Биласизми?
Сўфий, фақиҳ[1] ва саййидзодани бир-биридан ажратган боғбон
Бир боғбон боғида ўғридай кезиб юрган уч кимсани кўриб қолди. Биттаси фақиҳ, бошқаси саййидзода, учинчиси сўфий, уларнинг ҳар бири сурбет, ёвуз ва мунофиқ эди. Боғбон ўйлади: “Уларнинг гуноҳига юзлаб далилларим бор. Лекин улар кўп. Кўпчилик эса катта куч. Мен бир ўзим учта одамга қарши боролмайман. Шунинг учун аввал уларни бир-биридан ажратаман. Ҳар бирини бошқаларидан айириб, бир ўзи қолгач, мўйловини битталаб юламан”.
У сўфийни нари жўнатиб, дўстлари билан орасини бузиш учун бир ҳийла ўйлаб топди ва сўфийга деди: “Ҳовлимга бор. Бу дўстларимиз учун бир гилам келтир”. Сўфий кетиб, унинг икки шериги билан ёлғиз қолгач, деди: “Сен фақиҳсан, у эса – донғи чиққан сайидзода. Биз сенинг фатвонг билан нон еймиз, сенинг илминг қанотида учамиз. Бу эса бизнинг султонимиз, Мустафо (с.а.в.) аҳлидан бўлмиш шаҳзодамиз. У хасис очофат сўфий ким бўлибдики, сиздайин султонлар қаторида ўтирса? У қайтиб келгач ҳайдаб юборинг. Менинг боғу роғим бир ҳафта сизнинг ихтиёрингизда бўлсин. Боғ нима бўлибди? Жоним ҳам сизга садқа бўлсин. Ахир сиз мен учун ўнг кўзимдайсиз!” Боғбон уларни алдаб, йўлдан урди. Оҳ, дўстларни йўқотиш нақадар аянчли!
Сўфийни ўз йўлига жўнатиб юборишди. У кетаркан, боғбон қўлида йўғон таёқ билан худди ғанимдай унинг изидан бориб, деди: “Ҳой, ит! Менинг боғимга ғаразли мақсад билан кирдинг. Сўфийлик шу бўлдими энди? Сенга Жунайд[2] шундай йўл кўрсатдими ё Боязид[3]ми? Нима бу ният, сенга қайси шайх ёки пирдан келди, айт?!” Шундан сўнг боғбон яккаланиб қолган сўфийни ўлгудай калтаклаб, бошини ёрди.
Сўфий деди: “Менинг бўларим бўлди. Аммо, эй ўртоқлар, сиз ҳушёрроқ бўлинг! Сиз мени бегона деб билдингиз. Энди эҳтиёт бўлинг. Мен сизга бу аблаҳдан ортиқ бегона эмасдим! Мен ниманики татиб кўрган бўлсам, сиз ҳам татиб кўргайсиз. Бундай шарбатга ҳар бир ярамас муносиб. Бу олам худди тоғ каби, айтган сўзларинг акс-садо бўлиб ўзингга қайтади”.
Боғбон сўфийни гумдон қилгандан сўнг яна шундай бир баҳона ўйлаб топди. У деди: “Эй саййидзодам! Уйга бориб келинг, нонуштага юпқа нон ёпиб қўйгандим. Эшик олдидаги хизматкорга айтинг, ўша нонларни ва ғозни келтирсин”.
Сайидзодани жўнатиб юборгач, фақиҳга юзланди: “Эй узоқни кўргувчи! Сен фақиҳсан, бу ҳеч шубҳасиз, аниқ ва ишончлидир. Анави таги паст аслзодалик насабини даъво қилмоқда. Аммо ким билсин, онаси кимлар билан ётган? Сизлар аёлга ва унинг феълига кўнгил қўясизлар. Ақли калтага ишониб бўлармиди? У ўзини Али (қ.с.)га ва Пайғамбар(с.а.в.)га боғлайди, бизнинг замонда аҳмоқдан кўпи йўқ”.
Кимки зинодан бўлган ва ўзи зинокор бўлса, Худонинг бандаларига нисбатан ана шундай гумон қилади. Кимнинг боши айланишдан айланса, унга гўёки уй айланаётгандай туюлади.
Ўша вайсақи-боғбон нимаики деган бўлса, унинг ўзига тегишли бўлиб, Пайғамбарнинг авлодидан йироқ эди. Агар у муртадлар авлодидан бўлмаса, Расулнинг оиласи ҳақида шундай деган бўлармиди?
