Биласизми?
Хонақоҳнинг мушуги
Хонақоҳда пир, мурид, мушук муқим эди.
Мурид – ошпаз, мушук пирнинг атрофида парвонадек айланарди, ухларди... Пир «ватан» сайрида узоқ бўларди...
...
Мушук дастурхонга ижозатсиз яқин келмасди.
Пир тамадди вақтлари:
– Йўлбарс бу, йўлбарс, – деб мушукни суярди.
...
Ошпазнинг овози пирнинг сайрини бузди, шовқин ташқарига олиб чиқди.
...
Мушук ҳовлидаги яккатут тепасида ҳурпайиб турар, ошпаз таёқ билан ўдағайлаб мушукка ҳарба қиларди.
...
Пир суриштирди:
– Не бўлди?
– Гўшт ўғирлади бу, гўшт!
Пир ошпазга ишорат қилди. Ошпаз ҳовуридан тушди. Пир мушукни ёнига чорлаб, ялинчоқ сўради:
– Йўлбарсим, не жин урди сени?
Мушук тутдан тушиб, бостирмага ўтди. Бир вақт кўзлари юмуқ, жиш мушукболани пирнинг оёқлари тагига олиб келиб қўйди...
Пирнинг кўзидан йўлбарснинг жасорати, шиддати, ғурури, виждони, орияти ёш бўлиб оқди. Ҳадик, мутелик, тобеликка эврилди, ўғри мушук бўлиб тикланди. Пир шивирлади:
– Йўлбарсимизни биз ўғри қилибмиз-ку?!
...
Хонақо мушугининг сояси катталашди, қуюқлашди, пирни, ҳовлини, ғубор олди...
Муллакалар
Йўқлама, имтиҳон деганлари билан азалдан келишмайман. Табиатимга бегона. Тамом...
Бу амалларсиз ўқитишнинг кемтиклигиям бор гап. Йўқламани деканатдаги «МУЛЛАКА»лар талаб қилишади. Ишнинг юриши шу, тушунаман. Кўникканмиз...
...
Йил бошида талабаларга бир гапни, албатта айтаман:
– Тошкентда Самарқанд дарвоза деган маҳалла бор, биласизми? Эски қабристон, ёнида масжид турибди. Қодирийнинг ўғли отасига рамзий қабр тиклаган. Айтадиларки, Кумушбиби шу қабристонга дафн қилинган, Қодирий савдойи Зайнабга шу ерда дуч келган...
...
Маҳалла, қабристон, масжидга тегишли воқеа, саналар кўп...
Бобохон ака деган ҳамкасбим бўларди (Яратган раҳматга олган бўлсин). Асл Самарқанд дарвозалик, боболари қаландарларга пир ўтган – тўраларнинг авлоди. Маҳалла одамлари, қабристон, масжид ҳангомаларини шу одамдан эшитганман.
...
«Бир одам бўларди. Қабристонда, масжид атрофида, кўча-куйда учраб қоларди. Бировлар тентак, бошқалар камсиқ, кимдир хислатли, деб айтарди.
Масжидда уч-тўртта чоллар гапиришиб ўтирса шу одам келибди. «Икки ракат сизларга қўшилиб намоз ўқисам, эртага ўтиб қолсам хотинталоқ муллалар, Бунга жаноза жоиз эмас, намоз ўқимаган, деса гувоҳ ўтарсиз», деб чолларга қўшилиб намоз ўқибди.
Эртаси, шу одам чиндан ўтиб қолибди, шунда мулла: «Бу жинни эди, жаноза ўқилмайди!», дебди. Чоллар, бизга қўшилиб намоз ўқиган, гувоҳмиз, дейишибди...»
...
Муллака – светафор. Шаҳар кўчасидаги тартибни светафор бошқаради. Чўлда, кенг дала-даштда бу хил жилов керак эмас. Эрк кишининг ўзида...
