Тилла соатини унутиб қолдир(ма)ган, сув-ҳаводан таом тайёрлатган, подшоҳга ҳам ҳазил қилган – Сойиб Хўжаев ҳангомалари


Сақлаш
12:04 / 07.04.2023 0 994

Сойиб Хўжаев ўзбек халқининг Насриддин афандисидек қизиқчи донишманд фарзанди. Насриддин афанди узоқ ўтмишдан келаётган севимли халқ қаҳрамони бўлса, Сойиб Хўжаев ўтган асрда яшаб юксак санъати билан халқнинг ардоқли фарзандига айланган шахс.

 

Айтишларига қараганда, Сойиб Хўжаевнинг оталари Андижон шаҳрининг ҳозирга вилоят театри яқинида туғилиб ўсган. Кейинчалик хизмат тақозоси билан Андижон вилоятининг баланд тоғ-тепаликлари бағридаги Хонобод шаҳрига кўчиб, муқим яшаб қолган. Шу ерда 1910 йили Сойиб Хўжаев таваллуд топган.

 

Ўн бир ёшида отадан етим қолган Сойибжонни тақдир сўқмоқлари Қўқон болалар уйига етаклайди. 1927 йили Қўқон театрининг раҳбарлари Ҳалима спектакли учун оммавий саҳналарга йигит-қизлар танлаш учун болалар уйига келишади. Бир неча йигит-қизларни таклиф қилишади. Уларнинг орасида 17 ёшга тўлар-тўлмас шўх, тийрак, қизиқчиликка мойил Сойибжон ҳам бор эди. Бу улуғ санъат арбоби, қизиқчилик юлдузининг туғилиши эди.

 

 

Сойибжон Қўқон театрида роллар ўйнаб, тезда халқ назарига тушади. Унинг довруғи Тошкентга етиб, 1937 йили пойтахтга таклиф қилинади ва Муқимий театри ташкил бўлгач, унга ўтиб, то умрининг охиригача шу санъат даргоҳининг абадий актёри бўлиб қолади.

 

Муқимий театрида ўйнаган юзлаб роллари ўзбек мусиқали драма жанридаги характерли қиёфалар хазинасининг дурдоналарига айланган. Сойиб Хўжаев театр билан бир қаторда Табассум радиожурналида ҳам кўп йиллар иштирок этиб, эшиттиришга жон киритган. Халқ сайиллари у кишисиз ўтмас эди.

 

Ўзбекфильм студиясида суратга олинган Ватанга совға, Стадионда учрашамиз, Ёр-ёр, Лайлак келди ёз бўлди, Фарғона қизи, Насриддиннинг саргузашти каби кинофильмларда ўйнаган роллари ҳозир ҳам халқнинг олқишига сазовор бўлмоқда.

 

 

Сойиб Хўжаев комик ролларни ниҳоятда қойилмақом ижро этган. Ҳар бир ўйнаган роли сўзларининг 60-70 фоизини асосан ўзи тўқиб қўшган. Шу боис образлар жонли ва жозибали чиққан. У халқ ўртасида қизиқчилик қилиб айтган сўзлари, хатти-ҳаракатлари, ҳазил-мутойибалари бугун ҳам ҳамкасблари, дўстлари, мухлислари ва шогирдлари томонидан телекўрсатув, радиоэшиттириш, байрам сайиллари, тантанали маросимларда ижро этилиб, матбуот саҳифаларида эълон қилиниб, халқимизга маънавий озуқа бермоқда, маънавиятимизни бойитмоқда. Сойиб Хўжаевнинг умри 72 ёшида поёнига етган экан, ўзбекнинг ўлмас комик актёри 1982 йил 2 майда Андижонда вафот этади.

 

Қуйида драматург Ҳайдар Муҳаммаднинг “Сойиб Хўжаев ҳангомалари” (Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 2000) китобидан парчалар эътиборингизга ҳавола этилмоқда. 

 

 

Олтин соат қолиб кетибди

 

Бир куни Муқимий театри артистларидан бир гуруҳини машҳур боғбон Ризамат ота боғига бир тадбирда хизмат қилиш учун чақиришади. Катта банкет-базмда кўшиқ айтиб, ўйнаб хизмат қилишади. Лекин ҳеч ким қистир-қистир қилмайди. Охирида совға-салом ҳам беришмай қуруқ хайрлашишади.

