Муз қотган аждаҳони ўлик деб ўйлаган илон овловчи, тўтисини уриб кал қилган баққол – “Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар


Сақлаш
17:04 / 14.04.2023 0 1083

Бир лофчи ҳар тонгда лаблари билан мўйловига думба пўстини суртгани ва улфатлари олдига чиқиб: “Мен уни едим, буни едим”, деб мақтангани

 

Бир ҳақир кимса пўст думба топиб олганди, ҳар саҳар у билан мўйловини ёғларди. У бойларнинг даврасига борганда: “Бир йиғинда ёғли таом егандим”, деб айтарди. Мўйловимга бир қаранг, чунки у сўзларимга далил бўлади, мен ёғли ва ширин таом еганимнинг белгиси бор дегандай, қўли билан мўйловини силарди. Қорни унга жавобан сўзсиз дерди: “Аллоҳ ёлғончиларнинг жазосини берсин!” Сенинг лофларинг бизни ўтга ташлайди! Ёғланган мўйловларинг битта қолмай юлинсин! Эй гадо, агар сенинг жирканч лофинг бўлмаганда эди, бирор бир ҳимматли зот бизга раҳм қиларди. Агар сен қинғирлик қилмай, иллатларингни ошкор этганингда, бирор бир табиб унга малҳам топган бўларди”.

 

У бахту давлатга даъво орқали интилди, аммо меъдаси мўйловидан нафратланиб дерди: “У ниманики яширган бўлса, Сен ошкор қил! Эй Худо, у бизни куйдирди, уни шарманда қил!

 

Танасининг барча аъзолари – унинг душманлари, чунки унинг баҳор деб мақтангани, улар учун қишдир. Мақтанчоқлик саховат йўлини тўсади, раҳмат шохларини илдизидан қирқади. Ҳақиқатни ошкор эт ёки жим бўл, ана шунда раҳматни ҳис этасан ва татиб кўрасан. Меъданинг дуоси мустажоб бўлди, эҳтиёж туғёни туғ кўтарди. Ҳақ деди: “Сен фосиқ ва бутпараст бўлган тақдирингда ҳам агар Мени чорласанг, Мен жавоб бераман”[1]. Сен дуони маҳкам тутиб, нола қилгин, оқибатда у сени ғулнинг чангалидан қутқаради.

 

Меъда ўзини Ҳаққа топшираркан, бир мушук келиб, ўша пўстдумбани олиб қочди. Мушукнинг орқасидан югуриб етолмадилар, лофчининг боласи бу учун гап эшитишдан қўрқиб, ранги ўчди.

 

Болакай йиғинга кириб келди ва лофчининг обрўйини бир пул қилиб деди: “Сен ҳар тонгда лабинг ва мўйловингга суртадиган пўст думба борку, ўшани мушук келиб, ўғирлаб кетди. Биз ортидан роса югурдик, аммо бу ҳаракатларимиз фойда бермади”. Давра аҳли лол қолди, кулди ва уларнинг раҳм-шафқати жунбишга келди. Уни дастурхонга таклиф этиб, қорнини тўйдирдилар, унинг ерига раҳмат уруғини экдилар. Лофчи саховатли одамлардан ҳақиқат таъмини ҳис этгач, кибридан юз буриб, ҳақиқатнинг қулига айланди.

 

Муз қотган аждаҳони ўлик деб ўйлаган ва уни арқон билан боғлаб Бағдодга келтирган илон овловчи ҳикояти

 

Бир илон овловчи қишда илон ахтариб, аждар жасадини учратди. Илон овловчи элни лол этай деб илон овларди – мана сенга одамларча нодонлик! Одам – бу тоғ, у қандай қилиб илонга шайдо бўлиши мумкин, тоғ илондан ҳайратланармиди? Ожиз одам ўзлигини англамади, у фаровон ҳаётдан келиб, инқироз сари кетди. Одам ўзини арзонга сотди, у атлас эди, жандага ямоқ бўлди. Юз минглаб илонлар ва тоғ ундан ҳайратдаку, нега у илондан ҳайрону лол ва унга ишқибоз бўлди?

