Биласизми?
Узумни ҳар бири ўзича бошқа ном билан атаган тўрт киши орасида қўзғалган низо баёни
Аллаким тўрт кишига бир дирҳам эҳсон қилди. Улардан бири: “Бунга “ангур”[1] оламан”, деди. Иккинчиси араб эди, у: “Йўқ, менинг “инаб”[2] егим келаяпти, ангур емайман”, деди. Учинчиси эса турк эди: “Пул меники, инаб керак эмас, узум емоқчиман”, деди у. Тўртинчиси юнон эди: “Бу гап-сўзларни қўйинглар, мен “истофил”[3] хоҳлаяпман”, деди.
Бу кимсалар баҳслашиб, номлар асроридан бехабарлиги учун жанжаллашиб қолдилар. Улар жоҳил ва билимсизлиги туфайли нодонларча бир-бирлари билан муштлаша бошладилар. Агар у ерда сирдан воқиф ва юзта тилни билгувчи бирор донишманд бўлганида эди, уларни муросага келтирарди. Уларга дер эди: “Мана шу бир дирҳам билан ҳар бирингизнинг истагингизни қондираман. Агар менга тўғри кўнгил билан ишонсангиз, бу бир дирҳамингиз кўп ишларга қодир бўлади! Бир дирҳамингиз сиз истаган тўрт дирҳамга айланади, тўрт рақиб бирлашиб, битта бўлади. Сизлардан ҳар бирингизнинг сўзингиз адоват ва низони келтириб чиқаради, менинг сўзим эса сизларга рози ризолик келтиради. Бас шундай экан, сизлар жим туринглар, эшитинглар,[4] токи мен нутқингизда сизнинг тилингизга айланай. Гарчи сўзларингиз келишувни ифода этаётган бўлсада, оқибатда улар низо ва зиддиятни келтириб чиқармоқда”.
Дўстининг қилиғини қоралаб, ўзи ҳам ўшандай йўл тутаётганидан бехабар ҳинду ҳикояти
Тўрт нафар ҳинду бир масжидга намоз ўқиш учун кириб, рукуʼ ва саждага эгилди. Ҳар бири ният ортидан такбир келтириб, мискинлик ва ҳазинлик билан намозга киришди. Шу пайт муаззин кириб келганди, улардан бирининг овози эшитилди: “Эй муаззин! Сен азон чақирдингми ўзи? Аллақачон вақти етдику!» Бошқа бир ҳинду гап қўшишга мажбур бўлди: “Ҳой, сен гапириб қўйдинг, намозинг бузилди”. Учинчи ҳинду иккинчисига деди: “Ҳой, амаки! Нега унга таъна қиласан, бу таънани ўзингга қил!” Тўртинчиси деди: “Худога шукрки, мен бу учаласи каби тубанликка қуламадим”.
Шундай қилиб, тўрталасининг ҳам намози бузилди. Бошқалардан камчилик излаганларнинг ўзи ҳаммадан кўра кўпроқ адашиб, йўлидан озди. Ўз камчилигини кўра олган жонлар нақадар бахтиёрдирлар. Кимки қандайдир бир камчиликни қоралаб гапирса, уни ўзига қабул қилади. Чунки унинг ярми нуқсон диёридан бўлса, қолган ярми ғайб оламидандир. Модомики бошингда ўнлаб яралар бор экан, малҳамни ўзингга қўллашинг лозим. Ўз камчиликларинг учун ўзингни тергаш жон учун малҳамдир, агар у енгилса, раҳм этишга муносиб.
Агар сенда ўша нуқсон бўлмаса, сен ўзингни бехатар деб билма, эҳтимол, бу қусур сенда ҳам ўзини намоён этар. Сен Худонинг “Қўрқманглар!” [5] деган сўзини эшитмай туриб нега ўзингни хавфсиз ҳис этасан ва шодланасан?
Иблис кўп йиллар давомида яхши ном билан яшаганди, аммо иснодга қолди, қара, энди уни қандай ном билан аташмоқда! Унинг маҳобати дунёга машҳур эди, шон-шуҳрати тескарисига айланди. Ҳолига вой унинг! Токи осойиш топмас экансан, шон-шуҳрат излама, аввало юзингни қўрқувдан поклаб, сўнг уни намоён эт. Токи соқолинг чиқмас экан, бошқа соқолсизларга маломат қилма, эй соҳибжамолим!
Қара, иблиснинг жони қандай дардга йўлиқиб, сенга панду сабоқ бўлсин деб тубанликка қулади. Ахир сен унга ибрат бўлиш учун чуқурликка қулаб тушмадингку. У заҳар ичди, сен эса унинг ширинликларидан баҳраманд бўл.
Қопга қум тўлдирган кўчманчи араб ва унга танбеҳ берган файласуф ҳикояти
Бир кўчманчи-араб туяга иккита дон тўла катта хуржун юклаб, хуржунлар устига ўзи ўтирганди, қандайдир бир маҳмадона унга бирин-кетин саволлар бера бошлади. Юрти ҳақида сўраб суҳбатга чорларкан, бу суриштирувлар давомида кўп нозик гапларни гапирди.
Шундан сўнг деди: “Бу икки хуржинга нима солинган? Ростини айт!”