 

Улар енгил машинада боришган бўлишади. Машинага чиқиб ўтирамиз дейишса, оёқ қўядиган жойлар узумга тўлиб кетибди. Бу гуруҳга Сойиб Хўжаев бош бўлиб борган экан. Амаллаб ўтириб йўлга тушишибди. Йўлда Сойиб Хўжаев бу узумларни ким келтириб қўйди, деб ўтирганлардан сўрайди.

 

Боя базм қизиган вақтда бир учарроқ артист “Мен чекиб келай”, деб чиқиб кетган экан. У: “Мен тўлдириб қўйдим. Мезбонларнинг муомаласидан қуруқ кетадиганга ўхшаймиз. Боя келаётганда бир шиғил узумли ишкомни кўз остига олиб қўйгандим. Сўрасам, тажриба учун олиб қўйганмиз дейишганди. Бордим-да, ҳаммасини узиб, машинага жойладим”, дейди мақтаниб, қойил қилдимми, дегандек.

 

– Яхши, энди буни нима қиламиз? – деб сўрайди Сойиб Хўжаев.

– Бўлишиб олиб еймиз, – дейди у.

– Сенинг ҳали бола-чақанг йўқ, шунча узумни яримтага алишиб ичиб, спектаклларга келмай қўясан. Менинг болаларим кўп, барини уйга олиб кетаман, дебди Сойиб Хўжаев. Ҳеч ким индамабди.

 

Машина анча жойга борганда:

 

 – Вой, қўлимдаги олтин соатим қолиб кетибди. Машинани қайтар, ўша ерга бориб келамиз, – дебди Сойиб Хўжаев. Артистлар: “Қўйинг энди, Сойибжон ака. Битта соат деб яна шунча жойга қайтиб борамизми?” дейишибди. – Эй, биласизларми, у соатни энг каттакон одам совға қилиб, қўлимга тақиб қўйган. Мени чақирганда ёки олдига борганимда соат юряптими деса, йўқотиб қўйганман, дейманми. Эй, эсинг қурсин, демайдими, каттакон одам. Унда мен нима деган одам бўламан. Йўқ, қайтар, деб туриб олибди. Ниҳоят, машина орқага қайтибди.

 

Боғнинг олдига борганда:Энди узумларни туширинглар! У ерга узум билан борсак бўлмайди, деб туриб олибди. Охири узумни боғнинг олдига туширишибди. Энди кетдик”, дейишибди. Машинага ўтиришиб, банкет-базм бўлган тарафга кетишаётганда: Қайтар изингга, олтин соатим чўнтагимда экан. Лекин виждонимизни эсдан чиқариб қолдирган эканмиз. Энди уйга кетдик, деган экан Сойиб Хўжаев.

 

 

Машҳур қўшиқчи Азим Муллахонов касал бўлганда

 

Машҳур эстрада қўшиқчиси Азим Муллахонов Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматованинг ўғли эканлигини кўпчилик билмаса керак. Азимжон гўдаклик вақтида Муқимий театрида ишлайдиган онаси Каттақўрғон шаҳрига гастролга олиб боради. У вақтда оналарга боласи тўрт ой бўлгунча тарбия учун вақт бериладиган қонун бор эди. Ҳозиргидек уч йил эмас. Шунда гўдак иситмалаб, қаттиқ касал бўлиб қолади.

 

Кимдир шу ерда Қавс мозори борлиги, унга гўдакни олиб бориб зиёрат қилдирса, дарров тузук бўлишини айтади. Фароғат опа Сойиб Хўжаев билан иккиси Азимжонни Қавс мозорига олиб боришади. Фароғат опа болани қабрдан ўнгга қараб айлантириш керак деса, Сойиб ака йўқ, чапга қараб айлантириш керак дейди. Хуллас, Фароғат опа билганича дуо ўқиб, ихлос билан икки марта ўнгга, икки марта Сойиб Хўжаев айтгандек, чапга айлантиради.

