Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мудири Ғуломиддин ХОЛБОЕВ жавоб берди
– Телефонга азон овозини ўрнатиб, ундан уйғоткич сифатида фойдаланиш мумкинми?
– Уламолар азоннинг аудио шаклидан намозга уйғотиш учун фойдаланиш жоиз деганлар. Лекин айнан ўша уламолар агар азоннинг аудио шаклидан намозга уйғотиш учун эмас, балки умумий уйқудан уйғотувчи восита сифатида фойдаланиш яхши иш эмас, бундан сақланган маъқул дея таъкидлашган. Валлоҳу аълам.
– Телефон орқали Қуръони каримни тинглаш жоизми?
– Қуръони каримни телефон ёки шунга ўхшаш бирор восита орқали тинглаш жоиз амал бўлиб, савобли ҳам. Фақат унинг ўзига яраша одобига риоя қилиниши шарт. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сурасида “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз” (шу ва қуйидаги оятлар шайх Абдулазиз Мансур таржимасида берилди) деган (204-оят).
Мазкур ояти каримага кўра уламолар Қуръон тиловат қилинганда тинглаш ва жим туриш вожиб эканига иттифоқ қилганлар. Шунинг учун бирор иш билан машғул бўлиб Қуръон эшитиш жоиз эмас. Қуръони каримни тинглаш қалбга шифо бўлиб, инсонни тоат-ибодат ва тақвога бошлайди. Натижада банда Аллоҳ таолонинг раҳматига ва мағфиратига эришади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир оят тингласа, унга битта савоб кўпайтирилиб берилади. Ким Қуръон тиловат қилса, унга қиёмат куни нур бўлади” дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
– Сафарда бўлган эр хотинига смс орқали талоғини берса, аёлига талоқ тушадими?
– Аввалги олимларимиз ўз замоналаридан келиб чиқиб, масалани қуйидагича баён қилганлар: “Агар бир киши хатда аёлига талоқ берса, унда ёзилганидек талоқ тушади. Хат ёзилган кундан эътиборан идда бошланади. Агар хатда “Менинг талоқ хатим борганидан сўнг сен талоқсан” деб ёзилган бўлса, мактуб боргач, талоқ воқе бўлади” (“Раддул мухтор”). Шундан келиб чиқиб, эр ўз хотинига мобил алоқа воситасида смс орқали ёки телеграм ёхуд бошқа мессенжерлар орқали талоқ берганда аёлига талоқ тушади. Чунки ҳозирги кунда электрон тармоқ орқали ёзилган хат билан аввалги даврларда ёзилган мактубларнинг ўртасида ҳукм жиҳатидан фарқ йўқ.
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, талоқ сўзини айтишдан олдин етти ўлчаб, бир кесиш керак. Ҳадиси шарифда “Бандаларга ҳалол қилинган нарсалар ичида Аллоҳ таолога энг ёқимсизи талоқдир” дейилган (Имом Абу Довуд ривояти). Валлоҳу аълам.
– Хотирасида Қуръон суралари ёзилган телефон билан ҳожатхонага кириш мумкинми?
– Мумкин. Уламоларимиз хотирасига оятлар ёзилган телефонни инсон хотирасига ўхшатишган. Аммо телефон экранида оят, ҳар хил зикрлар, Аллоҳ лафзи ёки пайғамбаримизнинг исмлари кўриниб турса, у билан ҳожатхонага кириб бўлмайди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга кирганларида узукларини ечар эдилар” (Имом Термизий ривояти). Сабаби, у зотнинг узукларида “Муҳаммадур расулуллоҳ” ёзуви бор эди. Валлоҳу аълам.
– Ижтимоий тармоқларда Қуёшдан келган “Эртага жавоб берасизлар” деган овоз ҳақидаги видеоролик тарқалиб кетди. Шунга мусулмон киши сифатида қандай муносабат билдириш керак?
– Биз мўмин-мусулмонлар охират куни ва ундаги ҳисоб-китобга иймон келтирганмиз. Аллоҳ таоло ўзига ва охират кунига иймон келтирган чин мўминлар ҳақида бундай дейди: “Улар (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга) ғойибона иймон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир” (Бақара сурасининг 3-ояти).
Демак, фаразан ўша келган овоз рост бўлса, у бизнинг иймонимизга қувват бўлади. Агар ёлғон бўлса ҳам охиратга бўлган иймонимизга заррача зиён етказа олмайди. Чунки бизга Аллоҳ таоло ва пайғамбаримизнинг охират ҳақлиги ва унда ҳар ким қилган иши учун жавоб бериши тўғрисидаги гувоҳлиги етарлидир.
ЕКА (Европа космик агентлиги) ҳамда НАСА нинг Қуёш ва Гелиосфера расадхонаси берган маълумотларга кўра Қуёшнинг тўлқинларини, эгри чизиқ бўйлаб ҳосил бўлган овозларини, унинг (вулқонининг) отилиш овозларини ёзиб олиш имконига эга бўлинган.