 

Илон овловчи ўша аждарни кўтариб, Боғдодга йўл олди. Аждар уйнинг устунидай келарди, арзимаган пулни деб уни судради ва деди: “Мен ўлик аждар олиб келдим, уни овлагунча не машаққатлар чекмадим!” У уни ўлик деб ҳисобларди, аммо у тирик эди, унга яхшироқ қарамаганди. У қор ва совуқдан музлаган эди, тирик бўлсада, ўликдай турарди. Илон овловчи минг азоб-уқубат билан ўша аждарни судраб кетди. У ҳангоматалаб Боғдодга етмасдан бурун катта майдонларга одам йиғиш ҳаракатига тушди. Дарё бўйига оломонни йиғаркан, бутун Бағдод бўйлаб шов-шув тарқалди: “Бир илон овловчи аждар келтирибди, унинг тутган ўлжаси ноёб ва ғаройиб эмиш!”

 

Неча минглаб нодону аҳмоқлар йиғилди, ўзига ўхшаган эси пастлар унинг ўлжасига айланди. Одамлар ҳам, илон овловчи ҳам атрофдагилар бир ерга йиғилишини кутдилар. Тўдага қанча кўп одам йиғилса, хайру улушлар шунча кўп бўлади. Юз минглаб бекорчилар жам бўлганидан, ташласанг, ерга игна ҳам тушмасди. Бундай тўс-тўполонда эркакни аёлдан ажратиб бўлмас, худди Маҳшарда хос ва авом қоришгандай эди. Аждар ўралган латта қимирлаганида тўдадаги одамлар бўйинларини чўзишди. Аёздан музлаган аждаҳо юзлаб турфа гиламлар ва ёпинчиқлар тагида ётарди. У қалин арқон билан боғланган эди, асровчи унга қарши эҳтиёт чорасини кўриб қўйганди.

 

Кутиш ва тўпланиш вақти чўзилгач, Ироқ офтоби аждарга нур сочди. Иссиқ қуёш уни қиздириб, баданидаги музларни эритди. Аждар ўлик эди, тирилди ва ҳайратдан лол бўлиб, мастонаҳол қимирлай бошлади. Жонсиз аждар қимирлашидан элнинг ҳайрати юз минг баробар ортди. Ҳайратдан қичқириб, шовқин кўтардилар ва аждар жунбишидан қоча бошладилар. У тушовни узди, занжирнинг шақирлаган баланд шовқини ҳар тарафга ёйилди. Занжирларни бирма-бир узиб, бадбашара, худди шердай ўкирувчи аждар чиқиб келди. Қочаётиб, кўпгина одамлар ўлди, йиқилганлар ва ўлганлардан юзлаб ғарамлар ҳосил бўлди. Илон овловчи: “Тоғу чўлдан не бало келтирдим мен? дея қўрққанидан жойида қотди. Гўё қўзи ожиз қўй бўрини уйғотиб, ғафлат ичра ўз Азроили томон боргандай эди. Аждар у довдирни бир ютум луқмага айлантирди. Хажжож[2] учун қон ичишдан осон машғулот борми! У устунга ўралиб, янаям бақувватлашди, ютган одамининг суягини парча-парча қилди.

 

Сенинг нафсинг – аждар, у ҳеч фано топармиди? У етишмовчилик ва ғамдан муз қотади, холос. Агар у амри билан ариқларда сувни оқизгувчи[3] Фиръавн каби имкон топса, шунда Фиръавнона иш тутади ва йўлда юзлаб Мусо ва Хорунларга ҳамла қилади. Ўша аждар худди қуртдай қашшоқликда чивинга, юксак мақом ва бойликда эса ов қушига айланади. Нафс аждарини қорда музлатиб сақла. Қара, уни Ироқ офтобига келтирма, музлаб тураверсин; агар тирилиб қолса, сен у учун бир ютум луқмага айланасан!