КИШИ ЭРККА ОШИҚ...
Ҳар соҳанинг ўз муллакалари бўлади...
Муллаканинг кўнглидаги «БИР ҚЎШЛИК ЕР»га том солиб олгани, томини зиндонга айлантиргани ЁМОН...
...
Дарё тошқин, сувлар шошқин ўтолмайман,
Отим ариқ манзилимга етолмайман...
...
Талабаларга: Сизга тарих айтдим. Тарихни нақлга айлантирдим. Бизнинг фанимизнинг моҳияти шунда... деб гап бошлаб, «Бисмилло...»дан нарига ўтаман...
Тeшик чeлак ёхуд ҳолатлардан ҲОЛга ЙЎЛ...
Исмимнинг туб маъноси Қуёш ўғли мазмунини беради. Айтсам, эшитган худди Гўрўғли Қуёш ўғли эканига шубҳа билан қарагандек ажабланади.
Бу – КЎНИКМАЛАР туққан тасаввур.
Одам кўникмаларга тутқун. Кўникмани йўқотиш қийин. Янги кўникма эскини унуттиради. Одамзод бу усулни аввалдан пухта эгаллаган. Шу сабаб динлар янгилансада ибодат манзили ўзгармай қолган. Эскисини бузиб, пойдеворига янгисини тиклашган, эринса таъмирлаб ўзларига мослаган. Кўникмада тушунча қотиб қолади. У ҳукмдек кучга эга бўлади. Кишига эртаю кеч бир сўзни такрорлаб, уқтиринг. У шу сўзнинг қулига айланади. Қанча кўп: «Огоҳ бўлинг», десангиз, одамлар йўқ душман, хавфидан саросимага тушиб, узлуксиз шубҳа , қўрқув исканжасида қалтирайди. Бошқа нарсаларни ўйлашга вақт ҳам топа олмайди. Худди қул хўжасининг жазосидан қўрққандек фақат қўрқув, шубҳалар занжирининг шалдирашини эшитади, қўрқувга тушади. Бу занжирни ўзи судраб келаётганини хаёлига ҳам келмайди. Худди соясини унутиб СОЯга сажда қилаётган кимсага ўхшайди. ЎЗининг ҳам СОЯ бўлганини унутади.
Кўникмалар ҳайратни ўлдиради. ҲОЛни ҲОЛАТлар бўғовига солади... «Ахлатга қараманг, қалбингиз ўлади», Кўникмалар жувозга қўшилган отдек, кишини бир ўққа ипсиз боғлаб айлантиради. Энг улкан кўникма бу – НАФС кўникмаси.
Моддий ўлчамда қирқ кишининг бир майизга тўйиши, нафсни ҳақ деб билган МEЗОНни ҳайратлантиради. Емак-ичмак нафснинг бирламчи содда АСКАРи... Сифат бериб, уни: «ҳайвоний нафс», дейишади.
***
Овчи халқи кузатувчи, синчи, ҳар бир ҳаракатдан сабоқ олишга уста, сезгир, айниқса айиқ овлаш ҳадисини олган бўлади. Овчи кўникмалар ясовчисидир.
***
Куз табиатнинг ажиб фасли. Куз – ҳосил йиғиб, сарҳисоб қилинадиган мавсум. Ҳар ким экканини кузда ўради. Жўжа кузда саналади. Куз – ғалвир сувдан кўтариладиган ДАМ. Жами тириклик, кузда озиқ тўплайди. Қиш синов, якуний тўхтам. Қишдан куз ҳосили омон олиб чиқади. Инсоннинг бир умр топгани, йиққани умр КУЗида тарозига тушади. Айтадилар: «Улуғ сафарга чиққанингда ТАНУ ЖОНинг умр ОВЧИсига мўлжал бўлади. Тўрт оёқли чўбин тулпорга чиқасан. Бор топган тутганинг дарвозанггача кузатиб, ортингда қолади. Фарзанду қариндош, дўсти ёрларинг қабргача элтиб, лаҳатни беркитиб, устингга тупроқ тортади. Тамом. «Таборак»ни ўқишиб, изларига қайтади. Ҳеч ким қабрга кириб майит билан ётмайди. Кўнглинг ҳосилигина ЎЗинг билан кетади...