 

Шунда Сойиб ака:

 – Порогсердца (Фароғат опани ҳазиллашаб шундай деб чақирар экан), ўғлинг тузук бўлса, эртага чойхонада ош қилиб берасан, келадиган одамларни ўзим айтаман, – дейди.

– Сойибжон ака, ош сиздан айлансин, ўғлим тузук бўлса бўлди, ошдан қочирасизми? – дейди Фароғат опа.

 

Ўғли тезда тузук бўлади. Эртаси беш-олти кишига чойхонада Фароғат опа ош буюради. Сойиб Хўжаев ўзи таклиф килган ҳамкасблари келади. Маза қилиб ош еб бўлишгандан кейин улфатларига:

 – Бу ошни Порогсердца қилди. Энди беш-бешдан ташлаб қўясанлар. Хотин кишининг ошини текин еб бўлмайди, – дейди. Улар Сойиб Хўжаевнинг айтганини қилишиб, 5 сўмдан ташлашади. Пулни йиғиб Фароғат опага берадилар.

 

 

Зиндон энангнинг уйимидики, чироқ ёқиб қўядиган

 

Муқимий театрининг “Равшан ва Зулхумор” спектаклида зиндонни тешиб чиқиш саҳнасида Равшан ролини Ҳамза Умаров, Эрсак ролини Сойиб Хўжаев ўйнар экан.

 

Бир куни Сойиб Хўжаев Ҳамза Умаровга:

 – Постановка бўйича биласан, зиндонни мен олдин тешиб чиқаман, кейин сен чиқасан, шундайми? – дейди.

 – Шундай, – дейди Ҳамза Умаров.

Шунда Сойиб Хўжаев:

 – Бугун зиндонни сен олдин тешиб чиқасан, кейин мен чиқаман, – дейди.

 

Спектакль чоғида Ҳамза Умаров зиндонни тешиб чиқиб:

 – Вой-бу, бу ер намунча қоронғи, – дейди.

Сойиб Хўжаев:

 – Зиндон энангнинг уйимидики, чироқ ёқиб қўядиган. Зиндон қоронғи бўлади-да, дейди.

Залда гулдурос қарсак янграйди.

 

Шу куни асар муаллифи Комил Яшин келиб, спектакль кўраётган экан. Раззоқ Ҳамроевга: Сойибжон топиб айтди, шу сўзни пьесага киритиб қўйинг”, деган экан.

 

 

 Москвага сотишга узум олиб бориб, зарар қилганмиз

 

Сойиб Хўжаев артист Соат Толипов билан Москвага бораётиб, кимнингдир маслаҳатига кўра йўлкирани чиқазиш учун сотишга узум олишади. У вақтлари поездда бир ҳафта юрилар экан. Боргунча узум айниб, танини ҳам турғизолмай чув тушишади.

 

Бир спектаклда Соат Толипов подшо, Сойиб Хўжаев лашкарбоши ролини ўйнайди. Подшо лашкарбошига:

Палон юртни бир ҳамлада босиб олганимиз эсингдами? дейди.

Эсимда, дейди Сойиб Хўжаев.

– Бўйсунмаган палон халқни қатли ом қилиб қириб ташлаганимизни эслайсанми?

– Шоҳим, ўлибманми эсимдан чиқариб, ҳаммаси эсимда, – дейди-да, кутилмаганда подшоҳдан: – Олампаноҳ, Москвага узум олиб бориб зарар қилганимиз эсингиздами? – деб сўрайди.

 

Залда кулги кўтарилади. Матнда йўқ сўздан подшоҳ довдираб қолади. Эртаси Сойиб Хўжаев режиссёрдан танбеҳ эшитади.

 

 

Бош ҳисобчи вазирдан зўр экан

 

Сойиб Хўжаев ўғилларидан бирини уйлантираётганда 70-йиллар пулида 400 сўмга зориқиб қолади. Маданият вазирининг олдига кириб, ёрдам беришини сўрайди. Вазир сира иложи йўқлигини айтиб кузатиб қўяди. Вазирнинг олдидан чиқиб, санъат бошқармаси бошлиғидан 400 сўм қарз тўғрилаб беришини сўрайди. У ердан ҳам илож йўқлиги ҳақида жавоб олиб чиқади.