У ўз уйдирмаларини айтди, фақиҳ тинглади. Шундан сўнг жоҳил ва нобакор боғбон сайиднинг орқасидан бориб, деди: “Эй эшак! Сени бу ерга ким чақирди? Пайғамбардан сенга ўғрилик мерос бўлиб қолдими? Шернинг боласи шерга ўхшайди, сен ниманг билан Пайғамбарга ўхшайсан, айт?”
Хорижий[4]лар Ёсин[5] аҳлига нима қилган бўлса, бу кимса ҳам сайидзодага шундай қилди. Унинг ғарази худди дев[6]у ғул[7]ларнинг доимий нафратига, Шамр-у Язид[8]нинг Пайғамбар аҳлига нисбатан ғаразига ўхшарди!
Ўша золим боғбоннинг калтакларидан ҳоли хароб бўлган сайидзода фақиҳга юзланиб деди: “Биз сувнинг юзасига қалқиб чиқдик! Бардам бўл, айни дамда бир ўзинг яккаланиб қолдинг. Энди боравер, ноғорадай қорнингга таёқ ейишинг тайин. Гарчи сен ўйлагандай, на сайидзода, на сенинг тенгинг, на суҳбатдошинг бўлсам-да, бу золимнинг олдида сендан кўра заиф эмасман. Сен мени бу очкўзга бериб, аҳмоқона йўл тутдинг. Эвазига бахтсизлик орттирдинг!”
Боғбон сайидзодадан қутулиб келгач, бақирди: “Ҳой фақиҳ! Сен қандай фақиҳсан ўзи! Сен жоҳилга ҳам иснодсан. Бировнинг боғига кирасану, “Мумкинми?” деб сўрамайсан. Эй қўли кесик, бу сенинг фатвоингмиди? “Васит” [9] китобида шунга рухсат берилганини ўқидингми ё бу масала “Муҳит” [10]рисоласида битилганми?” Фақиҳ деди: “Ҳаққинг бор. Ур, уравер, сен ғолибсан, дўстларидан воз кечган кимсанинг жазоси шу” [11].
Ўтинфурушнинг эшаги султоннинг отхонасида бедов арабий отларнинг ем-хашаги бисёр эканини кўриб, шундай тўкинчиликни ҳавас қилгани
Бу ҳикоя шундан сабоқ берадики, ҳатто ўта ночор аҳволда қолсанг ҳам Тангридан афв этишини сўраб, шукрона ва қаноатдан ортиқ ҳеч вақо истамаслик керак. Чунки тангри сени афв этса, кўнглинг тилаган нарсаларнинг барчаси сенга ҳузур ва ҳаловат бахш этади. Ўзинг ҳис қилмаган ҳар қандай бахт оқибатлари эса азобу уқубат келтиради. Сен бу азобларни кўрмайсан, зотан, овчи тузоқ қўйганда донни ошкора сочиб ташлайди, тузоқ эса кўзга кўринмайди. Сен тузоққа тушганингни хаёлингга ҳам келтирмай, “кошки кўпроқ донларни териб олсам!” деган хомхаёлга бериласан. Бинобарин, донларнинг тагида тузоқ йўқ, деб ўйлайсан.
Бир ўтинчи ва унинг оғир меҳнатдан қадди ҳалқадек букилган эшаги бор эди. Эшакнинг орқаси юкдан яғир бўлиб кетган. Ўзиям ўлимига рози бўлиб, уни кутиб яшарди. Унга арпа тугул, ҳатто қуруқ сомонни ҳам тўйгунича беришмас, орқаси эса калтак ва темир халачўп изларига тўлиб кетганди.
Мирохур – подшоҳ сайисларининг бошлиғи, уни кўриб, раҳми келди. Чунки у эшакнинг эгасини танирди. У эшак эгаси билан саломлашиб ҳол-аҳвол сўрагач, нима сабабдан бу эшакнинг ҳолдан тойиб қолганини суриштирди.
“Менинг қашшоқлигим ва айбим туфайли бу бечора индамасга похол ҳам йўқ”, деб жавоб берди у.
“Уни менга бир неча кунга бериб тур, подшоҳ отхонасида кучга тўлиб, бироз ўзига келсин”, деди мирохур. Ўтинчи эшакни бериб юборди. У саховатпеша одам уни султон отхонасининг ўртасига боғлаб қўйди. Эшак ўз атрофида қорни тўқ, силлиқ, кўркам ва бир-биридан дуркун арабий отларини кўрди. Оёқлари остидаги ер супурилган, сув сепилган, вақт-вақти билан арпа, пичан берилади.