***
Айиқ олмани хуш кўради. Тоғда, ёввойи олмалар пишганда, тепадан: чўққи, белларни ошиб, айиқлар битта-битта олмахўрликка тушиб келади. Бир хилларининг болалари ирғишлаб эргашади. Ана шунда келган айиқ кетиб қолмасин, деб овчи қолдирган «ҳийла» иш беради. Овчи олмазорнинг ҳар-ҳар ерига, туби тешик челакларни қўйиб кетган бўлади... Нафснинг ТУБИ ТEШИК ЧEЛАГИни – ўпқонини...
Айиқ ақлли ҳайвон, нима қилишини ўзича билади. Одамзодга тақлидда айиққа етадигани йўқ. Одамнинг челакда нарса ташишини кўрган. Айиқ челак топганидан яйрайди. Олмали дарахтларни силкитиб мевасини қоқиб, челакка солади. Челаги тўлиб кўтарса, олмалар дув тўкилиб, челак бўм-бўш қолади... Айиқ ҳайрон, ҳозиргина челак тўла эди. Кўтарди, челак бўм-бўш қолди. Айиқ қайта бошдан челакни тўлдиради, кўтаради... Яна... челак бўш.
«АЙИҚ»қа ... бўш челак – ошу нон эди, еди, бир зум роҳатини тан кўрди, унутди. Пул эди қўлнинг кири бўлди. Мансаб эди изидан қувди, етмади. Суюмли аёллар эди, вафо топмади. Бариси ҲEЧ бўлди, ҳолатлар эврилаверди... челагим тўлди, деганда бўм-бўш қолаверди...
Таги тешик челак АЙИҚ АҚЛни шунчалик ром қиладики, ҳатто боласининг атрофида ўралашиши ҳам оғир ботади, боласини четга суриб, олма теради, тўлган челакни шодланиб кўтаради, олмалар дув этиб тўкилади... Шунда Айиқбола челакка ёпишади, айиқни тортқилайди, бола БОЛАда. Хуноби ошган айиқ болани тош (СОЯ судраклаган ТОШ)га бостириб, юмишига шўнғийди. БОЛАни унутади. БОЛА типирлаганича ТОШ остида қолади. Олма завқи, тўлиб тўкилаётган тешик челак алами вақтни ютади, ямлайди. ВАҚТ тешик челакдан тўкилиб битганини АЙИҚ сезмайди. Бир пайт қарасаки, тош тагида қолган Айиқ БОЛА ўлиб қолибди...
Ана шунда айиқ бутун ДАРАни бошига кўтариб ўкиради, жонсиз боласининг боши узра кўтариб ТОҚқа – келган манзилига, орзу умидларининг лошини судраб чиқиб кетади...
Тешик челак ҳою ҳавас бўлди, тўкилди-йитди. Олмазорда соя қолди. Тешик челакдан СОЯнинг лоши тўкилди. Айиқ муродининг лошини кўтариб ўкирганича кетди...
Эй СEН Айиқ! ЎЗни кўникмалар – ҳолатларнинг тешик челагида оқизиб, ИСМини, АСЛИни ёддан ўчирган СОЯ! Эй СEН ГЎР ўғлининг ҚУЁШ ўғли эканини унуттирган, Асқар тоққа мақсадлари ЛОШини судраб қайтишига маҳкум қилган қудрат ЙИТ энди!!! ҲОЛга эврил!!!
