқ акс эттиролмайди. Чунки, бу тўпламга «Авесто»нинг фақат кишиларнинг ёдида қолган 12 насхи оғзаки қўшимчалар асосида киритилган бўлиб, китобнинг бешдан уч қисми – 18 насхининг матни маълум бўлмагани учун киритилмай қолган. Иккинчидан, китобни қайта тиклаш жараёнида астрономия, тиббиёт, жуғрофия, этика каби фанларга оид асарлар ҳам унинг матнига қўшиб юборилгани ҳақида тахминлар бор. Айни пайтда «Авесто» асл нусхасининг ҳажми катта бўлгани боис, диндорларнинг ҳар куни фойдаланиши учун айрим қийинчиликлар туғдирган. Бу ҳолатга барҳам бериш учун китоб қисқартирилиб, унинг «Кичик Авесто» шакли яратилган. Унга асосан танлаб олинган дуо ва мадҳиялар киритилган. VII–VIII асрларда Ўрта Осиёнинг араблар томонидан истило қилиниши ва исломнинг кенг тарқалиши билан зардуштийлик ва унинг асосий китоби бўлмиш «Авесто»ни ўрганиш тақиқланган. Шу сабабли унинг аксарият саҳифалари йўқолиб кетган ва тўлиқ матни ҳозирга қадар топилмаган. «Авесто» битиклари қадимги юнонлар, римликлар, яҳудийлар, сурияликлар ва бошқа халқлар томонидан чуқур ўрганилиб, ундаги энг қимматли билимлар, фикр ва ғоялар, амалий тажрибалар ўзлаштириб олинган. Айниқса, «Авесто» юнон фалсафасига ҳал қилувчи таъсир ўтказган. «Авесто» бўйича асрлар давомида дунёнинг кўпгина мамлакатларида чуқур илмий-тадқиқот ишлари олиб борилган ва бу ишлар бугунги кунга қадар давом этмоқда. 1777 йилда немис олими Кленкер «Занд Авесто»ни немис тилига ўгириб, Рига шаҳрида чоп эттирган бўлса, Даниялик тадқиқотчи Р.Раск XIX асрнинг биринчи чорагида «Авесто»дан немис тилига бир қатор таржималарни амалга ошириб, 1826 йилда Копенгаген шаҳрида нашр қилдиради. Европалик олим Э.Бюрнуфнинг 1833 йилда «Авесто»нинг «Ясна» қисмига ёзган шарҳлари ушбу китобни «Авесто»да янгитдан тушуниш ва кашф этишда муҳим қадам бўлди. XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб, Россияда ҳам «Авесто»га эътибор кучаяди. Рус шарқшуноси К.Коссович 1861 йили биринчилардан бўлиб, «Занд Авесто»дан 4 бобини таржима қилади. Яна бир рус тадқиқотчиси К.Залеман эса қадимги форс адабиёти ҳақидаги очеркларида (1881) «Авесто» ҳақида маълумот беради. С.Каменский «Авесто» яштларидан еттитасини рус тилига таржима қилиб, 1900 йили изоҳли луғати билан чоп эттиради. «Авесто»нинг кейинги даврдаги тадқиқотчилари ҳақида фикр юритганда, эронлик Иброҳим Пури Довуднинг номи алоҳида тилга олинади. У 1925 – 1936 йилларда Ҳиндистондаги порс қавми орасида истиқомат қилиб, «Авесто»нинг тилини мукаммал ўрганди, китоб ҳақидаги барча мате риалларни жамлаб, тўққиз жилддан иборат «Авесто» китобини чоп эттирди. Шу тариқа уч минг йиллар олдин йўқотилган «Авесто» саҳифаларини тиклаб, уни ҳозирги замон форс тилига ўгирди.

 

Собиқ совет даврида «Авесто»нинг илк ватани бўлмиш Ўзбекистонда бу китобни системали равишда ўрганишнинг имкони бўлмади. Қадимги аждодларимизнинг эзгу ғоялари, миллий давлатчилик анъаналари, турмуш тарзи ва менталитетини акс эттирган бу китоб фақат мустақиллик йилларида ўзининг ҳақиқий қадр-қимматини топди. Биринчи Президент Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилган маънавий меросимизни тиклаш, ҳар томонлама кенг ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги кенг кўламли ишлар доирасида «Авесто» китоби ҳам янгидан халқимизнинг маънавий мулкига айлантирилди. Китобнинг халқимиз ва миллий давлатчилигимиз тарихи, умумбашарий цивилизация ривожидаги улкан аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда 2001 йили «Авесто» яратилганининг 2700 йиллиги юртимизда халқаро миқёсда кенг нишонланди. Шу муносабат билан китобнинг тўлиқ матни ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 12
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//