Араб жавоб берди: “Хуржинларимнинг бирида буғдой, бошқасида эса одамларга емиш бўлмайдиган қум бор”.
Маҳмадона сўради: “Бу қумни нима учун юкладинг?”
Араб деди: “Нариги хуржин бўш қолиб, тенглик бузилмаслиги учун”.
Файласуф деди: “Ақлингни ишлатиб, мана бу оғзигача тўлдирилган қопдаги буғдойнинг ярмини наригисига сол. Шунда туяга ҳам, қопга ҳам енгил бўлади”.
Араб жавоб берди: “Офарин, эй доно ва олийжаноб инсон! Қандай аниқ фикринг ва ажойиб мулоҳазанг бор! Ўзинг эса бунчалар юпунсан, яёв кетяпсан, чарчагансан!”
Арабнинг донишмандга ичи ачиди, шу марҳаматли зотни туясига миндирмоқчи бўлиб, унга деди: “Эй ширинсўз донишманд! Ўзинг ҳақингда ҳам бироз сўзлаб бер. Шундай ақлли ва эпчил экансан. Ростини айт, вазирмисан ёки шоҳмисан?”
У жавоб берди: “Униси ҳам, буниси ҳам эмас, оддий одамман, аҳволимга, кийимимга қараб билиб олавер”.
Араб сўради: “Қанча туянг, қанча молинг бор?”
У жавоб берди: “Униси ҳам, буниси ҳам йўқ, мени қийнама”.
Араб деди: “Дўконингда қандай мол-матоҳинг бор?”
У жавоб берди: “Қўйсангчи, менда дўкон, уй-жой қаердан ҳам бўлсин?”
Араб деди: “Унда пул ҳақида сўрайман. Қанча пулинг бор? Ахир сен ёлғиз юрасан ва ёлғизларга фойдали маслаҳатлар берасан. Сенда бу дунё мисининг кимиёси бор, ақлу илминг уюм-уюм дуру гавҳардир”.
У жавоб берди: “Аллоҳга қасамки, менинг барча мулкларим орасида ҳатто кечки овқат учун ҳам пул йўқ, эй араблар сарвари! Ялангоёғу яланғоч саргардонман, ким бир бўлак нон берса, ўша ерга бораман. Мендаги бу донолик, билим ва маҳорат менга фақат хаёлу бош оғриқдан бошқа ҳеч қандай наф келтирмайди”.
Шунда араб унга деди: “Мендан нарироқ тур, бадбахтлигинг касри урмасин! Ўзингнинг бу машъум ҳикматингни ҳам мендан йироққа олиб кет! Сўзларинг вақт аҳли учун зарарлидир. Сен у томонга юрсанг, мен бошқа йўлдан борай, сен олдинга қараб юрсанг, мен орқага қайтай. Бу беҳуда найрангларингдан кўра менга бир хуржинимда буғдой, иккинчисида қум бўлгани афзал. Демак, менинг нодонлигим – қутлуғ нодонлик, чунки қалбимда ризқ, жонимда эса тақво бор. Агар бахтсизлигу омадсизлигинг камайишини истасанг, ғайрат қил, токи ҳикматларинг камайсин”.
Инсон табиати ва хаёли яратган ҳикмат, буюклик Эгасининг нури билан ёритилмаган ҳикматдир. Бу дунёнинг ҳикмати шак-шубҳани оширади, диний ҳикмат эса осмони фалакка юксалтиради. Охирзамоннинг маккор одамлари ўзларини олдингилардан устун санайди. Ҳийла ўргатувчилар жон куйдириб амаллар ва найрангларни ўргатдилар. Сабр-тоқат, фидойилик, қалб ҳиммати ва мурувватни улар шамолга совурдилар, бу эса фойда илми эди.
Ҳақиқий фикр – бу қандайдир йўлни очгувчи фикр, ҳақиқий йўл – бу шоҳ сенга томон келадиган йўлдир. Хазина ва лашкарлар туфайли шоҳ бўлган эмас, табиатан шоҳлар ҳақиқий подшоҳдир, унинг шоҳлик мулки Аҳмад (с.а.в.) дини салтанатининг буюклиги каби абадий қолади.
Жалолиддин Румий
“Маънавий маснавий”дан ҳикоятлар
Насрий баён муаллифлари:
Одил Икром, Ойдиннисо
[1] Узум (форс-тожик тилида)
[2] Узум (араб тилида)
[3] Узум (юнон тилида)
[4]Қачон Қуръон ўқилса, уни эшитинглар ва жим туринглар, токи раҳматга эришгайсизлар (“Аъроф” сураси, 204-оят).
[5](Эй мўминлар!) Шубҳасиз: “Раббимиз Аллоҳ!” – деб, кейин (бандалик вазифалари ва ишларида) қоим-мустақим (тўғри-мустаҳкам) турганлар борки, уларнинг тепасига (ўлим онида) фаришталар тушарлар ва: “(Ўлимдан ва оқибатдан) қўрқманглар, (қолдираётган фарзандлар ва оилангиз ҳақида) ғамгин ҳам бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!” – дерлар (“Фуссилат” сураси, 30-оят).
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