ЎЗни ОВЧИнинг Тешик челагидан халос этувчи ҲОЛ умид дарахтига БОЛАни қуёшдай кўтарар экан дейди:
– АССАЛОМ АЛАЙКУМ, ДОРНИНГ ОҒОЧИ...
Оғоч айтади:
– Яхши етсин муродга,
Ёмон қолсин уятга,
Ёмон пақир не қипти,
Уям етсин МУРОДга...
Хизр суви
Ҳар замонга бир замон.
Бир замонда ДАМ замон бор. Дам замоннинг биттадан Қўйчибой отаси...
Кимлардан КИМдир сезади, кўп илғамайди. Кўп сўрайди, Қўйчибой отани кўрмай ЗАМОНЛАР ўтаверади...
Тушов тушовланганга мос. ВАҚТ оқаверади...
Қўйчибой ота тушовни, тушовланганни ҳам танийди. Кўкдан ИШОРАТ бўлмаса қоядай сукутда туради. АМР келса қумдай кўчади.
Замона Қўйчибойига Ҳазрати Хизр учради. Сўради:
– Хизр ҳозир қаерда?
Қўйчибой ота ерга боқиб, кўзини юмиб, сукутда қолди. Айтди:
– Кунчиқарда йўқ, Кунботарда йўқ. Оқтовни, Қоратоғни кўряпман йўқ. Ё сен Хизр! Ё мен Хизр.
... Учнинг бири – Хизр.
Еттининг бири – Хизр.
Элнинг бири – Хизр.
Кун ботади, тун ёпади. Тонг отади, Кун ёқади...
Кимлардан КИМ – Ҳазрати Хизрга орзуманд бўлди, йўлиқди, бош бармоғига ёпишди, танигандай бўлди, сўради:
– Менга тириклик суви беринг!
Ҳазрати Хизр КИМнинг кўксига қўлини қўйиб, деди:
– Жонинг жанонасида булоқ бор, оч! Хизрсан!
...
Ким сўраяпти ... излаяпти ... узоқлашаяпти...
Булоқ Қўйчибой отани топади...
Оқу қора бир йўлда
Ўқиш, уқишнинг манзиллари йиғилиб ягона Китобда тўхтайди. Кимки шу китобга етса, ҳикмат хазинасига йўлиқади. Хазина тилсими Оловуддин топган: «Сим-сим» каби биттагина СЎЗга очилади. Бу китоб ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди, кишидан бошқа тортиб ололмайди. Ҳар ким китобдаги калит сўзга эга чиқса, СЎЗ унга кўздек кўнгил олтинлари, дур-у жавоҳирларини ҳадя этади. Сўз эгаси кўникмалардан ҳайрат топади. Бу ҳайрат – АБРОРми ҳайрати бўлиб, соянинг соясида қолишдан сақлайди. АСЛ мағзини, моҳиятни кўрсатади. «ЁСИН» нинг 8-9 оятида зикр этилган, Афлотуннинг «Ғор» нақлида айтилган:бўйнидан – иягигача бўғов урилиб, кеккайиб қолган,олди, орти тўсилиб, ҳеч нарсани кўра олмайдиган соялар салтанати қавмидан бўлмайди.