 

Баққол, унинг тўтиси ва тўтининг дўконга мой тўкиб қўйиши ҳақида ҳикоят

 

Бир баққол ва унинг хушнаво, зангори, бийрон тўтиси бор эди. Қуш дўконга кўз-қулоқ бўлиб турар, ҳар мижоз билан галма-гал суҳбатлашарди. Одамлар билан сўзлашганда нотиқ, сайрашда эса моҳир эди. Бир куни у дўкон ичида пириллаб учаркан, шишага тегиб кетиб, гул мойини тўкиб қўйди. Хожаси уйидан келиб, дўконга кириб, бамайлихотир ўтирган эди. Дафъатан дўконга ёғ тўкилгани ва либослари мойга беланганига кўзи тушди. Қаҳри келиб бошига зарб билан урган эди, тўти кал бўлиб қолди. У бир неча кун тильдан қолиб, бир сўз ҳам демади. Бу ҳолдан баққол қаттиқ пушаймон бўлиб, чуқур оҳ тортарди. Аламдан соқолини юлиб, ўзига-ўзи дерди: “Аттанг! Неъматим қуёши қора булут остида қолди! Хушзабоним бошига ургандан кўра, қўлларим синса бўлмасмиди!

Зора, дуолар ёрдамида қушим тилга кирса, деб ҳар дарвишга садақа берди, ҳадя улашди. Ҳайрону зорликда уч кечаю уч кундуз ўтди ҳамки, ҳеч бир ўзгариш бўлмади, у дўкон ичра умидсиз ва беқарор қолди. Тилга киришига ёрдам берармикан, деган умидда баққол тўтисига турли ғаройиб нарсаларни кўрсатарди. Бир маҳал жулдур либос кийган, бир дона ҳам туксиз боши мис тоғора тагидай ялтираган кал дарвиш ўтиб қолди. Қуш уни кўрган заҳоти тилга кириб, ақлли одамлардай сўз қотди: “Эй кал, сен каллар орасига қандай тушиб қолдинг? Ёки сен ҳам мендай шишадаги гул мойини тўкиб қўйдингми?” Тўтининг бу қиёси ҳамманинг кулгисини қистатди, чунки у ўзини қаландар билан тенглаштирган эди. Гарчи “шер” ва “шир”[4] сўзларининг ёзилиши бир хил бўлсада, ўзингни покларга менгзаб, улар билан бир ўринга қўймагин. Айни шу сабаб ҳам бутун олам аҳли гумроҳ ва Ҳақ абдолини[5] танигувчи кам. Ўзларини гоҳ анбиё деб билсалар, гоҳ ҳар недан хабардор авлиё ўрнида кўрадилар. Дейдиларки: “Биз ҳам одам, улар ҳам одам. Ҳар иккимиз бирдай еб-ичамиз ва ухлаймиз”[6].

 

Қалб кўзи кўр бу бандалар икки нарса ўртасида мавжуд чексиз тафовутни кўришга ноқобилдирлар. Икки ари бир чаманда айланиб учсада, буниси ниш санчади, униси бол йиғади. Икки оҳу бир хил майса еб, бир хил сув ичадию, буниси ўзидан гўнг ажратади, униси эса мушк таратади. Икки қамиш бир булоқдан бир хил сув ичиб, бир қуёшдан нур эмиб ўссада, буниси пўк бўлади, унисининг борлиғи шакарга тўлади[7]. Неча юз минглаб бундай қиёсларни келтириш мумкин, улар ўртасидаги фарқ етмиш йиллик олис йўлга тенгдир.

 

Филнинг шаклини аниқлашга оид ихтилоф

 

Бир қоронғи уйда фил бор эди, ҳиндлар уни намойиш этиш учун олиб келишганди. Уни томоша қилишга кўп одам йиғилди ва ҳаммаси ўша қоронғиликка кирди. Уни кўз билан кўришнинг иложи бўлмагани учун зулматда филни кафт билан пайпаслашди. Бири унинг хартумини ушлаб: “Бу мавжудот тарновга ўхшаркан”, деди. Бошқасининг қўли қулоғига тегиб, уни елпиғич деб гумон қилди. Яна бири оёғини пайпаслаб: “Мен филнинг шакли устунга ўхшашлигини кўрдим”, деб айтди. Бошқа бири эса устига қўлини қўйиб: “Бу фил тахтга ўхшайдику ахир”, деди. Хуллас, ҳар бири маълум бир қисмини ушлаб кўриб, қаерда фил ҳақида гап кетса, ўзи ушлаб кўрган қисмини тасаввур қилди. Қараган жойлари туфайли сўзлари бир-бирига зид бўлиб қолди, униси “алиф” деб атаса, буниси “дол”[8] деди.

