Биласизми?
Исо алайҳиссаломнинг аҳмоқлардан безиб тоғ чўққисига қочгани
Исо Мариям ўғли, худди шер қонини тўкиш учун таъқиб қилиб келаётгандай тоққа қараб қочаётган эди. Бир киши унинг орқасидан югуриб келиб сўради: “Орқангдан ҳеч ким қувгани йўқку, нега қушдай учиб кетяпсан?” Аммо у шу қадар шошиб югурардики, шошганидан унга жавоб бермади. У Исо (а.с.)нинг орқасидан бир-икки майдон қувиб бордида, сўнг қатъий туриб сўради: “Оллоҳ розилиги учун бир зум тин олгин, югурмоқдан қийналиб кетдим. Кимдан қочиб бу тарафга югураяпсан, эй олийҳиммат! Ахир орқангда шер ҳам, ғаним ҳам, хатару даҳшат ҳам йўқку”.
Исо (а.с.) деди: “Мен аҳмоқдан қочяпман, кет, мени ўзингдан озод қил, менга боғланиб қолма!” Ўша киши деди: “Кар ва кўрларга шифо ато этгувчи ўша Масиҳ сен эмасмисан?” Исо (а.с.) деди: “Ҳа, менман”. Ўша киши деди: “Ғайб оламининг афсунига паноҳ бўлган шоҳ сен эмасмисан? Агар бу афсунларингни ўликка ўқисанг, у ўлжасига ташланган шердай ўрнидан сакраб туриб кетадику”. Исо (а.с.) деди: “Ҳа, мен ўшаман”. Ўша киши деди: “Лойдан қуш бунёд этгувчи сенмисан ахир, [1] эй хушсуврат! Исо (а.с.) деди: “Ҳа”. Ўша киши деди: “Унда, нимаики истасанг, ҳаммасини қила оларкансан, кимдан қўрқяпсан ахир, эй руҳи пок! Шунча далил билан ким бу дунёда сенга қуллик қилмас экан?”
Исо (а.с.) деди: “Пок, улуғ Зотга қасамки, исми Аъзам дуосини ўқисам, кўр ва карлар соғайди; Тоғу тошларга ўқисам, улар парчаланиб, хирқасини киндигига қадар йиртиб ташлади; Ўлик танга ўқисам, у жонланди, ҳеч нимага ўқисам, у бир нимага айланди; Аммо аҳмоқнинг қалбига мен бу дуоларни меҳр билан юз минг марталаб ўқисам ҳам, у асло тузалмади. У метин тошдай қотиб тураверди ва бу хулқидан қайтмади. У қумга айланди, ундан бирор бир ҳосил ўсмади”.
Ўша киши деди: “Ҳақ исмининг у ерда фойда қилиб, бу ерда ҳеч бир таъсир ўтказмаслигида қандай ҳикмат бор? Унисида дард бўлса, бунисида ҳам борку, нега бунисига таъсир қилмайдию, унисига малҳам бўлади?” Исо (а.с.) деди: “Аҳмоқнинг дарди – Худонинг қаҳри, тан дарди бўлмиш кўру карлик эса қаҳр эмас, балки синовдир. Дард синов бўлса, раҳм-шафқатни келтиради, аҳмоқлик эса шундай дардки, зарба келтиради. Қаердаки Унинг тамғаси бўлса, демак, У муҳр босган, ҳеч бир восита унга қўл теккизишга журъат этолмайди”. [2]
Аҳмоқлардан Исо (а.с.) қочгани каби қоч, аҳмоқ билан мулоқот кўп қон тўкди. Ҳаво сувни аста-секинлик билан элтиб кетгани каби, аҳмоқ ҳам сендан динни худди шундай ўғирлайди. У сенинг тафтингни ўғирлаб, эвазига остингга тош қўйган каби совуқлик беради. Исо (а.с.) хатардан холи, унинг ўша қочиши қўрқувдан эмас, бошқаларга сабоқ бўлиши учун эди. Агар уфқни қаҳратон қоплаб олса, порлаб турган Қуёшга бундан не ғам?
