Бир куни...
Геосиёсат (юнонча geo – ер, politika – ҳудуд ёки давлатни бошқариш санъати) – сиёсий атама бўлиб, давлатнинг ташқи ва ички сиёсатининг йўналиши, унинг мақсад ва вазифаларига, хусусан, географик жойлашуви, мавжуд захиралар орқали бошқа ҳудудларга муайян даражада таъсир ўтказиши кабилар билан боғлиқ тушунча.
Бир қарашда, геосиёсат маънавият билан боғлиқ эмасдек туйилади. Аслида эса муайян мамлакат геосиёсатни юқорида тилга олинган омиллардан ташқари ижтимоий, маданий ва маънавий жиҳатларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Глобаллашув даври геосиёсатининг барча имкониятлари инсон равнақи ва хавфсизлигига сафарбар этилиши зарур. Бу, ўз навбатида, кишиларнинг маънавий покланиши, давлатлараро ва инсонлараро муносабатларнинг янгича мазмун касб этишига хизмат қилади. Геосиёсат атамасини илмий муомалага швециялик сиёсатшунос олим Р.Челлен олиб кирган. Бу атама И жаҳон уруши арафасида кенг қўлланила бошлади. Ўша даврда яшаган немис олими Ф.Ратцель (1844–1904) давлат сиёсати ва мамлакатнинг географик ҳолати ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ва алоқадорликка хизмат қиладиган янги геосиёсий консепсиянинг назарий асосларини ишлаб чиқади. Пухта ўйланган мафкуравий асосга таянган ушбу консепцияда «алоҳида маконни ҳис этиш» ғояси илгари сурилиб, ўз чегараларини ўзгартиришни (кенгайтиришни) мақсад қилган давлатлар саъй-ҳаракатини оқлаш борасидаги интилиш кўзга ташланади. К.Хаусхофер (1869–1946) геосиёсат тушунчасини бундай талқин этиш анъанасини давом эттириб, моҳиятан тажовузкорлик табиатига эга бўлган «немис миллати ҳаётий макони» ғоясини илгари суриб, унинг экспансионистик, империалистик консепциясини ишлаб чиқди. Учинчи рейхнинг ўзига хос мафкуравий қуролига айланган геосиёсат назариясининг ана шу кўриниши немис мумтоз геосиёсий мактаблари доирасида амалга оширилган тадқиқотлар натижаларини инкор этиб келди. Америкалик адмирал А.Т.Мехен (1840 – 1914) денгиз бўйи ва қуруқликда жойлашган давлатлар ўртасида абадий зиддият мавжудлиги ғоясига таяниб, океан ва денгиз коммуникациялари ҳамда портлари устидан назорат ўрнатилиши муайян мамлакатнинг узоқ вақт давомида дунёда геосиёсий устунлигини таъминлаши мумкинлиги таъкидланади.
ХХ асрнинг 80-йилларида жаҳоннинг «биполяр» геосиёсий тузилишининг инқирозга юз тутиши ҳамда тараққиётнинг «кўп векторлик» тенденциясининг яққол намоён бўлиши тамоман янгича геосиёсий ёндашувларнинг пайдо бўлиши ва шаклланишига сабаб бўлди. Масалан, П.Галлуанинг «Геосиёсат қудрат манбалари» (1990) асарида давлатнинг имкониятлари, куч-қудрати, унинг ҳудуди, аҳолиси, географик ҳолати, чегаралари ва захираларига (шу жумладан, энг янги оммавий қирғин қуролларига эга экани) боғлиқлиги эътироф этилади. ХХ аср охирига келиб дунё сиёсий харитаси ўзгариши билан бу соҳада ҳам муайян ўзгаришлар рўй берди. Аммо дунё бу билан хавфсизроқ бўлиб қолгани йўқ. Маълумки, дунёдаги йирик давлатлар, хусусан, жуда катта моддий, молиявий имкониятларга эга бўлган турли марказ ва сиёсий доираларнинг пухта ўйланган геосиёсий режалари замирида ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олишга интилаётган янги мустақил давлатларни ўзига тобе қилиш, бўйсундириш, бойликларини эгаллаб олиш, маънавиятидан жудо этиш мақсадида намоён бўлади.
Ўзбекистоннинг ер усти ва ер ости бойликлари, Ғарб ва Шарқни ўзаро боғлаб турган макон сифатидаги имкониятлари, аҳолиси, ишлаб чиқариш ва илмий салоҳияти ҳамда бошқа жиҳатлари улкан имкониятларга эга, келажаги буюк мамлакат эканини тан олган ривожланган мамлакатлар ўзининг геосиёсий стратегиясида ана шу омилларни эътиборга олиб, Ўзбекистон билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли алоқаларни янада ривожлантириш заруратини англаб етмоқда. Бу ҳол Ўзбекистоннинг жаҳон геосиёсий саҳнасида ўзига хос ўрин эгаллаб бораётганидан далолат беради.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