 

Муқимий театрига, ишхонасига келиб, хомуш юрганида директор кўринади. Директорга ҳам дардини айтади. Ундан ҳам рад жавобини олади. Бойвачча қўшнисидан сўрайди. У ёши олтмишдан ошган одамга қарз бериб бўлмайди, деб ҳазил аралаш кўнглини синдиради.

 

Хуллас, эртаси куни репетицияга ярим соат олдин келиб хомуш ўтирса, театрнинг бош ҳисобчиси ўрис чол олдига келиб: Сойибжон, сен ёрдам бер, бир дори тополмаяпман, сени ҳамма танийди, деб мурожаат қилади.Рецепти борми?” – сўрайди Сойиб Хўжаев. “Бор, мана”, деб чўнтагидан рецептни олиб беради чол. Сойиб Хўжаев ўзи аъзо бўлган ҳукумат дорихонасига бориб, дорини олиб келиб беради. Бош ҳисобчи хурсанд бўлиб олади.

 

Сойиб Хўжаев чиқиб кетаётганда: “Сойибжон, агар сенга пул-мул зарур бўлиб қолса, менга айтсанг тўғрилаб бераман. Кейин ойлигингдан суришаверамиз”, дейди. Бирдан туйга 400 сўм зарурлиги эсига тушиб қолиб, ҳисобчига дардини айтади. “Шуни менга олдинроқ айтсанг бўларди-ку”, деб кассирга 500 сўмга қоғоз ёзиб беради. Бориб кассирдан 500 сўмни санаб олади, иши битиб, тўйи жаранглаб ўтади. Шунда менинг қулоғимгa:

– Қойил, буғолтир, министрдан зўр экан, – деганлари эсимда.

 

 

Сувдан кўпроқ солиб, турли таомлар пишириб туринг

 

Сойиб Хўжаев бир куни уйига телефон қилиб:

 – Хоним, нима овқат қиляпсиз?дебди.

Хотинлари Файзихон ойим:

 – Овқат қилмаяпман, – дебдилар.

 – Нега? – Сойиб Хўжаев ҳайрон бўлиб сўрабди.

 – Хўжаев, биласиз, уйда гўшт йўқ, ун, гуруч тугаган.

 – Ундай бўлса, мен уйга боргунча сув-ҳаводан кўпроқ солиб, турли таомлар тайёрлаб туринг, мен тезда етиб бориб, бирга сўрида ёнбошлаб овқатланамиз, – дебди Сойиб Хўжаев.

 

 

 Я ваше горе поздравляю

 

Бир куни Муқимий театрининг директор ўринбосари Ярашевскийнинг хотини ўлган экан. Унга театр номидан ҳамдардлик билдириш учун Раззоқ Ҳамроев бошчилигидаги вакиллар гулчамбар олиб йўлга тушадилар.

 

Йўлда Сойиб Хўжаев Раззоқ Ҳамроевдан:

– Раззоқжон, ўзбекчада ўлганнинг қариндош-уруғларига “Бандалик-да, худо раҳмат қилсин, сизга худо сабр берсин!” дейишади, Ўрисчада нима дейишади, – деб сўрабди.

Раззоқ Ҳамроев:

Я ваше горе разделяю, дейишади.

 

Сойиб Хўжаев бора-боргунча Я ваше горе разделяю, деб ёд олиб кетаверибди. Марҳумнинг уйига бориб, ҳамма ҳамдардлик билдирибди. Сойиб Хўжаев ҳам Ярашевскийни бағрига босиб: Я ваше горе разделяю, дейиш эсидан чиқиб қолиб, Я ваше горе поздравляю, деб юборибди. Таъзияга борганлар тескари қараб пиқ-пиқ кулишибди.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

15:05 / 07.05.2024 0 150
Омад ёш танламайди

Биласизми?

16:04 / 26.04.2024 0 120
Японларнинг яхши одати



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3888
Илк ватан

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3846
Бир қоп ун

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3273
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2949
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2577
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2424
Туғилган кун

Қомус

10:04 / 19.04.2023 0 2273
Жадидчилик