Бир сичқон туянинг тизгинидан тортиб элтгани ва бу ҳолдан кибрлангани
Панжадай келадиган сичқонча кимўзарлик қилиб туянинг жиловидан тутиб кетди. Орқасидан туя шошиб кетаётганидан ғурурланиб: “Мени паҳлавон дейишади!” деди у. Туяга унинг ўйлари акс этган шуъла тушди ва деди: “Ҳозирча маза қилиб тур, ҳали кўрсатиб қўяман сенга!” Улар арслон ҳам, бўри ҳам ожиз қоладиган катта анҳор қирғоғига етиб келишгач, сичқонча қирғоққа яқин жойда таққа тўхтаб, серрайиб қолди. Туя деди: “Эй тоғу даштлардаги ҳамроҳим! Нега тўхтаб қолдинг? Бу довдирашинг нимадан? Мардона қадам ташлаб оқимга кир! Сен менинг йўлбошчим ва раҳнамомсан, ярим йўлда тўхтама, таслим бўлма!” Сичқон жавоб берди: “Бу анҳор кенг ва чуқур экан, чўкиб кетишдан қўрқаман, дўстим!” “Майли, мен сувнинг чуқурлигини текшириб кўрайчи, деди туя ва шиддат билан анҳорга кираркан, гапида давом этди: – Сув тиззагача келаркан, эй кўр сичқон! Нега бунча довдираб, ҳушингни йўқотиб қўйдинг?”
Сичқон жавоб берди: “Сув сен учун – чумоли, мен учун эса – аждаҳо! Бизнинг тиззаларимиз орасида катта фарқ бор. Агар сен учун сув тиззагача бўлса, мен учун бўйимдан юз газ баланддир, эй муҳтарам. Туя деди: “Бошқа сафар бундай беадаблик қилма, токи жону танинг ўтда ёнмасин. Ўзингга ўхшаган сичқонлар билан беллаш, сичқоннинг туя билан гаплашадиган гапи йўқ”. Сичқон жавоб берди: “Тавба қилдим, Худо ҳаққи бу хатарли анҳордан ўтказиб қўй!” Туянинг унга раҳми келиб, деди: “Тезроқ сакраб, эгарга чиқиб ўтир. Бу сувдан ўтишга ва юз минглаб сендайларни олиб ўтишга менинг кучим етади”.
Демак, пайғамбар бўлмасанг, кун келиб чуқурдан чиқиб олиш ва мавқега эришиш учун орқада юр. Султон бўлмасанг, фуқаро бўл. Денгизчи бўлмасанг, кемага ўзинг бошчилик қилма. Камолотга эришмас экансан, ёлғиз ўзинг дўкон очма, то хамирдай бўлмагунингча мулойим бўлавер. “Эшитинглар” [3] ҳукмини тингла ва жим тур, Ҳақнинг оғзига айланмадингми, қулоққа айлан. Агар гаплашсанг, изоҳ сўраб гаплаш, шоҳлар шоҳи олдида мискинларга хос гапир. Кибру киннинг бошланиши ҳирсдир, сенда ҳирснинг авж олиши эса унга одатланиш туфайли келиб чиқади. Одат туфайли аҳмоқона хулқинг кучайган бўлса, сени ундан қайтаришга уринган ҳар кимга ғазаб пайдо бўлади.
Агар сен лойхўрга айланган бўлсанг, сени лойдан узоқлаштирган ҳар ким душмандай кўринади. Бутга сиғинишга одатланган бутпарастлар уларга тўсқинлик қилаётганларни ёв деб билади. Иблис ҳукмронлик қилишга одатлангани боис, эшакона аҳмоқлик билан Одам (а.с.)ни ҳақир деб билди[4] ва деди: “Мендан бошқа бирор раҳнамо бормидики, мен унга сажда қилсам?” Раҳнамолик – заҳар, фақат аввалбошдан зидди заҳар сақланган руҳгина бундан мустасно. Агар тоғда илонлар ғимирласа, бунинг учун қўрқма, чунки унинг ичи зидди заҳар билан тўладир.
Бир киши Мусо алайҳиссаломга қушлар ва ҳайвонлар тилини ўргатгин, деб ялингани
Бир йигит Мусо(а.с.)га деди: “Менга жониворлар тилини ўргат, токи ҳайвонлар ва жониворлар овозидан иймонимни мустаҳкамлаб олай. Чунки Одам ато наслининг барча тиллари фақат сув, нон ва шону шавкат излайди. Балки ҳайвонларнинг ўзга олам учун тадорик кўриш ҳақида яна бир ташвиши бордир”. Мусо (а.с.) деди: “Кет, бу ўйдан воз кеч, чунки бунинг олдида ҳам, орқасида ҳам кўп хавфу хатар бор. Ибрату бедорликни китоблардан эмас, нутқлардан эмас, ҳарфлардан ва оғизлардан эмас, Худодан изла”.
