Либерализм


Сақлаш
15:04 / 12.04.2023 0 1564

Либерализм (лотинча liberal – озод, эркин) – ижтимоий-сиёсий таълимот ва ижтимоий ҳаракат бўлиб, шахс ва жамият эркинлиги етарли даражада бўлишини кўзда тутадиган ғоя.

 

Либерализм Испания Конституциясини (1812) тузиш даврида пайдо бўлган. Европада либерализм инглиз сиёсий иқтисодчилари назариялари билан боғлиқ ҳолда давлатнинг иқтисодий масалаларга ноқонуний аралашмаслигини эътироф этади. Либераллар шахснинг ташаббусини, савдо эркинлиги ва ҳақиқий рақобатни ривожлантиришга ҳаракат қилади. Дастлабки либерал ғоялар Суқрот даврида пайдо бўлиб, адолатли давлат тузишга қаратилган. Кейинчалик либерализм Рим қўмондонлари томонидан ривожлантирилган. Диний дунёқараш ва буржуа инқилоблари (XVII–XVIII асрлар) феодал муносабатларнинг емирилиши ва либерализмнинг ривожланишига олиб келган. Лекин либерализм давлат ва инсон озодлигига зарар етказиши мумкинлиги ҳам назарда тутилган.

 

Либерализмнинг асосий принципи мутлақ озодлик эмас, балки шахснинг максимал эркинлиги, фикрлаши, фикрни баён қилиш ва ҳар қандай динни эътироф этиш эркинлигидир. Европа либерализми намояндалари Локк ва Руссоларнинг фикрича, либерализм асосан давлат ва шахс эркинлигини ҳимоя қилган. Бу фикрларни Кюи, Кант, Жефферсон, Франклин, Монтескье, Кондори сингари файласуфлар қўллаб қувватлаган. Табиий ҳуқуқ ғоялари Америка мустақиллик декларациясида (1776), француз шахс ва фуқаролиги декларациясида (1784) ва инсон ҳуқуқлари декларациясида баён қилинган. Эркинлик ғояси асосан одамларнинг мулкка бўлган муносабати билан боғлиқ бўлиб, унинг ижтимоий ўрни ва оладиган неъмат миқдорини кўрсатади. Мазкур муаммолар Адам Смит томонидан такомиллаштирилиб, «Халқлар бойлиги» асарида баён қилинган. Унинг фикрича, шахснинг табиий эркинлиги, бозор эркинлиги ва рақобат жамият ҳаётини барқарорлаштиради. Индивидуаллик тартибсизликка, тартибга ва ўсишга олиб келади. Давид Рикардо ҳам либерализмни таърифлаб, иқтисодий эркинлик максимал фойданинг манбаи, деб ҳисоблаган. Ж.Бате Сейнинг «Сиёсий иқтисод трактати» (1803) асарида бозор қонуниятлари ифода этилган. Бу қонунга асосан иқтисодиётда тақчиллик ва мўлчилик бўлиши мумкин эмас. Давлат ва иқтисодиётни бошқариб, талаб ва таклифни тенглаштириб туради.

 

Либерализмнинг янги йўналиши – утилитар фалсафани Бентам, Милл ва бошқа файласуфлар ривожлантирган. Агар мумтоз либерализм давлатнинг иқтисодиётга аралашишига мутлақо қарши бўлса, утилитар фалсафа баъзан давлат иқтисодиётга таъсир этиши мумкинлигини кўрсатади. Лекин давлат иқтисодий эркинликни тақиқ этмасдан, фақат ёрдамлашиши мумкин. Сиёсий либерализм шахсларнинг давлат ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқини тан олиб, сайловларда қатнашишини шарт деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, сиёсий либерализм фуқароларга виждон эркинлиги, сўз ва матбуот эркинлигини, яшаш жойини танлаш ҳуқуқини кафолатлайди. Неоклассик либерализм XIX асрда пайдо бўлиб, унинг мазмун-моҳияти Л.Вайлераснинг (1834–1910) соф капиталистик иқтисодиёт концепциясида баён этилган. Вайлерас ижтимоий ва сиёсий муаммолардан юқори бўлиб, фақат ишлаб чиқариш ва ресурсларни тақсимлаш муаммоларини кўриб чиқади. Вайлераснинг назарий концепцияси Иккинчи жаҳон уруши орасидаги иқтисодий инқироз сабабларини тушунтириб бера олмайди. Буни йирик инглиз иқтисодчиси, сиёсий нотиқ Ж.М.Кейнс (1883–1946) таърифлаб беради. Кейнс фикрига кўра, иқтисодиёт капитализм даврида ўсиш ва пасайиш хоссасига эга бўлиб, буни бартараф этиш учун давлат иқтисодиёт ривожини мувофиқлаштириб туриши керак. Давлат эса, Кейнс назариясига асосан, молия соҳасида, солиқлар тизимида, давлат қарзи ва уларни сарфлаш борасида фаол иштирок этиши шарт. Кейнс издошлари (Фридманн, Хайек) нолиберал иқтисодий концепцияларни яратиб, давлатнинг иқтисодиётни бошқариш борасидаги ролини тан олди. Уларнинг фикрича, капитализм ўз имкониятларини тўлиқ йўқотмаган ва давлат сўнгги ўн йилликларда иқтисодиётнинг нормал ривожланишини таъминлаган.