Эшак отларни қандай қашлаб, сийпаб-тарашларини кўриб, тумшуғини кўкка чўзиб нола қилди: “Эй буюк Раббим! Мен гарчи эшак бўлсам ҳам, сенинг махлуқинг эмасманми? Нима учун мен бахтсиз, қилтириқ ва орқаси яғирман? Тунлари бел оғриғи ва оч қорин билан ҳар лаҳза ўлимни орзу қилиб ётаман. Бу отлар эса яхши боқилган ва жуда ёқимтой. Нима сабабдан ҳар балою ҳар жазога гирифторлик учун мен танланганман?”
Шу лаҳза тўсатдан жангга чақириқ янгради. Зотдор отларнинг эгарланиш ва заҳмат чекиш пайти келди. Улар ғаним ўқларидан яраланиб, ҳар томондан отилган найзалардан баданлари илма-тешик бўлди. Жангдан аранг қайтган зотдор отлар отхонага кириши биланоқ чалқанча йиқилдилар. Уларнинг оёқлари латта билан чандиб боғланган, байтарлар (ҳайвонлар табиблари) бир сафда тизилган эди. Улар яралардан ўқларни олиб ташлаш учун отларнинг таналарини тиғ билан аёвсиз кесардилар. Бу ҳолни кўрган эшак деди: “Эй Худо, мен фақирликка розиман, фақат тўрт мучам соғ бўлса бас! Бу фаровонликдан ва унинг эвазига келадиган аянчли жароҳатлардан жирканаман!” Бас, шундай экан, сиҳат-саломатлик истаган ҳар кимса бу дунёни рад этгай.
Заргар ишнинг оқибатини кўргани ва ундан тарози сўраган кишига оқибат тарзини тушунтиргани
Бир киши заргарнинг олдига келиб: “Менга тарозингни бериб тур, заримни ўлчаб олай”, деб айтди.
Заргар деди: “Бор жўна, менда ғалвир йўқ”.
У деди: “Устимдан кулма, мен тарози сўраяпман”.
Заргар жавоб берди: “Дўконимда супурги йўқ”.
У деди: “Етар энди, ҳадеб мазах қилаверма! Мен фақат тарози сўраяпман, берақол, ўзингни карликка солиб ҳар томонга урма!”
Заргар жавоб берди: “Гапингни эшитдим, кар эмасман, бемаъни гапираяпти, деб ўйлама! Эшитдим, лекин сен қалтираб турган чолсан, қўлларинг титрайди, танинг ҳам хасталикдан ўзини бошқара олмайди. Зарларинг эса майда қириндилардан иборат, қўлинг қалтираркан, зар зарралари сочилиб кетади. Шундан сўнг: “Хожа, менга супурги олиб кел, тупроқдаги олтинларимни ахтарай!” дейсан. Тупроқни супуриб йиққанингдан сўнг: “Менга ғалвир керак, эй саховатпеша”, деб айтасан. Мен аввалда туриб охирни кўрдим, энди бу ердан кетиб, бошқа жойга бор, вассалом!”
Бўёқчининг хумига қулаб тушган шоқол товусликни даъво қилгани
Ранг чапланган шоқол секин келиб таъна қилгувчининг қулоғига деди: “Менга ва менинг рангимга боқ! Ҳатто бутпарастда ҳам мендек санам йўқ! Мен юз рангли ва ёқимли гулзордек бўлдим, мендан бош тортма, менга сажда қил! Бу шону шавкат, рангу жило ва товланишга боқ; мени бу дунёнинг шони ва дин устуни деб ата! Мен Ҳақ лутфининг мазҳарига, Кибриёлар шарҳининг лавҳига айландим. Эй шоқоллар, қаранглар, мени шоқол деб атаманглар, ахир шоқолда шундай чирой бўладими?”
Барча шоқоллар шам атрофидаги парвонадек ўша ерда жам бўлдилар: “Айт, эй жавҳарий! Сени нима деб атайлик?”
У деди: “Муштарийдек товус”.
Шунда унга дедилар: “Жон товуслари гулистонда жилва айлайди. Сен ҳам шундай жилва айлайсанми?”.
У деди: “Йўқ, чўлдан ўтмай туриб Мино[12] водийсига қандай боришим мумкин?
“Сен товуслардай сайрай оласанми?”.
У деди: “Йўқ”.
“Унда сен товус эмассан, хожа Булаъло!”[13] Товуснинг хилъати Ғайбдан келади, тусланиш ва даъволар орқали унга эриша олармидинг?”