Тадқиқотчилар ушбу Қуёш товушларини 40 кун давомида Қуёш ва Гелиосфера расадхонаси ҳамда Майкелсоннинг имитацияси ёрдамида ёзиб олганлар. Тоза овоз тўлқинларини танлаш учун (тахминан 3 гигагерцли тезликда) маълумот 3 МГТС частотасида филтрланган ва ниҳоят маълумотлар сайқалланиб, инсоннинг эшитиш қобилиятига мослаштириш учун 42 000 марта тезлаштирилган. Қуёшдан ёзиб олинган ва эшитиш учун қайта ишланган мазкур товуш аудио шаклда НАСА нинг расмий сайтида эълон қилинган бўлиб, у турли ижтимоий тармоқларда тарқатилган товушдан мутлақо фарқланади.
Демак, ушбу аниқланган овоз оддий паст частотали товушлардан бошқа нарса эмас. Уни монтаж қилиб, араб лаҳжасидаги турли ибораларни қўшиб, фейк хабар тарқатиш ёхуд шунга ўхшаш асоссиз хабарларга ишониб, одамлар ўртасида шов-шув кўтаришга уриниш динимиз кўрсатмасига мутлақо зиддир. Мусулмон киши саволда зикр қилинган видеоролик ва шунга ўхшаган ҳолатларда вазминлик билан мулоҳаза билдириши, ростми-ёлғонми аниқ бўлмагунча бошқаларга тарқатишга ёки айтиб юришга шошилмаслиги керак. Валлоҳу аълам.
– Бугунги кунда телеканаллар орқали турли ютуқли телевизион ўйинлар ўтказилмоқда. Ушбу телешоуларни баъзилар қимор дейишмоқда. Шунга ойдинлик киритиб берсангиз.
– Динимизда икки ёки ундан кўп томон пул тикиб, оқибатда ютуқ бирининг фойдасига бўладиган ҳар бир ҳолат қимордир. Демак, ютуқли ўйинда бадал тўлаб, кейин ўйнаш жоиз эмас. Шу нуқтаи назардан, сиз айтиб ўтган ютуқли телевизион ўйинларда иштирок этаётганлар бадал тўлаб, сўнг унда иштирок этишлари ва якунида улардан бири ютуққа эга чиқиб, бошқалари ютқазиши айни қимор ҳисобланади.
Агар ютуқ иштирокчилардан тўлов олинмасдан, ташкилотчилар томонидан қўйилса, бу ўйин қимор ҳисобланмайди. Балки ўйин иштирокчиларига ташкилотчилар томонидан совға бўлади. Аллоҳ таоло инсонларга нима фойда-ю нима зарар эканини жуда яхши биладиган зотдир. Кўп зарарлар борлиги учун Ҳақ таоло қимордан қайтарган. Қимор одамлар орасини бузувчи, меҳнатга рағбатни сўндирувчи, дангасалик уруғини сочувчи иллатдир. Қолаверса, қимор ўйнаган киши бир-икки омади келиб унга ўрганиб қолиши оқибатида худди муттасил ароқ ичишга ўрганиб қолган кишидек усиз туролмайдиган бўлиб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда қимор билан маст қилувчи ичимликни бирга зикр қилиб бундай деган: “Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар ҳам бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир” (Бақара сурасининг 219-ояти).
Ислом шариатида қимор ўйнаш қатъий ман этилган бўлиб, улкан гуноҳдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай таъкидлайди: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сурасининг 90-91-оятлари). Валлоҳу аълам.
– Биз бир одамнинг маҳсулотларини сотиш учун онлайн савдо ташкил қилганмиз. Биз онлайн буюртма оламиз ва етказиб берувчига мазкур харидорнинг манзили ва қанча маҳсулот олиши хақида хабар бериб турамиз. Сўрамоқчи бўлганим: биз ҳеч қандай харажат қилмаймиз. Маҳсулотга пул тикмаймиз, фақат телефон ёки телеграм орқали маҳсулотни сотамиз. Шунинг ҳисобига фойда (ҳақ) оламиз. Шу жоизми?
– Сиз бир инсон фойда (ҳақ) олиш учун албатта моддий харажат қилиши керак деб ўйлайсиз. Лекин бу тўғри тушунча эмас. Инсон иш ҳақи олиш учун албатта моддий маблағ сарфлаши шарт эмас. У жисмоний ёки ақлий меҳнат сарфлаб ҳам пул топиши мумкин. Сизнинг ишингиз ҳам шунга ўхшашдир. Сиз қилган хизматингиз учун ҳақ олишингиз шаръан ҳалолдир. Валлоҳу аълам.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 2-сон.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