Унинг тақиқидан йигитнинг қизиқиши янада ортди. Тақиқ ҳамиша одамнинг иштиёқини оширади. Йигит деди: “Эй Мусо, нуринг порлаганда сенда бор нарсанинг барчасидан нимадир олинади. Эй улуғ зот, бу истагим ижобатидан мени маҳрум этиш сенинг раҳматингга тўғри келмайди! Айни пайтда Ҳақ ноиби ўзингсан, агар сен менга тўсқинлик қилсанг, ҳолимга вой бўлади”. Мусо (а.с.) деди: “Ё Раббим, бу итоатгўй одам эди, тошбўрон қилинган дев йўлдан урдимикан? Агар ўргатсам, бу унга зарар келтиради, ўргатмасам, унинг кўнгли ранжийди”. Ҳақ деди: “Унга ўргат, эй Мусо! Чунки биз карам айлаб бирор бир дуони рад этмадик”. Мусо (а.с.) деди: “Ё Раббим, у пушаймон ейди, қўлларини тишлайди, ўзини ёқавайрон қилади”. Мусо йигитга яна меҳрибонлик билан насиҳат қилди: “Истагинг рангингни ўчиради, бу иштиёқдан воз кеч, Худодан қўрқ! Дев маккорлик қилиб сенга бу сабоқни берибди”. Йигит деди: “Ундай бўлса, эшик олдидаги соқчи итнинг ва қанотли уй қушларининг тилини ўргат!" Мусо (а.с.) деди: “Мана, энди сен буни биласан, бор, бу амалга ошди, иккаласининг гапи сенга аён бўлади”.
У синаб кўриш учун эрталабдан остонада кутиб турди. Хизматкор дастурхонни қоқди, бошқа қўр-қутлар билан бир бўлак қотган нон тушди. Хўроз уни гаровга олгандек, ўғирлаб қочган эди, ит деди: “Кет, бизга ноҳақлик қилдинг! Сен буғдой, арпа ва бошқа донларни ея оласан, лекин мен еёлмайман, эй ҳазилкаш. Бу қотган нон эди, нон эса бизнинг улушимиз, сен нега итдан ризқини ўғирлаяпсан?”
Шунда хўроз деди: “Ўзингни тут, қайғурма, чунки бунинг эвазига Ҳақ сенга бошқасини беради. Хўжайиннинг оти ўлади, эртага тўйиб овқатланасан, хафа бўлма. Отнинг ўлими итлар учун байрам бўлади, жон койитмай ва сотиб олмай мўл-кўл егулик топасан”. Буни эшитган одам отини сотиб юборди, хўроз итнинг олдида уялиб қолди. Эртаси куни хўроз яна нонни худди ўшандай ўғирлади. Унга қараб итнинг жағи очилди: “Эй серқилиқ хўроз, бу ёлғонинг қачонгача давом этади? Сен золимсан, инсофсиз ёлғончисан! Ўлади деб айтганинг от қаерда? Сен юлдузга қараб фол кўрадиган, ҳақиқатдан маҳрум бўлган кўрсан!”
Хабардор хўроз унга деди: “От бошқа жойда ўлди. Отни сотиб, у зарардан қутулиб қолди, бу йўқотишни бошқаларга раво кўрди. Бироқ эртага унинг хачири ўлади, бундан фақат итлар манфаат кўради”. Ўша очкўз одам тезда хачирни ҳам сотиб юбориб, қайғу ва йўқотишдан қутулиб қолди. Учинчи кун ит хўрозга деди: “Эй дўмбира ва ноғора қоқиб алдовчилар амири!” Хўроз деди: “У хачирини шошилиб сотиб юборди. Эртага қули билан бахтсизлик рўй беради. Қули ўлса, яқинлари итга, тиланчиларга нон тарқатади”.
Ўша одам буни эшитиб, қулини ҳам сотди. Зарардан қутулиб, юзи қувончдан ловуллади. У шукроналар айтди ва завқланиб: “Мен ер юзидаги учта офатдан қутулиб қолдим! Қушлар ва итлар тилини ўрганишим биланоқ Қазонинг кўзларини боғладим”. Эртаси куни ўша маҳрум қолган ит деди: “Жуфту тоқ қаерда, эй сўзи пуч хўроз? Бу макру ёлғонларинг қачонгача давом этади, айт, қачонгача? Ахир сенинг катагингдан ёлғондан ўзга ҳеч вақо учиб чиқмаяптику!” Хўроз деди: “Худо мени ва жисмимни қандайдир ёлғон туфайли мусибатга тушиб қолишдан асрасин. Биз хўрозлар муаззин каби ростгўймиз, қуёш қўриқчиси ва вақт изловчимиз. Агар устимизга тосни тўнтарсанг, биз ичкарида туриб ҳам қуёшга посбонмиз.