Хачирнинг туяга: “Мен ҳар доим мукка тушиб йиқиламан, сен эса камдан-кам ҳолда йиқиласан”, деб шикоят қилгани
Хачир туяга деди: “Эй кўнгилга яқин ошно! Пасту баланд ва текис йўлларда сен қоқинмай, равон кетасан, мен эса худди йўл йўқотган сингари қоқинганим-қоқинган. Ер хоҳ қуруқ, хоҳ ҳўл бўлсин, мен ҳар лаҳза юзтубан йиқиламан. Нима сабабдан шундай бўлишини айт, токи мен қандай яшашни билиб олай!”
Туя деди: “Менинг кўзларим сеникидан яхшироқ кўради ва бундан ташқари, улар юқоридан қарайди. Мен баланд тоғнинг чўққисига чиқсам, тоғ сўқмоғининг охирини диққат билан кузатаман. Шунда йўлнинг барча пасту баландликларини Аллоҳ кўзимга намоён этади. Ҳар бир қадам босганимда кўзимга қараб, туртиниш ва йиқилиб тушишдан ўзимни қутқараман. Сен олдинда бир, икки, уч қадамни кўрасан, холос. Донни кўрасан, аммо тузоқ азобини кўрмайсан”. Бекатда, тушишда, йўлда сизлар учун кўр ва кўзи очиқ тенгдир. [14]
Ҳақ она қорнидаги ҳомилага жон берганида унинг аъзолари ва таъбига бир-бирини ўзига тортишни сингдиради; емиш билан у танасининг қисмларини жалб этиб, ўриш-арқоғини тўқийди. Қирқ ёшга тўлгунга қадар, ўсиш даврида Ҳақ уни қисмлар жазбига иштиёқманд қилади.
У руҳга қисмларни ўзига тортишни ўргатди, қисмлар ягона Шоҳга тортилиши ҳақида қандай билмаслик мумкин?
Бу зарраларнинг жамловчиси Қуёшдир; у қисмларингни емишсиз қандай жалб этишни билади. Уйқудан уйғонган пайтинг У сени тарк этган ҳис-у идрокингни тезда чақиради. Билгилки, улар Ундан жудо эмаслар, қачон У “Қайт!” деб амр этса, улар қайтадилар.
Жалолиддин Румийнинг
“Маънавий маснавий”идан ҳикоятлар
Насрий баён муаллифлари:
Одил Икром, Ойдиннисо
[1] Фақиҳ – шариат ҳукмларини мукаммал билган, фиқҳ фани билан шуғулланувчи одам.
[2] “Тож-ал-орифин”, “Султон-ал-муҳаққиқин”, “Устод-ал-тариқат” номи билан машҳур бўлган Жунайд Наҳовандий (Бағдодий).
[3] “Султон-ул-орифин”, “Бурҳон-ул-муҳаққиқин” лақаби билан шуҳрат топган, тасаввуфдаги тайфурия оқимига асос солган Абуязид Тайфур Исо ўғли.
[4] Хорижий – ташқаридаги. Али (р.а.)нинг халифалигини инкор қилиб, унга қарши фитна қўзғаган тўда. Али (р.а.)ни ўлдирган ҳам (661 й) хорижийлардан бири эди.
[5] Ёсин – Муҳаммад (с.а.в.) лақабларидан бири.
[6] Дев – баҳайбат, қўрқинчли шаклда тасаввур этиладиган мавҳум бир махлуқ.
[7] Қаранг: 748-байт изоҳи.
[8] Язид ибн Муавия – уммавийлар қабиласи халифаларидан. Муҳаммад (с.а.в.) нинг невараси Ҳусайн Ибн Али Язид юборган ва Шамр бошчилик қилган қўшин билан кечган жангда ўлдирилган.
[9] “Васит” – “Восита”, Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолий томонидан тузилган ҳуқуқ илмига доир китоб номи.
[10] “Муҳит” – “Ал-Муҳит”, (“Қамровчи”), ҳуқуқ илмига доир бир неча рисолаларни ўз ичига олган китоб номи.
[11](Эй иймон келтирганлар!) Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этинглар, бир-бирингиз билан жанжал қилманглар, йўқса қўрқоқлашиб қолурсизлар ва шамолингиз (шаштингиз) қайтур (қуватингиз ва давлатингиз қўлдан кетур). (Шу боис) сабрли (ва хушфеъл) бўлинглар. Чунки Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир (“Анфол” сураси, 46-оят).
[12] Мино – Маккада жойлашган водий, зиёратчилар зулҳижжа ойининг 8-санасидан 9-санасига ўтар кечани Мино водийсида ўтказади.
[13] Булъало – исломда яхшилик билан ном чиқарган киши.
[14] (Яна) айтинг: «Кўр киши билан кўзи очиқ киши баробар бўлурми? Ахир, фикр юритмайсизларми?» (“Анъом” сураси, 50-оят).
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