 

Агар ҳар бир кишининг қўлида шам бўлганида эди, уларнинг сўзларида қарама-қаршилик бўлмасди. Ҳис кўзи қўлнинг кафтидек холос, кафт филни буткул қамраб ололмайди. Денгизнинг кўзи бошқа, кўпиги бошқа, кўпикни қўйиб денгиз кўзи билан назар сол! Денгиз кўпиги эртаю кеч ҳаракатда бўлади, ажабланарлиси шундаки, сен кўпикни кўриб, денгизни кўрмайсан! Биз бир-биримиз билан тўқнашаётган кемаларга ўхшаймиз, шаффоф сув ичра кўз ўнгимиз қоронғи, кўзларимиз кўр каби.

 

Эй тан кемасида уйқуга кетган зот, сувни кўрдинг, сувдаги сувга боқ ахир! Сувда уни ҳаракатга келтиргувчи Сув бор, руҳда уни чорлагувчи Руҳ бор. Яратганнинг ҳунарига ошиқ бўлгандан нур таралгай, яралганнинг ҳунарига ошиқлар эса кофирдир.

 

Жалолиддин Румий

“Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар

Насрий баён муаллифлари:

Одил ИКРОМ, Ойдиннисо

 

 

 

[1] Раббингиз деди: “Менга дуо қилинглар (сўранглар), Мен сизларга ижобат қилурман (дуоларингизни қабул этурман). Чунки Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилиб, (бунга) бўйин эгмаган кимсалар хор-зорлар ўлароқ жаҳаннамга кирурлар (“Муъмин” (“Ғофир”) сураси, 60-оят).

[2] Хажжож ибн Юсуф – етмиш минг инсонни ноҳақ ўлдириб, шафқатсизликда ном чиқарган золим амир.

[3] (Чунки) Фиръавн ўз қавми ичида бақириб дедики: “Эй қавмим! Мисрнинг ҳукмронлиги меники эмасми? Бу анҳорлар (саройимда) менинг тагимдан оқиб турибдику! Ахир, кўрмайсизларми? (“Зухруф” сураси, 51-оят).

[4] Араб имлосида “шер” ва “шир” сўзларининг бир хил ёзилишига ишора.

[5] Абдол – валийликнинг юксак мақомига эришган авлиёлар, Худога яқинлар. Абдол – ғойиб кишилар тоифасидан бўлиб, ўзлари халқ ичида бўлсаларда, уларнинг абдол эканликларини ҳеч ким билмайди. “Абдол” форс ва туркий тилларда “чиҳлтан” (қирқ кишидан иборат) деб юритилади. Улардан қайси бири вафот этса, ўрнига дарҳол янгиси тайин этилади. Олдинги кишига бадал (ўринбосар) бўлиб келгани учун ҳам уларга “абдол”, яъни ўринбосарлар деб ном берилган. Баъзи манбаларда уларнинг адади 400 талиги қайд қилинган.

[6] “Унинг қавмидан кофир бўлган, Охиратдаги мулоқотни ёлғон деган ва Биз ҳаёти дунёда бой-бадавлат қилиб қўйган кимсалар дедилар: “Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. У ҳам сизлар ейдиган нарсадан ейди, сизлар ичадиган нарсадан ичади”. (Қуръони карим, “Мўминун”, 33-оят)

[7] “Бу Ерда бир-бирига қўшни бўлган бўлак-бўлак (яъни, бири унумдор бўлса, бири шўр ерлар), узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаб кетган-шохламаган хурмолар бўлиб, (уларнинг ҳаммаси ҳам) бир сув билан суғорилур. (Лекин) Биз уларнинг айримларидан айримларини таъмлироқ – ейишлироқ қилиб қўюрмиз. Албатта бунда ҳам ақл юргизадиган қавм учун (Оллоҳнинг қудратига далолат қиладиган очиқ) оят – ибратлар бордир”. (Қуръони карим, “Раъд”, 4-оят).

[8] “Алиф” ҳарфининг тик, “дол” ҳарфининг эгиклиги назарда тутилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 67
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 63
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 238
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6114
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4921
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4562
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3990
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//