 

Неолибералчиларнинг фикрича, ҳақиқий капитализм ҳали йўқ, у либерализм тўлиқ шаклланган даврда пайдо бўлади. Шундай қилиб, давлатнинг иқтисодиётга аралашуви иқтисодий қонунларга асосланган бўлиши керак. Либерализм давлат масаласига авторитар марксистик қарашларга қарши бўлиб, жамият ва иқтисодиётда давлатнинг ролини белгилаб беради. Либерализм таълимотининг мазмун-моҳияти, асосий ғоя ва тамойиллари унинг ғоявий мухолифлари бўлган концепциялар – консерватизм ва социализм билан қиёслаганда, айниқса яққол намоён бўлади. Маълумки, инсоният тараққиёти ва ижтимоий-фалсафий фикр тарихида либерализм таълимоти асосан икки ғоявий оқим – консерватизм ва социализм билан кескин курашда тобланди, ҳам ижтимоий фалсафа, ҳам сиёсий таълимот, ҳам мафкуравий тизим сифатида афзаллигини намоён этди. У шахс, индивид ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг устуворлиги ғоясига таяниб, инқилобий ларзаларсиз, қонун ва ижтимоий шартнома замирида жамият ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ этиш концепциясини илгари суради.

 

Консерватизм оқими намояндалари либерализмни ўта радикалликда, яъни кескин чораларни қўллашда айбласа, социалистлар, аксинча, унинг мўътадиллигини, инқилобий услубларни инкор этишини қоралаб келади. Консерватизм таълимотининг асосчиси Э.Берк «Франция инқилоби ҳақида ўйлар» асарида (1790) мавжуд тузум ва қадриятларни ҳимоя қилиб, давлат, жамият, озодлик, ҳуқуқ, шахс эркинлиги масалаларига доир қарашларини баён этади. Эътиборли жиҳати шундаки, унинг ёндашувида консерватив қарашларнинг либерал ғоялар билан қоришиб кетганини кузатиш мумкин. Жумладан, давлатнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, унинг энг мақбул шакли – инглиз либерал анъаналарининг мумтоз табиий ҳуқуқ назарияси билан уйғунлашган, авторитар бошқарув тизими томонидан инсон ҳуқуқлари таъминлаган тузум, дея таъкидлайди. Шу боис Берк қандайдир мавҳум ижтимоий тузум лойиҳалари ҳақида эмас, бутун диққат-эътиборни мавжуд давлат ва жамият шаклларининг таҳлилига қаратади. Аслида консерватизм эркинлик ғоясига қарши бўлмаса-да, мазкур таълимот доирасида у ўзгача маъно-мазмун касб этади. Агар либерализм таълимоти инсон ҳақ-ҳуқуқлари, шахс эркинлиги ғоясини ёқлаб келган бўлса, Берк «умумий эркинлик» тушунчаси инсон табиатига зид экани ва турли халқлар тарихий тараққиёти мобайнида шаклланган муайян эркинликларгина чинакам аҳамият ва ҳиммат касб этишини таъкидлайди.