Бозор, мозор уйқаш СЎЗларгина эмас. Бозору мозор – бу ҳаётга бир тимсол. Бозор бўлган жой мозорга, мозор ўрни бозорга эврилаверади... Чархнинг бу айланишида оқу қора, иссиғу совуқ, куну тун, ёзу қиш, эзгулигу ёвузлик каби ОЛА ҳақиқат, ҳикмат келаверади. Тилимиздаги ОЛА деган сўзга кўп ҳам эътибор бермаймиз. Қаршимизда турган тоғни кўрмаслик тоғ йўқ дегани эмас. Бизнинг қалб кўзимиз кўзойнак талаб бўлганига ишоратдир. Бу сўз мифологиямиз, маросимларимиз, урф-одат, иримларимиз, фольклоримизда «менман», деб турибди. Момоларимиз бало-қазодан асрайди, деб оқ, қора ипларни эшиб, ола боғич қилиб бўйнимизга тумор осади. Кўзмунчоқ ҳам ола тусли. Гўрўғлини Олабия эмизиб,улғайтади. Гўрўғлининг Ғиркўкни эназотим, деб суйиши шундан. Бугун дунёга япон, корейс, хитойлар Ин-Ян деб англатаётган тушунча тимсолини биз турклар қадимдан ОЛА атаймиз, халқ ҳаётида қўллаб келади. Бир-бирига эшилган, уйғунлашган нимаики бор, яхлит ҳодиса эканлигини ОЛА ранг ифодалайди. Ҳар жабҳада ибрат, сабоқ, ҳукм бор. Фақат Китобини топа олган, СЎЗга эга чиққан кишигина бу ҳикматни уқади, ҳикматда яшайди.
Мозорда ОЛА ҳақиқат сукут сақлайди. Бозорда ОЛА ҳақиқат қайнайди. Шунчаки қайнайдики, ОҚу ҚОРА эшилиб ранглар қуйқалашиб оқади. Бозор аҳлини ўзида эшиб оқизади. Бир дам тўхтаган КИШИгина ОҚу ҚОРАни ажрата олади.
Сўфий муридлари билан бозорда эди.
Бозор ҳавоси, шовқини ҳаммани маст қилиб тебратар,кимнинг нима деяётганини ажратиш қийин, бозор аҳлининг савдоси – олди соттисини эшитиб, англаш мумкин эди. Молим ёмон дейдиган киши топилмас, оларманга олтов кам, берарманга бешов кўп... тортишув авжига чиққан «даҳа» вақти эди.
Саратоннинг қуёши бозорни яна қиздирар, БОЗОР қозондай қайнар, бир обкаш тонгда тоғдан олиб тушган музни сувига солиб, қувраган тамоққа муздай малҳам, деб сувини мақтаб, бозор кезар, куннинг тиғи, бозорнинг ҳароратидан челакдаги муз-у, обкашнинг не машаққатлар билан килган меҳнати унинг кўз ўнгида эриб борар эди. Обкаш эриётгани музи, муз ортида чеккан машаққатларини кўриб, эмраниб халққа мурожаат қиларди: «Хонумони эриб кетаётган одамга раҳмингиз келсин. Хонумони эриб кетаётган одамга раҳмингиз келсин. Сувдан олинг! Хонумони эриб кетаётган одамга раҳмингиз келсин...»
Сўфий қулоғига бозор шовқинидан ажралиб АЗОНдек шу сўзлар қуйилди. Бутун вужудини қамради, ўзидан кетди. Муридлар хушидан кетиб йиқилган пирга иссиқ ҳаво таъсир этди, деб хаёл қилишди, елпишди, юзига сув уришди, сояли, салқин жойга олишди. Сўфий кўзини очди. Муридлар сўрашди:
– Офтоб урдими, ҳаво етмадими?
Сўфий айтди:
Эшитяпсизми, «Хонумони эриб кетаётган одамга раҳмингиз келсин», деяпти У! Эшитмаяпсизми?
Сўфий БОЗОРдан излаганини топган эди ...
Олтин зувала
Ишончда ёлғонни тугатадиган қувват бор. Ёлғон занг каби ёпишқоқ. Ишонч темирга айланса бориб-бориб ёлғон занггига ем бўлади. Олтин ишончни занг олмайди...
Зулфия опа фольклор бўлимида бир мавсум ишлади. Опа фольклоршунос эмас, фольклор одами эди. Ғаллаоролнинг Қангли қишлоғида туғилган, турмуши сабаб Тошкентда яшади. Опадан кўп нодир манбалар ёзиб олганман...