Эртага унинг ўзи ўлади, бу шубҳасиз. Меросхўри унга мотам тутиб, сигирини сўяди. Уй эгаси кетади, эртага сенга ризқ сероб бўлади. Бурда нонларни ҳам, сарқитларни ҳам, егуликларни ҳам ҳар хосу авом кўчанинг ўртасидан топади. Итлар ва тиланчиларга қурбонлик қилинган сигирнинг гўшти ва юпқа нонлардан осонгина ёғилади”. От ва хачирнинг ўлими, қулнинг ўлими ўша ғўр такаббурнинг Қазосини тўсган эди. У эса мол-мулкини йўқотиб ғам чекишдан сақланиб, молини кўпайтириб, қонини тўкди.
Разил кимса яширинча қулоқ солиб, хўроздан ўша ҳикояни эшитгач, тезлик билан шошиб югуриб кетди ва Мусо Калимуллоҳ[5]нинг эшигига борди. Қўрқувдан юзини тупроққа ишқалаб, деди: “Мени бундан қутқар, эй Калимуллоҳ!” Мусо (а.с.) деди: “Бор, ўзингни сот ва қутқар! Сен бу борада устасифаранг бўлсанг, чоҳдан сакраб чиқ ахир! Мусулмонларга зарар етказиб, ҳамёну тугунингни икки баравар семиртириб ол! Ойнада сенга кўриниб қолган бу Қазо менга хом ғиштда аён бўлган. Оқил кишининг қалби ишнинг охирини уни бошлашдан олдин кўради, илми қашшоқлар эса охирида кўради”.
Йигит яна йиғлади: “Бошимга мушт туширма, юзимга шапалоқ тортма, эй яхши фазилатлар соҳиби! Мен нимаики қилган бўлсам, менга муносиб эмас эди; номуносиб ишимга сен муносиб ажр бер!” Мусо (а.с.) деди: “Ўқ ёйдан учиб кетиб бўлди, эй ўғлим! Уни жойига қайтаришнинг имкони йўқ. Бироқ мен ўша пайтда Муҳтарам Ҳакамдан сенинг иймон билан кетишингни сўрайман. Агар иймонли бўлсанг – сен тириксан, агар иймон билан кетсанг – сен узоқ умр кўргувчисан”.
Куч-қудрат ҳар кимга ҳам раво эмас, заифлик қаноатнинг энг яхши хамиртурушидир. Лойхўрларда лой орзуси бўлади, чунки у шўрлик гул шиннисини ҳазм қила олмайди.
Жалолиддин Румий
“Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар
Насрий баён муаллифлари:
Одил ИКРОМ, Ойдиннисо
[1] “Дарҳақиқат, мен сизларга Раббингиздан бир оят (мўъжиза) билан келдимки, сизларга лойдан қуш шаклида бир нарсани ясаб, унга дам урурман, (у эса) Аллоҳнинг изни билан дарҳол (жонланиб, учадиган) бир қуш бўлур. Онадан туғма кўрларни ва песларни тузатурман, (ҳатто,) Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтирурман; уйларингиздаги емакларингизни ва йиғиб-сақлаётган нарсаларингизни сизларга хабар берурман. Агар (Аллоҳга) иймон келтирганлардан бўлсангизлар, албатта, бунда сизлар учун (менинг пайғамбарлигимни кўрсатадиган) қатъий далил бордир” (“Оли Имрон” сураси, 49-оят).
[2] Аллоҳ уларнинг (куфр ният ва қилмишлари туфайли) қалбларини ва қулоқларини муҳрлаб қўйгандир. Кўзларига эса (Илоҳий ҳақиқатларга қарши) парда тушгандир. Ва улар учун улуғ азоб бордир (“Бақара” сураси, 7-оят).
[3]Қачон Қуръон ўқилса, уни эшитинглар ва жим туринглар, токи раҳматга эришгайсизлар (“Аъроф” сураси, 204-оят). “Анситу” – “Эшитинглар”.
[4]Ёд этинг, Биз фаришталарга: “(Қудратим учун) Одамга сажда қилинглар!» – дедик, ҳаммалари дарҳол сажда қилдилар, фақат Иблис қолди, у бош тортди (сажда қилмади), кибр қилди ва кофирлардан бўлди (“Бақара” сураси, 34-оят).
[5] Калимуллоҳ – Худо билан сўзлашган. Мусо пайғамбарнинг лақаби.
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