 

Либерализм фалсафасида индивидуал эркинликлар ижтимоий муносабатлар асосини ташкил этувчи муқаддас қадрият сифатида талқин этилса, консерваторлар назарида, шахс манфаатлари ижтимоий муносабатлар тизимига бўйсундирилиши даркор. Зеро, ҳар бир инсон муайян ижтимоий қадрият ва манфаатлар тизими доирасида яшайди. Бунда унинг нафақат ижтимоий муносабатлари тизимида тутган ўрни, балки шахсиятининг моҳияти ҳам намоён бўлади. Шу маънода, шахс эркинлиги устуворлигининг ёқлаб чиқилиши ёки мутлақлаштирилиши, охир-оқибат инсоннинг ижтимоий алоқалар тизимидан узилиб қолишига сабаб бўлади. Консерватив таълимот вакиллари назарида, бу ҳол шахснинг яккалашуви, унинг табиий ҳуқуқ ва эркинликларининг чекланишига олиб келиши мумкин. Дарҳақиқат, XX асрнинг сўнгги ўн йилликларида аксарият ривожланган мамлакатларда инсон табиати ва фаолиятида жузъий ўзгаришлар содир бўлаётгани, хусусан, худпарастлик аломатлари, ёлғиз яшашга интилаётган одамларнинг тобора кўпайиб бораётгани инобатга олинса, консерватив оқим вакилларининг бу борадаги қарашлари ҳақиқатга яқин эканини тан олиш лозим.

 

Таъкидлаш жоизки, либерализм таълимотининг айрим таниқли намояндалари, масалан, Алексис де Токвиль консерватизм замиридаги соғлом фикрларни инкор этмаган, аксинча, ривожлантиришга интилган. Унинг қадриятлар ва манфаатлар, ижтимоий тараққиётда адолат тамойили ва аристократиянинг ўрнига доир қарашлари консерватив ёндашувлардан кескин фарқ қилмайди. Табиийки, консерватизм таълимотининг замонавий талқинларида ҳам либерал ғоя ва қарашлар таъсирини кўриш мумкин. Қарийб икки юз йил мобайнида ижтимоий-иқтисодий тенглик ғоясини инкор этиб келган мазкур оқим вакиллари либерализм замирида шаклланган умумий сайлов ҳуқуқи, фуқароларнинг ижтимоий муҳофазаси, шахс ҳуқуқ ва эркинликлари тамойилларини бугун тан олишга мажбур. Чунончи, XX асрнинг иккинчи ярмида консерватизм таълимоти замирида пайдо бўлган «янги ўнглар» оқими ҳам эркин бозор иқтисодиёти, ижтимоий ва сиёсий эркинликларни ёқлаб чиқмоқда. Ҳатто ўта консерватив қарашлари туфайли «Темир хоним» дея эътироф этилган Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Маргарет Тэтчер Кейнс сиёсий иқтисодиёти, «келишув» анъаналари ҳамда корпоратив ёндашувлардан воз кечиб, давлатни идора этиш, иқтисодиётни ривожлантиришда монетаризм тамойиллари, либерал ғоя ва қарашларга таяниб фаолият юритгани маълум. Умуман олганда, либерализм ва консерватизм таълимотлари ғоявий-мафкуравий, иқтисодий ҳамда сиёсий қарашлар нуқтаи назаридан фарқланса-да, аммо асрлар мобайнида бири-биридан озиқланиб, бири-бирини бойитиб келган. Либерализмнинг яна бир асосий мухолифи – социализм (бу ижтимоий-сиёсий таълимот негизида социал-демократик, коммунистик, национал-социалистик йўналишдаги ўнлаб сўл оқимлар вужудга келган) ўртасидаги фундаментал фарқ давлат ва жамият ҳамда инсон фаолиятининг барча соҳаларига доир масалаларнинг бир-бирига мутлақо қарама-қарши ёндашувлар асосида талқин этилиши ва ҳал этилишида намоён бўлади.