Опа бош аёллар гуринг қиляпти. Мен бир четда қулоғимни гурунгга ташлаб ўтирибман. Аёллар гап бошлади:
– Қўшнимиз ўғил туғди, ёши нечида денг, эллик бешда...
Зулфия опа сўради:
– Эридан туғдими?
– Ҳа-да, эр жониворам олтмишдан ошган.
– «Қўйли хотин қуйруқ ер, эрли хотин калтак», туғса эридан туғибдику, шуям гапми?
...
Опанинг зуваласи ОЛТИН эди.
Қўшиқ
Босқинчи элни ғорат қилди. Ғолиб аскарларига уч кунлик «талаш» берди. Юрт уч кун таланди. Подшо сўради:
– Нима гап?
– Эл норози, – дейишди.
Подшо буюрди:
– Яна уч кун талаш!!!
– Энди не сўз? – суриштирди подшо.
– Эл йиғлаяпти, – деди мулозимлар.
– Яна уч кун талаш!!! – қаҳр қилди подшо. Муддат ўтгач:
– Энди аҳвол қандай? – деб суриштирди.
– Эл қўшиқ айтяпти, – дедилар. Подшо талашни тўхтатди.
...
Куйган ҳам суйган ҳам қўшиқ айтади.
...
Қудуққа айтилган сир қамиш бўлиб унди. Қамиш най бўлди... Най «Искандарнинг шохи бор», деб қўшиқ куйлади...
...
Қўшиқ мазлумнинг қалқони...
Қўшиқ – қиш мавсуми.
Қиш йиғиниш, куч тўплаш даври.
...
Қўшиқ уйқуга уйқаш.
Уйқу ўлимдир!!!
Уйқудан сўнг уйғониш фасли.
...
“...Шохи бор,” деган ҳайқириқ, уйғонишга чорлов.
...
Тириклар уйғонади...
Сўз қаймоғи
Бир челак сутдан бир пиёла қаймоқ чиқади.
Сўзнинг мағзи йиғилиб нақлда, нақлнинг қаймоғи мақолда жамланади. Уч юз олтмиш эран йиғилиб биттадан ҳикматли сўз айтибди, шундан мақол пайдо бўлибди, дейишлари бекор эмас. Ҳар нарса борки жавҳари йиғилиб, қуйма шакл олса эл ўртасида сақланади, авлоддан-авлодга ўтади.
Абдиназар бахши гурунг қилди: эшон билан мулла йўлнинг ёқасида, катта тутнинг тагида суҳбатлашиб ўтирган экан.
Тулпорнинг тойлиги бўлмас,
Нокаснинг бойлиги бўлмас,
Ит қутуриб този бўлмас,
Қул қутуриб қози бўлмас,
деб бир жўги тиланиб ўтиб кетаверибди.
Буларнинг қулоғига жўгининг қўшиғи ёқибди. Яқинидаги одамга: «Бўл тез, жўгини қайтариб кел», дейишибди.
Жўгига:
– Қани, қўшиғингни айт қани, - дейишибди. Шу байтни қайтариб айтибди.
– Кўпроқ айт, - дейишса, яна шу байтни қайтариб айтармиш. Унинг билгани шу тўрт қатор байт экан. Булар кўпроқ эшитмоқчи бўлишган.
Ҳисса:
Жўги ортиқ билганида, айтганида шу байт мағзини бошқача шаклда қайтарган бўлармиди?!
Қаймоққа сув қўшилса, шакли айрон, мазаси чучмал бўлади...
Ҳар нарсанинг қуйма шакли кўнгилга тушса, ақлга етиб ўзидан ўзи маънолар туғади...
Чинакка ҳикмат булоғининг кўзи очилади. Кашф қилинган СЎЗ мақомини олади. Уйирда тулпор битта бўлгандай. Мағизли сўз ҳам қисқа бўлади... Қуйма байтнинг қадри, ҳикмати ҳам ана шунда...
Шомирза ТУРДИМОВ
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