 

Биринчидан, либерализм таълимотининг бир неча асрлик тадрижий тараққиёти натижаси ўлароқ, дунёнинг кўпгина мамлакатларида инсон ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари, манфаат ва эҳтиёжларини таъминлаган давлат, шахс маънавий камолоти, унинг ботиний ва зоҳирий имкониятларини рўёбга чиқарадиган ривожланган фуқаролик жамияти вужудга келган бўлса, социалистик ғоя ва қарашлар асосига қурилган тоталитар тузумларда (социалистик тизим мамлакатлари, нацистлар Германияси, Муссолини Италияси, Франко Испанияси ва ҳоказо) давлат олий қадрият, инсон эса унга сўзсиз хизмат қиладиган қул, оддий мурват сифатида қараб келинган. Албатта, бундай ғайриинсоний ғояларга таянган тузумларда инсон ҳақ-ҳуқуқи ва манфаатлари, ҳатто ҳаётининг ҳам бир чақалик қиммати бўлмаган. Миллионлаб одамларнинг хуни дарё бўлиб оққан, аҳолининг айрим тоифа ва табақалари қириб юборилган, бир қанча миллатлар ватанидан қувғин этилиб, қатағон қилинган XX асрнинг фожиали тарихи шундан далолатдир. Бинобарин, тоталитар тузум ва диктаторлар ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун қурол кучигагина таянмаган, улар ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини назорат қилишга, инсон руҳиятига, умуман оммавий онгга хос муайян хусусиятлардан фойдаланишга интилган.

 

Иккинчидан, либерализм таълимоти асосчилари инсон ҳақ-ҳуқуқи ва эркинликлари олий қадрият эканини асослаб берган бўлса, унинг ҳаётини қатъий назорат қилишга уриниш қанчалик даҳшатли оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини социалистик ғоя ва мафкура асосига қурилган давлатлар мисолида кўриш мумкин.

 

Учинчидан, либерализм хусусий мулк, хусусий манфаатнинг дахлсизлигини ёқлаб чиқади ва мукаммал қонунлар воситасида унинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам ҳимоя этилишини таъминлайди. Либерализм назариясига кўра, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи – эркин бозор иқтисодиётининг пойдеворигина бўлиб қолмасдан, шахс ва жамият фаровонлигининг асоси ҳамдир. Социалистик маъмурий-буйруқ бозлик тизимида эса мулк тўлиқ давлат томонидан тасарруф этилади, хусусий мулкчилик эса таг-томири билан суғуриб ташланади. Иқтисодиётни бошқаришда марказлашган режа-тақсимот тамойиллари ҳукмронлик қилади.

 

Тўртинчидан, либерализм таълимоти замирида жамият иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий ҳаётини такомиллашувига хизмат қиладиган турли-туман илмий назария ва концепцияларнинг пайдо бўлишига имкон яратилса, социалистик ғояларга асосланган тузумларда яккаю ягона «ҳаққоний» (аслида ўта мавҳум, утопик ва афсонавий қарашлар мажмуасидан иборат бўлган) таълимотга таянилади.

 

Бешинчидан, либерализм давлатни идора этиш демократик тамойиллари, хусусан, ҳокимият турли бўғинлари ваколатларининг бўлиниши, шунингдек, фуқаролик жамиятини бошқариш мукаммал институтларининг шаклланиши ва ривожланишига кенг имконият яратса, «социалистик демократия» – давлат, партия ёки номенклатуранинг якка ҳукмронлиги, шахсга сиғиниш, миллатлараро ва гуруҳлараро зиддиятларнинг кучайиши, ахлоқ ҳамда маънавий қадриятлар таназзулининг тимсоли бўлиб қолди.

 

Олтинчидан, либерализм қарийб уч асрлик ривожи мобайнида инсониятни тараққиётнинг юксак чўққисига етакловчи, ўзгарувчан, такомиллашиб борадиган таълимот эканини намоён этди. Социализм назарияси эса ғоявий-мафкуравий ва ижтимоий-сиёсий таълимот сифатида давр талабларига дош бера олмай, инқирозга юз тутди.

 

Бир сўз билан айтганда, либерализм ва социализм ўртасидаги тарихий муҳораба эркинлик таълимоти фойдасига ҳал бўлди. Шу боис социалистик мафкура, тоталитар тузум исканжасидан қутулиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт сари интилаётган барча давлатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда, либерализм фалсафаси ва сиёсий таълимотига таяниб, жамият ҳаётининг жамики соҳаларини эркинлаштириш, фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш, демократик қадриятларни амалиётга татбиқ этиш сиёсати изчил амалга оширилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 12
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//